Шайх Талъат Тожиддин 1948 йил 12 октябрда Қозон шаҳрида таваллуд топган. У 1956-1964 йилларда Қозондаги 27-ўрта мактабда ўқиган. Кейин 1964-1966 йилларда шу ердаги ҳунар-техника билим юртида ўқиб, слесарлик касбини эгаллайди. У кундуз кунлари ўқиш ва иш билан банд бўлиб, кечалари маҳаллий масжид мутаваллисидан сабоқ олган. Талъат Тожиддин ҳамшаҳари Заки ибн Сафиулло ал-Мурсавийни ўзининг раҳнамоси деб билади. Бир муддат заводда чилангар бўлиб ишлагач, 1966 йили собиқ Иттифоқнинг Европа қисми ва Сибирь мусулмонлари идорасининг йўлланмаси билан Мир Араб мадрасасига ўқишга киради. Бироқ шароити кўтармай ўқишни ташлайди. Шундан кейин Қозондаги ошхоналардан бирида (1968-1969) ва иссиқлик манбаи муассасаси (теплосеть)да ишлайди (1970 й.). 1970 йилнинг сентябрь ойида Бухоро мадрасасидаги ўқишини қайта тиклайди. 1973 йилда мадраса таҳсилини тамомлаб, Қозондаги Ал-Маржоний жоме масжидида имом ноиби бўлиб хизмат қилади (1973-1974). 1974 йилнинг декабрь ойида Қоҳирадаги Ал-Азҳар университетига ўқишга отланади. Ўқишдан қайтиши билан Ал-Маржоний жоме масжидига имом-хатиб этиб тайинланади (1978 й.) 1980 йил 19 июнда Иттифоқнинг Европа қисми ва Сибирь мусулмонлари диний идорасининг раиси, муфтий этиб сайланади. Унинг бошчилигида 80-йиллар ўрталаридан бошлаб, Волгоград, Тобольск, Тюмен, Саратовда янги масжидлар очилган, Қуръони каримнинг нашри йўлга қўйилган, 1989 йилда Уфада Ризоуддин ибн Фахриддин номидаги мадраса очилган. Бу мадраса 1996 йилдан Ислом институтига айлантирилган.
ТалъатТожиддин турли маҳаллий ва халқаро конференцияларда ўзининг илмий маърузалари билан мунтазам иштирок этади. 1990 йилда у собиқ Иттифоқда мусулмонлар диний идоралари йиғинида Мусулмон ташкилотларнинг халқаро алоқалар бўйича бошқарув раиси, 1996 йилда Россия мусулмонлари Марказий диний бошқармасининг Бош муфтийси этиб сайланган. Унга шайх ул-ислом мақоми берилган. Талъат Тожиддин ўзининг диний соҳадаги кўп йиллик меҳнати ва халқлараро дўстлик ва бирдамликни мустаҳкамлаш йўлида қилган хизматлари учун қатор давлат мукофотлари билан тақдирланган.
"Ўзбекистон Уламолари" китобидан