close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

ШҲТ «Толибон»нинг ғалабасига тайёрланмоқда

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ташқи ишлар вазирлари Тожикистон пойтахтида тўпланди. Икки кунлик учрашувнинг асосий мавзуси – НАТО кучларини олиб чиқиш билан Россия Федерациясида тақиқланган «Толибон» гуруҳи сўнгги 20 йил ичида ҳокимиятни эгаллашга ҳар қачонгидан ҳам яқинлашган Афғонистондаги вазият. Душанбедаги учрашув 16-17 июл кунлари бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитидан олдин бўлиб ўтмоқда.

Музокаралар якунида Вазирлар 14 июл куни махсус баёнот қабул қилади. У Афғонистондаги вазиятга бағишланади. Унинг икки томонлама учрашувларда ҳам муҳокама қилиниши кутилмоқда. Тадбирда Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров иштирок этмоқда.
Музокаралар мавзусини Афғонистондаги сўнгги воқеалар белгилаб берди. ШҲТга Россия ва Хитойдан ташқари Марказий Осиёнинг барча давлатлари – Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон киради. Бу тўртликнинг ҳаммаси сўнгги пайтларда у ёки бу даражада Афғонистондаги вазиятнинг ёмонлашувининг биринчи оқибатларига дуч келди. Сўнгги пайтларда Афғонистон армиясининг Тожикистон чегарасини кесиб ўтган аскарлари сони минглаб кишини ташкил қиляпти. Ўзбекистон ҳукумати бунинг олдини олишга ҳаракат қилаётганига қарамай, бу мамлакатда ҳам ўхшаш ўтишлар бор.
Тошкент эса, аксинча, Россияни қўллаб-қувватлаяпти. Афғонистондаги вазиятнинг кескинлашуви туфайли Россиянинг Мозори-Шарифдаги Бош консуллиги Ўзбекистон ҳудудига кўчирилди. Қочқинлар масаласи Қирғизистон ва Қозоғистон учун ҳам долзарб бўлиб турибди. Бу мамлакатлар расмийлари Афғонистондан ноқонуний муҳожирларнинг кириб келиши мумкинлигидан хавотир билдирган. Бундан ташқари, Bloomberg агентлигининг хабар беришича, 2 июлда – яъни америкаликлар ўз қўшинларининг учдан бир қисмини Афғонистон ҳудудидан олиб чиққан куннинг эртасига – АҚШ Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистонга ўн минглаб афғонларни қабул қилиш илтимоси билан мурожаат қилди. Бу ерда гап НАТО кучлари билан ҳамкорлик қилаётган одамлар ҳақида кетяпти. «Толибон» Кобулни қўлга олса, уларнинг ҳаёти ўлим хави остида қолади. Қозоғистонда минглаб афғонлар мамлакатга кўчиб ўтиши мумкинлиги ҳақидаги хабар шундай акс-садо бердики, ташқи ишлар вазирлиги АҚШдан бундай расмий таклиф йўқлигини махсус тушунтиришга мажбур бўлди.
ШҲТ саммитида Афғонистон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ханиф Атмар ҳам иштирок этади. У ташкилотнинг ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари билан алоҳида учрашув ўтказади. Афғонистон ШҲТга қўшилиш учун номзод мамлакат саналади. 31 августдан кейин АҚШ Қуролли кучлари асосан мамлакатни тарк этганидан кейин унинг бу ташкилотга муносабати ўзгариши эҳтимоли катта. Зеро, мамлакатда ҳукумат ўзгариши мумкин. Бироқ Афғонистоннинг амалдаги президенти Ашраф Ғани жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудудлардан келаётган хабарларга қарамай, расмийлар вазиятни назорат қилаётганини даъво қилмоқда. Унинг айтишича, толиблар ғалаба қозониши учун "100 йил ҳам етмайди".
Бу орада «Толибон» Кобулни қўлга олиш улар учун фақат вақт масаласи эканини намойиш қилмоқда. Ҳаракат сиёсий идорасининг расмий вакили Муҳаммад Суҳайл Шахин ШҲТ давлатларига мурожаат қилинган кўринадиган баёнот берди. Унинг маълум қилишича, «Толибон» хорижий кучларга Афғонистон ҳудудидан бошқа давлатларга ҳужумлар учун база сифатида фойдаланишга рухсат бермайди. «Биз бошқа ҳар қандай мамлакатга, жумладан, Хитойга қарши бўлган шахслар ёки гуруҳлар бўлсин, уларни қабул қилмаймиз, деб аҳд қилдик. Афғонистондаги ҳар қандай гуруҳ учун очиқ ёллаш, ўқитиш ёки маблағ йиғишга йўл қўймаймиз", - деди у.
Хитойнинг тилга олиниши бежиз эмас. Пекин Афғонистонда ҳокимият ўзгариши билан уйғур айирмачилари янада фаоллашишидан қўрқмоқда. Илгари уларнинг гуруҳлари Афғонистон заминида фаолият юритаётган «Толибон» ва радикал террорчи ташкилотлар билан анча яқин алоқада эди. «Толибон» ҳозирда ўзларини глобал амбицияларга эга бўлмаган соф маҳаллий сиёсий куч сифатида кўрсатмоқда. Бунинг қаналик ҳақиқат эканлигини тушуниш қийин. Уларнинг ҳаракати мафкурасида Исломнинг радикал талқинлари пуштун миллатчилик мафкураси билан бирга келади. Толибоннинг анъанавий базаси айнан этник пуштунлар яшайдиган ҳудудлар эди. Бироқ сўнгги пайтларда Афғонистоннинг Шимолий ҳудудларида жанглар ҳақида бир қатор янгиликлар бўлмоқда. У ерда кўплаб халқлар, жумладан тожиклар, ўзбеклар ва қирғизлар яшайди, лекин у ерда пуштунлар деярли йўқ.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Долзарб мавзу
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase