Понтификнинг ҳикоя қилишича, унинг папа лавозимидаги ўтмишдоши Бенедикт XVI роҳиблар конгрегациясини айнан у ерда роҳибалар мунтазам жинсий зўрланиб келганлиги сабабли тарқатиб юборишга мажбур бўлган.
Францискнинг баёноти – черковнинг руҳонийлар томонидан роҳибаларга нисбатан зўрлик ҳолатлари расмий тан олган биринчи ҳолатдир.
Понтификнинг сўзларига кўра, черков муаммонинг ечимини топишга ҳаракат қилмоқда, лекин унинг тан олишича, зўравонлик ҳолатлари давом этмоқда.
Рим Папаси Яқин Шарқ мамлакатлари бўйлаб ўз сафари давомида сешанба куни зўравонлик муаммоси ҳақида сўз очди.
У, шунингдек, нафақат оддий руҳонийлар, балки юқори мансабдорлар ҳам зўравонликка алоқадор эканлигини тан олди – бу ерда гап бир нечта епископ ҳақида бормоқда.
"Рим Папаси Бенедикт бу ерда яшайдиган аёллар учун том маънода қулликка, ҳаттоки руҳонийлар ёки конгрегация бошлиғи уларни ушлаб турган жинсий қулликка айланган аёллар монастирларидан бирини ёпишга журъат топди ", - деди Франциск.
Ватикан матбуот котиби Алессандро Джизотти кейинроқ CBS News га берган интервьюда рим Папаси Франциядаги конгрегациялардан бири ҳақида гапирганини айтди.
Рим Папасининг сўзларига кўра, зўравонлик ҳолатлари кўпроқ янги конгрегациялар учун хос бўлиб, асосан алоҳида олинган монастирларга тааллуқлидир.
Бундан бир неча кун олдин Ватиканда чоп этиладиган аёллар учун журнал Women Church World черковдаги зўравонликни қоралаб чиқди.
Журналда айтилишича, айрим роҳибалар зўравонлик ҳолатларини яшириш учун католиклар черкови оғир гуноҳ ҳисоблайдиган аборт қилдиришга мажбур бўлган.
Журналда шунингдек, зўравонлик ҳолатлари ҳақида жим туришдан воз кечишга #MeToo ҳаракати ундагани айтилган.
Манба: БиБиСи.Ком
Абу Муслим таржимаси