close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валий

Шарқ тасаввуфи тарихида беназир машойихлар борки, улар ирфоний тафаккур тарихида ёки бирон-бир тариқатнинг пайдо бўлиши, ташаккулидагина юксак мавқега эга бўлиб қолмай, балки муайян давр маданий-маърифий, ижтимоий-сиёсий ҳаётида юксак салоҳият, улкан салобат ва катта обрўга эга бўлишган.

Шарқ тасаввуфи тарихида беназир машойихлар борки, улар ирфоний тафаккур тарихида ёки бирон-бир тариқатнинг пайдо бўлиши, ташаккулидагина юксак мавқега эга бўлиб қолмай, балки муайян давр маданий-маърифий, ижтимоий-сиёсий ҳаётида юксак салоҳият, улкан салобат ва катта обрўга эга бўлишган.  Тарихда «Сулҳжўй Валий» номини олган Хожа Убайдуллоҳ ана шундай буюк сиймолардан биридир. Хожа Убайдуллоҳ 807/1404 йилда Тошкент вилоятининг Боғистон мавзесида Хожа Маҳмуд хонадонида туғилган. Унинг отаси Хожа Маҳмуд Шоший ғоятда олийжаноб ўқимишли, саховатпеша ва тақводор киши бўлган. Хожа Убайдуллоҳ ёшлигидан илм ўрганишга жиддий киришган, замон уламолари суҳбатларида бўлган. Бу ҳакда кейинчалик ўзи зикр этган: «Ёшлик давримда азизлар суҳбатида бўлардим. Менда уларнинг ҳар биридан ўзига хос кайфиятлар пайдо бўларди. То бир тариқатни белгилаб олгунча, кўп машаққатлар чекилди. Бунинг сабабларини кейинчалик англадим: бу билан азизлар тариқат йўлини танлаш осон эмаслиги, мақсад сари тўғри йўлни (тариқатни) топиш йўлида интилиш лозимлигини назарда тутган эканлар. Биз ҳам шундай қилдик ва нимага эришган бўлсак ана шунинг натижасида эришдик»(Валихўжаев Б. Хожа Аҳрор Валий нақшбандия тариқатининг пири ва муршиди комили. Жаҳон мулкининг нигоҳбони. «Самарқанд», 2005. 38-бет.).
Хожа Убайдуллоҳ ота томонидан Муҳаммад Номий Бағдодийга, она томонидан Шайх Умар Боғистонийнинг ўғли Шайх Хованди Тоҳурга бориб уланади. Хожа Убайдуллоҳнинг тоғаси Иброҳим Хожа Самарқанддаги Эгу Темур мадрасасида мударрис бўлгани учун Убайдуллоҳни 24 ёшида Самарқандга келтириб, Мавлоно Қутбиддин Садр мадрасасига жойлаштирган. Убайдуллоҳ ўқишга шўнғиб, замонасининг буюк алломаларидан дарс олган. Лекин таҳсил узоқ давом этмаган. Устози Саъдуддин Кошғарий тиф касалига чалинганида Хожа Убайдуллоҳ парвариш қилган. Касаллик Убайдуллоҳга ўтиб, узоқ вақт оғриб, заифлашади. Натижада ўқишни ташлаб, мустақил билим олишга мажбур бўлади. Имом Муҳаммад ал-Ғаззолий асарларини, Имом Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ», Муҳитдин ибн ал-Арабийнинг «Фусус ул-ҳикам», Абдуллоҳ Ансорийнинг «Манозил ус-соирин», Абдураззоқ Кошийнинг «Шарҳи манозили соирин», Фари-дуддин Атторнинг «Тазкират ул-авлиё», Ибн Ҳужвирийнинг «Кашф ул-маҳжуб» асарларини ҳамда Абу Саъид Абулхайр, Абдуллоҳ Ансорийнинг шеърларини мутолаа қилади, уларнинг аксариятини ёдлайди. Самарқандга сургун қилинган машҳур шоир ва олим Саййид Қосим Анвор билан кўришиб, суҳбат қуради. Бухоро орқали Ҳирот сафарига отланади. Бухорода Мавлоно Муборак, Мавлоно Ҳамидуддин, Хожа Алоуддин Ғиждувонийлар билан учрашади ва суҳбатлашади. Ҳиротга келгач, Хожа Мусофир, Абдураҳмон Жомий, Баҳоуддин Умар, Мавлоно Қосим, Зайниддин Хавофий, Мавлоно Хожа Али, Мавлоно Мир Ҳусайн, Мавлоно Муҳаммад, Мир Абдулаввал, Мавлоно Бурҳонуддин, Мавлоно Лутфуллоҳ, Мавлоно Ҳусайн Турк, Дарвеш Жомий билан хос суҳбатлар қуради. У ердан Чағониёнга бориб, Яъқуб Чархийга мурид бўлиб, унинг хизматини қилади. Яъқуб Чархий иршод бергач, пирининг рухсати билан Тошкентга қайтиб, деҳқончилик билан машғул бўлади.
Султон Абу Саъид Хожа Аҳрорни 856/1452 йилда Самарқандга кўчиртириб келтирган. Темурий шаҳзодалардан Умаршайх Мирзо ҳамда Султон Аҳмад Мирзо орасида 868/1463 йилда Шоҳрухия яқинида жиддий низо пайдо бўлади. Юз минглаб лашкар жанг майдонида рўбарў бўлади. Хожа Аҳрор Валий шу ерга келиб, икки қўшин ўртасига оқ чодир тикдиради. Ҳар икки томондан қўшин бошлиқлари чодирга таклиф қилинади. Орадан кўп ўтмай, Хожа Аҳрор Валийнинг саъй-ҳаракати билан сулҳ тузилади.
Хожа Аҳрор Валий ҳожатбарор зот бўлган. Умаршайх Мирзо Шош (Тошкент) аҳолисидан 250 000 динор талаб қилганда Хожа Аҳрор солиқларни ўзи тўлаб, фуқаронинг қишдан эсон-омон чиқиши учун яна қўшимча 70 000 динор берган. «Фақрлигим - фахримдир» деган ҳадисни дастурил-амал қилган Хожа Аҳрор Валий ҳисобсиз мол-мулкка эга бўлса ҳам, барча тамаларни рад этиб, фақирона ҳаёт кечирган.
Хожа Аҳрор Валий «Фақорот ул-орифин», «Ҳавроия» каби рисолалар муаллифидир. Унинг «Мажмуаъи мурсалот» номли дастхатлар тўпламидан султонлар, вазирлар, замонасининг кўплаб маърифат пешволари, жумладан, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий билан ёзишмалари ўрин олган. Хожа Аҳрор Валий отасига атаб «Волидия» рисоласини ёзган.
Хожа Аҳрор Валийнинг ҳаёти Мир Абдулаввал Нишопурийнинг «Масмуъот», Муҳаммад Қозининг «Силсилат ул-орифин», Фахруддин Али Сафийнинг «Рашаҳоту айнил ҳаёт», Абдулҳай ал-Ҳусайнийнинг «Насабномаи Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор» ҳамда «Мақомоти Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор» китобларида тасниф қилинган.
Хожа Аҳрор Валий 896/1490 йилда Самарқанд вилоятининг Камонгарон қишлоғида вафот этган ва васиятига кўра табаррук жасади «Ҳазрати Кафшир» маҳалласидаги уйига дафн этилган.

Хожа Аҳрорнинг ота томонидан бобоси Хожа Шаҳобуддин Шоший унинг келажаги ҳақида башорат бериб деди:
- Ул фарзандким мен талаб этуб эдим, бу (Хожа Аҳрор Валий) турур. Дариғким анинг зуҳури айёмларида мен бўлмасман ва онинг оламда тасарруфотларини кўра билмасман. Тез бўлурким, бу ўғил оламгир бўлур, шариатга ривож, тариқатга равнақ берур. Ва рўзғорнинг султонлари анинг хатти фармонига бош қўюб, амри жаҳийға тан берурлар. Ва ишларе андин вужудға келурким, аввал ҳеч машойихи ки-борлардин ҳам келган бўлмаған.

Хожа Аҳрор Валий деди:
- Ёшлик пайтларимда нисбати шарифим туфайли тушимда кўрдумки, гўё Ҳазрати Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам мени ўзларининг муборак елкаларига кўтариб, Шошдаги (Тошкент) Мавлоно Абу Бакр Қаффол Шошийнинг нурга тўлган мозорлари ёнидаги тепаликка чиқардилар. Тушни таъбир қилдиларки, Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в.) нинг шариат ва тариқатларининг ривожи ул киши (Хожа Аҳрор) орқали вужудга келар экан.

Яъқуб Чархий деди:
- Хожа Убайдуллоҳ илоҳий сирлар донишманди, тариқат йўловчиси, ҳеч шубҳасиз валийлик осмонининг қутби, ҳақиқатга интилувчиларнинг пушти-паноҳидир.

Абдураҳмон Жомий деди:
Зад ба жаҳон навбати шаҳаншоҳи, Кавкабаи фақри Убайдуллоҳи.
Рўи замин к-аш на сар на бун даст, Дар назариш чун рўи як нохун аст. Як рўи нохун, ки ба даст оядаш.
Он, ки ҳуррияти фақр огаҳ аст,
Хожа Аҳрори Убайдуллоҳ аст(Абдураҳмон Жомий. Туҳфат ул-аҳрор / Шарафуддин Роқимий. Тарихи томм. 47-бет.).
(Жаҳонда шаҳаншохдик навбати ундан, Убайдуллоҳий фақрлик юлдузидир. Ер юзики на боши ва на адоғи бордир, унинг назарида тирноқ юзичаликдир. Бир нохуш юзаси унинг қўлида, қачон фақр йўлида шикаст тегар, фақр ҳурриятидан огохдир - у Хожа Аҳрор Убайдуллоҳдир).

Алишер Навоий деди: Улки бу офоқ ичида тоқ эрур, Тоқ неким, муршиди офоқ эрур(Алишер Навоий. Ҳайрат ул-аброр / Тўла асарлар тўплами. 7-жилд. - Т: «Фан», 1991.98-бет.).

Заҳириддин Муҳаммад Бобур деди: Ҳазрати Хожа Убайдуллохдин, Эшит, ул сирри Худо огохдин. Хожалар хожаси ул Хожа Убайд, Ходиму чокари - Шибли-ю Жунайд. Ҳолоту мартабаси зоҳирдур, Васфи таърифида тил қосирдур(Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор. Рисолайи Волидия / Заҳириддин Муҳаммад Бобур таржимаси. - Т: ТИУ нашриёти, 2004. 8-бет.).

Шарафуддин Роқимий деди:
Қутблар саййиди, муттақийлар санади, Муддао асари талаб Каъбасидир. Аллоҳ замири сирларидан огоҳ, Дин ҳодийи Хожа Убайдуллохдир(Шарафуддин Роҳимий. Тарихи томм. 49-бет.).

Султон Аҳмад Мирзо 893/1487 йилда Тошкентга қўшин тортди. Хожа Аҳрор Валий бу юришни ман этди. Аммо Султон у зотнинг маслаҳатига қулоқ солмади. Натижада Султон Аҳмад Мирзо мағлубиятга учраб, килмишидан пушаймон бўлди ва Ҳазрати Хожадан кечирим сўради.
Хожа Аҳрор Валий деди:
— Камина йигирма марта, «сен бу замон подшоҳларини келиштиришинг лозим» деган хитоб эшитдим. Мулоҳаза қилдимки, давр подшоҳлари бирор мададкорсиз, кўмак-чисиз натижага эриша олмас, демакки, Ҳақ таоло мени паноҳкор сифатида «ул подшоҳларни келиштириш учун юборгандир».

Гар надорам аз шукр жуз номи баҳр, Ин басе беҳтарки андар коми заҳр.
Осмон нисбат барш омад фуруд,
Вар на бас олийст пеши хоки туд(Хожа Убайдуллоҳ Аурор. Фиқроти Аҳрорийя / Табаррук рисолалар. 136-бет.).
(Агар Униш номи учун шукр айтмайдиган бўлсам, заҳр (аждарҳо) коми бундан яхширокдир. Осмон Аршга нисбатан пастга тушди, пастда яратилди. Арш бўлмаганда бир тўда тупроқ олдида осмон олий кўринади).

Илмни дунё орттириш ва мансаб эгаллаш учун эгаллаган олимлардан узоқ юриш керак.

Такаббурлик хосиятсиз ва оқибатсиздир. Охири хўрлик ва пасткашликка олиб келади.

Ғафлат кўнгилнинг ўлишидир. Кўнгилнинг ҳақиқий ҳаёти огоҳлик ва ҳузурдир.

Фарзанд ота-онанинг бир бўлагидир. Ҳеч бир ота-она жигаргўшасининг нуқсонли бўлишини истамайди.

Дўстларга касаллиги пайтида мадад бериш ва оғирини енгил қилиш яхши ишдир.

Суҳбатнинг фойдаси чексиздир. Шунинг учун ҳам дўстлар билан бўлиш ва суҳбатини тарк этмаслик керак.

Бизнинг ишимиз мусулмонларни золимлар ёмонлигидан ва қаҳридан қўримокдир.

Шижоатли киши уруш кунларида танилади. Омонатдор киши диёнати бериш ва олиш вақтида билинади. Хотин ва фарзанднинг меҳру вафоси камбағалликда фаҳмланади. Дўстларнинг дўстлиги машаққат ва меҳнат чоғида билинади.

Ҳамиджон Ҳомидийнинг
"Тасаввуф аломатлари" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тасаввуф аломалари
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase