Бу йил март ойининг бошларида, Швейцарияда глобал пандемия авжига чиққанида «Бурқа ташаббуси» деб аталган тақиқ ҳақида референдум ўтказилди. Лекин аслида гап Бурқа – афғон аёлларининг ҳатто кўзлар ҳам тўрсимон мато билан ёпилган кўк рангли плащдан иборат бўлган анъанавий либоси ҳақида бормаган. Швейцария ташаббуси Форс кўрфази мамлакатларида кенг тарқалган ҳарир пардаларга қарши қаратилганди. Бу пардалар ниқоб деб аталади. Хабар қилинишича, Швейцарияда 30 нафар аёл уларни тақиб юради. Бироқ бу тафсилотлардир. Ҳамма гап самарада: сайловчиларнинг сайловларга бориши учун ўнг қанот популистлари томонидан зарур бўлган қўрқув ҳиссини қўзғатиш мақсадида «Бурқа» сўзининг ўзи етарли.
Швейцарияда бу ўйин ўзини оқлади. Бурқани тақиқлаш кампаниясининг қизил, қора ва оқ рангда тайёрланган плакатларида аёлларнинг ниқоб билан бекитилган юзларидан баджаҳл кўзлар томошабинга тикилиб туради. Уларнинг ёнида «юзларни ёпишни тақиқлаш учун» ва «экстремизмни тўхтатиш» сўзлари бор эди.
«Бурқа»га қарши провокацион кампания Ғарбий Европадаги энг муваффақиятли ўнг қанот популистлар партияси саналган Швейцария халқ партияси (SVP) ва унинг тарафдорлари иши бўлди. Бунгача SVP энг таниқли ташаббусларидан бири миноралар қурилишининг тақиқланиши ҳақида референдум ўтказиш бўлиб, у 2009 йил кўпчилик овозлар тўплади. Ўша пайтда бутун мамлакатда минорали тўртта масжид бор эди, аммо бу Халқ партияси аҳолини Швейцария «чет элликларга ғарқ бўлиши» билан қўрқитиш учун етарли бўлди. Аммо сўнгги пайтларда SVP ва унинг иттифоқчилари оғир мағлубиятларга учради. Уларнинг «жиноятчи мусофирлар»ни депортация қилиш ташаббуси 2016 йил кўпчилик овоз билан рад этилди. 2018 йилда партия радиоэшиттиришлар учун тўловларини бекор қилиш талаби билан яна ҳам қақшатқич зарбага учради. Худди шу йили SVP референум ўтказиш йўли билан Швейцария миллий қонунчилиги халқаро ҳуқуқдан устун қўйилишини хоҳлади, аммо яна муваффақиятсизликка учради. «Бурқани тақиқлаш»га бўлган талаб ўнг қанот популистлари учун нисбатан осон ғалаба қозониш ва машҳурликни тиклаш учун ёқимли воситага айланди. Охир-оқибат, ким Бурқани яхши кўрарди? Мавзу консерватив ва ҳатто сўл қанот доираларга мурожаат қилиш учун жуда мос эди. Консерватив насронийлар ҳам, қатъий ишонган секуляристлар ҳам, эски мактаб феминистлари ҳам радикал исломга бўлган нафратда ҳамжиҳат эдилар. Шунинг учун бурқани тақиқлаш чақириқлари Европа ўнг қанот популистлари орасида доимий фаворит эканлиги бежиз эмас ва бу мавзу турли мамлакатларда бир неча бор кўтарилган. Айрим ҳолларда эса бундай тақиқлашга эришилди ҳам.
Ўнг қанот популистларини дин эркинлиги бурқа кийганларни ҳам ҳимоя қилиши хижолатга солмайди. Улар қонун устуворлигига путур етказишга ва озчиликларни камситишга интиладилар. Бу озчиликнинг қанчалик аҳамиятли эканлиги муҳим эмас. Уларга қарши «соғлом фикр»ни сафарбар қилиш мумкин бўлган қандайдир маргинал гуруҳ ҳар доим мавжуд. Ниқобли аёллар энг енгил нишонлардир. Эртага эса бу жиноятчи мигрантлар, транссексуаллар, лўлилар ёки бошпанасиз одамлар бўлиши мумкин.
Лекин ўнг қанот популистларга нафрат уйғотадиган фигура керак. Айтиб ўтилган тақиқдан ташқари, шубҳасиз муҳожир жамоаларда мавжуд бўлган диний фундаментализмга қарши курашнинг бошқа, самаралироқ йўллари ҳам бор. Бурқани тақиқлаш аслида зарарли бўлиши мумкин. Француз социологи Агнес де Фео Францияда яшовчи юзини ёпиб юрадиган 200 нафар мусулмон аёл ўртасида сўров ўтказиб, унинг таъсирини ўрганиб чиқди. Унинг аниқлашича, аёлларнинг аксарияти фақат тақиқлаш ҳақида қарор чиққанидан кейингина норозилик ҳиссидан ниқоб кийишга қарор қилган.
Франция мисолида кўрсатилишича, мусулмон аёлларга қаратилган юзларини ёпишни тақиқлаш уларни фақат Ислом фундаменталистик талқинининг жозибали соддалиги ва бирёқламалигидан паноҳ тилашга ундаши мумкин. Лекин бу ўнг қанот популистларини безовта қилмайди. Улар ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга эмас, балки уларни кучайтиришга интиладилар. Улар онгли равишда ижтимоий қутбланишни ўзларига фойда келтирган ҳолда бошқарадилар. Бу ислом фундаменталистларига мадад берса, ундан ҳам яхши. Зеро, ўнг қанот популистлари ўз мавжудлигини оқлаш учун «душман» сифатида ислом фундаменталистларига муҳтождирлар.
Нима сабабдан «бурқа» тақиқланиши Европада ўнг қанот популистлари учун бу қадар муҳим?
Бурқа, юзни ёпиб турадиган ҳарир пардани тақиқлашга даъват ўнг қанот популистлари учун самарали сиёсий воситадир, деб ёзади Дэниел Бакс.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Долзарб мавзу
|
Калит сўзлар