Тафсилотлар
Матбуот котибининг маълум қилишича, «Толибон» фуқаролар ва дипломатик миссиялар хавфсизлигини таъминлайди. У ҳаракат қўйилаётган ҳар бир қадамга масъулият билан муносабатда бўлиши ва ҳамма билан тинчликка интилиши ҳақида айтди.
Наим Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг қочиб кетиши ҳақида гапириб, бу ҳисобга олинмагани ва «энг яқин одамлари ҳам ундан бу ишни кутмагани»ни айтди.
Наимнинг айтишича, бугунги кунда ҳаракат 20 йил давомида берган қурбонлари ва ўз ҳаракатлари натижасини кўрмоқда.
Иқтибос
«Биз ўзимиз истаган нарсага - юртимиз озодлиги ва халқимиз мустақиллигига эришдик. Биз ҳеч кимга ўз ерларимиздан кимгадир қарши фойдаланиш учун имкон бермаймиз ва ҳеч кимга зарар етказишни истамаймиз», - деди Наим ва ҳаракат муаммоларни халқаро ҳамжамият билан мулоқот йўли билан ҳал қилишга тайёрлигини билдирди.
Эслатиб ўтамизки, бугун «Толибон» ҳаракати бутун Афғонистон ҳудуди ишғол этилганини маълум қилди, улар Кобулга кириб келишди. Афғонистон ўтиш даври ҳукумати раиси этиб мамлакат собиқ ИИВ раҳбари Али Аҳмад Жалолий тайинланиши лозим, дея хабар қилади Al Arabiya.
«Толибон» вакилининг айтишича, «кейинги бир неча кун ҳокиимиятни тинч йўл билан ўтказиш» рўй беради. Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг шахсий тансоқчиси Ғани Ўзбекистонга учиб кетганиги ҳақида маълумотни тасдиқлади.