close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

ИНЖИЛ БАШОРАТИ

Йигитлик чоғларим—бундан қирқ йилларча муқаддам мен Дурбандаги (Жанубий Африқо Республикаси) «Ройал Сиэте»да (Қирол театрида) ўтказилган бир йиғинда қатнашганман. Унда Хайтен исмли христиан илоҳиётчиси диний маьруза қилган эди.

Бу руҳоний Инжил башоратларини шарҳлаш билан шуғулланарди. У христианларнинг Инжили Совет Русиясининг юксалишини хам, сўнгги кунларини ҳам башорат қилган, деб астойдил исботларди. Бир гал у ҳатто: «Муқаддас китоб Рим папасини ҳам назардан четда қолдирмаган», деб даъво қилишгача борди.
Руҳоний Хайтеннинг маърузалари мени ўйлантириб қўйди: агар Инжил Рим папаси, Исроил ва бошқа бир қанча нарса ва ҳодисаларнинг хабарини берган бўлса, унда инсониятнинг буюк етакчиси пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳақларида ҳам бирор нима демаганмикан? Ўша дамдан бошлаб ушбу саволга жавоб излашга киришдим. Умрим давомида жуда кўп христиан руҳонийлар билан учрашдим. Маърузаларга бордим ва Инжил башоратлари ҳақида нимаики қўлимга тушса, барини ўқиб чиқдим. Қуйида сизлар ўқийдиган асар Жанубий Африқодаги Ҳолланда реформистлар черковининг руҳонийси билан қилган суҳбатларимдан иборатдир.

Ниҳоят суҳбатдош топилди

Мен телефон маълумотлар китобини олиб, африқо тилларидан бирида (африкаанс) маъруза қиладиган черковларга сим қоқа бошладим. Руҳонийларга улар билан суҳбатлашиш ниятим борлигини айтганимда, ҳар хил «узр»ли баҳоналар билан илтимосимни рад этишди. Ниҳоят роҳиб Ван Хеерден шанба куни уйида мени қабул қилишига розилик берди. Суҳбат чоғи етмиш ёшли қайнотасининг ҳам қатнашишига мендан ижозат сўради. Эътироз билдирмадим.
Шанба куни роҳиб мени равонда хушмуомалалик билан кутиб олди. Биз учаламиз унинг кутубхонасида суҳбатни бошладик.
—    Инжил Муҳаммад алайҳиссалом ҳақларида нима дейди? — деб сўрадим ундан.
—    Ҳеч нарса, — деб жавоб қилди роҳиб иккиланиб ўтирмай.
—    Нега энди ҳеч нарса? Ахир, сизларнинг шарҳларингизга кўра, Инжилда Совет Русиясининг юксалиши-ю инқирози, ҳатто Рим католикларининг папаси ҳақида ҳам сўз юритилган-ку?
—    Ҳа, шундай, лекин у ерда Муҳаммад ҳақида ҳеч нарса йўқ.

«Нега энди ҳеч нарса?..»

Мен ажабландим:
Нега энди ҳеч нарса бўлмас экан? Бўлиши керак! Ахир ер юзида милёнлаб имон келтирганлар шу киши туфайли Исо алайҳиссаломнинг мўъжизавий туғилишинию у зотнинг «Масиҳ» эканлигини ва Аллоҳнинг амри билан ўликларни тирилтирганлари-ю туғма кўзи ожизларни ва моховларни даволаганларини билдилар. Исо ва унинг онаси Марям ҳақида шундай ажойиб сўзлар сўзлаган улуғ инсон ҳақида Инжилда, албатта, бирор нарса бўлиши керак!
Суҳбатга роҳибнинг қайнотаси қўшилди:
—    Ўғлим, мен Инжилни сўнгги эллик йил давомида ўқиб келяпман, агар у ҳақда бирор маълумот бўлганида мен уни эслаб қолган бўлардим.

Мутлақо исми йўқ

Мен энди саволнинг йўналишини ўзгартирдим: Сизнинг тушунтиришингизча, Эски Аҳдда (Тавротда) Исо Масиҳнинг келишлари ҳақида юзлаб башоратлар бор, шундайми?
—    Юзлаб эмас, минглаб.
—    Мен Исо Масиҳнинг келишлари ҳақидаги сиз айтган «минглаб» башоратларни шубҳага остига олиб ўтирмайман, чунки бутун мусулмон олами ҳеч қандай башоратсиз ҳам уни қабул қилган. Биз мусулмонлар, Масиҳни сўзсиз тан олганмиз ва ҳозирда ер юзида бир милярддан зиёд мусулмон ҳеч қандай Инжил далил-исботларисиз Аллоҳнинг буюк пайғамбари Исо алайҳиссаломни севадилар ва ҳурмат қиладилар. Аммо сиз шу «минглаб» башоратлардан Масиҳ ўз исми билан аталган лоақал биттасини келтира оласизми? «Масиҳ» (Христос) бўлиб таржима қилинадиган «Мессия» сўзи исм эмас, балки унвон саналади. Масиҳнинг исми Исо, онасининг исми Марям бўлади, унинг тахмин қилинаётган отаси дурадгор Иосифдир ва Масиҳ қирол Ирод даврида туғилади, деган каби маълумотлар ҳақида бирор-бир аниқ башорат борми? Йўқ! Бундай билдиришлар йўқ! Унда қандай қилиб сиз шу «минглаб» башоратларни Исога тегишли деб даъво қила оласиз?
Роҳиб жавоб берди:
—    Биласизми, башорат келажакда бўладиган бирор ҳодисанинг сўздаги ифодаси саналади, қачонки ўша ҳодиса содир бўлса, биз ушбу башоратларда олдиндан айтилган сўзларнинг амалга ошганини аниқ кўрамиз.

Янги таклиф

—    Мана, ҳозир сиз яхшилаб ўйлаб, сўнг хулоса чиқаряпсиз... — дея қайд этдим. У тасдиқлади. Мен шундай таклиф қилдим: — Агар Масиҳнинг ҳақиқийлигини асослаш ва исботлаш учун ўша «минглаб» башоратларга шу йўл билан мурожаат қилиш лозим экан, унда, келинг, худди шу услубни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ҳам қўллаб кўрамиз.
Роҳиб рози бўлди, таклифнинг адолатлилигини ва масалани ҳал этишнинг оқилона йўли эканини тан олди. Мен ундан Тавротнинг 5-китоби «Қонун Тўплами»нинг 18-боб 18-оятини очишини сўрадим ва Жанубий Африқода ҳукмрон тилда бир оз шуғулланиш мақсадида бу оятни ёддан африкаанс тилида айтиб бердим:
—    «Н ПРОФЕЕТ САЛ ЭК ВИР ХУЛЛЕ ВЕРВЕК УИТ ДИЭ МИДДЕ ВАН ХУЛЛЕ БРОЭРС, СООС ЙИ ИС, ЭН ЭК САЛ МИ ВООРДЕ ИН СИ МОНД ЛЕ, ЭН ХИ САЛ ААН ХУЛЛЕ СЕ АЛЛЕС ВАТ ЭК ХОМ БЕВЕЕЛ». Таржимаси бундай бўлади: «Мен уларга ўз оғалари сафидан сенга ўхшаган пайғамбарни чиқарурман ва Менинг сўзларимни унинг оғзига солурман ва у уларга Мен Унга буюрганларимнинг ҳаммасини сўзлайди» (Таврот, 5-китоб «Қонун Тўплами» , 18:18).

Мусога ўхшаган пайғамбар

Оятни ўқиб бўлиб:
—    Бу башорат ким ҳақида? — деб сўрадим.
У ҳеч иккиланмай:
—    Исо ҳақида! - деди.
Мен эътироз билдирдим:
—    Нега энди Исо ҳақида бўлар экан? Башоратда унинг исми айтилмаган-ку?
Роҳиб жавоб берди:
Башоратлар келажакда бўлиб ўтадиган ҳодисаларнинг сўзлардаги ифодаси эканидан келиб чиқсак, бу оятнинг маъноси Исони аниқ таърифлаётганига ишонч ҳосил қиламиз. Биласизми, бу башоратнинг муҳим сўзлари СООС ЙИ ИС — сен каби, сенга ўхшаган, (яъни, Мусога ўхша-ган) деган сўзлардир. Исо эса Мусога ўхшайди. Савол бердим:
—    Исо нимаси билан Мусога ўхшайди?
Жавоб қуйидагича бўлди:
— Биринчидан, Мусо ҳам, Исо ҳам яҳудий
 бўлишган; иккинчидан, Мусо пайғамбар эди, Исо ҳам пайғамбар бўлган. Демак, Исо Мусога ўхшайди ва Худо айнан шундан Мусони огоҳ этган: «СООС ЙИ ИС», деган.
—    Мусо билан Исо ўрталаридаги яна бошқа
бирор ўхшаш хусусиятни келтира оласизми?
Роҳиб булардан бошқа ўхшаш хусусиятни келтира олмаслигини тан олди. Мен дедим:
—    Агар фақат шу икки белги билан Тавротнинг бу башорати ҳақ бўлиб чиқадиган бўлса, у ҳолда бу икки мезон Мусодан кейин келган ва Инжидда зикр этилган Сулаймон, Ишай, Иезекиил, Даниил, Иосий, Иоил, Малахий, Иоанн Чўқинтирувчиларнинг ҳар бирига ҳам тўғри келаверади, чунки улар ҳам яҳудий эдилар, ҳам пайғамбар бўлишган. Модомики шундай экан, нега бу башорат мезони билан улар ҳам ўлчаб кўрилмайди-да, фақат Исога (а.с.) татбиқ этилади? Бунақа тарафкашлиқдан мақсад нима?
Роҳиб сукут сақлади. Фикримда давом этдим: — Кўряпсизми, менимча, Исонинг Мусога ўхшайдиган жиҳатлари жуда кам. Агар гапим нотўғри бўлса, илтимос, сиз ўнглаб қўйинг.

Фарқли уч жиҳат

Шундан кейин мулоҳазаларимни бошладим:
—    Биринчидан, сизларнинг тасаввурларингизга кўра, Исо (а.с.) худо, Мусо (а.с.) эса худо эмас, шундайми?
Роҳиб тасдиқлади.
—    Шунинг учун ҳам Исо Мусога ўхшамайди! Иккинчидан, сизнингча, «Исо дунё гуноҳларини ювиш учун ўлган», Мусога эса дунё гуноҳлари учун ўлишнинг ҳожати йўқ эди. Шундайми?
У яна розилик билдирди.
—    Шунинг учун Исо Мусога ўхшаш эмас.
Учинчидан, сизларнинг тасаввурларингизда Исо уч кунга жаҳаннамга тушган, Мусода бунга ҳожат йўқ эди, тўғрими? Роҳиб тасдиқлади. Мен хулоса чиқардим:
—    Шунинг учун Исо Мусога ўхшамаган. Аммо булар рад этиб бўлмас даражада ишонарли, ҳақиқий далиллар эмас, дейлик. Келинглар, ҳаттоки болакайларингизга ҳам тушунарли бўлиши учун жуда ҳам оддий ва жуда ҳам осон бирор нарсани муҳокама қилайлик, майлими? Роҳиб бу таклифимдан хурсанд бўлиб кетди.

Ота-она

—    Мусонинг отаси ҳам, онаси ҳам бўлган. Муҳаммаднинг (с.а.в.) ҳам отаси ва онаси бўлган. Исонинг фақат онаси бўлган, отаси эса, сизларнинг эътиқодингизга кўра, одам бўлмаган, шундайми?
—    Ҳа, - деди роҳиб.
—    Шунинг учун Исо (а.с.) Мусога (а.с.) ўхшамайди, лекин Муҳаммад (с.а.в.) Мусога (а.с.) ўхшайди, — дея мен хулоса қилдим.

Туғилиш мўъжизаси

— Мусо (а.с.) билан ва Муҳаммад (с.а.в.) оддий ва табиий йўл билан дунёга келишган, Исонинг (а.с.) дунёга келиши, ўзгача мўьжиза эди. Матфей Инжилида (1:18) нима дейилгани ёдингазда бўлса керак: «...Унинг онаси Марям Юсуфга (Иосифга) унаштириб қўйилган эди. Улар қўшилмасларидан олдин, Марям Муқаддас Руҳдан ҳомиладор экани маълум бўлди». Авлиё Лука ҳам бундай дейди: Унга (Марямга) муқаддас ўғил туғилиши ҳақида ваҳий келганида, Марям: «...Мен эр кўрмаган бўлсам, бу қандай бўлди?» деб сўради. Фаришта жавоб қилди: «Муқаддас Руҳ сенинг устингга келиб тушади, Худойи таолонинг қудрати сени қоплайди (Лука Инжили, 1:34-35). Қуръони Карим бу мўъжизакор туғилишни янада ҳаққоний ва олий ифодалар билан тасдиқлайди. Марям: «Парвардигорим, менга одам-зот тегмаган бўлса, қаёқдан менда фарзанд бўлсин?» деди. Аллоҳ айтди: «Шундай, Аллоҳ ўзи хоҳлаган нарсасини (Ўзи хоҳлаган суратда) яратади. Қачон бирор ишни ирода  қилса, унга: «Бўл!» дейди. Бас, у иш бўлади» (Оли Имрон сураси, 47-оят маъноси).
Инсонни ёки ҳайвонни яратиш учун уруғлантиришга зарурат йўқ. Аллоҳ хоҳлаши биланоқ у нарса рўёбга чиқади. Мусулмонлар Исонинг туғилиши ҳақида шундай эътиқоддадир. (Мен бизнинг энг катга шаҳримиздаги «Инжилчилар жамияти»нинг бошлиғигаИсо (а.с.) туғилиши ҳақидаги Қуръон ва Инжил талқинларини тушунтириб, қизингга қай бирини раво кўрган бўлардинг, деганимда, у бошини эгиб деди: «Қуръон талқинини»). Хуллас, мен роҳибдан сўрадим:
—    Мусо (а.с.) билан Муҳаммаддан (с.а.в.) фарқли ўлароқ, Исонинг (а.с.) туғилишлари мўъжизакор эди, тўғрими?
У ғурур билан:
—    Ҳа, — деб жавоб қилди.
Мен дедим:
—    Шунинг учун ҳам Исо (а.с.) Мусога (а.с.) ўхшамайди, Муҳаммад (с.а.в.) эса ўхшайдилар. Ахир, Парвардигор Мусога «Сенга ўхшаган», деди (Таврот, 5-китоб, 18:18). Сенга, яъни, Мусога ўхшаган.
Мухаммад (с.а.в.) Мусога (а.с.) ўхшайдилар.

Никоҳ

—    Мусо ва Муҳаммад алайҳимуссалом уйланишган ва фарзанд кўришган, лекин Исо (а.с.) уйланмай ўтган, шундайми?
Роҳиб тасдиқдади.
—    Шунинг учун Исо (а.с.) Мусо (а.с.) каби эмас,  Мусога (а.с.) Муҳаммад (с.а.в.) ўхшайдилар! — дея яна такрорладим. Сўнгра мулоҳазаларимни давом эттирдим:
—    Мусо ҳам, Муҳаммад (с.а.в.) ҳам ҳаётлик чоғларидаёқ ўз халқлари томонидан тан олинганлар. Тўғри, яҳудийлар умрбод Мусонинг ғазабини келтиришган, лекин халқ сифатвда улар Мусо Парвардигор томонидан юборилганини тан олишарди. Араблар ҳам Муҳаммад алайҳиссаломни кўп қийнашган, у Зотга мушриклардан кўп кўргуликлар етган, она шаҳарларини тарк этишга мажбур бўлганлар. Аммо вафотларигача араблар бутун миллат сифатида у кишинк (с.а.в.) Аллоҳнинг расули деб тан олишган. Инжилга кўра эса:
(Исо) «Узлариникига келди ва ўзлариники уни қабул қилмадилар» (Юҳанно, 1:11) ва ҳаттоки бугунги кунда — орадан 2000 йил ўтибди ҳамки, унинг халқи — яҳудийлар уни рад этмоқдалар.
Шундайми?
Роҳиб тасдиқлади. Мен сўзладим:
—    Шунинг учун Мусо Исо каби эмас, лекин Мусога Муҳаммад (с.а.в.) ўхшайдилар.
Яна:
«Бу дунёдан бўлмаган» ҳокимият —    Мусо ва Муҳаммад (с.а.в.) ҳам пайғамбар, ҳам подшоҳ бўлишган. Пайғамбар деб мен кишиларни тўғри йўлга бошлаш учун Аллоҳнинг каломини олувчи ва ҳеч қандай ўзгаришларсиз бу каломни Аллоҳнинг бандаларига етказиб берувчи кишини тушунаман. Подшоҳ эса, раиятининг ҳаётларини ҳал этувчи, тартибга солувчи кишидир. У тож киядими, унга подшоҳ каби муносабатда бўлишадими, йўқми — муҳим эмас. Масалан, ўлимга ҳукм қилиш ҳуқуқига эга киши подшоҳдир. Мусо (а.с.) шундай ҳукмронликка эга бўлган. Сиз Саббот (шанба) пайтвда ўтин йиғиб юрган яҳудийни эсласангиз керак? Мусо (а.с.) уни ўлгунга қадар тошбўрон қилишни буюрган (Таврот, 4-китоб, 15:35—38). Инжилда Мусо яҳудийларни ўлим жазоси билан жазолаган бошқа жиноятлар ҳам эслатиб ўтилган. Муҳаммад (с.а.в.) ҳам қабиладошларининг ўлим ва ҳаётларини ҳал этганлар. Инжилда пайғамбарликка эга, лекин Аллоҳнинг каломини ҳаётга татбиқ этишдан ожиз кишиларнинг исмлари ҳам зикр этилган. Лут, Иона, Дониёл, Ездра ва Яҳё каби. Уларнинг қўлларидан хабарларни етказишгина келар, аммо қонунларни ҳаётда юргиза олишмас эди. Афсуски, Исо (а.с.) ҳам шунақа кишилар тоифасига кирган. Чунки у зот пайғамбар бўлган, шундайми?
Роҳиб тасдиқлади. Мен айтдим:
—    Шу боис Исо (а.с.) Мусога (а.с.) ўхшамайди, лекин Мусога Муҳаммад (с.а.в.) ўхшайдилар.
Яна:

Янги қонун келтирмади

—    Мусо (а.с.) ҳам, Муҳаммад (с.а.в) ҳам умматларига Аллоҳдан янга қонун-қоидалар олиб келишган. Мусо (а.с.) яҳудийларга Тавротни келтирар экан, унга риоя этишнинг қатъий кўрсатмаларини ҳам берган. Ҳазрати Муҳаммадга (с.а.в.) жоҳиллик ва тубанлик  ботқоғига ботган халқ тўғри келди. Улар ўгай оналарини ҳам олаверишар, қизларини эса, тириклайин кўмишар эди. Маишат, зино, бутларга сиғиниш, қимор уларнинг одатдага ишлари эди. Hibban  «Рим салтанатининг таназзул ва емирилиши тарихи» номли асарада Исломга қадар яшаган арабларга: «Инсон қиёфасидаги, шафқат туйғусини қарийб йўқотган, бошқа ҳайвонлардан фарқи қолмаган ҳайвонлар», деб таъриф берган. Дарҳақиқат, ўша вақтлар  «инсон»и билан «ҳайвон»и ўртасида деярли фарқ қолмаган эди. Уларни инсон қиёфасидаги йиртқичлар деса бўларди.
Муҳаммад (с.а.в.) шундай тубан халқни, Томас Карлайл тан олиб айтганидай, «ёруғлик ва илм ташувчилари» даражасига юксалтирди: «Араб халқи учун бу ҳол зулматдан нурга чиқиш эди. Бу билан араблар илк маротаба ўзгалар назарида жонландилар. Дунёнинг яратилишидан буён кўзга ташланмай ўз саҳроларида изғиб юрган қашшоқ подачи халқ! Қаранг, кўзга ташланмаган халқ бутун дунёга кўз-кўз бўлди, кичик эди, оламий улуғликка эришди. Бор-йўғи юз йил ичида араблар ғарбда Гранадага, шарқда Деҳлигача етишди, жасорат ва улуғворлик нури ила Арабистон олам кенгликларини ёритмоқда...» Гап шундаки, Муҳаммад алайҳиссалом қавмига шу дамгача уларда ҳеч бўлмаган Қонун ва Тартибни келтирган эди.
Энди Исо алайҳиссаломни олайлик. Яҳудийлар Исо ҳақида, бу одам бизларнинг динимизни бузишга аҳд қилган қаллоб бўлмасин тағин, деган фикрлар туғилганида, Исо (а.с.) жон-жаҳди билан уларни янги дин — янги қонун-қоидалар келтирмаганига ишонтира бошлади. Мана, Инжилда ўзи бу ҳақда нима дейди: «Мени, Тавротни ёки пайғамбар оятларини бекор қилгани келди, деб ўйламанглар. Мен бекор қилгани эмас, балки бажо келтиргани келдим. Сизга чинини айтайин: еру осмон тугамагунча ва тақдир этилган ҳамма нарса амалга ошмагунча, Тавротдан на бир ҳарф, на бир нуқга ўчади», (Матто, 5:17 — 18). Бошқача айтганда, у янги қонунлар ёки йўл-йўриқлар билан келмади, балки эски қонунни бажариш учун келди. Яҳудийларга худди шуни тушунтирди, иккиюзламачилик қилиб, ёлғон ишлатиб, уларга ўзини одам-Худо қилиб кўрсатмоқчи бўлмаётганини, турли найранглар билан яҳудийларнинг каллаларига янги дин киритмоқчи эмаслигини айтган. Ҳа, Тангрининг бу буюк элчиси ҳеч қачон бундай қабиҳ ишларга қўл урмайди! У ўзи қонунга амал қилар эди. У Мусонинг таълимотларига риоя этар ва Сабботни тутар эди. Ҳеч қачон, ҳеч қайси яҳудий унга «Нега рўза тутмаяпсан?» деб ёки «Нега нон синдиришдан олдин қўлингни ювмайсан?» деб танбеҳ бермаган. Қисқаси, у Мусо (а.с.) ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдек янги дин тузмаган ва янги қонунлар олиб келмаган, тўғрими?
—    Тўғри.
Мен дедим:
—    Шунинг учун Исо Мусога ўхшамайди, балки Мусога Муҳаммад (с.а.в.) ўхшайдилар.
Яна:

Ўлимлари ҳам ўхшаш

—    Мусо (а.с.) ҳам, Муҳаммад (с.а.в.) ҳам оламдан табиий ўлим билан кўз юмишган, аммо насороларнинг эътиқодига кўра, Исо (а.с.) хочда қийнаб ўлдирилган, шундайми?
Роҳиб тасдиқлади. Мен якунладим:
—    Шунинг учун Мусога (а.с.) Исо (а.с.) эмас, балки Муҳаммад (с.а.в.) ўхшайдилар.
Яна:

Кўмилиш

—    Мусо (а.с.) ҳам, Муҳаммад (с.а.в.) ҳам ерга дафн этилишган, аммо Исо (а.с.) осмонда. Шундайми?
Роҳиб иқрор бўлди. Мен хулоса қилдим:
—    Шунинг учун ҳам Исо (а.с.) Мусога (а.с.) ўхшаш эмас, балки Мусога Муҳаммад (с.а.в.) ўхшайдилар.
Мен келтирган ҳар бир далилни роҳиб ожизона қабул қилар эди. Энди унга қуйидаги сўзлар билан мурожаат қилдим:
—    Ҳазрат, мен ҳозиргача башоратнинг бир қисминигина — «Сенга ўхшаган» (сен каби, Мусо каби) иборасинигина исбот қилдим. Ҳолбуки, башоратда бошқа гаплар ҳам бор. Яъни, қуйидагича: «Мен уларга ўз оғалари сафидан сенга ўхшаган пайғамбарни чиқарурман...»
Бу ерда Мусога ва унинг халқи бўлмиш яҳудийларга миллат сифатида мурожаат қилинмоқда. Бу ҳолатда уларнинг «оғалари», шубҳасиз, араблардир. Биласизми, Муқаддас Инжил Иброҳим алайҳиссаломни «Аллохнинг дўсти» (Халилуллоҳ) сифатида таърифлайди. Иброҳим алайҳиссаломнинг икки хотини бўлган — Сора ва Ҳожар. Ҳожар Иброҳимга ўғил туғиб берган ва у тўнғич фарзанди бўлган. «Ҳожар Ибромга (Иброҳимга) ўғил туғиб берди. Ибром (Иброҳим) Ҳожар туққан ўғилнинг отини Исмоил қўйди» (Таврот, 1-китоб «Ибтидо», 16:15); «Унинг ўғли Исмоил суннат қилинганида ўн уч ёшда эди...» (Таврот, 1-китоб «Ибтидо», 17:25). Аллоҳ Иброҳимга аҳд бергунга қадар, яъни, ўн уч ёшгача Исмоил унинг яккаю ягона ўғли ва вориси эди. Аллоҳ Иброҳимга Сорадан бўлган ва «ўз оғаси»дан анча ёш бўлган Исҳоқ исмли яна бир ўғилни ато этди... Бинобарин, Исҳоқнинг болалари, моҳиятга кўра, Исмоилникиларга ака-укадирлар. Муҳаммад (с.а.в.) Исмоилникилардан, чунки у зот Иброҳимнинг ўғли Исмоилнинг авлодидандирлар. Худди башоратда айтилганидек: «Ўз оғалари сафидан» (Таврот, 5-китоб 18:18). Бу иборадаги башорат Мусога ўхшаган келгуси пайғамбар «Исроил болалари» орасидан ёки «ўзларининг ораларидан» эмас, балки уларнинг оғалари сафидан чиқишини аниқ кўрсатади. Шунинг учун Муҳаммад (с.а.в.) уларнинг оғалари сафидан эдилар.
«Башорат давомида бундай дейилади: «...Ва сўзларимни унинг оғзига солиб қўюрман», деганда нима назарда тутилади? Ёдингизда бўлса, мунозарамизнинг бошида мен сиздан Тавротнинг 5-китобидан 18 бобнинг 18-оятини очишни сўрадим. Ўшани ўқинг деб сўрасам ва сиз ўқисангиз, мен ўз сўзларимни сизнинг оғзингизга солиб қўйдим, дея оламанми? Роҳиб жавоб берди:
-Йўқ
—    Лекин, — дея мулоҳазаларимни давом эттирдим мен, — агар мен сизга, сиз умуман билмайдиган, масалан, араб тилини ўргатмоқчи бўлсам ва десамки,  орқамдан мен айтганларимни ўқинг ёки такрорлаб туринг десам, яъни: «Айтинг, «У — Аллоҳ бирдир. Аллоҳ сомаддир. У туғмаган ва туғилмагандир. Ва ҳеч ким У зотга тенг эмасдир»ни (Ихлос, 1—4-оятлар маъноси) сиз қайтараётган бу нотаниш сўзларни мен худди сизнинг оғзингизга солиб қўйган бўламанми?
Роҳиб тасдиқлади. Шунда мен дедим: (Давоми 12-бетда)
 — Аллоҳ Ҳазрати Муҳаммадга (с.а.в.) насиб этган Муқаддас Қуръон сўзлари — Аллоҳнинг каломи худди шу тарз нозил қилинган. Тарихдан биламизки, ўшанда Муҳаммад (с.а.в.) қирқ ёшда эдилар. У киши рамазон ойининг 27-кунини Маккадан шимолроқда жойлашган Ҳиро ғорида ўтказаётган эдилар. Айнан шу ерда, шу ғорда фаришта Жаброил (а.с.) Муҳаммадга (с.а.в.) у зотнинг она тилларида амр қилди: «Ўқи!» (ёки Сўзла! ёки Такрорла!) Муҳаммад (с.а.в.) даҳшатга тушдилар ва бир зум тараддудланиб қолдилар: «Мен таълим олмаганман, мен саводсизман!» дедилар. Фаришта иккинчи марта буюрди. Натижа яна ўша.
 Ва ниҳоят ўзларидан такрорлаш, қайтариб айтиш талаб қилинаётганини фаҳмладилар. Ва у сўзлар оғизларига қандай солиб қўйилган бўлса, худди шундай қайтара бошладилар:
«(Эй Муҳаммад, барча мавжудотни) яратган зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан ўқинг! У инсонни лахта қондан яратгандир. Ўқинг! Сизнинг Парвардигорингиз (инсониятга) қаламни, (яъни, ёзишни — хатни) ўргатган ўта карамли зотдир, у зот инсонга унинг билмаган нарсаларини ўргатади».
Булар Муҳаммад алайҳиссаломга нозил бўлган илк беш оятлар эди ва Қуръони каримнинг Алақ сураси шу маънодаги оятлар билан бошланади.

Ишончли далил

Илк ваҳийларни етказиб бўлиб Жаброил алайҳиссалом кетишлари билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам дарҳол уйга чопдилар. Қўрқувдан бошдан-оёқ терга ботган кўйи севикли хотинлари Хадича онамизга: «Мени ўраб қўйинг!» дея илтижо қилдилар ва ётиб, бурканиб олдилар. Хотинлари тепаларида қўриб ўтирдилар.
Сал ўзларига келганларидан сўнг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадича онамизга кўрган-эшитганларини гапириб бердилар. «Мен сизга ишонаман. Аллоҳ сиздай бир одамга ёмонлик етишига асло йўл қўймайди», дейди Хадича онамиз. Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хавотирларини аритади. Қаллоб ё каззобнинг иқрорига ўхшайдими шу? Ҳузури илоҳийдан ваҳий олиб тушган фариштанинг ҳайбатидан қаттиқ қўрқиб кетганини, вужудини даҳшат қоплаб олганини, терга ботиб уйга хотинининг ёнига чопганини айтадими дунёда биронта қаллоб? Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ваҳий ҳодисасидан илк таассуротлари ва иқрори ҳоллари ростгўй, самимий одамнинг, аламин — ишончли, тўғри сўз, ҳақиқатгўй инсоннинг муносабати ва иқрори эканлиги ҳар қандай ишонмас кишига ҳам ойдин бўлса керак.
Шундан кейинги йигирма уч йиллик пайғамбарлик ҳаётлари давомида сўзлар у зотнинг «оғизларига солиб» турилди ва у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша сўзларни айтдилар. Бу сўзлар у кишининг қалблари ва ақлларида ўчмас из қолдирди. Муқаддас Калом (Қуръони карим) тушгани сайин содиқ саҳобий шогирдларининг юракларига ҳам кўчиб ўтаверди. Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан олдин бу илоҳий пайғом-сўзлар ҳозир биз Қуръони каримда кўриб турган тартибда жойлаштириб чиқилди. Бу (ваҳий) сўзлар ҳақиқатда ҳам у зот алайҳиссаломнинг оғизларига солиб қўйилган эдики, худди шу нарса Таврот оятидаги «... ва Менинг сўзларимни унинг оғзига солурман...» деган башоратнинг айнан ўзидир.

Уммий пайғамбар

Ҳиро ғорида Муҳаммад алайҳиссалом бошларидан кечирган ҳодиса ва у кишининг илк ваҳийдан тушган ҳолатлари Инжилдаги яна бир башоратнинг айнан рўёбидир. Ишаййа китобининг 29-боб 12-оятида бундай дейилади: «Ва Китобни (ал-Китаб, ал-Қуръон — Ўқиш, Тиловат  китобини) ўқишни билмайдиган кишига (яъни, уммий-саводсиз пайғамбарга, соддагина бир одамга — Қуръон, 7:158) беришади ва: «Ўқи буни!» дейишади. Ва у: «Мен ўқишни билмайман», дейди». («Мен ўқишни билмайман» — Муҳаммад алайҳиссаломнинг Жаброил фариштага унинг уч марта «Ўқи!» деган амрига жавобан икки марта айтган сўзларининг энг аниқроқ таржимасидир.)
Энди ижозат берсангиз, Инжилнинг асос-манба нашрида ёки 1611 йилги инглиз нусхасида қандай келган бўлса (зеро, шу кўринишда у кенгроқ тарқалган), ўшандоғича — ҳеч қандай киритма сўз ёки изоҳларсиз шу оятни қайтадан ўқисам: «Ва Китобни ўқишни билмайдиган кишига берилади ва: «Ўқи буни!» дейишади. Ва у: «Мен ўқишни билмайман», деб жавоб қилади».
Ўрни келганда айтиш керакки, масиҳийликнинг олтинчи асрида — Муҳаммад алайҳиссалом яшаган даврларда арабча Инжил бўлмаган! Қолаверса, Муҳаммад алайҳиссалом бирон жойда ўқимаганлар, ўқишни қам билмаганлар. Ҳеч ким у зотга биронта сўз ўргатмаганлар! У кишининг муаллимлари Холиқлари эди: «Ва у ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас. У фақат ваҳий қилинаётган бир ваҳийдир» (Ван-нажм, 3-4).

Жиддий огоҳлантириш

—    Кўряпсизми, - дея руҳонийга мурожаат қилдим, — башорат Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломга қуйиб қўйгандай тўғри келяпти. Уларни Муҳаммад алайҳиссаломга атай мослашга - у ёқ-бу ёғини келтиришга ҳожат йўқ.
Руҳоний Ҳайтен ўйланиб туриб жавоб қилди:
—    Сизнинг бу барча тушунтириш ва мулоҳазаларингизда жон бор, бироқ аслида уларнинг бизга аҳамияти йўқ. Чунки биз христианлар учун Исо Масиҳ Худонинг тимсолидир ва У бизларни гуноҳнинг оғир юкларидан халос этди.
—    Аҳамияти йўқ дедингизми? Аллоҳ таолонинг наздида эса, бошқача. Ахир, Унинг огохдантиришлари ва ваъдалари беҳуда бўлмайди. Аллоҳ ҳаётда Унинг сўзларига енгил-елпи ва бепарво қарайдиган сиздақа одамлар ҳам бўлишини билади. Шунинг учун Қонунлар тўпламининг 18-боб 18-оятидан кейиноқ дарҳол қатъий огохлантирган: «Ва шундай бўлади!» деган. «...Ким Менинг номим билан гапирадиган у Пайғамбар етказадиган Менинг сўзларимга эргашмаса (қулоқ солмаса), унинг таъзирини бераман!» (Католиклар Инжилида бу огоҳлантириш «Мен ундан ўч оламан!» деган сўзлар билан тугайди.) Бу нарсадан қўрқмайсизми? Қодир Аллоҳ қасос билан таҳдид қиляпти! Биронта безори таҳдид қилса, қўрқувдан дағ-дағ титраймиз, наҳотки нақд Парвардигорнинг таҳдидларидан қўрқмасангиз?..

Мўъжизаларнинг мўъжизаси

—    Таврот 5-китобининг 18-боб 19-ояти бўлажак пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом қиёфаларида дунёга келишини тасдиқловчи яна бир далилдир. Ушбу сўзларга диққат қилинг: «Менинг номим билан гапирадиган у пайғамбар етказадиган
Менинг Сўзларим...» Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам кимнинг номи билан, кимнинг номидан гапирадилар?
Қуръони каримнинг Юсуф Али таржимасидаги инглизча нусхасини очдим. Охирги 114-сураси-ни — «ан-Нос»ни топдим ва руҳоний Ҳайтенга бошланиш жумлаларни кўрсатдим: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» — «Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан...» 113-суранинг бошланишини ҳам кўрсатдим, у ҳам «Бисмиллаҳ...» билан бошланар эди. Шу тартибда (112, 111, 110...) варақланса, ҳар бир саҳифадаги (чунки охирги суралар кичик-кичикдир) сура шу шиор билан бошланар эди.
—    У башорат қайси мезонни (ўлчовни) қўйяпти? «...Менинг номим билан гапирадиган пайғамбар...» Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалом кимнинг номи билан гапирмоқдалар? «Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан...» Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламда бу башорат нуқта-вергулигача рўёбга чиқмоқда! Куръони каримнинг 9-сурасидан бошқа ҳамма суралари «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» билан бошланади. Ҳамма ҳалол ишларини мусулмонлар шу муқаддас дуо билан бошлайдилар. Христианлар эса, «Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан...» ишга киришишади, шундай эмасми?
Шу тариқа мен Инжилдаги у башорат Исо алайҳиссаломга эмас, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга оид эканини исботловчи йигирмага яқин далил келтирдим.

Яҳё (а.с.) Исо Масиҳга зид борадими?

Инжилни (Янги Аҳцни) ўқир эканмиз, у замонлар яҳудийлар ҳамон «Мусога ўхшаган» пайғамбар ҳақидаги башоратнинг рўёбга чиқишини кутиб яшаганининг гувоҳи бўламиз (Юҳанно Инжили 1-боб 19-25-оятларига қаранг). Исо алайҳиссалом ўзини яҳудийлар масиҳи деб эълон қилганида улар: «Унақада Илёс қани?» деб суриштира бошлашди. Чунки яҳудийлар яна бир башоратга — Масиҳдан олдин Илёс алайҳиссаломнинг иккинчи қайта келиши ҳақидаги башоратга ҳам ишонишарди. Бу ҳақда Матто Инжилида (17-боб 11-13-оятлар).шундай дейилади: «...- Бу тўғри, олдин Илёс пайғамбар келиб, ҳамма нарсани йўлга қўяди. Лекин мен сизларга шуни айтаман: Илёс аллақачон келган. Аммо одамлар уни танимай, у билан истаганларини қилишди...
 Шунда шогардлар Исо уларга Яҳё пайғамбар ҳақида гапирганлигини англадилар».
Янги Аҳдга қараганда, яҳудийлар Масиҳ бўлишни истаган ҳар қанақа одамнинг ҳам сўзига осонгина ишониб кетаверадиган жуда унақа содда бўлишмаган. Масалани етарлича ойдинлаштириш ва ўзларининг ҳақиқий масиҳларини таниб олиш йўлида улар анча-мунча қийинчиликларга дуч келишди. Юҳанно Инжили ҳам шу фикрни тасдиқлайди: «Мана, Яҳё пайғамбарнинг гувоҳлиги. Қуддусдаги яҳудийлар юборган руҳонийлар ва левитлар Яҳё пайғамбарнинг олдиға бориб унга:
—    Сен кимсан? - дедилар. Яҳё шаҳодат берди:
—    Мен Масиҳ эмасман, — деб очиқ тан олди у, инкор этмади» (1-боб 19—20-оятлар).
Шундай бўлиши табиий ҳол, чунки бир пайтнинг ўзида иккита масиҳнинг бўлиши мумкин эмас. Агар «Масиҳ» Исо алайҳиссалом бўлса, Яҳё «Масиҳ» бўла олмасди.
Давоми: «Яна ундан сўрадилар:
—    Бўлмаса Илёс пайғамбармисан?
—    Йўқ! — деди у» (Юҳанно, 1:21).
Бу ерда Яҳё алайҳиссалом Исо алайҳиссаломга зид келяпти! Исо алайҳиссалом Яҳёни «Илёс эди» деяпти, Яҳёнинг (а.с.) ўзи эса, Исо алайҳиссалом айтган одам эканини инкор қиляпти! Демак, иккаловларидан бири бу ерда (Аллоҳ ас-расин!) ғирт ёлғон сўзлаяпти!
Зеро, Исо алайҳиссаломнинг шоҳидлигига кўра, Яҳё (а.с.) яҳудийларнинг буюк пайғамбарларидандир: «Сизларга чинини айтайин: аёл зотидан туғилганлар орасида Яҳё пайғамбардан буюги чиққан эмас...» (Матто Инжили, 11:11).
Биз мусулмонларга «Иоан чўқинтирувчи» Яҳё алайҳиссалом сифатида маълумдир. Биз У зотни Аллоҳнинг ҳақиқий пайғамбарларидан деб биламиз ва ҳурмат қиламиз. Исо алайҳиссаломни ҳам биз Аллоҳ таолонинг энг буюк — улул-азм пайғамбар-ларидан деб имон келтирганмиз. Шундай экан, қандай қилиб биз мусулмонлар иккаловларидан бирларини ёлғончи деб ҳисоблаймиз? (Аллоҳ сақласин!) Исо (а.с.) билан Яҳёга (а.с.) алоқадор бу мураккаб вазиятнинг ечимини христианларнинг ўзларига қолдирамиз. Нега деганда, уларнинг «муқаддас китоблари» зиддият ва қарама-қаршиликлар билан тўла ва ўзлари бунақа ҳолларни «Масиҳнинг ноаниқ сўзлари» деб талқин қилишади.

Учта савол

Эьтибор беринг: Яҳё алайҳиссаломга уч хил, аммо аниқ-аниқ савол берилди ва учаласига ҳам таъкидли «Йўқ!» жавоби олинди. Мана, ўша саволлар:
1.    Сен Масиҳмисан?
2.    Сен Илёсмисан?
3.    Сен ўша пайғамбармисан?
Аммо христиан уламолари негадир бу ерда иккита савол бор деб ҳисоблашади. Яҳудийлар Яҳё алайҳиссаломдан сўрашганида аниқ учта алоҳида-алоҳида башоратни назарда тутишгани борасидаги барча шубҳа-гумонларни тарқатиб юбориш учун, келинглар, уларнинг қуйидаги оятларда келган ўгитларини биргаликда ўқийлик:
«Улар Яҳёдан:
—    Модомики сен 1) Масиҳ ҳам, 2) Илёс ҳам, 3) Охирзамон набиси (ўша пайғамбар) ҳам эмас экансан, нега халқни сувда тавба қилдириб (чўқинтириб) юрибсан? — деб сўрадилар» (Юҳанно Инжили, 1:25).
Яҳудийлар учта алоҳида башоратнинг рўёбга чиқувини кутишган эди: биринчиси — Масиҳнинг келишини; иккинчиси — Илёснинг келишини; учинчиси - (ўша) пайғамбарнинг келишини.

«Ўша пайғамбар»

Агар биз орқасида кўрсаткичлар берилган ёки бошқа нусхаларидан солиштирма иқтибослар келтирилган Инжилни варақласак, «пайғамбар» ёки «ўша пайғамбар» сўзлари келган хошиялардаги иқтибослардан бу сўзлар Тавротнинг 5-китоб 18-боб 15- ва 18-оятларида битилган башоратга мувофиқ келишини кўрамиз. «Ўша пайғамбар», «Сенга (Мусога) ўхшаган пайғамбар» Исо алайҳиссалом эмас, балки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам эканларини эса биз очиқ-равшан ва узил-кесил мисоллар билан исботлаб бердик!
Биз мусулмонлар Исо алайҳиссаломнинг Масиҳ (Христос) эканликларини инкор этмаймиз. Масиҳнинг келишлари ҳақидаги ва, христианларнинг фикрича, Эски Аҳдда тиқилиб ётган кўплаб башоратларни рад қилмаймиз. Биз фақат, Тавротнинг 5-китоб 18-боб 18-ояти Исо Масихни назарда тутмаяпти, балки бизнинг пайғамбаримиз Му-ҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларидаги аниқ ва равшан башоратдир, деймиз, холос...
Руҳоний Ҳайтен кетар чоғимда хушмуомалалик билан: «Суҳбат ниҳоятда қизиқарли бўлди, фурсат топсангиз, шу мавзудаги қарашларингизни қавмимиз олдида ҳам гапириб берарсиз», деди. Ўшандан буён ўн беш йиллар ўтди, ўшандан бери таклифни кутаман, аммо ҳалигача дим-дим.
Руҳоний Ҳайтен чин дилдан, самимий таклиф қилганига ишонаман, лекин, афсуски, олдиндан пайдо бўлиб қолган нотўғри тасаввурлар яшовчандир. Қолаверса, ким ҳам қавмини бой бергиси келади?!

Жиддий синов

Масиҳ қавмига — христианларга шундай таклиф билан мурожаат қиламан:
—    Чиндан ҳам, келинглар, жиддий бир текширув ўтказамиз. Ахир, Исо алайҳиссаломнинг ўзи сизларга, ким пайғамбарлик даъво қилса, текширув ўтказишга буюрмаганмиди? «...Уларни меваларидан билиб оласизлар. Тиканакдан узум ёки янтоқдан анжир теришармикан? Ҳар бир яхши дарахт яхши мева берар, ёмон дарахт эса, ёмон мева берар... Шундай қилиб, сохта пайғамбарларни меваларидан билиб оласизлар» (Матго Инжили, 7-боб 16—20-оятлар), деган эди-ку!
Нега энди сизлар ҳеч бўлмаса шу амрга биноан ҳам Муҳаммад алайҳиссаломнинг таълимотларини текшириб кўрмайсизлар? Аллоҳ таолонинг Охирги Аҳди - Қуръони каримда сизлар Мусо ва Исо алайҳиссаломларнинг дунёга ниҳоятда зарур бўлган хотиржамлик ва бахтни келтирадиган таълимотларининг ҳақиқий ифодасини топасизлар.
«Агар Муҳаммаддек (с.а.в.) бир одам ҳозирги дунёни бошқарганида эди, бу дунёнинг мушкулотларини ҳал қилишга у муваффақ бўлар эди, бу эса, ўз навбатида, ҳозирги дунёга етишмаётган хотиржамлик ва бахтни олиб келган бўларди» (Жўрж Бернард Шоу).

Келинглар, бирлашайлик!

«Айтинг (эй Муҳаммад): «Эй аҳли Китоб (яъни, яҳудийлар ва насронийлар), бизга ҳам, сизга ҳам баб-баробар бўлган бир сўзга келингиз — ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва бир-бировларимизни Аллоҳдан ўзга худо қилиб олмайлик». Агар улар (яъни, аҳли китоблар) ушбу даъватдан юз ўгирсалар, у ҳолда сизлар (эй мўминлар): «Гувоҳ бўлинглар, биз мусулмонлармиз (яъни, ягона Аллоҳга итоат қилгувчилармиз)» деб айтингиз!» (Ол-и Имрон, 64-оят маъноси.)
«Аҳли китоблар...» Қуръони карим яҳудийлар билан христианларни шунақа ҳурмат билан атайди. Бу ояти карима мусулмонларни шундай даъват қилишга буюрмоқда:
«Эй аҳли Китоблар (олимлар, билимдон кишилар, ўзларини Илохий Ваҳийга, Муқаддас Ёзувларга риоя этувчи деб билган одамлар), келинглар, бирлашайлик, «ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик», зеро, Ундан ўзгаси ибодатга нолойиқдир...»
Мусулмоннинг мавқеи аниқ. У динини фақат ўзига тегишли демайди. Ислом секта эмас, бирон элатга боғлиқ дин ҳам эмас. Ислом нуқтаи назарида, ҳамма динлар бирдир, чунки Ҳақиқат бирдир.
Ислом қадимги барча пайғамбарлар келтирган диндир. Илоҳий китобларнинг ҳаммаси шу Ҳақиқатни таълим берган. Моҳиятан, бу ҳақиқат Аллоҳ иродаси ва тақдирининг амалга ошуви ҳамда бу ирода ва тақдирга шод-хуррамлик ила итоатдир. Шуларга ҳам қарамай, агар бирор инсон бошқа дин ахтарса, у ўзининг фитратига хиёнат қилган бўлади, чунки у илоҳий ирода ва тақдирга хиёнат қилмоқда. Бундай инсон йўлбошчидан умид қилиб юрмасин, чунки у билиб туриб йўлбошчини инкор этгандир.
Хулосаи калом шуки:
«Бизлар билан сизларнинг ўртангизда бирон жанжал йўқдир. Аллоҳ (қиёмат кунида) барчамизни жамлар ва ёлғиз Унга қайтиш бордир» (Шўро, 15-оят маъноси).

Ҳидоят журналидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Миссионерлар
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase