close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Худо билан Маммонга хизмат қилиш мумкин эмас

Парвардигоримиз бизга тоқатимиздан ташқари нарсани юкламайди. Бу фикр Раббимиз биз учун эришиб бўлмайдиган мақсадларни қўймаслигини тушуниб етишимиз мақсадида Қуръони Каримда кўп марта такрорланади.

Парвардигоримиз бизга тоқатимиздан ташқари нарсани юкламайди. Бу фикр Раббимиз биз учун эришиб бўлмайдиган мақсадларни қўймаслигини тушуниб етишимиз мақсадида Қуръони Каримда кўп марта такрорланади. Лекин шунга қарамай, ҳатто диндор одамлардан ҳам, ҳамма нарса Худонинг тақдирига мувофиқ содир бўлиши, яъни атрофимиздаги дунё тузатилмаслиги ва умуман бизга оз нарса боғлиқ, деган фикрни эшитишингиз мумкин. Лекин бу гапни айтиб, одамлар қилаётган адолатсизлик ва ҳаракатсизлигимиз учун жавобгарликни Аллоҳга юклаб қўймаяпмизми?
Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари Аллоҳга қандай ибодат қилганликлари ва унинг йўлида на молларини, на ўзларини аяб ўтирмаганликлари ҳақида алоҳида эҳтиром билан гапирамиз. Ваҳоланки улар ғайритабиий ҳеч нарса қилмаган, улар сиз ва мен билан бир хил одамлар эди. Улар ҳам хато ва гуноҳлар қилдилар, сўнгра тавба қилиб, Аллоҳга истиғфор айтдилар. Улар бизга ўрнак бўлишган ва улардан талаб қилинган ҳамма нарса биздан бирдек талаб қилинади...
Ҳеч ким қила олмайдиган иши учун сўроқ қилинмайди. Лекин агар у буни қила олса ва хоҳламаган бўлса-чи... Исроил халқи фақат Мусога эргашиши ва дарвозадан ўтиши керак эди, ва Аллоҳ уларга ғалаба берар эди, лекин улар Худонинг ёрдамига шубҳа қилганлари учун рад этишди. Талут замонида эса, ўз пайғамбарларига иймон келтирдилар ва душманларни тумтарақай қилиш учун битта тош отиш кифоя қилди. Фақат хоҳлаш ва ишониш керак, шунда Аллоҳнинг ёрдами билан ҳамма нарсага эришиш мумкин. Айнан ҳамма нарсага, чунки мўмин учун унинг қаноатидан кўра кўпроқ ва қимматлироқ нарса йўқ.
Аллоҳга сиғиниш ва бугун тўғри яшаш учун ўтмишдан кўра имкониятлар камми? Тирикчилик қилиш осонлашди ва одамлар ҳокимиятдагиларнинг ўзбошимчалигидан яхшироқ ҳимояланишади, ҳатто мусулмонлар озчилик бўлган мамлакатларда ҳам Исломни ўрганиш ва даъват қилиш учун шароитлар мавжуд. Фақат ҳозир юрагимизда аввалги қатъият йўқ ва биз озгина қон билан қутилиб қолишга умид қиламиз. Жаннатга тушишни ҳам истаймиз, ҳеч нарсани бой бермаслик учун дунёвий неъматлардан тўлиқ баҳраманд бўлишга интиламиз. Ўзимизга, албатта, Қуръон ва Суннатдан узр топамиз ва хурсандчилигимизга соя солмаслиги учун, улар ҳеч қачон мавжуд бўлмаганидек, бошқа кўплаб оятларни унутамиз.
Муқаддас ерга кирмаган исроилликлар ҳам мўмин бўлиб, уларнинг нажот топишлари учун Парвардигор Фиръавн ва унинг лашкарини йўқ қилдилар. Лекин уларнинг иймонлари Худонинг марҳамати ва иноятини қабул қилиш учун етарли эмас эди...
«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ албатта Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган қавмни келтирур. Улар мўминларга хокисор, кофирларга қаттиққўл, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилурлар ва маломатчининг маломатидан қўрқмаслар» (Моида, 54).
Чунки сиз Худога ва Маммонга хизмат қила олмайсиз. Аллоҳни севиш ва Ундан узоқлаштирган нарсалардан хурсанд бўлиш, Аллоҳга интилиш, қалб ва кўзларингизни тескари томонга буриш мумкин эмас. Бу дунёвий неъматлардан воз кечиш, ўқиш ва ишлашдан тўхташ, фақат намоз ўқиш ва рўза тутиш керак дегани эмас. Қуръонда ёки Суннатда бундай нарса йўқ ва солиҳ салафлардан ҳеч бири бундай нарсага чақирмаган. Лекин гуноҳлардан ва Аллоҳга зид бўлган ҳамма нарсадан воз кечиш керак. Биз истакларимизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган нарсаларга бўйсундиришимиз ва иймон масалаларида муросага келмаслигимиз, абадий тинчлик ҳақида кўпроқ ўйлашимиз ва дунёвий фаровонлик ҳақида Худонинг буйруқларини бажариш учун зарур бўлган даражада ғамхўрлик қилишимиз керак.
Агар сиз шундай яшашга жазм етсангиз, у ҳолда муваффақиятга эришасиз, чунки аслида Аллоҳнинг дини осон, тўғри йўли эса кенг ва ҳар ким ўзи учун ўз феъли ва майлига мос ҳаракатларни танлаши мумкин. Кимдир тунги намозлар ва қўшимча рўзалар орқали Аллоҳнинг ризолигига келади, бошқ одам эса, кўп пул топади ва садақа билан машғул бўлади, учинчиси Қуръонни ўрганишга ўзини бағишлайди ва бошқаларга ўргатади, тўртинчисида буларнинг биронтаси учун ҳеч қандай имконияти йўқ, лекин у солиҳ ва шукр қилувчи фарзандларни тарбиялайди. Шу билан бирга ҳаммалари умумий бир нарсага эгадирлар: Аллоҳни тутдилар, Унга таваккул қилдилар ва Унинг қаноатини бошқа ҳамма нарсадан афзал кўрдилар. Улар – ҳақиқий мўминлардир, улар ҳақида Аллоҳ таоло айтадики: «Ҳеч бир мўмин ва мўмина учун Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишга ҳукм қилганида, ўз ишларини ўзларича ихтиёр қилмоқ йўқ» (Аҳзоб, 36).
Бу қарорлар, кўрсатмалар ва амрларнинг биронтаси Аллоҳга керак эмас. Улар бизни ўзимиздан ҳимоя қилиш ва васвасага берилиб, Аллоҳни унутганимизда келган жойимизга қайтариш учун ўзимиз учун ўрнатилади. Аллоҳ бизни тарк қилмаган ва ўз ҳолимизга қолдирмаганлигини эслаш учун бу амрларга муҳтожмиз. У доимо биз билан бирга, дуоларимизни ижобат қилади ва истакларимизни адо етади. У мисли кўрилмаган тарзда намоён, лекин биз Унинг мавжудлигини ҳис қилишимизни истайди. У бизга Уни ҳаётимизнинг бир қисми қилиш ва энг яқин ва энг ишончли Ҳомийси, Ёрдамчи ва Ҳимоячи сифатида тан олишимизни истайди. «Бас, намозни тўкис адо этинглар, закот беринглар ва Аллоҳга боғланинглар. У сизнинг Хожангиздир. Бас, У Зот қандай яхши Хожа ва қандай ҳам яхши нусрат берувчидир» (Ҳаж, 78).

Эльмир Кулиев
e-minbar

Мамона нима?

«Ҳеч ким икки хўжайинга хизмат қилолмайди. У ё бирини ёмон кўриб, бошқасини севади, ёки бирига ихлос қўйиб, бошқасини хорлайди. Сиз ҳам Худога, ҳам пулга бирдек сиғина олмайсизлар». (Матто, 6:24)
«Мамона нима?» эмас, «мамона ким?» деб айтадиган бўлсак, аниқроқ бўларди.
Мамон, мамона (арамей тилидаги ma’mon сўзидан, мол-мулк, давлатни англатади. Мамона – қадимги сурияликлар ва яҳудийларда пул маъбуди).
Бундан келиб чиқадиган «мамонга хизмат қилиш» бойлик ҳақида, моддий қадриятларга берилиб кетиш, қўпол, шаҳвоний завқларга берилиш маъносини англатади. Мамона одатда ўз атрофига пул сочаётган иблис қиёфасига ўхшаб кетадиган олтин маъбуд кўринишида тасвирланади.
Бу билан у одамларни васвасага солади, дунёвий қувончлардан баҳраманд бўлиш учун уларни йўлдан оздиради ва ўлгандан кейин ўз ҳолига ташлаб қўяди. Уйғониш даврида пулга ўч одамлар мамона қуллари деб аталган. "Мамон" сўзи оддий сўзлашув тилида қорин, қурсоқ маъносини англатади.
Маммона (ёки бойлик) қулликка солган ва бугунги кунда кўплаб қалбларни қул қилишда давом этаётган хўжайиндир. У буни қандай қилади?
Асосан, у инсон ҳаётининг икки омили устида ўйнайди:
Биринчидан, ўзини бирон-бир тарзда қондиришни истаган одамнинг гуноҳкор табиатида. Маммон инсоннинг гуноҳкор табиати хоҳлаган нарсани бериши мумкин.
Иккинчидан, одамларнинг эҳтиёжларида (табиий эҳтиёжлар, масалан: нима ейиш, нима ичиш, нима кийиш керак). Агар одам ҳаётга қайтган бўлмаса, бу хўжайинга хизмат қилиш учун барча шартлар бор.
Ҳатто Худонинг амри билан туғилган одам ҳам ўз ҳаётининг бир босқичида мудраб қолиши, бойлик васвасаси остида қолиди, Аллоҳ розилигини ўйлаймай қўйиши мумкин.
Пулпарастлик қуйидаги сабабларга кўра инсониятнинг асосий гуноҳидир.
Биринчидан, бойлик инсоннинг ҳар қандай жирканч нафсини қондириши, ҳар қандай гуноҳни бажариши учун имконият яратади. Чунки пул (бойлик) ёрдамида инсон ҳар қандай гуноҳкорона ҳаракатни амалга ошириши учун ўзи шароит яратиши мумкин. Масалан, бойлик ёрдамида инсон иззат-икром, ҳокимият, шуҳрат, фаҳш лаззатларини сотиб олиши ва бошқа гуноҳкорона майл ва интилишларини рўёбга чиқариши мумкин.
Иккинчидан, бойлик инсонни маънавий жиҳатдан бузади, унга гуноҳкорона ҳаракатлари учун жазосиз қолиш ва ҳар қандай хатти-ҳаракатларининг бардавомлиги ғоясини сингдиради. Бой одам бутун дунёни ўз пулига сотиб олиши, ҳар қандай завқ олиши мумкинлигига ишонади. Бироқ, бундай киши одамларнинг ҳаракатлари учун Худонинг адолатли ва муқаррар ажрини унутади. Худо "Ҳаммага уларнинг ишига яраша қайтармайдими" (Ҳикматлар, 24:12). “Адашманглар, Худо ҳақоратланмайди. Инсон нима экса, шуни ўради. Ўз нафси даласига уруғ экса, нафсдан завол ўриб олади. Руҳ даласига уруғ экса, Руҳдан абадий ҳаёт ўриб олади” (Галатиялик, 6:7-8).
Кўпинча бой одам худосиз, инсон ўзи заиф эканини ва ҳар қандай нотўғри бойлик вақтинчалик ва ўткинчи эканини унутади. “Чунки дунёга хос ҳар бир нарса – тана нафси, ҳирсли кўзлар, маишатга оид кибр-ҳаво Отадан эмас, балки дунёдандир. Дунё ҳам, унинг нафси ҳам ўтиб кетади. Лекин Худонинг иродасини бажо келтирган киши абадий яшайди” (1Юҳанно, 2:16-17).
Бой одам инсон учун асосий бойлик ернинг хазиналари эмас, балки осмон хазиналари эканлигини ҳам унутади. Шундай қилиб, ҳалол бўлмаган бойлик инсон ақлини бузади, ҳар нарсага рухсат берилганлик ва жазосиз қолиш ҳақида хомхаёлларга сабаб бўлади, гуноҳ ишларга етаклайди, мағрурлик, хокимиятпарастлик, шуҳратпарастлик, шаҳватпарастлик ва бошқа гуноҳкор эҳтиросларнинг намоён бўлиши учун шароит яратади. Бу ҳаёт тарзида кўп одамлар бахт-саодатни нотўғри кўрадилар, дунёвий эҳтиёжларни қондириш ҳақида ўйлайдилар ва маънавий эҳтиёжларни унутадилар, шунинг учун катта бойлик олишга интиладилар. Катта бойлик эса, камдан-кам истиснолар билан жиноят ва гуноҳ орқали қўлга киритилади. Яъни, бу ҳалол бўлмаган бойликдир. Шунинг учун ҳам Худо хизматида беқарор бўлган инсонга бойликнинг бузғунчи таъсирини белгилаб, Библияда оқилона тарзда: "барча ёмонликларнинг илдизи пулга муҳаббат" дейилади (1 Тим. 6:10).

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Долзарб мавзу
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase