23 ноябрь, чоршанба куни Страсбургда Европа Иттифоқи парламенти Россия Федерациясининг Украинага қарши ҳарбий тажовузи туфайли Россияни терроризмнинг ҳомийси сифатида тан олиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. Қарорни 494 нафар депутат қўллаб-қувватлади, 58 нафари қарши, 44 нафари бетараф қолди.
Европарламент депутатлари Россияни терроризмнинг ҳомийси ва терроризм воситаларидан фойдаланадиган давлат деб эълон қилиш орқали Россия президенти Владимир Путин ва Россия ҳукуматини халқаро трибунал олдида жавобгарликка тортишга йўл очмоқчи, дейилади Европарламент сайтида.
"Россия Федерацияси томонидан Украинанинг тинч аҳолисига нисбатан қасддан қилинган ҳужумлар ва ваҳшийликлар, фуқаролик инфратузилмасини вайрон қилиш ва инсон ҳуқуқлари ва халқаро гуманитар ҳуқуқнинг бошқа жиддий бузилиши Украина аҳолисига қарши террорчилик ҳаракатларига тенглаштирилади ва уруш жиноятларини ташкил этади", - дейилади Европарламент резолюциясида.
Европа Иттифоқида учинчи давлатни терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат сифатида тан олиш учун қонуний асос йўқ. Бу ҳақида Европарламентнинг 2022 йил 18 октябрдаги ялпи мажлисида Европанинг ички ишлар бўйича комиссари Илва Йоханссон таъкидлади. Шу муносабат билан Европарламент ўз резолюциясида Европа Иттифоқи ва унга аъзо мамлакатларни терроризм ҳомийлари ва терроризмга қўл ураётган давлатларни белгилаш бўйича ҳуқуқий базани ишлаб чиқишга чақиради.
Бундай таъриф маълум бир мамлакатни Европа Иттифоқи билан муносабатларда жиддий санкциялар ва чекловларга дучор бўлади. Шундан сўнг ЕИ Кенгаши Россия Федерациясини Европа Иттифоқининг терроризм ҳомийлари рўйхатига киритиш масаласини кўриб чиқиши керак, деб ҳисоблайди Европарламент.
Парламент аъзолари Россия Федерациясини изоляция қилишга чақирмоқда
Европарламент Европа Иттифоқи ва унга аъзо мамлакатларни "Россия Федерациясини ҳар томонлама халқаро изоляция қилиш", жумладан, Россиянинг БМТ Хавфсизлик Кенгаши каби халқаро ташкилотлар ва органларга аъзолигига нисбатан чоралар кўришга чақиради. Бу, шунингдек, Россия Федерацияси ҳудудида расмий тадбирларни ўтказишдан бош тортишни, Россия билан дипломатик муносабатларни янада қисқартиришни ва унинг расмий вакиллари билан алоқаларни "мутлақо зарурий минимал даражага" қисқартиришни назарда тутади.
Европарламент Россия Федерациясини терроризмнинг ҳомийси деб эълон қилди
Европарламент аъзолари Россия Федерациясини терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат сифатида тан олиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Янгиликлар
|
Калит сўзлар