close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Исломий тафаккур: иймонсизлик ва экстремизм ўртасида (4)

2-қисм. Келинг, сабабларни излайлик
Экстремизмнинг сабаблари ва асослари

 Олдинги саҳифаларда биз экстремизмнинг моҳиятини тушунтириб, унинг аломатлари ва ажратиб турадиган жиҳатларини кўрсатгандик.
Шубҳасизки, экстремизм йўқ жойдан пайдо бўлмаган, унинг сабаблари ва асослари бор эди. Ахир маълумки, барча ҳодисалар ўз сабабларига эга бўлиб, гўёки қандайдир бир уруғдан ўсиб чиқади. Ҳодисалар улардан олдинги сабаблар ва асосларнинг натижаси ва оқибати саналади. Бу Аллоҳ томонидан яратилган нарсалар учун қонундир.
Бизнинг ҳолатларимизда, бу маълумотларга асосланиб, одамлар онгини экстремистик элементлардан даволаш учун зарур бўлган тиббий муолажалар тури ва сифатини аниқлаш учун сабабларни билиш жуда муҳимдир. Ҳар қандай касалликни муваффақиятли даволаш учун ташхис қўйиш керак, ташхис қўйиш учун касалликнинг ҳақиқий сабабларини аниқлаш керак. Шундай экан, экстремизмга ёки диндаги ҳаддан ошишга олиб келадиган сабаблар ва асосларни қидириб топамиз.

Экстремизмнинг сабабларига ҳар томонлама қараш

Ҳақиқатдан ҳам, экстремизмнинг сабаби фақат битта нарсада яширинмаган. Экстремизм сабаблари кўп бўлиб, одатда муаммони ўрганувчи тадқиқотчилар қилгани каби, ҳаттоки бу энг ёрқин бўлсада, фақат битта сабабни ўрганишга бор эътиборни қаратиш нотўғри бўларди.
Психологлар, айниқса, психоанализ мактаби тарафдорлари ҳар қандай ҳаракатни онг ва ост онгнинг ишлаши, соф психологик мотивлар билан боғлайдилар.
Жамиятшунослар барча воқеаларни жамиятнинг шахсга таъсири орқали кўриб, шахсни жамиятга тўлиқ бўйсунадиган қўғирчоқ сифатида намоён қиладилар.
Диалектик материализм тарафдорлари фақат ҳамма моддий нарсаларга аҳамият беришади. Уларнинг фикрича, тарихни моддий манфаатлар ва иқтисодий заруратлар ҳаракатга келтиради.
Умумий мувозанат назарияси тарафдорларининг ҳисоблашича, сабаблар ўзаро алоқадор ва бир-бири билан боғлиқ, уларнинг ҳар бири ўз таъсирига эга ва турли сабабларнинг таъсири турли объектлар учун турли хил оқибатларга олиб келади. Сабабларнинг йиғиндиси резонансли занжир ҳосил қилиши ва жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Аслида эса, биз кўриб турганимиз мураккаб ва чалкаш бўлиб, бир-бирини тўлдириб, бир-бирига кириб борадиган, узоқ ва яқин, бевосита ва билвосита, очиқ ва яширин турли хил сабабларга эга.
Уларнинг орасида диний, сиёсий ижтимоий, иқтисодий, психологик, мафкуравий ва аралаш сабаблар мавжуд бўлиб, аралаш сабаблар барча ёки бир нечта сабаблардан ҳосил бўлади.
Экстремизмнинг асосий сабаби субъект, унинг оиласи ва яқинлари билан муносабатлар бўлиши мумкин. Таҳлил қилиш ва чуқурлаштириш жараёнида, илдизнинг сабаби жамиятда, сўзлар ва амаллар, зарурат ва воқелик, дин ва сиёсат ўртасида, умидлар ва ҳақиқатда содир бўлаётган нарсалар, Аллоҳнинг қонунлари ва одам ихтиро қилган нарсалар ўртасидаги қарама-қаршиликларда эканлиги аён бўлиши мумкин. Агар бундай қарама-қаршиликларга кекса одамлар нисбатан осонликча тоқат қилсалар, ёшлар уларни жуда кескин қабул қилади ва узоқ вақт давомида уларга дош беришни истамайди.
Бунинг сабаби ҳокимиятнинг лаёқатсизлиги, ҳукумат ва мансабдор шахсларнинг амалдан ўз манфаатлари учун фойдаланиши, одамларнинг ҳуқуқларига зарар етказган ҳолда ўз манфаатларига интилишлари, Исломга нисбатан нафратли муносабати, ҳеч қачон учрашмайдиган ва ҳеч қачон кесишмайдиган иккита параллел текисликлар бўйлаб давлатнинг дин томон йўналишида бўлиши мумкин.

Диннинг моҳияти ҳақидаги билимлар заифлиги

Шубҳасизки, экстремизмнинг асосий сабабларидан бири диннинг моҳияти ҳақида яхши хабардор эмаслик, унинг табиатини тўлиқ тушунмаслик ва унинг сирларини чуқур бимаслик, унинг мақсадлари ва руҳига кириб боришнинг етарли эмаслиги ҳисобланади.
Бу ерда мен одатда экстремизмга олиб борадиган динни мутлақ билмасликни назарда тутмаяпман. Мен гарчи кўп нарсани билмасада, ўзини олимлар қаторига қўшадиган қисман маълумотларга эга бўлганларни назарда тутяпман. Бундай сохта олимнинг билимлари тизимлаштирилмаган ва тарқоқ занжирли боғичларга ўхшайди, юзаки бўлиб, чуқур кириб бормайди. У қисмларни яхлитликлар билан боғламайди, шубҳали нарсаларни ишончли нарсалар билан, тахминларни ҳақиқат билан таққосламайди; қарама-қаршиликларни боғлаш ёки далиллар ва гумонларни чамалаш учун у етарли маълумотга эга эмас.
Имом Абу Исҳоқ аш-Шотибийга Аллоҳ раҳмат қилсин. Бу олим ушбу муаммога ўзининг «Эътисом» китоби, 2-жилд 173-саҳифасида эътибор қаратган. У бидъат ва бузғунчиликнинг биринчи сабаби одамнинг ҳали зарур даражага етмаган бўлса ҳам, ижтиҳод қила олишига ишониши деб ҳисоблаган.
Бундай одам ўз фикрини илмий фикр деб, ўз норозилигини нотўғри деб ҳисоблайди, бу диннинг асосий масалаларига ҳам, иккинчи даражали масалаларга ҳам тааллуқлидир; мана энди биз уни юзаки мулоҳазаларга асосланган ҳолда умумийликни инкор қилиш учун хусусийликни оладиган ҳолда кўриб турибмиз. У моҳиятини тўлиқ англамасдан туриб, энг мураккаб нарсалар ҳақида ўз фикрларини билдиради. Бу Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламнинг саҳиҳ ҳадисида баён қилинган бидъатчидир. Имом Бухорий, Муслим ва Термизийлар Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ илмни одамлардан бир суғуриш ила суғуриб олмайди. Лекин илмни уламоларнинг (жонини) қабз қилиш ила чангаллаб олади. Токи олим қолмаганда, одамлар жоҳил бошлиқларни тутадилар. Бас, ўшалардан сўралади. Улар эса илмсиз равишда фатво берадилар. Шу билан ўзлари ҳам залолатга кетадилар, ўзгаларни ҳам залолатга кетказадилар», дедилар».
Айрим олимларнинг таъкидлашича, ушбу ҳадис мусулмонлар уларнинг олимлари томонидан эмас, дин масаласида билимга эга бўлмаган етакчилари томонидан зиёнга йўлиқишидан огоҳлантиради. Ушбу ҳадисга ўхшаш мақол ҳам бор: «Ишончли одам ҳеч қачон хиёнат қилмасди, лекин ишончсиз одамга ишониб қолди ва хиёнат қилди». Мақолга ўхшаш тарзда айтишимиз мумкинки: «Олим ҳеч қачон бидъатчи бўлмаган, лекин олим бўлмаган кишидан фатво сўради ва хато қилди».
Бир ҳикояга кўра, Малик ибн Аббос тўрт кун тинмасдан йиғлаган, шунда унга савол беришган: «Бошингга кулфат тушдими?» У жавоб берди: «Йўқ, лекин билимга эга бўлмаган одамдан фатво сўралди».
Дарҳақиқат, етарли бўлмаган билимлар ҳом хаёлларга берилиш ва ўзига ишониб кетиш билан биргаликда тан олинган тўлиқ нодонликдан камроқ зиён етказади, чунки кейинги ҳолат шунчаки нодонлик, биринчи ҳолат эса – мураккаб бўлиб, унинг қурбони ўзининг билимсизлигини англаб етмайди. Бундай нодонлик кўплаб кўринишларга эга бўлиб, уларнинг айримларини келтириб ўтамиз.

Матнларни тушунишда зоҳирийлар йўналиши

Кўпгина жоҳиллар матнларнинг яширин маъноларини тушунишда чуқурлашмасдан, уларнинг мақсадлари ва ниятларини англамай туриб, асл маъноларига риоя қилишлари ажабланарли эмас. Аслида, бундай одамлар Умматдан қутулганидан кейин "Зоҳирия" мактабининг қарашларини жонлантиради, холос. Бу мактаб ижтиҳодни рад этади ва Қаёсни инкор қилади.
Янги «Зоҳирия» мотивларни инкор қилиш, фойдалиликни ва мақсадларни писанд қилмасликда эски мактаб ортидан боради. У ибодатнинг барча турларини бир хил хусусиятларга кўра шундай ташкил этадики, уларнинг ҳар бири мотивлар ва яширин маънони изламасдан амалга оширилади. Эски ва янги мактаб ўртасидаги фарқ шундан иборатки, эски мактаб ўз йўлини очиқ эълон қилган, уни ҳимоя қилган ва ҳеч қандай оғишларсиз унга риоя қилган, янги оқим тарафдорлари, гарчи эски мактабнинг барча салбий томонларини ўзлаштирган бўлсалар ҳам, ўзларини зоҳирийлар деб тан олишмайди.
Мен ўзимни ибодатда фойда ва мақсадларга интилмасдан ибодат қилиш керак деб ҳисоблайдиган мусулмон олимлари қаторидан деб биламан. Бироқ, жамоатчилик билан алоқаларга келсак, бу ерда ҳар бир қоида жамият учун фойдали эканлиги билан мотивация қилинган бўлиши керак. Буни Имом аш-Шотибий таъкидлаган ва ўз нуқтаи назарини "Мувафақот” ва "Эътисом" китобларида шаръий далиллар билан тасдиқлаган.
Мусулмонларнинг камбағал қатламларини қўллаб-қувватлашга, жамият манфаати учун исломий ташкилотларни ташкил этишга пул сарфлаш Ҳаж амалини бажаришдан кўра муҳимроқдир ёки Ҳажни бажариш пайтида қурбонлик қийматига тенг садақа бериш, Аллоҳнинг тартиботига риоя килиб, қурбонлик келтиришдан афзалроқ дейиш мумкин эмас. Шунингдек, янги солиқлар Исломнинг учинчи устуни бўлган, Муқаддас Қуръонда ва Суннатда намоз ҳақида эслатиб ўтилгандан сўнг айтилган Закотнинг ўрнини эгаллаши ҳақидаги гаплар ҳам ҳақиқат эмас. Рамазон ойида рўза тутишни бошқа ойдаги рўза билан, жума намозини эса ҳафтанинг бошқа кунидаги намоз билан алмаштириш жоиз эмас.
Бироқ, бевосита ибодат қилиш билан боғлиқ бўлмаган нарсалар, масалан, жамиятдаги одамлар ўртасида ўзаро муносабатлар, анъаналар мотивларни, мақсадлар ва фойдалиликни излаб топиш учун таҳлил қилиниши мумкин, ахир, олимлар айтганидек, вазиятни қонунийлаштириш унинг мақсадга мувофиқлиги ва фойдалилигига боғлиқ.

Келинг, шариатнинг қуйидаги матнлари ҳақида ўйлаб кўрайлик:
1. Молик, Бухорий, Муслим ва бошқа ҳадис тўпловчиларнинг таъкидлашича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни кофирларнинг душман мамлакатларига олиб чиқилишини тақиқлаганлар.
Агар бу тақиқнинг мақсадини топишга ҳаракат қиладиган бўлсак, шуни кўриш мумкинки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам худосизлар Қуръонга шикаст етказиши ва уни таҳқирлаши мумкин эканлигидан хавфсираб, тақиқлашга мажбур бўлганлар. Мусулмон киши бундан ҳимоя қилинган ҳолатларда у исломий бўлмаган мамлакатга йўл олганда гуноҳдан қўрқмасдан Қуръонни ўзи билан олиб кетиши мумкин. Бундай амалиёт мусулмонлар орасида бугунги кунда кенг тарқалган. Турли мазҳаблар руҳонийлари вакиллари ҳозирги кунда уларнинг муқаддас китоблари яқинлашишни енгиллаштиришга интилиб, уларни дунёнинг барча қисмларида тарқатмоқда, ўз динини барча хоҳловчиларга етказмоқда ва унга даъват қилмоқда. Мусулмонлар ҳам бунда четда қолиб кетмасдан, Қуръон маъносини бошқа тилларга таржима қилмоқдалар.
2. Аниқ маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёл кишига эри, отаси, акаси ёки бошқа яқин қариндошлари (маҳрамлар) бўлмаган ҳолда саёҳат қилишни ман этганлар. Ушбу тақиқнинг сабабини топишга ҳаракат қилган ҳар бир киши, бу йўлда аёлнинг хавфсизлигидан ташвиш қилиш бўлганлигини кўради. Агар у ёлғиз ўзи саҳрога чиқса, уни дуч келиши мумкин бўлган хавфдан ким ҳимоя қилади?
Замонавий ҳаракат воситалари, масалан, самолетлар юзлаб одамларга бир мамлакатдан бошқа мамлакатга саноқли соатлар ичида бир вақтда ҳаракатланиш учун имкон беради. Бу ерда маҳрамлардан бири аёл кишини аэропортгача кузатиб қўядиган, бошқа бир маҳрам эса самолетни манзилда кутиб оладиган, парвоз давомида эса аёл маданиятли ва яхши одамлар қуршовида бўлса, аёл учун хавфсирашга ҳожат йўқ. Кўплаб олимлар эндиликда аёлларнинг маҳрамларсиз гуруҳ таркибида ёки бошқа аёл билан Ҳаж сафарига боришга рухсат этмоқда.
Эҳтимол, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тахтиравонда ўтирган аёл Ироқдан Каъба томон, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмасдан йўлга чиқиши мумкин бўлади деган саҳиҳ ҳадисда айтилган вақтлар келгандир.
3. Сафарга оид бошқа бир ҳадисда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам узоқ сафардан қайтган эркак кечаси ўз оиласига кириши ман этилгани айтилган. Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) ўзи бундай ҳолатларда кечаси уйга бормай, эртаси куни уйга кирардилар.
Олимлар бу тақиқда иккита мақсадни кўрганлар:
1. Эркак бехосдан бостириб келиб қолиб, уни фош қилишни хоҳлаган ҳолда ўз хотинини хиёнат қилганликда гумон қилганга ўхшамаслиги учун. Бундай шубҳалар Ислом томонидан маъқулланмайди, мусулмоннинг Исломда юқори мавқега эга бўлган никоҳ муносабатларидан шубҳаланиши жоиз эмас.
2. Турмуш ўртоғи тайёргарлик кўриш учун эрининг келиши ҳақида билиши керак. Бу ҳақида ҳадисда шундай дейилган: «Кечаси киришингиздан олдин, то сочи тўзиган тараниб олгунча, эри ғойиб бўлган устара ишлатиб олгунича муҳлат беринг». Бу узоқ сафар ҳақида фикр билдириш учун сабабдир.
Демак, айтишимиз мумкинки, ҳозирги кунда саёҳатчига кун ёки туннинг исталган вақтида ўз оиласига телеграф, телефон ёки бошқа алоқа воситалари орқали келиши ҳақида олдиндан хабар берган ҳолда ташриф буюриш мумкин. Бугунги кунда саёҳатчилар уйга қайтиш учун қулай вақтни ҳар доим ҳам танлай олмайди, чунки транспорт жадвалга қараб ҳаракат қилади ва йўловчиларни ушбу жадвалга риоя қилишга мажбур қилади. Қадимги вақтларда туя ҳайдовчиси уни хоҳлаганча тезлигини ошириш ёки пасайтиришни бошқариши мумкин эди.
Ўйлайманки, мотивларни айрим бевосита ибодатлардангина излаш керак. Закот бу қаторга кирмайди, чунки у бевосита ибодат эмас.
Агар дуо ва зиёратда фақат инсон ва Аллоҳ ўртасидаги муносабатлар мавжуд бўлса закот жамиятдаги молиявий-иқтисодий муносабатларнинг бир қисми ҳам ҳисобланади. Шу сабабли закот фиқҳ бўйича китобларда диннинг аркони бўлган бошқа ибодат турлари билан биргаликда ёдга олиб ўтилади ва шу билан бир пайтда закот иқтисодий, юридик ва сиёсий асрларда ҳам ёдга олиб ўтилади, ислом шариатида давлат ғазнасини тўлдиришнинг асосий манбаси ва ислом иқтисодий тизимининг асосларидан бири ҳисобланади. Фиқҳ уламолари закот тўғрисидаги қоидаларни асослаб, давлатнинг жамоат функцияларини бажара олиш қобилиятини таъминлаш зарурати сифатида унинг мажбуриятининг сабабини аниқладилар. Умум эътироф этилган мазҳаблар вакилларининг барча таниқли асарларида закот қоидаларига шариатдаги қоидаларни чиқиришнинг тўртта усулидан бири сифатида қиёс қўлланилади.
Аксарият олимлар уч сабабга кўра экин майдонларидан ҳосилнинг ўндан бир ёки йигирма қисми шаклида мажбурий закот бериш тўғрисидаги қоидани қабул қилдилар: мулкнинг кўпайиши, эгасининг мол-мулкини закот тўлаш орқали тозалашни исташи ва ер эгалари улар қаторига киритиладиган бойлар мулкида муҳтожлар ва қашшоқлар ҳуқуқи.
Айрим зоҳирийлар мен билан бу мавзуда баҳслашишди ва бир қарашда ушбу қоидага зид келадиган шариат матнини келтиришди. Мен савол бердим:
- Сиз қайси матнларда кўзда тутяпсиз?
- Ҳадис: «ўтинга ўхшаш нарсада ушр йўқ»
- Бу заиф ҳадис, ҳадис тўпловчиларнинг биронтаси уни саҳиҳ деб ҳисобламаган, демак у шариат қоидалари учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас. Бу ҳадисни имом Термизий келтириб ўтган бўлиб, уни заиф деб атаган ва деган: «Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан биронта саҳиҳ ҳадис йўқ».
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳосилдан закот олганликлари ҳақида ҳеч қаерда айтилмайди.
- Бунга менинг иккита жавобим бор:
1. Имом Ибн Арабий айтади: «Бу борада биронта нарсани бериш зарурати йўқ, ахир Қуръоннинг Анъом сураси бундай заруратдан хос этади: «ва йиғим-терим кунида ҳаққини беринглар» (Анъом, 141);
2. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақиқатда ҳосилдан солиқ олганларида, афтидан, уни ўзлари тўлаши учун бойларнинг виждонига ҳавола қилган бўлардилар, чунки ўша пайтларда мева ва сабзавотларни узоқ вақт бузилмасдан сақлаш қийин эди.
- Сен тўрт хил экин – хурмо, майиз, буғдой ва арпа ҳосилидан закотни чеклайдиган яна бир ҳадисни унутдинг.
- Бу ҳадис ҳам саҳиҳ мақомига эга эмас, бу ҳақида муҳаддис имомлар қарор қилганлар (қ. муаллифнинг «Фиқҳ Аз-Закот» асари, 1-қисм, 349-358-б.). Шу сабабли олимлар уни қабул қилмадилар. Қандай қилиб бу ҳадисни барча ҳосил турларидан закот тўлаш мажбуриятини белгилайдиган шариат матнларига қарши қўйиш мумкин. Масалан, Аллоҳнинг сўзлари: «Эй иймон келтирганлар! Касб қилган пок нарсаларингиздан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсаларимиздан садақа қилинглар» (Бақара, 267). Яна бир жойда: «У (ишкомларга) кўтариладиган ва кўтарилмайдиган боғларни, хурмо ва экинларни емагини хилма-хил қилиб, зайтун ва анорларни бир-бирига ўхшатиб ва ўхшатмай пайдо қилган зотдир. Мевалаган пайтида унинг мевасидан енглар ва йиғим-терим кунида ҳаққини беринглар» (Анъом, 141). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Осмон, булоқлар ёки ёмғир билан суғорилганлардан ушр, сув қўйиб суғорганлардан ушрнинг ярми», дедилар» (Бухорий).
Бу матнлар қайсидир қишлоқ хўжалик экинини бошқалар орасида ажратиб кўрсатмайди. Абу Ҳанифа, ундан олдин эса Умар ибн Абдулазиз бунга мойил эди ва бу ҳолат шариатнинг ҳикматига мос келади. Моликийлар мазҳабининг имоми, адолатли ва холис қози Абу Бакр ибн ал-Арабийдан Аллоҳ рози бўлсин, у «Қуръон қоидалари» ва «Аризат-ул-ахвозий» асарида «Осмон, булоқлар ёки ёмғир билан суғорилганлардан ушр» ҳадисга берган изоҳида Абу Ҳанифа мазҳабини бу масалада қўллаб-қувватлаган. У барча фикрларни ёритиб бўлгач, деди: "Абу Ҳанифа оятга худди гўё кўзгуга қарагандай қаради ва ҳақиқатни кўрди" ("Қуръон қоидалари", 2-жилд, 947-бет). Термизийнинг тафсирида у шундай ёзган: “Барча мазҳаблар орасида камбағалларга кўпроқ эътибор берадиган ва Аллоҳ раҳмати учун миннатдорчилик ифода этган Абу Ҳанифа мазҳаби бу масала энг ишончли далиллар келтирган. Ушбу мазҳаб вакилларининг фикри оятлар ва ҳадислар билан тасдиқланган ”(«Аризат-ул-ахвозий», 3-қисм, 135-бет).

Хулоса

Агар биз у ёки бу қоидани мотивация қилмасак, бир хил нарсани ажратиб, қарама-қарши нарсаларни бирлаштирган ҳолда хавфли қарама-қаршиликларга дуч келамиз, бу эса Аллоҳнинг қонунлари бизни чақирадиган йўл эмас. Тан олмаслигимиз мумкин эмаски, шариатнинг баъзи қоидаларида улар учун зарур бўлган фатволар чиқариш учун фойдали бўлган мотивларни топишга ҳаракат қилаётган шахслар бор, аммо бу объектив ҳақиқатни рад этиш учун сабаб бўла олмайди. Биз бу масалага ёндашишда эҳтиёткор ва эътиборлироқ бўлишимиз керак.

Шайх Юсуф Қарозовий
«Исломий тафаккур: иймонсизлик ва экстремизм ўртасида» китобидан
Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Долзарб мавзу
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase