Қозоғистон
Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан кейин Хитой Марказий Осиёда янги давлатлар шакланишини биринчилардан бўлиб тан олди. Бу иш бежизга қилинмаганди, албатта. ХХР «ёш» қўшниларига чегара бўйидаги баҳсли ҳудудлар кимга тегишли эканлиги масаласини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди.
Бу ҳудудлар Россия империяси томонидан Осиёнинг забт этилиши даврида пайдо бўлганди. Чор Россияси ва советлар даврида бу ерлар аниқ чегарага эга бўлмасада, де-факто русларга тегишли деб тан олинган. Бироқ Хитой минтақага нисбатан даъволарини унутмаганди ва 90-йилларда ўз сўзларини айтди.
ХХР Қозоғистоннинг 944 км² ерига - Жунгор дарвозасига даъво қилди. Натижада, 1994 йилда қозоқлар 407 км² баҳсли мулкдан воз кечиб, чегара шартномасини туздилар.
Тожикистон
2011 йилда Тожикистон Хитойга Помирнинг тоғли ҳудудларини – 1158 км² майдонни берди. Таъкидлаш жоизки, тожиклар Хитой ҳудудий даъволарининг атиги 5 фоизини қаноатлантирган. Дастлаб, Хитой 21054 км² ерни - бутун Тожикистоннинг деярли 1/6 қисмини эгаллашни мақсад қилган!
Қолаверса, муросага келиш тожикларга жуда қимматга тушди. Мамлакат Хитойга 1,1 мрд доллар қарз бўлиб қолди – бу жами ташқи қарзнинг 60%и демакдир.
Қарзларни тўлаш учун Душанбе Пекинга Юқори Кумарг олтин конини, шунингдек, бир қатор нефт ва кўмир конларини ўтказди. Тожикистон ўз ҳудудини сақлаб қолган бўлса-да, Хитойга иқтисодий қарам бўлиб қолди ва бу ҳолатдан чиқиб кетиши қийин бўлади.
Непал
Бу кичик, қашшоқ давлат Хитойдан озиқ-овқат, дори-дармон ва уй-рўзғор буюмларини етказиб беришга жиддий боғлиқ. Британия сиёсатчиларига кўра, айнан шу нарса Пекинга қўшнисининг ҳудудий яхлитлигини бузиш имконини беради.
Мураккаб рельеф туфайли кўплаб ҳудудлар аниқ чегарага эга эмас, икки давлат бу борада келиша олмаяпти. Хитой ғалаба қозоняпти: у баҳсли ҳудудларда бинолар қуриб, уларни ўзига олиб қўймоқда. Хусусан, 2009 йилдан 2020 йилгача Хитой Непалдан 5 та тумандаги 150 гектардан ортиқ майдонга эга водийларни олиб қўйди.
Португалия
Макао Португалиянинг Осиёдаги биринчи мустамлакаси эди: европаликлар Хитойга XVI асрда етиб келганди. Порт шаҳри минтақадаги муҳим савд маркази эди. Португалияликлар Хитойнинг заифлигидан фойдаланиб, бу ҳудудни ўзиники қилиб олганди.
Хитойликлар Макаони фақат 1999 йилда қайтаришга муваффақ бўлишди. 32,9 км² майдонга қўшимча равишда, ХХР йирик порт, юзлаб завод ва корхоналар, шунингдек, минглаб қимор уйлари ва казиноларни олди: Макао қимор ўйинларининг жаҳон пойтахти бўлиб, ҳар йили унга юзлаб миллион долларлар олиб келади.
Буюк Британия
Португаллар сингари, инглизлар ҳам 1997 йилда собиқ мустамлакаси Гонконгни Хитойга берди. Минтақа дунёдаги энг йирик молия марказларидан бири бўлиб, унинг аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулоти жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан 3-4 баравар юқори.
1110 км² ҳудуд, худди Макао каби, 2047 йилгача кенг автономия ва ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқига эга, аммо ташқи сиёсат шакллантириш ҳуқуқини Пекинга берган. Бироқ, Хитой Гонконг автономиясини чеклаш учун доимий равишда янги қонунлар чиқармоқда.
Филиппин
Бу Хитой бир томонлама равишда ҳудудини тортиб олган ягона давлатдир. Гап Скарборо Шол ҳақида кетмоқда, у жуда кўп рифларга эга бўлган иккита орол бўлиб, унинг атрофидаги ҳудуд балиқ ва нефтга бой.
2012 йилда Хитой у ерга ҳарбий кемалар киритди ва чет эллик балиқчилар киришига рухсат бермади. Пекин БМТ ва Филиппиннинг норозиликларини намойишкорона эътиборсиз қолдириб, минтақадан ҳар куни 260 тоннагача балиқни олиб чиқиб кетмоқда.
Россия
1991 йилда Россия Хитойга Амур ва Уссури дарёларидаги 600 дан ортиқ оролларни, шунингдек, 10 км² ерни берди. 2005 йилда бу ҳудудда 337 км² бўлган яна бир участка - Катта Уссурий оролининг ғарбий қисми берилди.
Бу ерларнинг берилиши Хитой билан муносабатларни яхшилади ва чегара можаросининг эҳтимолий таҳдидини бартараф этди. Бироқ халқаро сиёсатчилар шартномани Россиянинг Шарқдаги мавқеининг заифлашиши сифатида баҳоладилар.
Қирғизистон
Давлатлар орасидаги чегара узунлиги 1072 км. Баҳс предмети Или-Кулжа вилояти эди. 2003 йилда қирғизлар стратегик аҳамиятга эга Ўзонгу-Кууш дарасини ўз ичига олган 161 км² ҳудудни Хитойга берди.
Бу ҳудудлардан ташқари, Хитойнинг Япония, Ҳиндистон, Вьетнам ва бошқа мамлакатларга нисбатан даъволари ҳам бор. Қўшнилар асабий тарзда Хитой томонга қараб қўйишмоқда, у эса ғалаба қозониб, тобора кўпроқ ҳудудларни қўлга киритмоқда.