close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Atlantico (Франсия): Европа Туркияга ютқазиб бўлдими?

Афина Туркиянинг Шарқий Ўрта Ер днгизидаги ҳаракатлари мавзусида ЕИ шошилинч саммити ўтказиш ниятида. Президент Эрдўған ўзининг "гегемоник режалари" билан Европага қандай таҳдид солаётгани ҳақида Яқин Шарқ бўйича эксперт Ардаван Амир-Аслани «Атлантикога» берган интервьюсида гапириб берди.

Греция Бош вазири Кириакос Мицотакис девонхонасида хабар қилишларича, Греция Анқара Афина билан низолашаётган денгиз зонасига углеводород қазиб олиш билан шуғулланувчи турк кемасини юборгач, Туркия бўйича фавқулодда Европа Иттифоқи саммити ўтказишни истайди. Европа Иттифоқи бугун Эрдўғаннинг Ўрта Ер денгизидаги гегемоник режаларига қарши бирор иш қила оладими?

Ардаван Амир-Аслани: НАТО да Туркия европаликлар учун тобора «ноқулай» иттифоқчига айланиб боряпти. Сиёсий қийинчиликлар туфайли (Адолат ва тараққиёт партияси 2019 шаҳар сайловларида биринчи марта жиддий мағлубиятга учради, хусусан Истанбул, Анқара ва Анталияда ютқазди) ва COVID-19 пандемияси фонида иқтисодий инқироз, Президент Режеп Таййип Эрдўғаннинг аввалги шукуҳи сезиларли даражада сусайди. Шунинг учун провокация санъатини яхши билган турк раҳбари дипломатик саҳнани жамоатчилик фикри ва сайловчиларни ўз томонига жалб қилиш учун асосий жанг майдонига айлантирди.
Эрдўған узоқ вақт давомида расмий риторикада ҳар томонлама идеаллаштирилган Туркиянинг аввалги буюклигини тиклаши мўлжалланган "нео-Усмоний" деб аталадиган миллатчи лойиҳага азалдан раҳбарлик қилиб келади. Малумот ўрнида, Эрдўған дунёвий мероси аста-секин йўқолиб бораётган Отатуркдан кўра, Меҳмед Фотиҳдан кўпроқ ўрнак олади. Жуда диндор турк раҳбари аста-секин динни жамоат маконига қайтарди. Туркиянинг Сурия ва Ливия можароларига аралашуви, Грецияга тегишли сувларидаги маневралар ва Ая-Софияни (Отатурк қарори билан 1934 йилдан бери музей эди) масжидга айлантириш ҳақидаги сўнгги қарор, Туркияни Саудия Арабистони ёки Миср ўрнига мусулмон дунёсининг етакчиси қилиш орзусини акс эттиради. Бу тажовузкор ташқи сиёсат айниқса Ўрта Ер денгизида, Шарқ ва Ғарбнинг, насронийлик ва исломнинг анъанавий чегарасида яққол кўзга ташланади. Ўтмишда у Усмонийлар империясининг таъсир ҳудуди бўлган. Туркиянинг Шарқий Ўрта Ер денгизи ва Ливиядаги (Марказий Африкадан миграция оқимларининг стратегик нуқтаси) фаол ҳаракатлари Жанубий Европа ва, биринчи навбатда, Европа Иттифоқи ва НАТО аъзоси бўлган Грецияга бевосита таҳдид бўлиб келмоқда. 2014 йилдан бошлаб агар унинг экспансиясига тўсқинлик қилса, Европага "қўйиб юбориш" билан таҳдид солаётган Анқара 6 миллион қочқин билан шантаждан ҳар томонлама фойдаланиб келмоқда.
Буларнинг барчаси бу провокацияларга тегишлича жавоб бермаётган НАТОга бўлган ишончга жиддий зарбадир. Шу билан бир вақтда, Шимолий Атлантика иттифоқи Россиядан техникалар сотиб олиш ва Критда иттифоқдош француз фрегатларига тўпларни йўналтиришдан уялмаётган Туркиянинг ишончсиз эканлигини жуда яхши тушуниб турибди. Туркия унинг иттифоқчиси Россиянинг қўшнилари бўлмиш Польша ва Болтиқбўйи давлатлари учун мудофаа режаси бўйича музокараларни бир неча ой давомида тўхтатиб қўйди. У очиқ-ойдин сиёсий ёки тарихий сабабларга кўра Исроил, Арманистон ва Миср каби мамлакатлар билан ҳамкорлик муносабатларига қарши ва Шимолий Атлантика иттифоқидан бир қатор курд айирмачи гуруҳларини террористик ташкилотлар рўйхатига киритишни талаб қиляпти (ҳозиргача муваффақиятсиз), гарчи улар Сурия ва Ироқда "Исломий давлат" ва "Ал-қоида"га  қарши курашда Америка Қўшма Штатлари ва Европанинг қимматли иттифоқчилари бўлса-да. Нима бўлганда ҳам, НАТО фалажликда (бу қисман унинг консенсусга асосланган ички амалиёт қоидаларига боғлиқ) ва Туркия бўйича аниқ стратегия ишлаб чиқа олмайди.

— ЕИ нинг бу таҳдидларга реакцияси сустлиги нималар билан боғлиқ?

— Ўйлайманки, бунинг бир нечта сабаби бор, хусусан, европаликларнинг Туркия ЕИга аъзо бўлиб кириши ҳақида музокараларни чўзиб юборганлиги учун виждон азоби. Бунга жавобан Эрдўған аста-секинлик билан Ғарбдан узоқлашди, 2016 йил муваффақиятиз якун топган давлат тўнтаришига уринишдан кейин унинг позицияси янада кескинлашди. Аё-Софиянинг масжидга айлантирилиши унинг Европа қадриятлари билан алоқаси узил-кесил узилганлигидан далолатдир.
Нима бўлганда ҳам, ўйлайманки, Европа Иттифоқи биринчи навбатда, парадигма ўзгариши туфайли Туркияни кўрган заҳоти қотиб қоляпти. Бугунги кунда энг хавфли душман энг яхши армия ёки энг моҳир дипломатияга эга бўлганлар эмас, балки можаронинг молиявий ва айниқса гуманитар харажатларини қабул қилишга тайёр бўлганлардир. Европаликлар жуда бошқача менталитетга эга, менимча, бу уларни заифлаштиради ва уларнинг Яқин Шарқдаги умумий сиёсий стратегиясида акс этади. Бу июнь ойида Туркия ҳам унга аъзо бўлган НАТО денгиз қўриқлаш миссиясида иштирок этган француз фрегатига қарши турк агрессиясидан кейин аниқ кўзга ташланди. Жавоб бериш ўрнига, Франция операцияда иштирок этишни тўхтатишга қарор қилди. Бу ўз заифлигининг даҳшатли тан олинишидир!
НАТО аъзолари вазиятдан яхши хабардор, аммо Европа, Осиё ва Яқин Шарқ чорраҳасида жойлашган бундай муҳим стратегик иттифоқчига қарши ҳеч нарса қилишга журъат эта олмайди. Эммануел Макрон 10 июнь кунги воқеадан сўнг Туркияга қарши фронт тўплашга муваффақиятсиз уринганида бу яққол кўзга ташланди. Уни 30 мамлакатдан фақат 8 таси қўллаб-қувватлади. Бизда АҚШ НАТО воситасида Европа хавфсизлигини кафолатлаши унутиб қўйилмоқда. Ҳар ҳолда, шундай тахмин қилинади. Бироқ, американинг жаҳон ишларидан умумий чекиниши ва Трампда трансатлантик алоқаларга қизиқиш йўқлиги ҳисобга олинса, бугунги кунда бу Иттифоқнинг қанчалик қимматли эканлиги саволлар туғдиради. Европаликлар буни инобатга олиб, ўз хавфсизликларини ўзлари таъминлашлари керак. Европа мудофаа жамғармаси шу мақсадда яратилган, бироқ 2021-2027 йиллар учун унга атиги 7 миллиард евро ажратилган, бу эса бошланғич режалардан анча кам. Таққослаш учун, Франция мудофаа бюджети фақат 2020 йилнинг ўзи учун 37,5 миллиард еврони ташкил қилади. Бу европаликларнинг мудофаа ва мухторият нуқтаи назаридан ҳақиқий режалари ёки реализми йўқлигини кўрсатади.

— ЕИ ҳозир Эрдўғаннинг Ўрта Ер денгизидаги гегемоик режаларига қарши бирон нима кила оладими?

— Ҳа, албатта, Юбер Ведрин (Hubert Védrine) айтганидек, «стратегик летаргия»дан чиқиш шарти билан. Туркиянинг фаолияти бевосита таҳдид соладиган илк Европа мамлакати бўлган Греция бу уйғониш ортида ҳаракатлантирувчи кучга айлангани ва бу масалада Европа саммитини талаб қилаётгани бежиз эмас. Кечагина Туркия яна Эгей денгизидаги юнон сувларига сейсмик тадқиқот кемасини жўнатди. Дунё аниқ таҳдид остида, лекин Европа Иттифоқи ҳамон сусткашлик қиляпти. Вазият шу даражага бориб етдики, Греция яқинда дипломатик алоқаларни тиклаган кутилмаган дипломатик ҳамкорга – Сурияга юзланди. Дарвоқе, бу «Хриси Авги» ультр-ўнглар партиясининг талабларидан бири эди. Суриядаги собиқ юнон елчиси Таисия Афанасиу май ойида Сурия масаласи бўйича махсус вакил этиб тайинланди, бу мамлакатда элчихона очиш учун тайёргарлик босқичи эди.
Бу яқинлашишни геосиёсий ва тарихий сабабларга кўра тушуниш осон. Суриядаги фуқаролар урушига қарамай, мамлакатлар Асад режими учун жуда муҳим иқтисодий алоқаларни сақлаб қолди (хусусан, бу фосфатлар савдосига тегишли). 14-асрдан бошлаб Антиохия Православия маркази бўлиб, кўпчилик православ юнонлар Башар Асадни Сурия насронийларининг ҳимоячиси деб ҳисоблашади. Бу Ая-Софиянинг масжидга айлантирилиши Туркиядаги юнонлар озчилигини ҳавотирга солган бир пайтда жуда муҳимдир. Ўрта Ер денгизи ўз манфаатлари умумий душманга қарши Греция-Сурия иттифоқи жуда табиий кўринади, гарчи бу Америка Қўшма Штатлари ва Европалик қўшнилардан Грецияни изоляция қилиши мумкин бўлса-да. Греция диктаторлик режимидан ёрдам сўрашга мажбур бўлиши Европа дипломатияси учун жуда ёмон белгидир. Лекин, эҳтимол, бу ниҳоят европаликларни ҳаракат қилишга мажбур қилади. Уларнинг барчаси турклар таҳдидидан хабардор бўлиб, консенсус ишлаб чиқиш ва турк агрессиясига жавоб бериш учун прагматизм ва жасорат кўрсатиши керак.

Ардаван Амир-Аслани (Ardavan Amir-Aslani), адвокат, публицист, Якин Шарқ бўйича эксперт.

Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин

 

 

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Долзарб мавзу
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase