Россиялик ёлланма аскарларга «молдек муомала қилинмоқда» ва улар тиббий ёрдам олишдан маҳрум, дейди кузатувчилар. Вагнер гуруҳи ёлланма аскарлари Украина қўшинларидан ҳам қўрқинчлироқ душман – касалликларга дуч келишмоқда, дейди Украина расмийлари.
Маълумки, Вагнер гуруҳи қамоқхоналардан жангарилар ёллашда кўпинча уларнинг жисмоний ҳолатига эътибор қилмайди.
«Донецк халқ республикаси» (ДХР) ва «Луганск халқ республикаси» (ЛХР) деб аталувчи ҳудудлардаги ушбу ёлланма аскарлар орасида хавфли юқумли касалликлар тарқалаётгани маълум бўлган.
Январ ойи ўрталарида «Ищи своих» Телеграм-канали асирга олинган «Вагнер» жангариси акс этган видеони жойлаган эди.
Ўзини Евгений Сизов деб таништирган эркак 2021 йил октябр ойидан бери одам иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) билан оғришини айтиб, камерага қизил билагузугини кўрсатган – «Вагнер» ОИВга чалинган ёлланма аскарларини ажратиш учун шундай билагузуклардан фойдаланади.
Сизов асирга олинишидан аввал яраланганини ва Россия томонидан босиб олинган ҳудудда касаллик юқтирмаган бошқа ёлланма аскарлар билан бирга даволанганини айтади.
«Касалхонада ётдим, соғлар ҳам, касаллар ҳам бирга даволандик. Аслида ОИВ ташувчиси ҳисобланаман», дейди Сизов видеода.
Украина расмийларига кўра, ҳозирда ишғол қилинган ҳудудлардаги касалхоналар бундай хавфли касалликларга чалинган Вагнер ёлланма аскарларини қабул қилмаяпти.
«Вагнер гуруҳининг 300 га яқин ёлланма аскари Луганск вилояти Катериновка шаҳридаги 15-сонли кўп тармоқли касалхонасига олиб келинди», дейилади 29 январ куни Украина бош штабининг Facebook саҳифасида.
«Аксарияти ОИВ/ОИТС, захм (сифилис), сил ва пневмония каби касалликлар ташувчилари бўлгани учун шифокорлар уларга тиббий ёрдам кўрсатишдан бош тортмоқда», дейилади хабарда.
Тўп еми
Ҳозирда Украина армиясида хизмат қилаётган киевлик сиёсатшунос Юрий Атановга кўра, собиқ маҳбусларнинг аҳволи ҳеч кимни ташвишга солмайди.
«Россия қамоқхоналаридан чиққан Вагнер жангарилари жамиятнинг энг кам таъминланган, энг маргинал қатламларидир. Уларни бу урушга турли ваъдалар билан жалб қилишди, кўпчилиги иложсизликдан урушга келган, чунки Россия қамоқхоналарида бўлишнинг ўзи ҳам қийноқнинг бир тури. Уларни ким ҳам даволарди?»
«Билишимча, Вагнерда шифокорлар бор, лекин улар кўп эмас ва албатта, ҳаммани ҳам даволамайди. Катта эҳтимол билан улар фақат қўмондонларни даволайди», деди Атанов Карвонсаройга.
Вагнер жангарилари касталарга бўлинган: гуруҳга 2022 йилгача ёлланганлар ва уруш бошланганидан кейин қамоқхоналардан ёлланган маҳкумлар.
Ҳозир фронтда бўлиб турган Атановнинг айтишича, Вагнер таркибидаги собиқ маҳбуслар чорва молларига хос шароитларда сақланмоқда.
«[Евгений] Пригожин ва қўмондонларининг маҳбусларга муносабати шу даражадаки, биз чорва молларимизни улардан яхшироқ парвариш қиламиз», деди у Вагнер гуруҳи асосчиси ва эгасини назарда тутиб.
Украина фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро лигаси директори, ҳуқуқбон Эдуард Багировнинг сўзларига кўра, қамоқхонадан келаётган «Вагнер» ёлланма аскарларининг қарийб 80 фоизи фронтга бирор касалликка чалинган ҳолатда келади.
«Сил, гепатит, тери-таносил касалликлари, масофадан, тегиниш орқали ёки битта буюмни ишлатиш туфайли юқадиган ўнлаб бошқа касалликлар... у ердаги ҳолат шундай», деди Багиров.
«Улар бу касалликларни бир-бирига юқтиради, чунки тиббий изоляция учун шароит йўқ.»
«Пригожин ўз видеосида уларга барча зарур нарсалар, жумладан, дори-дармонларни ваъда қилганида уларни алдаган эди», дейди Багиров.
«Мендаги маълумотларга кўра, Вагнер жангчилари билан юзма-юз келган шифокорларнинг аксарияти уларни даволашдан бош тортади. Кўпи билан уларнинг ҳар учтасидан бири озгина вазелин, йод ёки антисептик олиши мумкин, холос», деди у.
Касалликлар тарқалмоқда
Инфекциялар ва хавфли касалликларнинг тарқалиши Россиянинг мунтазам армияси аскарлари учун ҳам муаммога айланган.
«У ерда фақат Вагнер эмас, балки Россия қўшинлари ҳам шундай вазиятда қолган. Луганск ва Донецк вилоятларида юқумли касалликларни даволашда жиддий муаммолар бор. Фронт яқинида инфекцион бўлимлар йўқ», дейди Стратегик тадқиқотлар ва хавфсизлик институти директори Павел Лисянский.
Унинг сўзларига кўра, ҳарбий хизматчиларнинг овқатдан заҳарланиши билан боғлиқ бир нечта ҳолатлар қайд этилган.
«Россия аскарларига айниган овқат етказиб берилган. Уни истеъмол қилган бир неча бўлинмалар оғир заҳарланишдан ётиб қолган», деди Лисянский Карвонсаройга.
«Уларда юқумли касалликларни даволовчи шифокорлар йўқ ва афтидан, уларни энди Россиядан чақира бошлаган кўринади», деб қўшимча қилди у.
«Учинчи омил – бу сув. Ишғол қилинган ҳудудларда сув билан боғлиқ вазият аянчли. Сувни тозалаш учун реагентлар етишмайди, сув қувурлари вайрон қилинган», дейди Лисянский.
Сиёсий таҳлилчи Атановнинг фикрича, баҳор келиши билан вазият янада ёмонлашади, чунки илиқ об-ҳаво туфайли россиялик аскарлар ва Вагнер жангарилари орасида хавфли инфекциялар осонроқ тарқалади.
«Ишғол қилинган ҳудудларда санитария-гигиена шароитининг ёмонлиги туфайли дизентерия ва бошқа юқумли касалликлар авж олса, заррача ажабланмайман», деди у.
«Замонавий дунёда уруш фақат қурол-яроғ ва аскарлар эмас, балки сифатли таъминот ва логистика ҳамдир. Урушга фақат армияни юборишнинг ўзи етарли эмас. Аскарларнинг уст-боши бут, қорни тўқ бўлиши, ичишга тоза суви, исинишга ўтини бўлишини таъминлаш зарур», деди у.
«Кўриб турганимиздек, Рашистлар (Россия фашистлари) армиясининг таъминоти ҳеч қачон бўлмаган, ҳозир ҳам йўқ ва бўлмайди ҳам», деди Атанов.