close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ёлғон даъволарга жавоб: Оиша розияллоҳу анҳонинг никоҳланган пайтдаги ёши тўғрисида

Алҳамдулиллаҳи Роббил-Оламийн, вассолату вас-саламу ъала Расулиҳи Муҳаммадин ва ъала оли ва асҳабиҳи ажмаъйина ват-тобиъина илайҳи фий-йавмиддийн. Охирги пайтларда ўзбекча ижтимоий тармоқ ва бошқа интернет-ресурсларида Оиша розияллоҳу анҳонинг пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга никоҳланган пайтидаги ёшлари борасида миссионерлар ва атеистлар тарафидан турли хил миш-миш ва иғволар кўпайиб кетди. Ушбу мақолани Аллоҳ таолонинг изни билан ушбу масалага ва ҳар бир заиф даъволарга жавоб сифатида тақдим қилишга ҳаракат қиламан, инша Аллоҳ.

Оиша розияллоҳу анҳонинг никоҳланган пайтдаги ёши тўғрисида

Оишанинг розияллоҳу анҳо никоҳга кирган пайтдаги ёши тўғрисида кўп тарқалган маълумотдан бошласак. Ислом танқидчилари кўпроқ “Форум миссионерского портала диакона Андрея Кураева” интернет-ресурсидан  (http://kuraev.ru/smf/index.php?topic=42760.msg212848) гўё таниқли мусулмон олими ва тарихчиси Ибн Жарир ат-Табарийнинг қаламига иқтибосларни келтирадилар. Бироқ ҳеч ким китобнинг номига аниқлик киритмайди, ҳамда араб тилидаги аслига ҳавола бермайди.  Биз уларнинг асосий дастагини интернетда қандай тарқатилган бўлса, ўша ҳолатда тақдим этамиз. Иқтибослар аслига яқин қилиб таржима қилинган, таҳрир қилинмаган:
Табарий VII:7 “Пайғамбар Оишага Маккада, Ҳижратдан уч йил олдин, Ҳадижа вафотидан сўнг, у олти ёшлигида уйланган”. Исхак:281 “Пайғамбар Мадинага келганларида, унинг ёши эллик учда эди”. 
Табарий VII:6 “623 йил май ойида Аллоҳнинг Расули Оиша билан никоҳ қурди”.
Табарий IX:131 “Арғимчоқ учиб турган пайтимда онам олдимга келди ва мени қўлига олиб ерга қўйди. Энага юзимни ювиб мени етаклаб кетди. Эшикка яқинлашганимда, энага мен нафасимни ростлаб олишим учун тўхтади. Ичкарига кирганимда, Муҳаммад уйимиздаги сўрида ўтирганди. Онам мени унинг тиззасига ўтиришга мажбур қилди. Бошқа эркаклар ва аёллар ўринларидан туриб ташқарига чиқиб кетдилар. Пайғамбар менинг уйимда мен билан тўққиз ёшимда алоқа қилди”.
Табарий VII:7 “Менда бошқа аёлларда бўлмаган алоҳида хусусиятлар бор эди. Мен бу гапларни ўзимни кўкларга кўтариш учун гапирмаяпман. Фаришта менинг суратимни қуйига нозил қилди, Пайғамбар олти ёшлигимда менга уйланди, никоҳим тўққиз ёшлигимда амалга ошди, у менга бокиралигимда уйланди, икковимиз битта тўшак остига кирганимизда унга ваҳий келарди.  Мен унинг учун одамлар орасидаги энг қадрли одамлардан бири эдим. Жамоат деярли вайрон бўлганида мен ҳақимда Қуръон ояти бўлган ва мен Жаброилни кўрганман, ҳолбуки, унинг хотинлардан ҳеч ким уни кўрмаганди”.

Ўқилган бўтқанинг муҳокамаси

Ибн Жарир Табарий чиндан ҳам мусулмон тарихчиси ва олими бўлган (838-923 гг). Бироқ биз бу парчани орфографик жиҳатдан олиб таҳлил қиладиган бўлсак, бу матн инглиз тилидан электрон таржимон воситасида музаккар-муаннасларга риоя қилинмай ўгирилганини кўришимиз мумкин. Араб тилидаги асл матндан таржима тўғрисида бу ерда гап бўлиши мумкин эмас.
Араб тилидаги манбаларга мурожаат қилиб, чинакам воқеликни тиклайдиган бўлсак, унда мусулмонлар ақидасида Оиша 6 ёшида никоҳлангани ва Пайғамбарнинг (с.а.в.) хонадонига 9 ёшида кириб келгани ҳақида фикрлар борлигини кўрамиз.
Буни имом Бухорийнинг саҳиҳ ҳадислар тўплами ҳам тасдиқлайди (1515 (3894)):
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олти ёшлигимда мени ўз никоҳларига олдилар. Биз Мадинага келиб, Бани Ҳорис ибн Ҳазражга тушдик. Кейин мен чўмилтирилдим, сочларим (бундан) яйраб, гўзал бир тароват касб этди. Сўнг, онам Умму Рувман дугоналарим билан арғимчоқ учиб турганимда мени чақирдилар. Мен олдиларига бордим, аммо нега чақирганларини билмас эдим. Онам қўлимдан етаклаб, ҳовли эшиги олдида тўхтатдилар. Ҳарсиллаганимдан нафасим тиқилиб қолаёзди. Сўнг бир оз сув олдиларда юзим билан бошимни артиб қўйдилар. Кейин  мени ҳовлига олиб кирдилар, қарасам, уй тўла ансория хотинлар ўтиришибди. Улар (менга): «Хайрли, баракали бўлсин, яхши насибалик бўлгин», деб тилак билдиришди. Сўнг онам мени уларга топширдилар. Улар мени тартибга келтиришди.  Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўсатдан кириб қолишларидан ҳадиксираб турар эдим, У зот пешинда кириб келдилар. (Ансория аёллар) мени у зотнинг ихтиёрларига топширишди. Шунда мен тўққиз яшар қизалоқ эдим».
Кўриб турганимиздек, бу ҳадис юқорида келтирилган лавҳадан фарқ қилади ва унда Оиша 9 ёшида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уйига ўтгани айтилади. Бу ерда, шунингдек, ҳеч қанақа мажбур қилиш ва алоқа ҳақида гап йўқ.
Қизларнинг жинсий балоғатга етиши ҳақида гапирилганда, бу вазиятни тиббиёт (физиологик) нуқтаи назаридан таҳлил қилинадиган бўлса, жинсий балоғат инсоннинг ёшига қараб белгиланмаслиги маълум бўлади. Мисол учун физиолог, профессор Валентина Зайцеванинг таъкидлашича, “Қиз боланинг балоғатга етиши унинг тана массаси белгиланган оғирликка етган пайтда содир бўлади (европеид ирқи учун бу кўрсаткич 48 кг)”.
Жинсий балоғат тўғрисидаги барча илмий рисолаларда кўрсатилишича, бу саломатлик, овқатланиш, иқлим шароитлари ва генетик (ирсий) хусусиятларга боғлиқ. Педиатрия эндокринологияси қоидаларига кўра, жинсий балоғатнинг физиологик доираси 8-13 ёшга тенг.
Шунингдек, мазкур мақолада айтилишича: “Гарчи пубертатнинг бошланиш, давом этиш ва тугаш вақти индивидуал хусусиятларга эга бўлса ҳам, бироқ қизлар учун жинсий балоғатга етишнинг паталогик эрта вақтини саккиз ёшгача кўкрак безларининг катталашуви ва киндик ости ва қўлтиқ тукларининг пайдо бўлишини ёки 9-10 ёшидан олдин менархени ҳисоблаш лозим. Ўз-ўзидан 13-13,5 ёшдан юқори қизларда пубертатнинг йўқлиги ва 15-15,5 ёшдан юқори қизларда ҳайз келмаганини паталогик аломат ҳисоблаш лозим бўлади”.
РГМУ профессори М.Ф. Лобачев ҳам ушбу позицияга ҳамфикр бўлиб, шундай деб ёзган: “Жинсий балоғатга етиш муддати ҳамда унинг интенсивлиги салмоқли тебранишлар таъсири остида бўлиб, кўплаб омиллар – ирсий хусусиятлар, маиший, ижтимоий-иқтисодий, иқлим шароитларидан, саломатлик аҳволи, озуқаланиш характери ва ҳоказоларга боғлиқ. Қизларда 8-10 ёшда ва ўғил болаларда 10-12 ёшда иккиламчи жинсий аломатларнинг пайдо бўлиши эрта балоғатга етилиш саналади. Одатда, жинсий етилиш конституционал омиллар билан боғлиқ. Қизларда 8 ёшдан ва ўғил болаларда 10 ёшдан бошлаб жинсий ривожланишнинг бошланиши муддатидан эрта саналади. Шунингдек, бири-биридан фарқланувчи чинакам ва сохта жинсий етилиш мавжуд. Ҳақиқий жинсий ривожланиш гонадотроп гормонларни кўплаб ишлаб чиқариш билан боғлиқ гипоталамо-гипофизар тизимнинг касалланишлари (мисол учун, гипофиз, гипоталамусдаги ўсмалар) пайтида юзага келади. Гонада ва бўйрак усти безларининг гормонал фаол ўсмалари, адреногенитал синдром билан боғлиқ жинсий етилишни сохта деб ҳисоблайдилар”.
Дерягин Г.Б. – тиббиёт фанлари доктори, Шимолий давлат медицина университетининг суд медицинаси ва ҳуқуқи кафедрасининг мудири, Архангельск, Сидоров П.И. – РФда хизмат кўрсатган фан арбоби, Россия Медициина фанлари академиясининг академиги, Архангельскдаги Шимолий давлат медицина университетининг ректори. Соловьев А.А. – м.ф.д, Архангельскдаги Шимолий давлат медицина университетининг наркология ва токсикология кафедрасининг мудири “Шимолий Россияда европеоид ва ураллик монголоид ирқларига мансуб аёлларнинг жинсий етилиш хусусиятлари” мавзуси бўйича илмий тадқиқот ўтказдилар. Мазкур тадқиқот натижасида европеоид ҳамда Шимолнинг маҳаллий элатлари вакиллари бўлмиш ураллик монголоид ирқларига мансуб аёлларнинг жинсий етилишидаги фарқ деярли 3 йилни ташкил этиши тўғрисидаги маълумот олинди. Яъни, шимолий кенгликларнинг туб аҳолиси шу ернинг ўзида истиқомат қилаётган европеоидларга нисбатан жинсий жиҳатдан етилиши уч йилга кечикар экан. Архангельск билан Арабистон ярим оролидаги чўлларда истиқомат қилаётган аҳоли ўртасидаги фарқ янада сезиларлироқ бўлиши афтидан аниққа ўхшаяпти. Олимлар ушбу тадқиқотларида жинсий балоғатни ёшга боғламасликни, балки, истиқомат қиладиган ҳудудлар, ҳар бир муайян индивид организмнинг индивидуал хусусиятларига таянишни таклиф қилдилар. Иқтибос: “афтидан кичик ёшдаги ва балоғатга етмаган шахсларнинг жинсий дахлсизлигини ҳуқуқий ҳимоясида уларнинг ёшини эмас, балки жинсий балоғат аломатларини эътиборга олиш мантиқан тўғри бўларди, ҳар ҳолда, мамлакатнинг қайсидир вилоятида, битта ирқ ёки битта этник гуруҳ вакиллари учун қачонлардир ишлаб чиқиб жорий этилган қонун ёки маҳкама буйруғини ҳамма ерда механистик тарзда фойдаланиш албатта хатоларга олиб келади”.
Шу ерда жинсий ва руҳий балоғат ўртасидаги айният масаласи долзарб бўлиб қолади. Россия Медицина фанлари академиясининг Психик Саломатлик Илмий Маркази сайтида келтирилган Рихард фон Крафт-Эбингга (1840-1902) кўра: “Турли индивидлар ва халқларда жинсий аъзолардаги анатомо-физиологик жараёнларининг давомийлиги ҳамда аниқланувчи жинсий инстинктнинг интенсивлиги турлича бўлади. Ирқ, иқлим, ирсият ва ижтимоий шароитлар бу ҳолатда салмоқли таъсир кўрсатувчи омил саналади. Жанубликларнинг шимолликларга нисбатан ҳиссиётлари кучлироқ эканлиги ҳаммага маълум. Шу билан бирга, жанубий мамлакатлар аҳолисида жинсий ривожланиш шимолий мамлакатлар аҳолисига нисбатан сезиларли даражада тезроқ содир бўлади”.
Эҳтимол ўқувчиларимизнинг бир қисми акселерация 20 асрга хос имтиёз, ўтмишда жинсий балоғат ёши юқорироқ бўлган, деб эътироз билдириши мумкин. Бироқ бундай эмас. Қадимда ва ўрта асрлар бошланишида европалик аёлларда балоғат ёши одатда 12-15 ёшга тўғри келарди, ҳозирги замон европа мамлакатларининг аксариятида бугун ҳам аҳвол шундай; 19 аср бошларида бу кўрсаткич 16-18 ёшгача кўтарилди ва шундан сўнг пасая бошлади; 20 асрнинг 70-80-чи йилларга келиб Европа мамлакатларининг кўплаб жойларида ҳолат барқарорлашди, бироқ бундан кейин ўзгариши истисно этилмайди”.
Шундан кейин 9 ёшли қизнинг ҳомиладор бўла олиши ва физиологик туғишни эплай олиш масаласи ўртага чиқади.
Тиббий адабиётларда 6 ёшда физиологик туғиш ҳолати ҳақида маълумот келтирилган, бу воқеа 1930 йилда содир бўлган. Воқеани Харьков медицина институти қошидаги акушерлик-гинекология клиникасининг профессори П.Х. Хашинский қуйидагича баён қилган. “Л.П. 6 ёшда, 1924 йил 4 октябрда 3500 грамм вазнда 22 ёшли ота-оналардан туғилган. Ҳаётининг дастлабки йилларида тўғри ривожланган. Бир ёшдан ўтганида гапирган ва югура бошлаган. Ҳеч қанақа касалликка чалинмаган. Уч ёшдан ўтганида тенгқурларидан ҳеч қанақа фарқи бўлмаган. Тўрт ёшга яқинлашганида иккиламчи жинсий аломатлар пайдо бўла бошлаган: киндик остида туклар чиқиб, танаси аёлларга хос тўлишган, кўкрак безлари кескин равишда катталашган. Тўрт ҳафтада бир 3-4 кун давомида ҳайз кўра бошлаган. Ҳайз кўришдан олдин енгил оғриқларни сезган. Ҳомиладорликдан бир йил олдин ҳар икки ойда ҳайз кўрган.
Бўйи 126.5 см, вазни 43.170 кг, боши 15 ёшли қизларникидек. Бўйда 10 ёшли қизларга, вазнда 15 ёшли қизларга тенг бўлган, сариқ соч. Киндик остида аёлларга хос 6 см узунликдаги оч рангли туклар, қўлтиғида туки бўлмаган. Ҳомиладорлик жараёни нормал кечган, туғишни консерватив ҳолатда олиб боришга қарор қилинган. Ҳомила нормал ҳолатда улғайган. Ҳеч қандай субъектив ва объектив оғишлар кузатилмаган. Қийинчилик билан туққан, қизи 3000 грамм вазнда туғилган, бўйи 50 см. Туғруқдан кейинги давр енгил кечган”.
Шунингдек, 9 ёшда ҳам туғиш ҳолатлари фанга маълум. Улардан бир нечтасини келтирамиз.
1957 йил декабрда Ильда Трухильо Лимадаги госпиталда вазни 2,7 кг бўлган қизни туққан. 2004 йилда сингапурлик қиз ўғил туққан. Болани асраб қолиш учун олиб қўйишган. Кесарев ёриш йўли билан бола туғиш ҳолатлари анча кўпроқ.
Биз ушбу масаланинг тиббиётга оид жиҳатларини батафсил таҳлил қилиб чиқдик. Ушбу мақола муаллифи жинсий балоғат ёши фалон бўлиш керак деб туриб олмаяпти. Биз бу жараён турли иқлим, этник, экологик ва ижтимоий-маданий шаротиларда фарқланадиган ўта индивидуал эканлигига урғу берамиз, холос. Ҳар бир муайян индивиднинг ёшига қараб унинг жинсий балоғатга етган-етмагани тўғрисида баҳо бериб бўлмайди. Жинсий балоғатга етиш услублари ёшига қараб белгиланишдан анча илгари силжиган. 
Ана энди яна Арабистон ярим оролига қайтиб, пайғамбар Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсиятига мурожаат қиламиз.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳақидаги ривоятларда ва унинг замондошлари таърифида ул зотнинг юксак ахлоқ эгаси эканлиги, 25 ёшда Ҳадижа розияллоҳу анҳога уйлангунларига қадар бокираликларини сақлаб келганлари ҳақида айтилган. Шунингдек, Расули Акром соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замондошлари бўлган на Макка мушрикларидан, на насронийлар ва на яҳудийлардан  у кишининг Оишага уйланганлари борасида танқидий фикр билдирилмаганини эътибордан четда қолдириб бўлмайди.
Ҳолбуки, уларнинг ҳаммаси Арабистон ярим оролида истиқомат қилишган, яҳудийларнинг катта гуруҳи Мадинада яшаган. Шу билан бирга, Пайғамбарга душманлик қилганларнинг орасида шоирлар ҳам бўлиб, улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни сеҳрда, фолбинликда, мажнунликда ва турли бошқа иллатлардаги  айбловларини назмда изҳор этишарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётининг бирорта шубҳали жиҳати мушрикларнинг назаридан қолиб кетмаган.
Муҳамад соллаллоҳу алайҳи васаллам асранди ўғиллари Зайд ибн Ҳариса розияллоҳу анҳунинг собиқ завжасига уйланганларида, жуда кўпчилик ўз норозилигини турли шаклларда билдиришганди.
Арабистонда жоҳилия пайтида асранди болалар ўз боласи каби ҳисобланарди ва Макка мушриклари учун бу никоҳ ўта номаъъқул саналган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Оиша розияллоҳу анҳо билан бўлган никоҳи арабларнинг анъана ва удумларига зид бўлганида, наҳотки улар буни кўрмаган бўлардилар?  Ушбу ҳолат Оиша чиндан ҳам жисмонан етарли даражада ривожлангани ёки эрта турмушга узатишлар Арабистон учун ғайриоддий бўлмагани ёки у эҳтимол 9 ёшдан катта бўлганини англатади. Сўнгги дастак тўғрисида ушбу мақолада фикр юритмоқчимиз.

“Педофилия” атамасининг таърифи

“Педофилия” атамаси билан боғлиқ масалаларни кўтариш ниятим йўқ эди, аммо шунга шаъма билан кўплаб танқидий фикрларнинг билдирилиши муаллифни бу масала борасида ҳам жавоб ёзишга ундади.
Психиатрия ва психологияда “педофилия” атамаси белгиланган маданий-тарихий шароитларда одатда балоғатга етмаган (пубертатгача) ёки эрта балоғатга етган (эрта пубертат) ёшдаги болаларга нисбатан доимий ёки аксар ҳолларда жинсий майлни афзал кўриш билан кузатилувчи  сексуал нормадан оғиш бўлади (парафилия, сексуал девиация).
Ушбу таъриф Мейо клиникаси ва Халқаро Касалликлар Классификациясининг 10-қайта кўрилиши -  F65.4 маълумотлари негизида тузилган.
Шундай қилиб, нормадан оғишлар муайян маданий-тарихий шароитларга боғланган ҳолда кўриб чиқилади ҳамда доимий ёки аксарият ҳоллардаги майл кўринишида бўлиши керак.
Педофил портретининг баъзи психологик хусусиятларини кўриб чиқайлик:
1 – Ўзига паст баҳо бериш. Аксарият педофиллар ўзига паст баҳо бериб келгани, ўзини нотавон санаши ва қўрқув боис катта ёшдаги одамлар билан муносабатни йўлга қўя олмайди. Бу хусусиятлар пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ёт, негаки, унинг қолган хотинларининг ҳаммаси катта ёшда бўлган.
2 – Педофилия обессив-компульсив мойиллик характерига эга
 (лат. obsessio — қамал, қуршов, блокада; compello — мажбурлайман). Бу дардга чалинган одам агар ушбу мойилликни амалга ошириш имконияти туғилса, ўзини тутиб тура олмайди. Афтидан бу иллат ҳам пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хос эмас, негаки, Расули Акром соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша билан никоҳ ўқилганидан сўнг қўшилиш учун уч йил кутганлар, гарчи унинг отаси томонидан никоҳлаб берилган бўлса ҳам.
3 – Педофил болаларга ишқивоз бўлади, “педофилия” тушунчаси ҳам айнан шуни англатади.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари ҳақида ҳикоя қилувчи кўплаб китобларнинг бирортасида ҳам Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бунақа иллати бўлгани ҳақида бирорта сўз йўқ. Унинг замондошлари ва ҳатто ёмон кўрадиган одамлар пайғамбарнинг ахлоқи бўйича бирорта эътироз билдира олмаган.
Умуман олганда, ушбу ҳолат на саҳобалар ва на пайғамбарнинг душманлари орасида норозилик кайфиятини уйғотмаган бўлса, боз устига қизнинг ўз отаси уни пайғамбарга эрга берган бўлса, қанақанги педофилия ҳақида сўз бўлиши мумкин?!
Бу ерда исломий манбаларда акс этган яна бир қизиқ маълумотни келтириш жоиз: пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламгача Жубайр ибн Мутъим Оишага совчи қўйган. Унинг отаси Абу Бакр Оишани Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга узатишдан олдин Жубайрнинг фикрини олишга мажбур бўлган. Бироқ Жубайр оиласи Абу Бакр ва унинг қизи Исломни қабул қилганини билиб қолиб, Оишадан воз кечган. Демак, Оиша ўшанда эрга бериш учун ярайдиган ёшда бўлган, деган хулоса қилиш мумкин.
Бунақа далил ва дастакларни кўплаб келтириш мумкин, бироқ айтиб ўтилганлари ҳам кифоя қилади. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассалламга ва унинг оиласига қўйилган айбловларнинг нечоғлик заиф эканлиги шундоқ ҳам кўриниб турибди. 

ОИША ТУРМУШГА ЧИҚҚАН ПАЙТДА НЕЧА ЁШДА ЭДИ?

    Машҳур муҳаддисларнинг ҳадис китобларида,  хусусан Бухорий, Муслим, Насаий, Ибн Можа ва бошқа ҳадис тўпламларида ҳамда Табарий каби баъзи тарихчиларнинг китобларида Оиша розиллоҳу анҳо Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламга никоҳланган пайтида 6 ёшда, у зотнинг уйларига кўчиб келганда эса 9 ёшда эканлиги тўғрисида ишончли ровийлар силсиласи ва бошқа кўрсаткичлари билан саҳиҳ ривоятлар келтирилган.
    Шундай бўлишига қарамай, бу ҳақдаги маълумотларни мазкур ҳадис тўпламларидаги бошқа саҳиҳ ривоятларга тегишли саналарни хронологик тарзда ўрганиладиган бўлсак ихтилофга дуч келамиз. Шу тарзда ўрганилган маълумотларни ҳисобга оладиган бўлсак Оиша розияллоҳу анҳо онамиз турмуш қурганларида ёшлари анча катта экани маълум бўлади. Унинг ёши 12-13, 17 ҳатто 27 ёш эканини кўрамиз.
Ибн Ҳишом ва бошқа баъзи тарихчилар Оиша розияллоҳу анҳони Исломни илк қабул қилганлардан эканини айтишади, демак турмуш қураётганида ёшлари 15 ёш бўлганлар.  Бундан ташқари, баъзи тарихчи ва тадқиқотчилар пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам совчи қўйишларидан олдин Жубайр ибн Мутъим совчи қўйганлиги зикр қилинади. Ўшанда ёшлари 17 ёшда эди.
Бухорий ва Муслимларнинг ҳадис тўпламларида Оиша онамиздан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган: «Юсуф ибн Мааҳакдан ривоят қилинади: Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурларида эдим, У Зот: «Батаҳқиқ, ҳа, уларга ваъда қилинган вақт, соат(қиёмат)дир. Ва у соат (азоби) улканроқ ва аччиқроқдир” (Қамар сурасидаги оят), Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Маккада нозил қилинган, ўшанда мен ўйнаб юрган ёш қизча эдим”.  Мазкур оят пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг Макка даврининг тўртинчи йили нозил бўлган эди. Яъни, 4-5 ёшлик бола кўчада ўйнаши мумкин. Демак, 614 йил (пайғамбарликнинг 4 йили) Оиша онамизнинг ёшлари 5-6 да бўлган. Пайғамбаримиз Оиша розияллоҳу анҳо онамизга 620 йил уйланган ва яна икки йил ўтиб эрларининг уйларига кўчиб ўтганлар. Демак, 622 йилда Оиша онамизнинг ёшлари 13-14 та бўлганлар.
Жубайр ибн Мутъим билан бўлган воқеа ҳам диққатга сазавор. Унинг отаси Оишага совчи қўяди, аммо Абу Бакр розиаллоҳу анҳу Исломни қабул қилгани маълум бўлгач аҳдидан қайтади. Бу воқеалар мусулмонларнинг Каъба олдида биринчи чиқишларидан  сўнг, яъни рисолатнинг учинчи йили, 613 йилда бўлган. Яна савол туғилади, агар шундай бўлган тақдирда ҳам Оиша розияллоҳу анҳонинг 622 йили пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам уйларига кўчиб ўтганларида ёшлари қанчада бўлиши керак эди. Агар ўшанда ёшлари бешда бўлган бўлсалар ҳам кўчиб ўтганларида ёшлари ҳеч ҳам тўқизда бўлиши мумкин эмас эди.
Шундай қилиб, Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг ёшлари ҳақида ихтилоф ва баҳс борлиги ҳақида шак-шубҳа йўқ. Ҳеч ким аниқ-тиниқ қилиб, Оиша онамизнинг ёшлари тўққизда бўлган деб узил- кесил айта олмайди, ҳатто, Бухорий ва Муслим ривоятларидан олинган маълумотлар бўлса ҳам, чунки Бухорий ва Муслимда келган бошқа ривоятларга хилоф келмоқда.
    Мусулмон уламолари бирон бир ҳадис ёки ривоятни ташлаб юбормаганлар. Одатда барчалари қабул қилинади. Бухорий тўпламими ёки Табарий ёки бошқаларнинг китобими фарқи йўқ. Фақат ҳадислар яхшилаб ўрганилади (текширилади), ровийларнинг ишончлилиги, санадлари, Қуръон оятлари ёки бошқа ҳадисларга хилоф қилиши ёки қилмаслиги аниқланади. Агар ҳадис саҳиҳ деб билинса у Бухорийдами ёки бошқа китобларда ривоят қилинадими, фарқи йўқ қабул қилинади. Агар қандайдир иллат топилса, барибир ташлаб юборилмайди, маълумот учун туради. Аксар фақиҳлар заиф ҳадислардан, айниқса, ақидавий масалаларда ҳукм олинмаслигини айтишади.
Биз ўрганаётган масала айнан шудир. Оиша онамизнинг турмушга чиққанларида ёшлари тўққизда бўлганлиги ҳақидаги ҳадислар саҳиҳ бўлиб, Бухорий, Муслим, Насаий, ибн Можа каби муҳаддислар китобида ривоят қилинган бўлса ҳам бу масала хронологик тарзда синчиклаб ўрганилганда бошқа хусусан Бухорийдаги ривоятларга хилоф жойи бор. Шунинг учун ҳам Оиша онамиз турмуш қурганларида ёшлари тўққизда бўлган деб аниқ айтиб бўлмайди (инкор қилиб ҳам бўлмайди, чунки бу ҳақида саҳиҳ ҳадислар бор)
Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг ҳаётларини реконструкция қилишдаги ишончли тарихий маълумотлар
1.    Оиша розияллоҳу анҳонинг опачаси Асмо розияллоҳу анҳо ундан 10 ёш катта бўлган. Асмо 73 ҳижрий санада вафот этган, ўшанда у исломий тақвим бўйича 100 ёшда эди. Исломий тақвимда йил 355 кунга тенг бўлган, у милоднинг 693 йилида шамсий йил ҳисоби бўйича 98 ёшида вафот этган. Бу ҳодиса ҳижратнинг 71 йилида содир бўлган (622 милодий йил). Ҳисоб қилиб кўрсак, Асмо розиллоҳу анҳонинг туғилган йили милоднинг 595 йилига тўғри келади, демак, Оиша розияллоҳу анҳонинг таваллуд санаси милоднинг 605 йилига тўғри келади. Оиша розияллоҳу анҳонинг отаси Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг тўртта фарзандларининг ҳаммаси жоҳилия даврида, яъни 610 йилгача туғилган.  Шундан келиб чиқиб, агар Оиша никоҳланган пайтда 9 ёшда бўлган, деб тахмин қилинса, унда унинг туғилган йили 615 йилга, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганидан камида 5 йил ўтганидан кейинги йилга тўғри келиши керак. Бироқ бу Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг фарзандлари ҳақида хабар қилинган маълумотларга ҳамда юқоридаги ҳисоб-китобларга тўғри келмайди. Демак, Оиша розияллоҳу анҳо никоҳланган пайтда камида 15 ёшда ва балки ундан ҳам каттароқ бўлган.
2.    Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳога ҳижратнинг иккинчи йилида, яъни милоднинг 624 йилида уйланганлар. Бундан кўп ўтмай Оиша розияллоҳу анҳога 625 йилдаги Уҳуд ғазотида иштирок этишга рухсат берилган. Ўша пайтда 15 ёшга етмаган ёшлар ғазотда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилинганди. Демак, Оиша розияллоҳу анҳо ўша пайтда кам деганда 15 ёшда бўлган. Оиша розияллоҳу анҳо Исломга Умар ибн Ҳаттобдан олдин, Рисолат тушган дастлабки йилларда, тахминан 610 йилда кирган. Бунинг учун у ҳеч бўлмаса юра олиши ва гапиришни билиши керак эди. Бунинг учун камида 3 ёш бўлиши керак. Бунақада 624 йилда у 17 ёшга кирган бўлади. Ёки бўлмаса, Исломда инсон Шариат аҳкомларини бажаридиган болиғ бўлиш учун 7 ёш деб олинса, унда никоҳланган пайтда 21 ёшга тўғри келади.
3.    Оиша розияллоҳу анҳонинг ўзи ривоят қилишича, Қуръоннинг 54-сураси (“Ал-Қамар”) нозил бўлган йилда у “ёш қиз” бўлган. Қуръоннинг 54-сураси ҳижратдан 9 йил олдин, яъни 613 йилда нозил бўлган. Ўзини “ёш қиз” деб аташ учун у 7 билан 13 ёш ўртасида бўлиши керак эди. Юқорида келтирилган таваллуд санасидан келиб чиққан ҳолда ўшанда у 8 ёшда бўлган, дея хулоса қилиш мумкин ва бу бизнинг ҳисобларимизга айнан мос келади. Ва аксинча, агар 624 йилда у 9 ёшда никоҳланган деб ҳисобланса, унда 613 йилда ҳали туғилмаган бўлиб чиқади ва унинг ўзи гапирган гапларни йўққа чиқариб қўяди.
Юқорида келтирилган маълумотлар ва рақамлар Оиша онамизнинг Пайғамбаримизга никоҳланган пайтда камида 19 ёшда бўлганининг (эҳтимол 21 ёш) ёрқин исботи бўла олади.
Нима бўлган тақдирда ҳам Оиша розияллоҳу анҳонинг оталари Абу Бакр розияллоҳу анҳу пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламга дўстликлари ҳурмати учун шахсан ўз қизларини никоҳлаб берганлар. Ҳеч қандай мажбурлаш бўлмаган. Ҳеч қайси ота ўз қизига ёмонликни раво кўрмайди.
    Энг қизиғи, исломнинг илк танқидчилари (аввалги яҳудий ва насронийлар ҳам) пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламни тўққиз ёшар қизга уйланганликлари билан айблаган эмаслар. Демак, ўша вақтда бундай никоҳлар ўша жамиятлар учун нормал ҳисобланган ёки Оиша онамизнинг ўша ёшдан катта эканликлари ҳақида қандайдир маълумотлари бўлган. Агар бунинг акси бўлганида эди, ўша давр дин душманлари бу нарсага қаттиқ ёпишиб олган ва пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламга янада кўпроқ озор беришда буни қурол қилиб олган бўларди. Орадан қанча асрлар ўтиб, Европада замонавий фикрлаш стандартлари шаклланиб бўлгач, бундан Исломга қарши тош отиш омили сифатида фойдаланадиган бўлишди.
Мусулмон уламолари Оиша онамизнинг ёшлари тўққизда бўлган тақдирда ҳам бунинг ёмон жойи йўқ эканини айтишади. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари: Минг беш юз йил олдинги ҳолат билан бугунги ҳолатни тенглаштириш мумкин эмас. Ўша пайтда ёш қизларга уйланиш ҳамма халқларда бўлган. Иссиқ ўлкаларда қизлар эрта балоғатга етганлар. Уларда қизлар тўққиз ёшда вояга етган. Ҳозир сизга мазкур таънани айтганлар қавмида ёш қизларни никоҳга олиш бўлмаса ҳам, улар ила зино қилиш кенг тарқалганлиги ҳаммага маълум” деганлар, роҳимаҳуллоҳ.
Насронийларнинг ривоятларига кўра, Исо алайҳиссаломнинг оналари Марям ўғилларини туққанларида ёшлари 12 да бўлган экан.
Умуман олганда қадимги жамиятларда эрта никоҳлар одатий ҳол бўлган, айб саналмаган. Ўрта асрлар Европасида ҳам бундай никоҳлар одатий бўлган
    Энг асосий нарса Оиша розияллоҳу анҳо ўз никоҳларида бахтли эдилар, турмуш қураётган вақтда ҳам ундан кейин ҳам қаршилик кўрсатмаганлар, бутун умрлари давомида Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам тўғриларида ўзлари учун энг мухтарам ва севикли инсон сифатида гапириб келганлар.

Оиша розияллоҳу анҳонинг ёшлари ҳақида бошқа ривоятлар

1. Машҳур тарихчи олим Ибн Жарир ат-Табарий ўзининг “Тарихи Табарий” китобида ёзади: “Жоҳилия даврида Абу Бакрнинг иккита завжаси бўлган. Биринчиси Фотима бинти Абдулузза бўлиб, Абдуллоҳ ва Асмони туққан. Сўнг у Умму Руманга уйланади. Ундан эса, Абдураҳмон ва Оишалар туғилади. Тўрттаси ҳам Исломдан аввал туғилган. Яъни, пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламга рисолат келмасидан аввал туғилган (610 йил). Агар Оиша онамиз 620 йил никоҳ қурган, деб ҳисоблайдиган бўлсак 610 йилдан аввал туғилган Оишанинг ёши 6 да бўлиши мумкин эмас. Шундай қилиб, Табарийда Оиша розияллоҳу анҳо ёшига ишора қилган иккита жойи бор, бироқ бу иккиси бир-бирига хилофдир.
 2. Саҳиҳул Бухорийда қуйидаги ҳадис бор: «Юсуф ибн Мааҳакдан ривоят қилинади: Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурларида эдим, У Зот: «Батаҳқиқ Ҳа, уларга ваъда қилинган вақт, соат(қиёмат)дир. Ва у соат (азоби) улканроқ ва аччиқроқдир” (Қамар сурасидаги оят), Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Маккада нозил қилинганда  мен ўйнаб юрган ёш қизча эдим”. 
Бу 54-сура, 46-оятдир. Қамар сурасининг мазкур ояти турли ривоятларга кўра, 614 йили ёки 618 йил Ибн Арқам уйида нозил бўлган. Агар 614 йил нозил бўлган ривоятни оладиган бўлсак, Оиша онамиз ёш қизча эмас, балки энди туғилган чақалоқ бўлар эди. Агар 618 йилни оладиган бўлсак, Оиша розияллоҳу анҳонинг ёши 4-5 бўлар эди. Арабча “жория” (болалар ўйинини ўйнайдиган қизча) сўзини таҳлил қилсак, бу сўз 8 ёшдан  катта қизчаларга ишлатилади. Луғатлар ҳам буни тасдиқлайди. Шундай қилиб, сура ояти нозил бўлганида, Оиша розияллоҳу анҳонинг ёшлари камида 8 бўлиши керак эди (оят 618 йили нозил бўлган). 620 йил фотиҳаси ўқилганида Оиша онамизнинг ёшлари 10 да бўлган, пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига 13 ёшларида кўчиб ўтган.
3. Машҳур муфассир оли Ибн Касир ўзининг “Ал-Бидоя ван-Ниҳоя” деб номланган китобида ёзади: “Асмо (Оиша розияллоҳу анҳонинг опачаси) ҳижрий 73 йил 100 ёшида вафот қилди. У Оишадан 10 ёш катта эди”.
Бу ҳақда “Мишкот ул-Масобиҳ” ҳадислар китобининг муаллифи Валиюддин Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Хатиб ҳадис ровийлари ҳақида ёзган асарларида Асмо ҳақидаги бобда: “У Оишанинг опачаси эди ва унинг 10 ёш катта эди... Ҳижрий 73 йил 100 ёшида вафот қилган”, деб ёзган.
Яъни, ҳижрий биринчи йилда Асмонинг ёши 27 та бўлган, унинг синглиси Оишанинг ёши 17 да эди. Шундай экан, ҳижрий иккинчи йилда Оиша розияллоҳу анҳу никоҳланганида ёнинг ёши 18 да эди. Демак, Оиша онамиз рисолатдан аввал таваллуд топганлар.
4. Буюк олим Ибн Ҳожар Асқоланий ўзининг машҳур “ал-Исаба фий Асма ас-Саҳоба” деб номланган китобида қуйидагиларни ёзган:
“Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима розиллоҳу анҳо Оиша розияллоҳу анҳодан 5 ёш катта эди. Фотима розияллоҳу анҳо туғилганларида пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлари 35 да бўлган”.
Демак, пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам 40 ёшда бўлганида Оиша розияллоҳу анҳо туғилганлар ва 10 ёшида фотиҳа ўқилиб, 14-15 ёшларида бирга яшаганлар.
5. Саҳиҳул Бухорийдан яна бир ҳадис: Оиша розияллоҳу анҳо айтади: “Эсимни таниб, ота-онамни билибманки, икковларини Ислом динини дин тутганларини биламан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизникига ҳар куни эртаю кеч келар эдилар. Мусулмонлар балога учраганларида Абу Бакр Ҳабашистон ерига ҳижрат қилмоқчи бўлиб чиқди...” (узун ҳадиснинг бош қисми).
Бу ҳадисда бир қисм мусулмонларнинг Ҳабашистонга ҳижрат қилгани зикр қилинади, бу эса 615-616 йиллар бўлган. Оиша розияллоҳу анҳо ўша вақтлар шу воқеаларни эслаши ва ҳадис қилиб ривоят қиладиган даражада бўлган. Агар у 613 йилда туғилган деб ҳисоблайдиган бўлсак, унда ўша вақт унинг ёши 2-3 да бўлиши керак эди. Албатта, одам 3 ёшида бундай узун ҳадисни эслаб қола олмайди. Бу дегани, Оиша розияллоҳу анҳо ўша вақтга келиб ёши катта бўлгани ва рисолатдан аввал туғилганидан дарак беради. Ва турмуш қурган вақтларида ёши энг камида 14 да бўлган.
6. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламгача Жубайр ибн Мутъим Оиша онамизга совчи қўйганлиги маълум. Бу ҳақда тарихий манбаларда етарлича маълумот бор. Унинг отаси Абу Бакр пайғамбаримизга жавоб беришларидан олдин Жубайр фикрини билмоқчи бўлган. Бироқ Жубайр оиласи Абу Бакр ва қизи Исломни қабул қилганини эшитгач, фотиҳани ўзлари бузган. Бу дегани, ўша вақт Оиша онамиз бўйи етган, узатиладиган қиз эканига далолат қилади. Исломга очиқча даъват 613 йили бошланган. Агар оиша онамиз 613 йили туғилган, деб ҳисобласак, Оиша онамизнинг никоҳ фотиҳалари ҳақида ҳеч қандай гап бўлиши мумкин эмас.
7. Ибн Ҳишом ўзининг сийрат китобларида, биринчи бўлиб Исломни қабул қилганлар орасида Оиша онамизни ҳам зикр қиладилар. Онамизнинг исмлари Абдуллоҳ ибн Маъсуд, Жаъфар ибн Абу Толиб, Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳум ва бошқалардан аввал келади. Бу дегани, никоҳ қурган вақтларида ёшлари тахминан 15 да бўлган.
8. Таниқли биограф  олим Сулаймон Надвий, ўзининг Оиша онамизга бағишланган китобларининг 111 саҳифасида: “Оиша розияллоҳу анҳо умрининг 40 йили бева ўтди”. 153 саҳифасида эса ёзади: “Муовия розияллоҳу анҳунинг ҳукмронлигининг сўнгги кунлари Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг ҳам сўнгги кунлари эди. Ўшанда унинг ёшлари 67 эди”. 67 дан 40 ни айрисак, расуллуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам вафот этган йилларида  (632 йил) Оиша онамизнинг ёшлари 27 та бўлганлиги аниқланади. Бинобарин, Оиша розияллоҳу анҳонинг туғилган йили таҳминан 606 йилга тўғри келади. Никоҳ вақтларида ёшлари 14-15 бўлган, пайғамбаримиз уйларига 17-18 ёшларида кўчиб ўтган.

Қуръон ва ҳадислар никоҳ ҳақида

Ислом ва Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни “педофилия”да айблаётган танқидчилар ўзларининг ҳақлигини “Талоқ” сурасининг 4-оятини таржимасига таяниб исботламоқчи бўладилар: “Аёлларингиздан ҳайздан ноумид бўлганларининг иддаси, агар шубҳангиз бўлса, уч ойдир. Ҳайз кўрмаганлариники ҳам. Ҳомиладорларнинг иддаси ҳомилаларини қўймоқликдир. Ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг ишида осонлик қилиб берадир”.

Кўриб турганимиздек, танқид субъектив характерга эга бўлиб, ҳақиқатни акс эта олмайди, ояти каримда ёшга нисбатан ишоралар йўқ. Қуръоннинг араб тилидаги аслида ҳам “ёш” сўзи ишлатилмаган.
Бу оятда талоқ тушган пайтга келиб, аёлнинг ҳомиладорми-йўқлиги номаълум бўлган пайтда ҳайз оралиғидаги вақт ҳақида сўз юритилади. Шунинг учун 3 ой кутиш лозим.
Никоҳланиш ёшини аниқлаш учун Қуръонга мурожаат қиламиз. “Ан-Нисо” сурасининг 6-оятида қуйидагилар айтилган: “Етимларни то никоҳ(ёши)га етгунларича синаб туринглар. Агар уларнинг эси-ҳуши жойида эканини билсангиз, уларга ўз молларини топширинг. У молларни исроф ила ва эгаларининг катта бўлиб қолишидан қўрқиб шошилиб еманг. Бой бўлганлар иффатли бўлсинлар. Ким камбағал бўлса, тўғрилик билан есин. Уларга ўз молларини топшираётганингизда гувоҳлар келтиринг. Ҳисобчиликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур”.
Ушбу оятдан никоҳга кириш ёшига етиш учун Исломий балоғатга етиш керак. Етимнинг балоғати яқинлашган сари унга ҳомийлик қилувчи киши унинг мустақил ҳаётга тайёрлиги борасида ишонч ҳосил қилиш учун синаб кўриши лозим. Шариатда боланинг болиғ бўладиган ёшга етишининг аломатлари мавжуд, ана ўшанда у никоҳланишга ҳақли бўлади. Балоғат ёши қизларнинг ҳайз кўриши, ўғил болаларда эса эҳтилом бўлиши билан боғлиқ. Балоғатга етиш билан инсон болиғ бўлади, унда масъулият ҳисси пайдо бўлади, у шахсга айланиб, шариат аҳкомларини бажаришга ва қилган амаллари учун Аллоҳ ва жамият олдида жавоб беришга тайёр бўлади. Шу билан бирга, унда катта одамга берилган ҳуқуқлар, шу жумладан, мулкка эгалик ва ўз мулкини мустақил тасарруф этиш ҳуқуқи пайдо бўлади.
Ушбу суранинг бошқа оятида шундай дейилган: “Сизлардан ким ҳур мўминаларни никоҳига олишга имкон топмаса, қўлингизда мулк бўлган мўмина қизларингизлардан (уйлансин). Аллоҳ иймонингизни билувчи зотдир. Ҳаммаларингиз бирсиз. Уларни никоҳингизга аҳлларининг изни ила олинг. Ва яхшилик билан маҳрларини беринг. Улар покиза, зинокор эмас ва ўйнаш тутмаган бўлсинлар. Эрга текканларидан сўнг фоҳиша иш қилсалар, уларга ҳур аёлларга бериладиган азобнинг ярми бериладир. Бу бузилишдан қўрққанлар учундир. Сабр қилмоғингиз сиз учун яхшидир. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир”.
Чўрилар ҳақида сўз юритилганда арабча “Фатайатикум” сўзи ишлатилади, бу сўз балоғатга етган қизни англатади, аммо ҳеч ҳам гўдакни эмас.
Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаллам ўз ҳадисларидан бирида шундай дейдилар: «Меҳрибон, туғувчанларга уйланинглар, чунки, мен Қиёмат куни пайғамбарлар ичида сизлар сабабли кўп бўлиб тураман» .
Ушбу ҳадис туғишга қодир бўлган қизларга уйланишга чақиради, унда ёш болалар ва балоғатга етмаганлар ҳақида бирорта гап йўқ.

Хулоса

Хулосамизда Ислом душманлари пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг пок номини обрўсизлантиришга қанчалик уринмасинлар, биз мусулмонлар Оиша розияллоҳу анҳонинг пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламга турмушга чиқишлари бутун мусулмон уммати учун Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлганини биламиз. Негаки, пайғамбар аёлларининг энг ёши бўлган Оиша розияллоҳу анҳо бизга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг оила ичидаги ҳаётларининг кўплаб муҳим тафсилотларнинг етиб келишига ва ул зоти бобаракотнинг биз мусулмонлар учун Қиёматга қадар ўрнак бўлишларига сабабчи бўлдилар.

Алҳамдулиллаҳи, унинг раҳмати ва баракати туфайли хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
 Сўзимиз якунида яна бир оят ва ҳадисни эслатиб ўтмоқчимиз. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ўзининг Расули соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳақида: “Ва албатта, сен улкан хулқдасан”, деб марҳамат қилган.

Манбалар асосида
Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Раддиялар
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase