close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Адана келишуви: бу нима?

Сўнгги бир неча йил ичида, айниқса сўнгги ҳафталарда ва кунларда Адана келишуви қулоққа кўп чалинмоқда. Айнан шу келишув туркларнинг Суриядаги операциясини қонунийлаштирадиган асосий омил бўлди. «1998 йил Аданада имзоланган Туркия-Сурия келишуви Анқарага Сурия ҳудудидан таҳдид бўлган тақдирда ҳарбий операция ўтказиш ҳуқуқини беради», - изоҳ берганди Эрдўған  шу йил бошида.

Адана келишуви нима? Бу Туркия ва Сурия ўртасида 1998 йил Туркиянинг Адана шаҳрида имзоланган ва икки давлатни уруш ёқасига олиб келган кескинликни бартараф этган келишувдир.
Сурия-Туркия муносабатлари Биринчи Жаҳон уруши тугаганидан ва Усмонийлар салтанатининг икки вориси бўлган Сурия ва Туркия ўртасидаги чегаралар демаркация қилинганидан бери кескинлашди.
1990-йилларда Туркия ҳукумати Туркиянинг шарқида бошланиб, Суриядан оқиб ўтиб, Ироқда тугайдиган Евфрат ва Дажла дарёларида - Сурияга сув оқиши ва унинг қишлоқ хўжалигига таҳдид соладиган улкан тўғон тизимини қуришга қарор қилганидан сўнг кескинлик энг юқори нуқтасига чиқди.
Бунга жавобан Сурия ҳукумати Туркия ичкарисида партизан уруши олиб борган Суриядаги сепаратистик марксистик гуруҳ - Курдистон ишчилар партиясини (КИП) қўллаб-қувватлашни кучайтирди.
Адана келишуви Миср ва Эроннинг воситачилик ҳаракатларининг натижаси эди ва Туркиянинг Сурия КИПни қўллаб-қувватлашини тўхтатиши, гуруҳни террористик ташкилот деб эълон қилиши ва унинг етакчиси Абдуллоҳ Ожаланни мамлакатдан чиқариш талабини қондирди.
Кейинроқ Ожалан Сурияни тарк этганидан кейин турк разведкаси томонидан қўлга олинди. У умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган бўлиб, ҳозирда Туркия қамоқхоналаридан бирида жазони ўтамоқда.
Келишувда, шунингдек, Туркия ва Суриянинг ўзаро битим тузиши, унинг доирасида ҳар икки давлат бир-бирининг хавфсизлигига таҳдид туғдирадиган ҳарбий ҳаракатларда қатнашмасликлари керак.
Ушбу келишув техник жиҳатдан ҳали ҳам кучга эга бўлса-да, 2011 йилда Суриядаги фуқаролар уруши бошланганидан бери, Туркия Анқара ва Дамашқ ўртасидаги дипломатик алоқаларни жиддий равишда бузган диктатор Башар Асадни ҳокимиятдан четлаштиришни талаб қилмоқда.
Россия - Асаднинг содиқ иттифоқчиси - сешанба куни президентлар Владимир Путин ва Ражаб  Тойиб  Эрдўған ўртасидаги учрашувда Сурия-Туркия ўртасидаги ҳар қандай яқинлашув Адана келишувига асосланиши кераклигини таклиф қилди.
Бироқ, кўплаб таҳлилчиларнинг фикрига кўра, ушбу таклиф жиддий тўсиқларга эга.
Чоршанба куни Туркия ташқи ишлар вазири Мевлют Чавушўғли  Асад ҳукумати Адана келишуви шартларини амалга оширишга «қодир эмас»лигини маълум қилди.
Келишувга кўра, Туркия Сурия билан чегарадан 5 км масофагача КИП жангариларини таъқиб қилиш ҳуқуқига эга, лекин турк қўшинлари у ерда узоқ вақт қолиши мумкин эмас.
Сешанба куни Эрдўған ва Путин Суриянинг шимолий-шарқий қисмида «хавфсиз ҳудуд» ташкил қилиш ҳақида келишиб олдилар, энди КИП билан боғланган Халқ мудофаа отрядлари жангарилари кенг ҳудудни тарк этишга мажбурлар.
«Агар Сурия ва Туркия жорий вазиятга нисбатан Адана формуласини қўллайдиган бўлса, бу Туркиянинг манфаатларида бўлмайди, чунки унинг ҳарбий иштирокини чеклайди ва Асаднинг режимини тан олишга мажбур қилади», - деди Қатардаги Араб сиёсий тадқиқотлар марказидан суриялик эксперт Жамол Барут.
Барутнинг айтишича, агар икки мамлакат ҳеч қандай ўзгаришларсиз Адана бўйича келишув имзолашга розилик билдирса, бу Асад режимининг КИП жангарилари билан алоқаларини қийинлаштиради, ваҳоланки улар ҳозир Суриянинг шимолий қисмида Туркиянинг ҳарбий компаниясига жавобан бирлашдилар.
«Агар Адана формуласидан фойдаланилмаса, Сурия ҳудудлари ичкарисидаги ҳозирги турк операцияси суверен давлат ҳудудига агрессиядан бошқа маънони англатмайди», - деди Москвадаги суриялик таҳлилчи Маҳмуд ал Ҳамза.
Ал-Ҳамзанинг айтишича, Анқара Аданадаги келишувдан Суриядаги турк операцияларини қонуний асослаш учун фойдаланиши мумкин, чунки 1998 йилдаги келишувга биноан Сурия КИП жангариларига ўз ҳудудларини Туркия ичидаги ҳужумлар учун кўприк сифатида ишлатишни тақиқлаши шарт.
"Туркия ўз миллий хавфсизлигига таҳдид солмасликлари учун [курд қуролли гуруҳларини] ... чегарадан узоқлаштириш мақсадини яхши билади", дея қўшимча қилади у.
Таҳлилчилар фикрича, Туркия операцияларини давом эттириш учун Анқара ҳам Асаднинг Сурия устидан ҳукмронлиги қонунийлигини тан олиши керак.
Ал-Ҳамзанинг таъкидлашича, Россия Асад ҳукуматидан ягона қонуний куч сифатида қайта пайдо бўлиб, уруш натижасида вайрон бўлган мамлакатни қайта бирлаштириш имкониятига эга бўлишини истайди.
«Буларнинг барчасида энг кўп йўқотганлар, Сурия халқидан ташқари, курд қуролли гуруҳлари ҳисобланади, улар Суриядаги барча рақобатдош манфаатлар учун фойдалилигини тугатдилар», деди ал Ҳамза.
Бу ерда КИП билан бир қаторда Сурия мухолифати гуруҳлари ҳам ютқазишаётгани ҳақида гапиришга тўғри келади, чунки Асаднинг турклар томонидан тан олиниши уларнинг фаолияти учун ҳалокат билан тенг ҳисобланади.
Албатта, турклар Адана келишувини ўз фойдасига талқин қилишга ҳаракат қилишади. Аммо 1998 йилдан бери вазият қандай ўзгарганини тушуниш керак. Ўшанда Туркия кучли, Сурия эса кучсиз эди. Туркия томонида АҚШ ва Исроил (турк операциясининг бошланиши билан бир вақтда Дамашққа қарши иккинчи фронтни очишга тайёр эди) турарди. Бугун эса Дамашқ томонида душманларини бирма-бир йўқ қилаётган Москванинг кучи турибди. Туркияда шунчаки иттифоқчининг ўзи қолмади.
Буларнинг барчасидан келиб чиққан ҳолда, Адана шартномаси қайта кўриб чиқилмайди ёки унинг туркча талқини қабул қилиниши эҳтимолдан узоқдир.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Долзарб мавзу
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase