close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

 ЕИ Марказий Осиёнинг Россияга қарамлигини камайтиришга ёрдам беради

Айни вақтда Марказий Осиё «барча воқеалар марказида», дейди ЕИнинг ташқи ишлар бўйича олий вакили Жозеп Боррел.

Европа Иттифоқининг (ЕИ) юқори лавозимли дипломати Жозеп Боррелга кўра, ЕИ Марказий Осиё мамлакатларига Россия сояси остидан чиқишга ёрдам беради.
22 ноябр куни Франциянинг Страсбург шаҳрида бўлиб ўтган Европа ва Хитой муносабатлари бўйича Европа парламенти дебатларида Борелл Марказий Осиё мамлакатлари етакчилари ташқи сиёсатда кўпроқ Европага юзланаётганини айтган.
«Марказий Осиё давлатлари Хитой ва Россия ўртасида қолиб кетмаслик учун нигоҳини биз тарафга қаратган, бизнинг ҳамкорлигимиз ва дастагимизни кутмоқда», деб айтган Борелл.
«Улар мувозанатли ташқи сиёсат юритишни истайди».
«Бир неча йиллар аввал «овлоқ» бўлган дунёнинг бу қисми энди «барча воқеалар марказига» айланди», деб айтган у.
«Бу умумий геостратегик манфаатларга эга халқлар билан ҳамкорлигимизни кучайтириш учун яхши имкониятдир».
Борелл ўз фикрини шу ой Марказий Осиёга қилган ташрифи чоғида билдирган.
У даставвал 16-17 ноябр кунлари Остонага келди, у ерда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди билан учрашди.
Келаси уч кун давомида эса Самарқандда бўлиб, 18-бор ўтказилган «ЕИ-Марказий Осиё» давлатлари вазирларининг учрашувида иштирок этди.
Вазирлар савдо, инвестиция ва яшил энергетика каби умумий масалалардан ташқари, минтақавий хавфсизликка оид муаммолар, жумладан Афғонистон ҳамда Россиянинг Украинага босқинининг Марказий Осиёга салбий таъсирини муҳокама қилишган.
Марказий Осиёнинг геостратегик аҳамияти ортиб бормоқда, деб ёзган 20 ноябр куни Борелл ўзининг расмий блогида.
«Айни вақтда Марказий Осиё геостратегик ва геоиқтисодий воқеалар марказида бўлиб турибди».
«Минтақа ўз муносабатларини диверсификация қилишга интилаётгани ва Европа Иттифоқини мақбул ҳамкор сифатида кўраётгани аниқ», деди у.
«Биз минтақа билан алоқаларимизни кучайтиришимиз, унинг энергия таъминоти, муҳим хомашё ва Россияга (Ўрта коридор ёки Транскаспий йўлагига) боғлиқ бўлмаган янги транспорт йўлаклари бўйича таклиф этаётган улкан салоҳиятларидан фойдаланишимиз керак», деди Борелл.
Сўнгги ўн йил ичида ЕИ Марказий Осиёга 100 миллиард евродан ортиқ инвестиция киритган, бу эса уни Россия ва Хитойни ортда қолдирган тўғридан-тўғри хорижий сармояларнинг энг йирик манбаига айлантирди, деб таъкидлади у.
«Асосий вазифа – тез ўзгариб бораётган геосиёсий вазиятни инобатга олган ҳолда ана шу асосларни мустаҳкамлар ва янги импульс беришдир», деб айтган Боррел.

Россиядан узоқлашиш

Марказий Осиё давлатлари транспорт-логистика инфратузилмаси ва яқин савдо алоқалари орқали боғланган Россияга иқтисодий қарамлигини кескин камайтиришга ёки ундан бутунлай халос бўлишга интилмоқда.
Украинага босқин, Ғарбнинг кенг кўламли санкциялари, жаҳон саҳнасидаги яккаланиш ва бунинг ортидан юзага келган иқтисодий инқироз Россияни Марказий Осиё учун номақбул иқтисодий ҳамкорга айлантирмоқда.
Боррел 18 ноябр куни Самарқандда бўлиб ўтган «Европа Иттифоқи-Марказий Осиё» мулоқоти анжуманида ушбу заифлик ҳақида сўзлаган.
«Алоқалар ва имкониятларга эга бўлиш яхши. Лекин ҳаддан ортиқ қарамлик ва танловнинг йўқлиги қимматга тушиши мумкин», деди Боррелл очилиш нутқида Россия билан алоқаларни назарда тутиб.
Эндиликда Марказий Осиё етакчилари Москванинг Украинага босқинидан тортиб, Кремлнинг минтақага нисбатан сиёсатигача бўлган ҳаракатларидан хавотирда эканини яширмаяпти.
Июн ойида бўлиб ўтган Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида Тўқаев Россия президенти Владимир Путиннинг олдида Қозоғистон ҳеч қачон Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Москва қўлловидаги республикаларни тан олмаслигини айтган эди.
Кейинроқ, октябр ойида бўлиб ўтган «Марказий Осиё-Россия» саммитида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон рўпарасида ўтирган Путинга Марказий Осиё давлатларини камситгани учун эътироз билдириб, уларни ҳурмат қилишни талаб қилган эди.
Минтақа раҳбарларининг Путинга нисбатан камида омма олдидаги бундай муомаласини аввал тасаввур қилиб бўлмас эди.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) маслаҳатчиси, олмаоталик сиёсатшунос Димаш Алжановнинг Карвонсаройга айтишича, Европа Иттифоқи билан яқинлашув Қозоғистоннинг иқтисодий ривожланиши учун ажойиб имкониятлар яратади ва унга манфаатли энергетик битимлар имзолаш имконини беради.
«Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Қозоғистон ва Европа Иттифоқи мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва сиёсий эркинликлар масаласига алоҳида эътибор қаратиши лозим», деди у.
Алжанов Европа Иттифоқи билан ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши натижасида Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди юрисдикциясига киритилишига умид билдирди.

Европа билан алоқалар

Бу орада Европа бизнес-ҳамжамияти Марказий Осиёдаги фаоллигини кучайтирмоқда.
Қирғизистон энергетика вазири ўринбосари Сабирбек Султонбеков Франциянинг EDF компанияси Қирғизистонда тўхтаб қолган «Қамбарота-1» ГЭС қурилишини қайта тиклашга қизиқиш билдираётганини маълум қилди, деб хабар беради 22 ноябр куни 24.kg нашри.
Ҳукумат EDFдан «яхши таклифлар» олди, деди Султонбеков.
«Қамбарота ГЭСни қуриб ишга тушира олсак, электр энергияси билан боғлиқ барча муаммоларимизни тезда ҳал қиламиз», деди у.
2012 йилда Россия ва Қирғизистон «Қамбарота-1» гидроэлектростанцияси ва Юқори Норин ГЭС каскадини қуриш бўйича келишувга эришган эди.
Бироқ, 2015 йилда нефт нархлари пасайгач, Россия ушбу объектдаги ишларни тўхтатган.
Орадан бир йил ўтиб, Қирғизистон Россия билан келишувни бир томонлама бекор қилишга мажбур бўлган.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Долзарб мавзу
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase