Мали шимолидаги катта ҳудудни назорат қилаётган “Ансар ад-дин” (“Иймон жонкуярлари”) ҳаракатининг аъзолари ЮНЕСКОнинг бутун жаҳон мероси рўйхатига киритилган Тимбукту шаҳридаги Исломнинг меъморий, маданий ва тарихий ёдгорликларини вайрон қилишди. Булар ичида учта масжид, Тимбукту бош мадрасаси ва 333 авлиёнинг 16тасининг мақбараси бор. Булар ичида Сиди Маҳмуд мақбараси 1548 йилдан бери мавжуддир.
Таъкидлаш лозимки, мақбараларни вайрон қилиш Малидаги “ансор”лар тарафидан амалга оширилган биринчи иш эмас. Улар баҳорда масжидларнинг бирига ўт қўйишган, 1973 йили бунёд қилинган Аҳмад бобо номидаги архив ҳужжатлари ва тадқиқотлар марказини талон-тарож қилган эди. Мали маданият вазирлиги берган маълумотга кўра, марказ кутубхонасида 60 дан 100 минггача қўлёзма асарлар бўлиб, унда Африка ғарбида Ислом ривожи ва тарихи бўйича бебаҳо маълумотлар бўлган.
Умуман олганда Тимбуктуда Африкадаги мусулмонлар тамаддунига оид 300000 яқин қўлёзмалар сақланади. ХI асрда асос солинган шаҳар бугун Ислом “жонкуярлари” сабаб ўзининг буюк меросидан айрилиш арафасида турибди.
ЮНЕСКОнинг бош директори олдинроқ Мали ҳукумати ва исёнчи туарегларни Африканинг энг қадимги шаҳарларининг ёдгорликларини сақлаб қолишга чақирган эди. Бу шаҳар 1988 йилдан бери ЮНЕСКОнинг халқаро мероси рўйхатига киритилганди. “Тимбукту ва унинг учта буюк масжиди шаҳарнинг ўтмишидаги интеллектуал ва маънавий соҳаларда юксалишининг “олтин асри” ҳисобланади. Бу масжидлар Африкада Исломнинг тарқалишига улкан хизмат қилган”, - дея таъкидлади у.
Бироқ на Ислом уламоларининг даъватлари ва на халқаро ҳамжамият чақириқлари “Соф ислом жонкуярларини” тўхтата олмади. Чунки уларнинг ўз нуфузли шахслари ва ўз ҳужжат-далиллари бор. “Бу ерда ҳамма нарса ҳаром. Биз мусулмонлармиз, ЮНЕСКО ўзи ким бўлибди?”, деди уларнинг пешволари.
“Ансор”ларнинг айтишига кўра, Тимбуктунинг зиёрат қилаётган жуда кўп одамлар турли хил ширк амалларни қилаётган экан. Улар дин тарихига тегишли ёдгорликларни ибодат объектига айлантиришган. Бу эса Исломда ҳаром қилинган ва кўп худоликка тарғибот ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, 2012 йили март ойида Малида ҳарбий тўнтариш бўлиб, унда президент Амаду Тере ағдариб ташланди. Кўчманчи туареглар ва “Ансар ад-дин”нинг экстремист аъзолари ҳукуматга қарши исён кўтариб, Мали шимолида ўзлари мустақил давлат тузганини эълон қилишди.
Афсуски, Африкада бўлаётган нарсалар – бош миянинг патологик “салафия” муаммосидан келиб чиқмоқда ва бу нарса Ислом оламининг бошқа кўп жойларида ҳам рўй бермоқда. Яхшиҳамки иш Балғор ёдгорликлари, Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобалари иштирокида қурилган Дарбантдаги масжид ва уларнинг мақбараларининг бузилишигача етиб боргани йўқ. Бироқ, Мали руҳидаги чақириқлар, бу ерларда ҳам янгираб, эшитилиб турибди.
Бизнинг “жонкуярлар” сабаб билан эмас, балки оқибат билан курашиб ётибдилар. Агар кимдир билмасдан ширк амалини қилса, ўликларга сиғинса ёки масжиддан мадад сўраса, қандайдир жойдан барака тиласа бундай одамларни тўғри йўлга ўргатиш керак. Уларга ислом асосларини тушунтириб, шарҳлаб бериш лозим. Тавҳид нима ва ширк нима билдириш шарт.
Масжидлар, шайх мақабарларини ва Ислом ривожи ҳамда тарихига оид ёдгорликларни вайрон қилиш бефойда ишдир. Саводсиз қора халқ ўзларига бошқа маъбуд топиб олаверади.
XVII – XIX асрларда Британияда ишчилар қўзғолон кўтариб, ўзларининг барча кулфатларига тўқиш ускуналари сабаб, дея уларни бузиб ташлаганлар. Улар луддитлар дея ном олганлар. Ишчилар тўқиш машиналаринида айб йўқлигини, ҳамма гап адолатсиз, иқтисодий экплуатацияда эканини кўра билишмаган. Бу мантиққа асосан ошхона пичоғини ҳам тақиқлаб қўйиш мумкин, чунки у билан қотиллик қилса бўлади.
Ислом оламининг марказий қисмларида бундай ғоялар озми-кўпми тугади, лекин унинг чекка ҳудудларида луддитлар шавфқатсиз равишда ўз ёвузликларини давом эттиришмоқда. Улар ўзларини Ислом “курашчилари” деб атагани билан, амалда Ислом меросини йўқ қилмоқдалар.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло ўз бандаларига “ер юзида сайр қилиб, кўринглар” дея марҳамат қилган. Шу тарзда ўтмишдан сабоқ олишимиз керак. Уламолар эса, шу оятларни далил қилиб тарихий ва маданий меросларни асрашимиз лозимлигини айтишган. Яъни, “ансор”лар қилаётган нарса нафақат луддизм, балки у ношаърий нарса ҳамдир.
Уларни ҳатто ўтмишдаги мусулмонларнинг биттаси ҳам Африкадаги ёдгорликларга қўл кўтаришмагани тўхтата олмади. Афғонистонда ҳам худди шунга ўхшаш воқеа бўлган эди. Али розияллоҳу анҳу Бамиандаги бутларни вайрон қилмагани ҳам толибларга таъсир қилмади. Улар уни вайрон қилишди. Тўғри, толиблар ўз ҳаракатларини диний важ билан эмас, балки сиёсий сабабларга кўра амалга оширганини асослаб беришган.
ОАВлари кўпинча ўрта аср даври билан қўрқитишади, бироқ ҳозир гувоҳ бўлишимизча, ўрта асрлардагилар ҳозирги кундагиларга қараганда анча маданий ва ўқимишли бўлишган экан.
Ўзини “Салафи солиҳлар” издоши деб эълон қилиш билан ҳеч нарса ўзгармайди. Ҳеч бўлмаганда бу сўз нимани англатади ва буни тушуниб бўлгач шунга мувофиқ бўлиш кераклигини ҳам билиш керак.
Ринат Абдулла Мухаметов
Абу Муслим таржимаси (2013 йил)