инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, инсонни эксплуатация қилиниш ва таъқиблардан ҳимоя қилиш,
ислом шариатига мувофиқ унинг муносиб яшаш ҳуқуқи ва эркинликларини тасдиқлашда ислом дунёси ўйнаши лозим бўлган ролни яна бир бор таъкидлаган ҳолда материалистик фанларни ривожлантиришда сезиларли муваффақиятларга эришган инсоният аввалгидек,
тамаддуни асраш учун имонга ҳамда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш,
исломда асосий ҳуқуқлар ва универсал эркинликлар ислом дининг ажралмас қисми саналиши ва улар Аллоҳ ваҳий қилган Китобларда келтирилган ва аввалги ваҳийларни якунлаш учун унинг Пайғамбарларидан сўнггиси орқали ваҳий қилинган,
бу эса уларни ибодатга риоя қиладиган қилиб қўйган, уларни поймол қилиш ёки бузиш гуноҳи кабира саналадиган ва шу сабабли уларни ҳимоя қилиш учун ҳар бир киши шахсан, ислом дунёси эса – жамоавий жавобгар бўлган Аллоҳ буюрган амрлар ҳисобланиши сабабли уларни тўлиқ ёки қисман бекор қилиш, бузиш ёки поймол қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ деб ҳисоблаб,
ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ички ундовчи кучларга ўткир эҳтиёж ҳис қилаётгани ва ҳис қилишига қатъий ишониб, юқорида баён қилинган тамойилларга таянган ҳолда, қуйидагиларни маълум қилади:
1-модда
a) Барча одамлар Аллоҳнинг амри билан бирлашган бир оилани ҳосил қилади ва Одам Атонинг авлодлари ҳисобланади. Барча одамлар ирқи, танасининг ранги, тили, жинси, дини, сиёсий қарашлари, ижтимоий мавқеи ва бошқа асослардан қатъи назар, асосий инсон қадр-қиммати, асосий мажбурият ва вазифаларда тенг ҳуқуқли ҳисобланади. Ҳақиқий имон инсоннинг такомиллашуви жараёнида бундай кадр-қимматнинг ортиши гарови ҳисобланади.
b) Барча одамлар Аллоҳнинг бандалари, қолган бандаларга кўпроқ фойда келтирадиган бандалар Унинг суюкли бандалари ҳисобланади, ҳеч ким бошқа одамлардан кўра устунликка эга эмас, фақат тақво ва солиҳ амалларидан ташқари.
2-модда
a) Ҳаёт бу – Аллоҳнинг инъоми ва яшаш ҳуқуқи ҳар бир киши учун кафолатланган. Бу ҳуқуқнинг ҳар қандай тажовузлардан ҳимоя қилиши одамлар, жамиятлар ва давлатларнинг мажбурият ҳисобланади ва ҳеч кимни ҳаётдан маҳрум қилиб бўлмайди, шариатда кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно.
b) инсониятни геноцид йўли билан йўқ қилишга олиб келиши мумкин бўлган воситаларга мурожаат қилиш тақиқланади.
c) Аллоҳ томонидан берилган вақт давомида инсон ҳаётини асраш шариатда кўрсатилган мажбурият ҳисобланади.
d) жисмоний дахлсизлик кафолатланган ҳуқуқ ҳисобланади. Давлат уни ҳимоя қилишга мажбур, шариатда кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно.
3-модда
a) Куч қўллаш шароитларида ёки қуролли низолар вақтида қариялар, аёллар ва болалар каби тинч аҳолини ўлдириш тақиқланади. Ярадорлар ва беморлар тиббий ёрдам ҳуқуқига эга; ҳарбий асирлар овқат, кийим ва бошпана ҳуқуқига эга. Мурдаларга нисбатан расво ҳаракатлар тақиқланади. Ҳарбий асирларни алмашиниш, уруш ҳолати антижасида бир-биридан айрилган оилаларнинг бирлашувига ёки ташриф буюришига имкони бериш зарур.
b) Дарахтларни кесиб ташлаш, экин майдонларини пайҳон қилиш, чорва молларини ўлдириш ҳамда ўққа тутиш, портлатиш ва бошқа йўллар билан фуқаро бинолари ва иншоотларини бузиш ва вайрон қилиш тақиқланади.
4-модда
Ҳар ким дахлсизлик ҳуқуқига ва ҳаёти давомида ва ўлимидан кейин ор-номуси ва пок номини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Давлат ва жамият унинг мурдаси ва кўмилган жойини ҳам ҳимоя қилади.
5-модда
a) Оила жамиятнинг негизи ҳисобланади ва никоҳ қуриш натижасида вужудга келади. Эркаклар ва аёллар никоҳ қуриш ҳуқуқига эга ва ирқи, танасининг ранги ёки миллати белгилари бўйича ҳеч қандай чекловлар бу ҳуқуқдан фойдаланиш учун тўсиқ бўла олмайди.
b) Жамият ва давлат никоҳ йўлидаги барча тўсиқларни бартараф қилади ва никоҳдан ўтиш жараёнини енгиллаштиради. Улар оила фаровонлиги ва ҳимоясини таъминлайди.
6-модда
a) Аёл эркаклар билан инсон қадр-қиммати борасида тенг ҳуқуқли бўлиб, ҳам ҳуқуқлар, ҳам мажбуриятларга эга; у мустақил фуқаролик мақомига ва молиявий мустақилликка, ўз исми ва уруғини сақлаш ҳуқуқига эга.
b) Эр оилада тўкинчилик ва фаровонлик учун жавоб беради.
7-модда
a) Ҳар бир бола туғилган пайтидан бошлаб ота-онаси, жамият ва давлат томонидан тегишлича қараш, тарбия олиш, шунингдек, моддий, маънавий ва жисмоний қўллаб-қувватланиш ҳуқуқини қўлга киритади. Она ва ҳомилага алоҳида ғамхўрлик кўрсатилиши лозим.
b) Ота-оналар ва худди шундай ҳолатда бўлганлар ўз фарзандлари учун таълим турини ва ўз хоҳиши билан танлаш ҳуқуқига эга, бунда улар шариат меъёрлари ва ахлоқий қадриятларга мувофиқ болалар манфаатлари ва келажагини ҳисобга олиши лозим.
c) Ота ва она ўз фарзандларидан, қариндошлар эса – шариат кўрсатмаларига мувофиқ ўз яқинларидан ғамхўрлик кўриш ҳуқуқига эга.
8-модда
Ҳар ким ўз мажбурият ва вазифаларига нисбатан ҳуқуқ субъекти эканлигидан фойдаланиш ҳуқуқига эга, уни тўлиқ ёки қисман йўқотган ҳолларда эса унинг номидан васий иштирок этади.
9-модда
a) Билим олиш мажбурият, таълимни таъминлаш эса – давлат ва жамиятнинг бурчи ҳисобланади. Давлат таълим олиш йўллари ва воситалари мавжудлигини таъминлайди ва инсон Ислом дини ва Коинот ҳақида билимлар билан бутун инсоният равнақи йўлида танишиб чиқиши мумкин бўлиши учун жамият манфаатларида таълимнинг ҳар хил турларини кафолатлайди.
b) Ҳар ким турли таълим-тарбия ва панд-насиҳат бериладиган муассасаларда, жумладан, оила, мактаб, университет, ОАВ ва ҳ.к.да ўз шахсиятини комплексли ва мувозанатли ривожлантириш, Аллоҳга ишончни мустаҳкамлаш, ҳуқуқ ва мажбуриятларни ҳурмат қилишни рағбатлантириш учун диний ва дунёвий таълим олиш ҳуқуқига эга.
10-модда
Ислом – табиий поклик дини. Инсонни мажбурлашнинг кадайдир шаклига мурожаат қилиш, унинг камбағаллиги ва билимсизлигидан уни бошқа динга киргизиш ёки атеизмга қаратиш тақиқланади.
11-модда
a) Одамлар озод одам бўлиб туғилади ва ҳеч кимнинг уларни қул қилиш, таҳқирлаш, жабр-зулм қилиш ёки эксплуатация қилишга ҳақли эмас ва улар Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимга қарам эмас.
b) Ҳар қандай турдаги мустамлакачилик, қулликнинг энг жирканч шаклларидан бири бўлиб, бутунлай тақиқланган. Мустамлакачилик зулми остида азоб чекаётган халқлар озодлик ва ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга. Мустамлака қилинган халқларни мустамлакачилик ва истилонинг барча шаклларига қарши курашини қўллаб-қувватлаш барча давлатлар ва халқларнинг мажбурияти ҳисобланади, барча давлатлар ва халқлар ўзларининг мустақиллик мақомини сақлаб қолиш, ўз бойликлари ва табиий ресурсларини назорат қилиш ҳуқуқига эга.
12-модда
Ҳар ким шариат талабларига риоя қилган ҳолда ўз мамлакати ёки унинг ҳудудидан ташқарида эркин ҳаракатланиш ва яшаш жойини танлаш, таъқиб килинган ҳолларда эса – бошқа мамлакатда бошпана излаш ҳуқуқига эга. Бошпана берувчи мамлакат токи у хавфсизликда бўлмагунга қадар унинг ҳимоясини таъминлайди, бошпана сўраш шариатда жиноят сифатида кўриб чиқиладиган ҳаракатлар билан боғлиқ бўлиши бундан мустасно.
13-модда
Иш - бу давлат ва жамият томонидан ҳар бир меҳнатга лаёқатли шахсга кафолатланган ҳуқуқдир. Ҳар ким уни энг юқори даражада уни қониқтирадиган, шунингдек, унинг ва жамиятнинг манфаатларига жавоб берадиган иш танлашга ҳақлидир. Ишлаётган одам хотиржамлик ва хавфсизлик ҳуқуқига, шунингдек, бошқа барча ижтимоий кафолатлар олиш ҳуқуқига эга. Унга бажара олмайдиган ишни топшириш ёки ишлашга мажбур қилиш, ёки эксплуатация қилиш ёки бирон-бир тарзда зарар етказиш мумкин эмас. У ўз меҳнати учун кечикмасдан, эркаклар ва аёллар ўртасида ҳеч қандай дискриминациясиз адолатли ҳақ олиш, шунингдек, таътил учун ҳақ олиш ва у муносиб бўлган тарзда хизмат бўйича кўтарилиш ҳуқуқига эга. Ўз томонидан, у тпшрилиган ишларни пухта ва сидқидилдан бажариши лозим. агар ишчи ва хизматчилар қандайир масала бўйича келиша олмайдиган бўлсалар, давлат низони ҳал қилиш ва талабларни қондириш, ҳуқуқларни тасдиқлаш ва адолатни одилона тиклаш учун аралашади.
14-модда
Ҳар ким ўзи ва бошқаларга зарар етказмасдан, алдовсиз ва монополия қилишсиз қонуний даромад олиш ҳуқуқига эга. Судхўрлик (рибо) қатъиян тақиқланган.
15-модда
a) Ҳар ким қонуний йўл билан харид қилинган мулкка эгалик қилиш, ўзига, бошқаларга ва бутун жамиятга зиён етказмаган ҳолда мулкдор ҳуқуқларига эга бўлишга ҳақли. Экспроприация, жамият манфаатларини қондириш учун ва зудлик билан адолатли компенсация тўланган ҳоллардан ташқари рухсат этилмайди.
b) Мулкни ҳибсга олиш ва мусодара қилиш, бундан зарурат қонун кучи туфайли юзага келган ҳолатларни истисно қилганда, тақиқланади.
16-модда
Ҳар ким илмий, адабий, бадиий ва техник ижод маҳсулидан фойдаланиш, шунингдек, бундай ижод шариат тамойилларига зид келмаслиги шартида у билан боғлиқ бўлган ахлоқий ва моддий манфаатларни ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
17-модда
a) Ҳар ким ёмон хулқ ва ахлоқий коррупциядан озод бўлган тоза муҳитда, унинг ўзини-ўзи ривожлантиришига хизмат қиладиган муҳитда яшаш ҳуқуқига эга, давлат ва жамият эса бундай ҳуқуқни таъминлаши лозим.
b) Ҳар ким тиббий ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, жамият ва давлат улар тасарруфида бўлган ресурслар доирасида тақдим этадиган барча ижтимоий муассасалардан фойдаланишга ҳақли.
c) Давлат инсонга унинг ва қарамоғида бўлган одамларнинг барча эҳтиёжларини қондириш имконини берадиган, жумладан, озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жой, таълим, тиббий ёрдам ва бошқа асосий эҳтиёжларни ўз ичига оладиган муносиб турмуш ҳуқуқини таъминлайди.
18-модда
a) Ҳар ким шахсан ўзи, дини, қарамоғида бўлган одамлар, ўз ор-номуси ва мулки учун хавфсизликда яшашга ҳақли.
b) Ҳар ким ўз уйида, ўз оиласида, ўз мулки ва ўзаро муносабатлари борасида шахсий ишлар махфийлигини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Бирор кишини кузатиб бориш, уни кузатув остига олиш ёки уни ёмон отлиқ қилиш тақиқланади. Давлат шахсни унинг ишларига ўзбошимчалик билан аралашишдан ҳимоя қилади.
c) Хусусий уй-жой дахлсизлиги барча ҳолатларда қўлланади. Унга яшовчларнинг рухсатисиз ёки бошқа бир қонунга хилоф равишда кириш, уни бузиш ёки мусодара қилиш ва у ерда яшайдиган шахсларни кўчага чиқариб ташлаш мумкин эмас.
19-модда
a) Бошқарувчилар ва бошқарилувчилар ўртасида ҳеч қандай фарқларсиз қонун олдида барча одамлар тенгдирлар.
b) Ҳар кимга одил судга мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланган.
c) Ишнинг моҳияти бўйича жавобгарлик шахсий характерга эга.
d) Шариатда назарда тутилмаган бўлса, жиноят ёки жазо бўлиши мумкин эмас.
e) Айбланувчининг айби унга барча ҳимоя кафолатлари тақдим этилган одил суд томонидан исботланмагунга қадар, у айбдор деб ҳисобланмайди.
20-модда
Ҳеч кимни қонуний асосларсиз ҳибсга олиш, унинг эркинлигини чеклаш, уни бадарға қилиш ёки жазолашга йўл қўйилмайди. Уни жисмоний ёки руҳий қийноқларга солиш ёки ҳар қандай шаклда таҳқирлаш, шафқатсизлик қилиш ёки ҳақоратлаш таъқиқланади. Шунингдек, одам билан унинг розилигисиз ёки унинг ҳаёти ва саломатлигига зиён етказилиш риски билан тиббий ва илмий экспериментлар ўтказиш тақиқланади. Худди шу тарзда бундай ҳаракатларга рухсат берадиган фавқулодда қонунлар қабул қилишга ҳам рухсат этилмайди.
21-модда
Ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай мақсадлар учун одамларни гаровга олиш тақиқланади.
22-модда
a) Ҳар ким ўз фикрини шариат тамойилларига зид келмайдиган тарзда ифодалаш ҳуқуқига эга.
b) Ҳар ким ўзи тўғри деб ҳисоблайдиган фикрни ҳимоя қилиш, шариат меъёрларига мувофиқ қораланадиган ёки нотўғри деб ҳисоблайдиган фикрга нисбатан огоҳлантириш ҳуқуқига эга.
c) Ахборот жамият ҳаёти учун зарур ҳисобланади. У Пайғамбарларнинг муқаддаслиги ва қадр-қимматини бузадиган, маънавий ва ахлоқий қадриятларга путур этказадиган ёки бузадиган, жамиятни заифлаштирадиган ёки порахўрликни ривожлантирадиган тарзда ишлатилиши ва қўлланиши мумкин эмас.
d) Ҳар қандай шаклда ирқий камситишларга олиб келиши мумкин бўлган миллатчилик ёки мафкуравий душманликни қўзғатиш ёки бирон бир ҳаракатни амалга оширишга рухсат этилмайди.
23-модда
a) Ҳукумат - бу ишончдир; асосий инсон ҳуқуқларини кафолатларини таъминлаш манфаатларида мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган тарзда қасддан фойдаланиш ва суиистеъмол қилиш мутлақо мумкин эмас.
b) Ҳар ким ўз мамлакати ишларини бевосита ёки билвосита бошқаришда иштирок этиш мумкин. У шунингдек, шариат қоидаларига мувофиқ жамиятда лавозимлар эгаллаш ҳуқуқига эга.
24-модда
Мазкур Декларацияда баён қилинган барча ҳуқуқлар ва эркинликлар ислом шариати билан тартибга солинади.
25-модда
Ислом шариати мазкур Декларациянинг ҳар қандай моддаларини шарҳлаш ёки талқин қилишнинг ягона манбаси ҳисобланади.
Қоҳира, 1411 ҳижрий йилнинг муҳаррам ойи 14 санаси
1990 йил 5 август
Ҳужжат A/45/421
БМТ Бош Ассамблеяси
Абу Муслим таржимаси