close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ислом элиталарининг инқирози

Мусулмонлар учун бу ҳақида XX асрдан бошлаб гапирилаётган, ислом умматида давом этаётган, аммо унинг илдизлари узоқ асрларга бориб тақаладиган инқироздан кўра долзарб ва оғриқли мавзу бўлмаса керак. Бу инқироз кўп омилли ва баъзи маънода ҳатто тизимли эканлиги кўриниб турибди.

Мусулмонлар учун бу ҳақида XX асрдан бошлаб гапирилаётган, ислом умматида давом этаётган, аммо унинг илдизлари узоқ асрларга бориб тақаладиган инқироздан кўра долзарб ва оғриқли мавзу бўлмаса керак. Бу инқироз кўп омилли ва баъзи маънода ҳатто тизимли эканлиги кўриниб турибди.

Мен эса унинг элиталар инқирози каби жиҳатларига эътибор қаратмоқчиман. Социология ва сиёсатшуносликда «элиталар назарияси» деган тушунча мавжуд бўлиб, унинг моҳияти қуйидагича: «Бутун халқ давлатни бошқара олмайди ва бу функцияни жамият элитаси ўз зиммасига олади». Лекин элита ўзи нима ёки ким?
Бу атамани тушунишга иккита асосий ёндашув мавжуд:
1. Сиёсий ёндашув элитага мансубликни у ёки бу шахсларнинг интеллектуал ва/ёки ахлоқий хислатларини баҳолашсиз сиёсий жараёнларга таъсир этиш имконига ёки реал кучга эга бўлиш бўйича баҳолайди;
2. Меритократик ёндашув «элита» тушунчасининг бошланғич маъносига (яъни «энг яхши») асосланади. Элитага кирадиган шахслар юқори интеллектга, истеъдодга, қобилиятларга ва муайян социумнинг ўртача кўрсаткичлари билан таққослаганда чуқур билимга эгалиги кўзда тутилади. Идеал ҳолатда, аниқроғи, идеал жамиятда бу икки таъриф бир хил одамларга дахлдор бўлиши, яъни ҳокимият тепасида энг муносиб одамлар бўлиши керак. Бу мезонларни ислом жамиятига нисбатан қўллаб, бу идеалдан анча узоқ эканлигимизни қайд этиш мумкин.
Нима сабабдан шундай рўй берадики, кўпинча мусулмон мамлакатларда жамиятнинг энг ёмон вакиллари ҳокимият тепасига келиб қолади? Келинг, бу қийин саволни тушунишга ҳаракат қилиб кўрайлик.
Ҳар қандай жамиятда ҳокимиятни ҳеч бир шахс ҳам, барча одамлар ҳам бирданига амалга ошира олмайди. Натижада, уюшган озчилик пайдо бўлади ва у уюшганлиги учун бошқаради. Зотан, Ислом халифалигининг дастлабки даврида давлат бошқарув органлари - "девонлар" ёки вазирлик ва идоралар шакллана бошлайди. "Девон" тушунчаси фақат Умар ибн ал-Хаттоб даврига келиб жорий қилинган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида бундай тузилмалар мавжуд эди, аммо махсус тизим даражасидаги номлар йўқ эди. Халифа Умар розияллоҳу анҳунинг раҳбарлик лавозимларига кимларни танлангани жуда муҳим ва у энг муносиб кишиларни танлаб олган, бу ҳисобда тегишли асарларда учрайдиган жуда кўп хабарлар мавжуд.
Бошқарувнинг бундай шакли «меритокра́тия» (айнан «муносиблар ҳокимияти», латинча meritus «муносиб» + қад.-юнон. κράτος «ҳокимият, бошқарув») – бошқарув тамойили, унга кўра раҳбар лавозимларни ижтимоий келиб чиқиши ва молиявий аҳволидан қатъи назар, энг муносиб кишилар эгаллаши лозим. Бундан хулоса қилишимиз мумкинки, элиталар ташкил қилинади ва ўзини тиклашга уринади, агар бунга эриша олмасалар, таназзулга юз тутадилар ва бошқалар билан алмаштириладилар. Бироқ, элиталарни шакллантиришнинг бу тамойили ҳокимиятни топширишнинг монархия-сулолавий тамойилини ўрнатиш билан жуда тез тугади. Бироқ, биз бу воқеаларнинг тарихий тафсилотларини четга суриб қўямиз, чунки улар бизнинг мавзуимиз учун у қадар муҳим эмас.
Таъкидлаш жоизки, ҳокимият шаклларининг бундай ўтиши-демократия, аристократия, монархия-ўша даврга хос, чунки фақат қаттиқ марказлашган ҳокимият улкан империяларни бошқаришга имкон берди. Бошқа томондан, бундай ёндашув (яъни сулолавий – элита функциялари ва имтиёзларини мерос бўйича ўтказиш) вақт ўтиши билан турғунликка ва элиталар таназзулига олиб келади, шундай экан, ворислар оталарининг фазилатлари ва қобилиятларини мерос қилиб олишига мутлақо ҳеч қандай кафолат йўқ, ғоялар ва ечимлар рақобати эса, бундай шароитларда минимал бўлиб, асосан муаллифлар таъсири учун рақобатдан иборат бўлади. Бундай ёндашув жиддий сиёсий инқирозларни юзага келтиради ва янги ёки контр-элита вакиллари таназзулга юз тутган эски элитадан ҳокимиятни тортиб олади, оддийроқ қилиб айтганда тўнтариш рўй беради. Ислом тарихида ҳокимият гоҳ уммавийларга, гоҳ аббосийларга, гоҳ мамлукларга, гоҳ усмонийларга ва ҳ.к. галма-галдан ўтганлигига мисоллар кўп, рустамийлар, фотимийлар, сафавийлар каби «ён бутоқлар»ни эсламасак ҳам бўлади. Бу жараённи биринчи бўлиб ислом уламоси ибн Халдун «Муқаддима» асарида тавсифлаган бўлиб, унда элиталар муваффақиятининг асосий шарти – «асабия» (гуруҳ онги, умумий мақсад ва ижтимоий бирлик туйғуси) каби хислатни ажратиб кўрсатади, шунингдек, унинг вақт ўтиши билан сўниши ҳақида ҳикоя қилади. Ибн Халдун элиталарнинг циклик алмашинишини кўрсатган.
Айнан халифаликдаги турғунлик жараёни шунга олиб келдики, давр талабларига мос равишда жавоб бера олмайдиган одамлар ҳокимият тепасига чиқиб қолди. «Нима сабабдан мусулмонлар дунёвий фанларда ортда қолмоқда» мақоласида китоб босиб чиқариш иши ва унинг айнан юқоридан келган қабул қилмаслик билан мисол келтирилди - бу элиталар ўз ҳаракатларининг оқибатларини ва ўзгариш зарурлигини тушунмаганларига оддий намунадир.
Агар бу элиталар назариясини умумжахон жараёнларига нисбатан ҳам қўллайдиган бўлсак, маҳаллий элиталар билан бир хил мақсадларни, чунончи, ўзини борича асраш, такрор ишлаб чиқариш ва уларнинг ўрнини эгаллашга ҳаракат қилувчи контрэлитага қарши курашни кўзлайдиган «жаҳон элиталари»ни ажратиб кўрсатиш мумкин. Бир пайтлар мусулмонлар «жаҳон элитаси» бўлган, лекин бу мақом аллақачон қўлдан бой берилиб, бошқаларга ўтиб кетган. Шу сабабли исломнинг ва мусулмонларнинг ривожланишини бостиришга қаратилган, ташқаридан йўналтирилган ҳаракатлар биз таърифлаган жараён мантиқига тўлиқ мос келади, лекин бу ҳамма сабаб бизнинг ташқи душманларимизга қаршилик кўрсатишда деганимикан? Шубҳасизки, йўқ, боз устига, элиталар алмашинуви дунё миқёсида рўй берган ва рўй бермоқда, демак, имконият бизда ҳам бор.
Жамият учун кескин ўзгаришлар пайти бўлган фурсатларда, илгари мавжуд бўлган элита ўз нуфузини йўқотганда шаклланадиган вазият элитаси энг самаралидир. Вазият элитаси шу фонда қарор топиб, таклиф қилинаётган ғоялар ва ечимлар долзаблигини асослаб бериб, жамият учун фойда келтиришини исботлайди. Тарихан шундай юзага келганки, вазият элитаси вақт ўтиши билан номенклатура элитасига (бундан олдинги тарихий даврларда – сулолавий) айланади. Бу кейинги инқирозлар билан элиталарнинг таназзулга юз тутиши муқаррар дегани эмасми? Ибн Халдуннинг фикрига кўра, йўқ, асабияни давом эттириш, демак, элиталар таназзулини тўхтатиш мумкин. Буни динга (тўғри талқинда) ёки тўғри мафкуравий тизимга риоя қилган ҳолда амалга ошириш мумкин. Элиталарнинг тинч йўл билан алмаштирилиши жамият саломатлиги учун зарур деб ҳисобланади. Юқорида келтирилган рошид халифалар мисолида бу тамойилга риоя қилинади – ўша пайтлар мусулмонлар кенг оммаси учун ҳаммабоп бўлган ижтимоий ҳаракатчанлик халифаликнинг гуллаб-яшнаши ва умумий муваффақият йўлида карвонбоши бўлиб, янги миллат фаровонлиги ўсишининг асосий манбаларидан бирига айланди. Мана шу тамойил ҳозирги кунда кўплаб ислом давлатларига етишмаяпти, чунки интеллектуал ислом элитаси ва сиёсий ҳокимият ўртасида Усмонийлар салтанати қулагандан сўнг вужудга келган ва ҳанузгача бартараф қилинмаган катта узилиш мавжуд. Эҳтимол, бу муаммонинг битта универсал ечими йўқдир, лекин асосийси – сенинг фикринг фақат «Қуръон ва суннат» бўлган сектантликка тушиб қолмасликдир.
Қачонлардир мен бу мавзуда мақола ёзгандим, энди эса уни давом эттиришга қарор қилдим, чунки мавзу жуда чуқур ва менда бу мавзуда янги фикрлар тўпланиб қолди. Шундан бошлаш керакки, бу каби инқирозга нафақат ислом, балки у ерда ҳам элиталар сифати муаммоси мавжуд бўлган Ғарб ҳам дуч келмоқда. Замонавий элиталар шаклланиши қандай рўй беради? Ёки, янада умумий вариантда, замонавий инсоннинг шаклланиши қандай рўй беради?
Ибн Халдун таърифлаган механизмлар тарихда қолди, фан-техника тараққиёти инсоният жамияти тузилишини тубдан ўзгартирди, энди шаҳар (муқим) маданияти ва очиқ (кўчманчи) маданияти антагонизми йўқ, ҳокимият тез-тез қонсиз равишда қўлдан-қўлга ўтмоқда, Иккинчи Жаҳон урушидан кейин Ғарб дунёсида биронта ҳарбий тўнтариш ёки инқилоб бўлмади (60-йиллардаги талабалар тартибсизлиги ҳисобга ўтмайди). Аксинча, ҳокимият куч ишлатиш йўли билан ўзгарадиган минтақаларда (Лотин Америкаси, Яқин Шарқ, Африка) асабия кучи ўсиб бораётган янги қудратли сулолалар вужудга келмайди, энди у қолоқлик ва давом этаётган сиёсий инқирозлар белгисидир. Мардлик, қатъият, жасурлик, олий мақсад йўлида ўзини қурбон қилишга тайёрлик каби элиталарни шакллантириш учун илгари зарур бўлган фазилатлар эса бугунги постиндустриал истеъмол жамиятида кераксиз бўлиб қолмоқда. Агар барча бу хислатларни олиб ташлайдиган бўлсак, нима қолади?  Ўзига ишончи бўлмаган ёки мунтазам ўйин-кулги излайдиган, масъулиятни ўз зиммасига олишни истамайдиган, ўзини ҳаммадан юқори қўядиган “абадий” тинэйджер қолади [1]. Яъни, одам вояга етиш, етук ва масъулиятли шахсга айланишдан тўхтайди.
Замонавий жамиятга биринчи ўринда “абадий” истеъмолчи керак, олий таълим сифатининг пасайиб кетганлиги ҳам шундан келиб чиқади, чунки ўқимишли, масъулиятли одам кераксиз миқдорда ақлсиз истеъмол қилмайди, демак, у иқтисодий жиҳатдан фойдасиз ва сиёсий жиҳатдан хавфли. Бундан ташқари, агар туғилиш даражаси ҳамма жойда пасайиб, аҳолининг ўртача ёши ўсиб бораётган бўлса, у ҳолда онг инфантиллиги (етилмаганлиги) тобора қариб боради, масалан, видео-ўйинлар ва компьютер ўйинчининг ўртача ёши 30 дан ўтиб бўлган. Қаришдан тўхтаган ва экранлардан бизга “абадий” ёш бўлиб кўринадиган оммавий маданиятнинг замонавий «юлдузлари»га назар ташлаш мумкин, салобатли, донишманд қарияларнинг образи деярли ғойиб бўлди, уларнинг ўрнини яна ўша «кекса тинэйджер»лар эгаллаган.
Улғайиш жараёни ҳар доим болалик даврининг поёнига етиши, дунёни ва ўзини англаш билан боғлиқ бўлган баъзи психологик жароҳатлар билан боғлиқ бўлган. Анъанага кўра, у 15-25 ёш даврида содир бўлган, агар инсон экзистенциал [2] шаклланишнинг бу ёш давридан ўтмаса, у келажакда тўлақонли етук, ўзини ўзи таъминлайдиган шахс бўла олмайди ва уни амалда ўзгартириб бўлмадиган шу “абадий” тинэйджер бўлиб қолаверади. Ўзини бировга кераксиз ва шахсий камол топмаган деб ҳис килиши туфайли замонавий шаҳар аҳолисида кузатилаётган оммавий депрессиялар, психозлар ва неврозларнинг сабабларидан бири мана шунда. Бошқа томондан, бу узоқ давом этаёган инфантилизм [3] танқидий фикрлай олмайдиган, ўзини ва атрофдаги воқеликни тўғри идрок эта олмайдиган – обскурантизмгача [4] - кўплаб одамларнинг пайдо бўлишига олиб келади.
Албатта, ўтган даврларга ҳам катта ёшдаги аҳмоқ ва жоҳиллар кўп бўлган, лекин ўшанда аниқ иерархия мавжуд эди, бу одамлар ҳукмрон синф бўла олмасди, чунки элита ҳар доим озчилик бўлади ва биз охирги мақолада бу ҳақда ёзган каби, жамиятни айнан улар бошқаради. Ушбу иерархиянинг йўқ қилиниши билан биз шунга ўхшаш вазиятга эга бўламиз, чунки инсоннинг табиати туфайли ҳамма ҳам элита бўла олмайди, интеллектуал, ахлоқий стандартлар пасайтирилади ва охирида биз жоҳил, инфантил катталар оммасига эга бўламиз. Бу, айниқса, ҳар қандай иерархия йўқ бўлиб кетган, ҳар ким хоҳлаган нарсасини гапирдиган, деярли ҳеч қандай объектив баҳо бўлмаган, лекин ҳамма жойда қандайдир шарҳловчиларнинг, кўпинча аноним фикрлари бўлган интернет мисолида яққол кўзга ташланади.  Мактаб болалари ва ўсмирлар маданияти эса мемлардан тортиб, миллионлаб обуначилар ва миллионлаб доллар даромадга эга бўлган YouTube сайтида ёш блогерлар билан якунланувчи интернетдаги трендларни белгилаб бера бошлади.
Бундай тенденцияга на бир мисол – олий таълим сифати ва нуфузининг пасайиши, институт ёки университетни тамомлаганлик ҳақида диплом катта истиқболларни кафолатлай олмайди, ОТМда ўқишнинг ўзи энди элитага қўша олмайди. Буларнинг барчаси ислом дунёси учун ҳам, фақат ўз маданият хусусиятлари бўлган Ғарб учун ҳам хос, фақат шуни айтиш кераккки, Ғарбда элитани шакллантирадиган структуралар ҳали сақланиб қолган. Улар қаторига Гарвард, ёпиқ сиёсий ва бизнес-клублар киради, яъни у ерда энг яхши кадрлар танлаб олиш ва элиталарни янгилишга хизмат қиладиган «ғалвирлар» сакланиб қолган. Бундай элиталар жуда кучли гуруҳига неоконсерваторлар, ёки қисқача қилиб айтганда «неокон»лар киради, АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп шу гуруҳга тегишли бўлган,  агар унинг таржимаи ҳолига назар ташайдиган бўлсак, унинг бу «ғалвир»лар барчасидан ўтганлигини кўриш мумкин.
Биз, мусулмонлар, қандай қилиб ўз элиталаримиз сифатини оширишимиз ва бу элиталарни шакллантирадиган ёшларимизга инфантиллик жараёнини тўхтатишимиз мумкин? Шундай бошлаймизки, интернетда камроқ вақт сарфлаш ва сарфланадиган вақтни сифат жиҳатидан бошқача тарзда сарфлаш керак. Бир қарашда,
рақамли ўйин-кулгига қарамлик ва ёш авлоднинг интеллектуал ва ахлоқий салоҳиятининг сифатли ёмонлашуви ўртасидаги боғлиқлик кескинлашиши мумкин, аммо бу фақат биринчи қарашда. Бу соҳадаги замонавий тадқиқотлар шундан далолат берадики, болалик чоғиданоқ гаджетлардан мунтазам фойдаланиш ракамли аутизмга олиб келади, бу янги ташхис, эҳтимол, тез орада ҳақиқий эпидемияга айланиши мумкин.
Машҳур психиатр Александр Курпатов Давосда бўлиб ўтган иқтисодий форумда ёш авлодни ёппасига рақамлаштиришнинг салбий оқибатлари ҳақида гапиради. Агар унинг маърузасидан хулоса чиқарадиган бўлсак, гаджетлар билан ҳаддан ташқари кўп вақт ўтказиш «клип фикрлаши» шаклланишига, яъни маълумотларни фақат визуал образ орқали идрок қилишга, катта ҳажмдаги маълумотларни танқидий фикрлаш ва таҳлил қилишга қодир эмасликка олиб келади. Инстаграм постлари ва Тик-ток клипларида улғаядиган ёшлар танқидий фикрлашни ўрганмайди, одамлар билан юзма-юз мулоқот қила олмайди, уларнинг бутун ҳаёти улар атрофида қурилган смартфонларига қарам бўлиб қоладилар. Оқибатда биз ўзини таъминлай оладиган катта ёшдагилар кўникмаларини ўзлаштира олмайдиган ўша “абадий” ўсмирларнинг эси паст, эмоционал беқарор, депрессияга мойил, худбин авлодига дуч келамиз.
Смартфон ва интернетнинг ўзи ёмон эмас, лекин улардан фойдалана олиш ва фойда олишни билиш керак, масалан, кундалик фойдаланишни уч соат билан чеклаш керак; катта миқдордаги ахборотни таҳлил қилишни ўрганиш, ва, энг муҳими, – ўқишни давом эттириш лозим, чунки замонавий дунёда таълим ва мустақил таълим жараёни узлуксиз бўлади ва бу борада интернет деярли идеал ёрдамчи бўлади.
Қуйида интернетдан фойдаланиш ва рақамлаштиришнинг ўсишига бағишланган 2019 йил учун тадқиқот маълумотлари келтирилган. Бу маълумотлар қувонарли эмас: биринчидан, кўплаб юзерлар интернетдан кунига олти соатдан ортиқ фойдаланади, иккинчидан, энг фаол юзерлар қаторидан ислом мамлакатлари аҳолиси ҳам ўрин олган, учинчидан, энг кўп фойдаланиладиган контент – қисқа видеолар. Яъни келажакда бизни катта ёшдаги эси паст ўсмирлар тобора кўпроқ қуршаб олиш эҳтимоли юқори. Чин дилдан умид қиламизки, бизнинг ўқувчиларимиз улар қаторига кирмайди, чунки бизнинг асосий вазифаларимиздан бири ўқувчиларимизнинг интеллектуал даражасини оширишдан иборат.

--------------

[1] Тинэйджер (ингл. teenager – ўсмир) – 13-19 ёшдаги йигит ёки қиз.
[2] Экзистенциал – яъни ўз мавжудлиги, борлиқ мазмунига эга бўлмайди.
[3] Инфантилизм (латин. infantilis – болаларга хос) – режалаштиришда этилмаганлик, хулқ-атвор ёки жисмоний қиёфада олдинги ёш босқичларига хос хусусиятларнинг сақланиб қолиши.
[4] Обскурантизм (латин. obscurans «қоронғилаштирувчи»), жаҳолатпарастлик – таълим, фан ва тараққиётга душманлик.

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Долзарб мавзу
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase