«Экстремизм» тушунчасини таърифлаш бу – муаммони ўрганиш йўлидаги илк қадамдир. Ислом қоидалари ва шариат тамойилларига асосланмаган, фақат кимларнингдир фикри ва сўзларига асосан юзага келган муҳокамалар ҳеч қандай қимматга эга эмас. Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдида ҳеч ким биронта далил келтира олмайди, ахир Аллоҳ таоло айтадики: «Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтаринг» (Нисо чураси, 59).
Барча олимлар Аллоҳга мурожаат Унинг Китобига мурожаатни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат эса, унинг Суннатига мурожаатни англатади, деб якдил фикр билдирганлар.
Шариат билан бундай алоқасиз насраларга (Қуръон ва Суннатда бўлмаса), ёшлар кимники бўлишидан қатъи назар, фатволари ва далилларига эътибор қаратмайди.
Имом Шофеъий таассуби билан боғлиқ бир воқеа бор, бунга жавобан у шундай деган: "Агар Муҳаммаднинг оиласига муҳаббат таассуб бўлса, унда одамлар ва жинлар менинг рофизий (шиа мазҳабларидан бирининг аъзоси) эканлигимга гувоҳ бўлсинлар". (Имом Шофеъий аҳли байт ҳақида яхши сўзларни айтганларида уни Рофизий дейишган эди. Шунда Шофеъий:
"Лав кана мухиббу али л-байти рофизийян
фал-яъламис-сақолани анний рофизийю!!!"
Агар оли байтни севган киши Рофизий булса
Икки дунё билсин-ки, Мен Рофизийман!!! деган эдилар- Абу Муслим)
Ҳозирги кунда Исломга даъват қилаётганлардан бири: "Ё Аллоҳ! Агар Китоб ва Суннатни қўриқловчи реакционер бўлса, мени ҳаётда ҳам, ўлимда ҳам реакционер қилгин ва мени реакционерлар гуруҳида қайта тирилтир!" деган.
Ҳақиқат шундаки, "реакционизм", "фундаментализм", "экстремизм", "фанатизм" каби тушунчаларни таърифлаш жуда муҳим масала бўлиб туюлади, шунинг учун улар ҳар кимнинг кўнглига келиб қолган жойда эмас, балки тегишли ва ўринли равишда ишлатилиши керак.
Агар «диний экстремизм» тушунчасига таъриф беришни ҳар кимнинг ўзига қўядиган бўлсак, қанча одам бўлса, шунча таъриф пайдо бўлади. «Агар ҳақ уларнинг ҳавойи нафсларига эргашса, албатта, осмонлару ер ва улардаги кимсалар фасодга учрар эди» (Мўминун сураси, 71).
Иккита муҳим изоҳ:
Ушбу мавзу нуқтаи назаридан эътиборимизга муносиб бўлган иккита муҳим изоҳни келтириб ўтмоқчиман.
Биринчи изоҳ:
Инсон ва у яшайдиган жамиятнинг диндорлик меъёри унинг бошқаларнинг диндорлиги, уларнинг ҳаддан ошиши ёки мўътадиллиги ҳақидаги мулоҳазаларига таъсир қилади.
Шубҳасиз, агар киши жуда диндор бўлса ва у яшаётган жамият Ислом қонунларига қатъий риоя қилса, у динга нисбатан ҳар қандай бепарволик ва эътиборсизлик намоён бўлишига жуда салбий муносабатда бўлади. У ҳатто кимдир кечаси ибодат қилмаса ёки кун давомида рўза тутмаса, ҳайрон бўлиши мумкин. Бу ҳақида бир мақол бор: "Азизларнинг яхши ишлари - бу яқинларимизнинг гуноҳлари".
Шу ерда Анас бин Маликнинг тобеинлардан (саҳобалардан кейинги мусулмонлар авлоди) бўлган замондошларига айтган сўзлари эсимга тушиб қолди. «Сиз ўз назарингизда қилдан ҳам ингичка бўлган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида эса биз уларни ҳалокатли гуноҳ деб ҳисоблаган ножўя ишлар қиляпсиз!»
Оиша Лабид ибн Робиа ҳақида байт айтган: «Қарамоғига олганлар кетдилар, мен эса қўтирнинг териси каби ортда қолиб кетдим». Шундан кейин у хитоб қилади: «Аллоҳ Лабидга раҳм қилсин, бизнинг кунларда у қандай яшаган бўларди?»
Оишанинг ўлимидан сўнг унинг жияни Урва бин Зубайр у ҳақида байт айтади: «Аллоҳ Лабидга ва Оишага раҳм қилсин, агар улар бизнинг кунларда ҳам тирик бўлганларида нима қилган бўлардилар?»
Бироқ, бунга қарама-қарши равишда, ўз дини ҳақида жуда кам биладиган ва унинг қоидаларини бажаришга бепарволик билан муносабатда бўладиган одамларни кўрамиз. Бу одамлар шариат бўйича яшамаётган кишилар доирасида яшайди ва шариатнинг кўрсатмаларини минимал тарзда бажаришни ҳам фанатизм ва ҳаддан ошишнинг намоён бўлиши деб ҳисоблайди.
Улар диндан қанчалик узоқлашса, ўзи учун номаълум бўлган нарса ҳақида «бу рухсат этилганми ёки тақиқланганми, ҳалолми ёки ҳаромми» деб сўрайдиган, ўзини тақводорлик доирасида тутадиган ва дин ришталарини маҳкам тутадиган кишилардан шунчалик кўп ҳайрон қолади ёки ҳатто уларни танқид қилади.
Бизнинг мамлакатларимизда исломий исмлар ва ғарбона ақл билан яшайдиганлар сони кўп, улар шунчаки Аллоҳнинг амрига итоат этишни ҳам диний экстремизм деб ҳисоблайди!
Ёш йигитларнинг соқол қўйиши ва қизларнинг бошига рўмол ўраб юришини ҳам диний экстремизм деб ҳисоблайдиганларни кўряпмиз!
Динга ҳурмат-эҳтиром билдиришни, солиҳ ишларга даъват қилиш ва ёмон ишларни тақиқлашни диний экстремизм ва бошқа одамларнинг шахсий ҳуқуқларига тажовуз деб ҳисоблайдиганларни ҳам кўряпмиз.
Ҳокимиятни Аллоҳнинг шариати либосига буркаш ва ислом ерларида исломий давлат барпо этишга даъвтни диний экстремизм деб ҳисоблайдиганларни ҳам кўряпмиз!
Динга ишонмайдиганларни кофирлар деб аташ экстремизм ва фанатизмнинг бир кўринишидир, деб ҳисоблайдиганларни кўрамиз, гарчи диний эътиқоднинг асоси мўминнинг тўғри йўлда эканлиги ва унинг мухолифлари нотўғри йўлда эканлигига ишонч, ва бу ерда ноаниқлик бўлиши мумкин эмас бўлсада.
Иккинчи изоҳ:
Фиқҳда биронта кескин қарашни танлагани ва бу шариат нуқтаи назаридан энг тўғри ва дин шуни талаб қилади, деб ҳисоблагани сабабли одамни диний экстремизмда айблаш адолатдан эмас. Балким, бу одам ушбу ҳаракатларни бажариб, ўзини Аллоҳга яқинлашади, деб ҳисоблар. Буни айрим ҳадислар ҳам тасдиқлайди, уларда айтилишича, ортиқча тақводорлик амалларини бажарар экан, бандаси Аллоҳга то У яхши кўриб қолмагунга қадар яқинлашади. Ҳаёт ҳақиқатларидан бири шундаки, одамлар тақводорлик ва дунёвий ишларда фарқ қилади, уларнинг орасида енгиллаштирувчи ва мураккаблаштирувчилари бор. Саҳобалар орасида ҳам ибн Аббос каби кўнгилчанлар ва Умар (розиаллоҳу анҳулар) каби муросасизлар бўлган.
Бундай ҳолатларда мусулмон учун Суннатга эргашувчилар томонидан қабул қилинган мазҳаблардан бирининг қоидаларига ёки шариат далилларига асосланган тўғри ижтиҳодга таяниш кифоя. Агар баъзи мазҳаб асосчилари соқол ўстириш зарур ва уни олиш тақиқланган деб ҳисобласа, унда бу сизнинг фикрларингизга, ёки Заид ва Умарнинг қарашларига (шахсиятсиз мавзуларда ишлатиладиган идиотик ибора, рус тилида, Иванов ва Петров каби – таржимон изоҳи) ёки замонавий олимларнинг қарашларига зид бўлгани учун ушбу мазҳабга эргашган одамни экстремист деб ҳисоблаш мумкинми? Бировнинг нуқтаи назарини танлашига тўсқинлик қилиш ҳуқуқига эгамизми, айниқса у фақат бир кишига тегишли бўлса ва бошқаларнинг манфаатларига таъсир қилмаса.
Ўтмишдаги мусулмон олимларнинг аксарияти балоғот ёшидаги муслима қўл кафтлари ва юзидан ташқари бутун танасини ёпиб юриши керак ва уларни Аллоҳнинг каломидаги истисно деб ҳисоблаган: «Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, магар зоҳир бўлган зийнатлар бўлса (майли)» (Нур сураси, 31). Бу фикрни улар ҳадислар билан тасдиқлаганлар. Замонавий олимларнинг кўпчилиги ҳам шу фикрга қўшилади, улар қаторида мен ҳам борман, лекин аёл киши юзини ва кафтини ёпиб юриши шарт деб ҳисоблайдиган бир гуруҳ олимлар ҳам бор. Улар ўз фикрларини Қуръон оятлари ва ҳадислар билан асослайдилар. Покистон, Ҳиндистон, Саудия Арабистони ва Форс кўрфазининг бошқа мамлакатларидан бўлган олимлар ёш муслималарни бутун танасини ўраш, юзини ёпиш ва қўлқоп кийишга мажбурлайди.
Уларнинг кўрсатмаларига риоя қилган қизни ёки хотинидан ва қизидан буни талаб қиладиган эркакни экстремизмда айблаш мумкинми? Бизнинг фикримиз учун, экстремизм айбловларидан қочиш учун бировни ўз эътиқодидан воз кечишга ва жаннатни дўзахга алмаштиришга мажбурлашга ҳақимиз борми? Худди шу фикр мусиқа, ашулалар, тасвирий санъат ва фотография ҳақида, шунингдек, бизнинг уларникидан фарқ қиладиган ўз нуқтаи назаримиз бўлган бошқа мавзулар ҳақида ҳаддан ташқари кескин нуқтаи назарга эга бўлганлар ҳақида билдирилади.
Дарҳақиқат, биз ҳаддан ташқари кескинлик ва ортиқча инжиқлик намоён бўлиши деб ҳисоблайдиган нарсаларнинг кўпчилиги шариатда ва фиқҳда ўз асосларига эга бўлиб, айрим замонавий олимлар ўз фикрларида уларга асосланади. Аллоҳнинг марҳаматидан умид қилган ва Унинг жазоларидан қўрққан ёш авлоднинг бир қисми уларнинг изларидан бориб, замонавий кўйлак-шимлар ўрнига узун либос киймоқда, шимини тўпиғигача калталамоқда, аёллар билан қўл бериб кўришишдан ўзини олиб қочмоқда ва шу каби бошқа ишларни қилмоқда.
Шундай қилиб, биз мусулмон кишини унинг фикрига кўра, фоний ва боқий дунёда Аллоҳнинг розилигига олиб келадиган фиқҳдаги қарашларни қабул қилиб, мажбурий бўлмаган диний кўрсатмаларни бажариши туфайли танбеҳ бера олмаймиз ва уни экстремизмда айблай олмаймиз.
Уни ўз фикридан воз кечишга мажбурлаш ва ундан эътиқодига зид бўлган ҳаракатларни талаб қилишга ҳаққимиз йўқ. Биз қила оладиган ягона нарса, унга ҳикмат билан даъват қилиш, далил ва исботларни тақдим этиб, у билан холис суҳбатлашишдир. Эҳтимол, у бизнинг фикримизни қабул қилади, уни тўғри деб ҳисоблаган ҳолда бизнинг йўлимизга эргашади.
Экстремизм аломатлари
Хўш, экстремизм ўзи нима, унинг аломатлари қандай ва у нималарда намоён бўлади?
Ўз фикрида ўжарлик ва бошқаларнинг фикрларини қабул қилмаслик
Экстремизмнинг биринчи белгиси бу – бошқалар фикрини рад қиладиган бирон-бир фикрга кўр-кўрона фанатизм; атрофдагиларнинг манфаатлари, шариат мақсадлари ва замонавий шарт-шароитларни кўришга имкон бермайдиган ўз тушунчаларидаги муросасизлик.
Бундай одам бошқалар билан мулоқотга бормайди, ўз фикрини мутлақ тўғри ва ҳақ деб ҳисоблаган ҳолда, ўз қарашларини бошқаларнинг қарашлари билан солиштирмайди.
Бу ерда биз экстремизм субъектини қоралаймиз, унинг улар туфайли ҳаддан ортиқ кескинликка борадиган фикрлари ва қарашларини эмас. Биз унга қарши бўлганларнинг фикрларини сўзсиз инкор этадиган ва уларни гумроҳлар, ахлоқсизлар ва итоатсизлар деб биладиган, ўзини эса гўё гуноҳсиз пайғамбар каби ҳақиқат йўлидан бораман деб ўйлайдиган, унинг сўзлари юқоридан ваҳий қилинган деб ҳисоблайдиган ҳар қандай кишига қаршимиз. Ахир биз ўтмишдаги ва ҳозирги алломалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа ҳар қандай кишининг фикри ҳақида баҳслашиш мумкин деган фикрга қўшилишини биламиз.
Ажабланарлиси шундаки, мураккаб масалаларда ва чигал муаммоларда ижтиҳод қиладиган ва ақлига келган фатволарни берадиган, лекин бошқаларга, улардан кўра анча билимли олимларга уларнинг фикрига зид келадиган ижтиҳод қилишига имкон бермайдиганлар ҳам бор.
Шундайлар борки, барча дин уламоларига зид чиқишига аҳамият бермай, Аллоҳнинг динини талқин қилади - чунки унинг боши Абу Бакр, Умар, Али ва Ибн Аббоснинг бошига ўхшайди!
Ва биз шу кўр-кўрона фанатизмни экстремизм аломати деб ҳисоблаймиз, экстремист гўёки сизга қуйидаги сўзларни айтгандай бўлади: «Мен гапириш ҳуқуқига эгаман, сен эса эшитишга мажбурсан. Мен раҳбарлик қилиш ҳуқуқига эгаман, сен эса итоат қилишга мажбурсан. Менинг фикрим ҳақ ва бехато, сенинг фикринг эса хатодир ва асло ҳақиқат бўлиши мумкин эмас!» Мутаассиб-фанатик ўз йўлида ҳеч кимни учрата олмайди, чунки учрашув йўлнинг ўртасида бўлиши мумкин, у эса ўрталиқни билмайди ва тан олмайди. У одамлар учун шарқ ва ғарб уфқи каби, кимгадир қанчалик яқинлашса, бошқалардан шунчалик узоқлашади.
Экстремистларнинг қарашлари зўрлик билан ёки куфр, бидъат ва динга ҳурматсизлик айбловлари билан таҳдид қилинган ҳолда зўрлаб қабул қилдириладиган бўлса, муаммонинг жиддийлиги ортади, бундай ахлоқий терроризм жисмоний терроризмдан ҳам баттарроқдир.
Одамларни Аллоҳ улардан талаб қилмаган нарсаларга мажбурлаш
Диний экстремизмнинг намоён бўлишларидан бири бу - ҳатто энг яхши ибодат усули бўлмаган тақдирда ҳам қатъий қоидалар ва ҳаддан ташқари нарсаларга риоя қилиш ва гарчи Аллоҳ уларни бундай қилишга мажбурламасада, бошқа одамларни бунга мажбур қилишдир. Одам гуноҳлардан қочиш ва тақводорлик юзасидан баъзи ҳолатларда қийинини танлаши мумкин, лекин ҳар доим бундай қилмаслик керак ва зарур бўлганда енгилликлар ва имтиёзлардан воз кечмаслик керак, зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: «Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар, хушхабар беринглар, бездирманглар», дедилар». (муттафақун алайҳ).
Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди» (Бақара сураси, 185). Шунингдек, маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита вариантдан доимо енгилроғини танлаганлар, агарда бу гуноҳ бўлмаса.
Мусулмон киши ўз хаётини қийинлаштириши ва оғирроқ нарсалар танлаши қабул қилинади, лекин бунга бошқа одамларни мажбурлаши, уларда динда малоллик сезиш ва ҳаёт қийинчиликларига олиб келиши мақбул эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга аввалги авлодлар китобларида таъриф берилган ёрқин хислатлардан бири шундаки, у «уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган, уларга покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қиладиган, устиларидаги юкни енгиллатиб, кишанларни ечадиган» (Аъроф сураси, 157).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ўзлари намоз ўқиганда ҳаммадан узоқроқ намоз ўқиганлар, ҳаттоки тунги намозларда узоқ туриш оқибатида оёқларининг таги увушиб, ёрилиб кетарди. Лекин одамлар олдида имом сифатида намоз ўқиганларида ортларида турган беморлар ва заиф кимсаларни ёдда тутган ҳолда намоз ўқишни имкон қадар тезроқ тугатардилар.
Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир одам: «Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, мен фалончининг бизга (намозни) чўзиб юборганидан бомдод намозидан орқада қоламан», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўша кунидек шиддатли ғазабланганларини кўрмадим. У зот:
«Албатта, сизларда нафрат қилдирувчилар бор. Қай бирингиз одамларга намоз ўқиб берса, енгил ўтказсин. Албатта, уларнинг ичида заифи, каттаси ва ҳожатлиси бор. Қачон ўзи намоз ўқиса, хоҳлаганича чўзсин», дедилар».Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Муаз имом сифатида намозни жуда узоқ ўқиганлигида «Сен фитначимисан, эй, Муаз?!» деб жаҳл билан сўраганлар ва буни уч марта такрорлаганлар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра намози енгилроқ ва мукаммалроқ бирор имомнинг орқасида намоз ўқимаганман. У зот гўдак йиғисини эшитиб қолгудек бўлсалар, онаси чалғишидан қўрқиб, намозни енгил ўқир эдилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Мен намозни узун ўқимоқчи бўлиб тураман-да, кейин гўдак йиғисини эшитиб, онасига машаққат туғдириб қўйгим келмай, намозимни енгил қиламан», дейилган. (Бухорий, Муслим, Абу Довуд)
Одамлар учун ибодат қилишдаги қийинчилик бу мажбурий бўлмаган маросимлар ва айрим суннат турлари билан шуғулланиш мажбуриятини уларга юклаш ва номақбул ишларни таъқиқланган деб эълон қилишдир. Биз одамларни Аллоҳ улардан талаб қилмайдиган нарсаларни қилишга мажбурламаслигимиз керак. Одамлар ўзлари учун ибодат қилишнинг қўшимча турларини танлаш ёки рад қилиш ҳуқуқига эгалар.
Талҳа ибн Убайдуллоҳдан: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига Нажд қабиласидан бир киши келди. Сочлари тўзғиган. Унинг ғудурлаган овозини эшитамизу, нима деяётганини тушунмаймиз. Яқин келганда тинглаб қулоқ солсак, ислом асосларини сўраётган экан. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга жавобан: «Ислом асосларидан биринчиси — бир кечаю-кундузда 5 вақт намоз ўқимоқликдир», —дедилар. «Шу 5 вақт намоздан ташқари яна зиммага тушадирган вожиб намоз борми?»—деб сўради. «Йўқ, илло ўзинг хоҳлаб нафл ўқишинг мумкин», — деб жавоб бердилар. «Ислом асосларидан иккинчиси — Рамазон рўзасини тутмоқликдир», — дедилар Расулуллоҳ. «Рамазондан ташқари ҳам зиммага тушадиган вожиб борми? » — деб сўради. «Йўқ, илло нафл рўза тутишинг мумкин», — дедилар. У киши қайтиб кетаётиб: «Аллоҳга қасам ичурменким, бунга ҳеч нарсани қўшмасман ҳам, бундан ҳеч нарсани камайтирмасман ҳам», — деди. Расулуллоҳ айтдилар: «Агар сўзида содиқ эрса, шу одам нажот топғусидир» (Бухорий).
Мен неча марта айтганман: «Бизнинг замонамизда мусулмон фарзни бажариши ва катта гуноҳлардан қочиши кифоя - уни саҳобалар каби ислом қаторида деб ҳисоблаш мумкин. Ҳаттоки агар у тақиқланган кичик гуноҳлар қилган бўлса ҳам, унинг яхши амаллари бор – беш маҳал намоз, жума намози, Рамазон ойида рўза тутиш ва бошқалар унинг бу камчиликларни ювиб кетади. «Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади» (Ҳуд сураси, 114).
«Агар қайтарилган нарсаларнинг катталаридан четда бўлсангиз, гуноҳларингизни кечирамиз ва сизни яхши жойга киритамиз» (Нисо сураси, 31).
Қандай қилиб бир одамни шубҳали ва унинг ҳаромлиги ёки ҳалоллиги (тақиқланган ёки рухсат этилгани) билинмаган нарса қилганлиги ёки олимлар унинг бажарилиши шарт эканлиги борасида келиша олмаётган нарсани бажаргани учунгина мусулмон деб ҳисоблашни тўхтатишимиз мумкин? Шу сабабли, баъзи диндор одамлар томонидан доимий ҳаддан ташқари кескинлик ва энг қийин йўлни танлаш ва, гарчи улар учун бу қийин бўлса ҳам бошқа одамларни буни қилишга мажбурлаш қораланади. Шариатнинг мавқеи ва мақсадига асосланиб, қийинчиликлардан чиқишнинг энг осон йўлини танлаш бўйича маслаҳат берган ёки даъват қилган ҳар қандай олим айбловлар қафасидадир!
Ноўрин қийинлаштириш
Ҳаддан ташқари нотўғри жойда ва нотўғри вақтда, масалан, исломий мамлакатда ёки Исломни қабул қилган одамлар билан эмас.
Бундай вазиятларда мунозарали масалаларни ва иккиламчи масалаларни енгиллаштириш ва эътиборни эътиқодни тузатишдан бошлаб умумий ва асосий нарсаларга қаратиш керак ва агар одамлар бунга рози бўлса, уларни Ислом асосларини ва кейин бошқа яхши амалларни бажаришга чақириш мумкин.
Муоз розийаллоҳу анҳу айтдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени (Яманга) юбораётиб: «Сен китоб аҳли бўлган қавм ҳузурига кетмоқдасан. Аввал уларни «Ла илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадур расулуллоҳ» шаҳодатига даъват қил. Агар бунга итоат қилишса, Аллоҳ уларга ҳар кеча ва кундузда беш вақт намозни фарз қилганини билдир. Агар бунга ҳам итоат қилишса, бойлардан олиб камбағалларга бериладиган садақани Аллоҳ уларга фарз қилганини билдир. Агар бунга ҳам итоат қилишса, қимматбаҳо, яъни сара молларини олишдан четлан. Мазлумнинг дуосидан қўрқ. Чунки мазлумнинг дуоси билан Аллоҳнинг ўртасида парда йўқ», дедилар.
Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай қилиб ўз саҳобаларига даъват қилиш чегарасини аста-секинлик билан кўтаришга ва энг асосийси – Аллоҳнинг ва Муҳаммаднинг пайғамбарлик миссияси бирлиги ҳақида гувоҳлик бериш, сўнга улар бунга розилик билдирганидан кейин, иккинчи аркон – намозга, бунга ҳам рози бўлсалар – закотга ва ҳ.к. даъват қилишгша амр этганлар.
Америкадаги ислом университетларининг баъзи талабалари Ислом марказларидан бирида мусулмонларнинг шанба ва якшанба куни маърузаларда масжидда ўтирган каби гилам ва гиламчаларда ўтирмасдан, стулларда ўтиришлари, ўтириш пайтида қиблага караб ўтирмасликлари, узун оқ кўйлакмасдан шим кийишлари, ерда эмас, столда овқатланиши ва ҳоказо ҳақида катта баҳс-мунозара кўтарганликлари ҳайрон қолдирди; шу билан бирга, мен Шимолий Американинг марказида бундай фикрлаш ва хатти-ҳаракатлардан ғазабландим ва уларга айтдим: "Моддий бойлик орттиришга интиладиган бу жамиятда сизнинг энг муҳим ташвишингизни Аллоҳнинг бирлигига ишониш ва Унга сажда қилишга даъват қилиш, охират ҳаётини ва диннинг энг юқори қадриятларини эслатиш, бизнинг асримизда моддий фаровонликда гуллаб-яшнаётган жамиятлар уларга ботиб қолган ҳалокатли гуноҳлардан огоҳлантириш бўлиши лозим. Хулқ-атвор одобига келсак, бу диннинг мажбурий ва асосий устунлари қабул қилинганидан кейингина амалга ошиши мумкин”.
Бошқа бир ислом марказида, кимдир масжидда илмий тарихий филмни намойиш этишни хоҳлаганлиги сабабли, мусулмонлар бутун дунёга шов-шув кўтаришди. Бу мусулмонлар "Улар масжидни кинотеатрга айлантиришди!" деб ғазабланишди, аммо улар масжидлар нафақат диний маросимларни ўтказиш учун, балки уларда умуман дунёвий тадбирларни ўтказиш учун қурилишини унутишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонида масжид давлатнинг маънавий маркази ва диққатга сазовор жойи, ижтимоий фаолликнинг ўзаги бўлган. Бухорий тўпламида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳабашистонликларга масжид ичидаги найза жанги бўйича машғулот ўтказишга ва Ойша розияллоҳу анҳога буни кузатишга ижозат берганлиги ҳақида ҳамма биладиган ҳадис келтирилган.
Муросасизлик ва қатъийлик
Экстремизмнинг аломатларидан бири бу муносабатларда ва қарашларда муросасизлик, номақбул ва қўпол даъват қилиш бўлиб, бу Аллоҳ Таолонинг кўрсатмаларига ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг одатларига зид келади. Аллоҳ таоло бизни ҳикмат билан даъват қилишга ва бу даъватда аҳмоқлик ва эҳтиётсизликка йўл қўймасликни, қўполлик ва кескинлик билан эмас, балки хушмуомалалик билан ўргатишни ва баҳс-мунозараларни маданий йўл билан олиб боришга буюради: «Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мунозара қил» (Наҳл сураси, 125).
Аллоҳ Ўз элчисига қуйидаги сўзлар билан таъриф беради: «Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга етишингизга) ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди» (Тавба сураси, 128). Аллоҳ таоло Ўз Элчисига унинг саҳобалар билан алоқаларини изоҳлаб, қуйидаги сўзлар билан мурожаат қилади: «Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар.» (Оли Имрон сураси, 159).
Қуръонда фақат икки ҳолатда қатъийлик ва муросасизлик ҳақида ёдга олиб ўтилади:
1. Душман билан жанг пайтида, ғолиблар армияси уруш тугагунига қадар қатъийлик ва қатиқликни намоён қилиши, юмшоқлик ва гапга кўнувчанлик кўрсатмаслиги керак бўлган пайтда. Аллоҳ айтадики: «Эй иймон келтирганлар, сизга яқин бўлган кофирларга қарши жанг қилинг. Улар сиздаги шиддатни кўрсинлар. Ва билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар билан биргадир!» (Тавба сураси, 123).
2. Уларга лойиқ бўлган одам учун шариат жазоларини ижро этаётганда, чунки Аллоҳнинг ерида Аллоҳнинг жазосини ижро этишда раҳм-шафқат ва пушаймонликка ўрин йўқ: «Агар сиз Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган бўлсангиз, сизларни уларга нисбатан Аллоҳнинг динида шафқат тутмасин» (Нур сураси, 2).
Бироқ, даъват майдонида қўполлик ва кескинликка ўрин бўлиши мумкин эмас. Ҳадисда: «Аллоҳ барча ишда мулойимликни яхши кўради», деб айтилган.
Мақоллардан бирида айтиладики: «Ким яхшиликка буйруқ берса, бу ишни яхши тарзда бажарсин». Мулойимлик ҳар бир нарсанинг зийнати, қўполлик бунинг тескарисидир.
Қўполлик, Аллоҳга даъват каби ҳеч нарсани кучли тарзда бузмайди, чунки бу чақириқ инсонни дунёқараши, фалсафаси ва хулқ-атворида Парвардигор уни бошқа одамга айлантириш учун қалбининг тубига киришга ҳаракат қилади. Даъват (чақирув) жамиятни анъанавий эътиқодлари ва усуллари билан ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда.
Мисол тариқасида Қуръондан пайғамбарларни ва солиҳ мўминларни якка худолиликка ва Аллоҳга сиғинишга чақириш усуллари - отаси ва қавмини даъват қилган Иброҳим алайҳиссалом ҳақида, Шуайба ҳақида, Мусо ҳақида ва бошқалар ҳақида сўз борадиган ҳикоятлар келтирилади.
Фиръавн аҳлидан бўлган бир мўминнинг Фиръавнга ва унинг одамларига қандай мурожаат қилганини эсланг. Уларга ўзларининг халқи эканликларини ва у уларнинг бири эканлигини, ўз халқининг муаммолари ҳақида қайғураётганини ва уларнинг фаровонлиги билан қизиқаётганини ҳис қилишларига имкон берди. Шу руҳда уларга мурожаат қилади: «Эй қавмим, бугунги кунда мулк сизникидир. Ер юзида юзага чиқиб турибсизлар. Агар бизга Аллоҳнинг азоби келса, унда бизга ким ёрдам беради?» (Ғофир сураси, 29). Сўнгра уларни Сўнгра уларни аввалги халқлар Аллоҳнинг даъватидан ва унинг Пайғамбарларига бўйсунишдан бош тортганидан кейин уларнинг бошига нималар тушганлиги билан қўрқитади: ««Эй қавмим, албатта, мен сизга ҳам бошқа фирқалар кунига ўхшаш кун... Нуҳ қавми, Од, Самуд ва улардан кейингилар ҳолига ўхшаш ҳол бўлишидан қўрқаман. Аллоҳ бандаларга зулмни ирода қилмас» (Ғофир сураси, 30-31). Бу дунёда уларни жазолаш ҳақида огоҳлантиргандан сўнг, улар ўзларича ишонадиган охират ҳаётидаги жазолар олдида уларда қўрқув уруғини сепади: «Эй қавмим, албатта, мен сизларга нидолашув кунидан қўрқаман. У кунда ортга қараб қочасиз. Сиз учун Аллоҳдан ҳеч бир қутқаргувчи бўлмас. Кимни Аллоҳ залолатга кетказса, бас, унга ҳеч бир ҳидоятчи бўлмас» (Ғофир сураси, 32-33).
Бу мўмин ўз халқига юмшоқлик ва сабр-тоқат билан йўл-йўриқ кўрсатишда давом этади, баъзида уларни қувонтиради: «Эй қавмим, менга эргашинглар, сизни тўғри йўлга ҳидоят қиламан. Эй қавмим, бу дунё ҳаёти вақтинчалик бир, матоҳ, холос. Албатта, охират- ўшанинг ўзи барқарорлик диёридир. Ким бирор ёмонлик қилса, фақат ўшанга яраша жазо оладир, холос. Эркакдир, аёлдир, ҳар ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса, бас, ана ўшалар жаннатга кирурлар, у ерда ҳисобсиз ризқланурлар. Эй қавмим, нечун мен сизни нажотга чақирсам, сиз мени дўзахга чақирурсиз?! Сиз мени Аллоҳга куфр келтиришимга ва ўзим билмаган нарсани Унга ширк келтиришимга чақирмоқдасиз. Ҳолбуки, мен сизни азизу ўта мағфиратли зотга чақирмоқдаман» (Ғофир сураси, 38-42). Охирида у дейди: «Вы вспомните то, о чем я вам говорю. Ҳали мен сизга айтаётган гапларни эслайсизлар. Мен ишимни Аллоҳнинг Ўзига топширдим. Албатта, Аллоҳ бандаларини аниқ кўриб тургувчидир» (Ғофир сураси, 44).
Шундай қилиб, ўжарлик қилувчиларга даъват этиш ва тортишувчиларга мурожаат қилиш керак. Бизга Аллоҳнинг Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломлар каби обрўли пайғамбарларга берган насиҳатлари кифоя қилади: «Фиръавнга боринглар! Чунки, у туғёнга кетди. Бас, унга юмшоқ сўз айтинглар. Шояд эсласа ёки қўрқса» (ТоҲо сураси, 43-44). Шу сабабли Муса, Фирьавннинг олдига келганида унга қилади сўзлар билан мурожаат қилади: «Сенда покланишга (рағбат) борми? Ва сени Роббингга ҳидоят қилсам, шоядки (Ундан) қўрқсанг» (Назият сураси, 18-19).
Тажрибали даъватчилар баъзи ҳаваскор ёшларни одамлар билан танланган муносабати ва рақиблар билан мулоқот қилиш усуллари учун койиши ажабланарли эмас. Улар ўзларини қўпол ва ноўрин тутишга имкон беришади. Ўзларининг номақбул хатти-ҳаракатларида дағаллик ва қўполлик устунлик қилади. Уларнинг мулоҳазалари мухолифларига энг яхши мулоҳазалар эмасдек туюлади, аммо танқидга бўлган кескин жавоб уларга энг қўпол кўринади. Улар суҳбатдошларнинг ёш тоифаларини фарқламайдилар, оталар ва оналарнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилмайдилар, таниқли олим ва устозларга, тажрибали даъватчиларга ва мужоҳидларга ҳурмат кўрсатмайдилар. Улар имконияти чекланган одамларни фарқ қилмайди: саводсиз, ақлсиз, оддий одамлар ва тор доирада фикрлайдиган кишилир, шунингдек Ислом билан атайлаб курашаётганлар. Ҳадис илмининг имомлари билимсизлиги туфайли бидъат тарқатувчиларни ўзини бидъат ва тартибсизликларни тарқатишга бағишлаганларни ажратадилар. Уларнинг биринчилари томонидан келтирилган ҳадисларни қабул қилишган, аммо иккинчилари томонидан келган ҳадисларни рад этишган.
Одамлар ҳақида ёмон фикрлар ва уларга шубҳа билан қараш
Экстремизмнинг яна бир намоён бўлиши - одамларга шубҳали муносабатда бўлиш ва уларнинг яхши томонларини камситиш ва ёмон томонларини бўрттиришдир.
Экстремизм айбловларга асосланади ва айбловларнинг асосий сабаби айбдорликнинг мавжудлигидир. Бироқ, айбсизлик презумпцияси барча самовий ва ердаги қонунлар томонидан тан олинган, яъни кимнидир айблашдан олдин, сиз аввал унинг айбини исботлашингиз керак, ҳеч ким ўзининг айбдор эмаслигини исботламаслиги керак. Айби исботланмагунча ҳар бир инсон қонун олдида пок деб ҳисобланади.
Биз эса ҳар доим одам ҳақида ёмон ўйлашга ва уни бирон бир сабабга кўра айблашга шошилаётган экстремистларни кўрамиз. Улар атрофдагиларни оқлаш учун асос изламайдилар, лекин уларнинг камчиликларини синчковлик билан қидириб топадилар, нотўғри ишларни гуноҳга, гуноҳни эса имонсизликка айлантиришга интилиб, жар солиш мақсадида улар қилган нотўғри ишлар ва ноўрин ҳаракатларни тита бошлайдилар! Агар қайсидир сўз ёки хатти-ҳаракат яхшиликка ҳам, ёмонликка ҳам олиб келиши мумкин бўлса, улар бу сўз ёки хатти-ҳаракатларнинг фойдасини эмас, балки энг катта зарарни кўриб чиқадилар. Бу Умматнинг буюк уламолари аввал бошдан мусулмонлар ҳақида яхши ўйлаш ва уларнинг хатти-ҳаракатлари палласини иложи борича яхшироқ томонга йўналтириш лозимлиги ҳақидаги қоидаларига зиддир.
Ўтмишдаги айрим олимлар: «Мен ўз биродарим учун етмишта оқловчи асос (узр) топаман, кейин «Эҳтимол, сенда мен билмайдиган бошқа бир (узр) сабаб бўлса керак» деб айтаман» деганлар.
Экстремистлардан ўзларининг қарашлари ва хатти-ҳаракатларида фарқ қиладиганларни улар Аллоҳга бўйсунмаслик, бидъат, суннатга ҳурматсизлик ёки бошқа гуноҳларда айблайдилар.
Агар кимдир ҳасса олиб юриш ёки овқатланиш бобида суннатда ҳаракатлар тарзи бўйича фарқланиб турадиган бўлса, у ҳолда суннатга ҳурматсизликда ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёқтирмасликда айблашади. Улар ҳамманинг гуноҳкорлигидан шубҳаланишади ва ҳатто олимлар ва даъват қилувчилар ҳам уларнинг шубҳалари ва айбловларидан ҳимояланмаган.
Агар фақиҳ-уламо мусулмонларга бирон нарсани қилишни осонлаштирадиган ва кераксиз қийинчиликлардан халос қиладиган фатвони берадиган бўлса, уларнинг назарида у Аллоҳнинг динини ҳурмат қилмайдиган ва унинг шаънига тегадиган бўлиб кўринади.
Агар даъват қилувчи замонавий шароитларга жавоб беришга ва одамлар билан тушунадиган тилда гаплашишга ҳаракат қилса, уни ғарб цивилизацияси олдида бош эгишда айблашади.
Уларнинг шубҳалари ва айбловлари сояси ҳатто узоқ вақт олдин вафот этган, ўз ҳимоясига бир сўз айтолмайдиган мусулмонларни ҳам қамраб олади. Юқорида айтиб ўтилган фанатикларнинг шубҳали ўқлари ҳар кимга учади: кимдир масончиликда айблашади, бошқаси мўътазилий ва ҳ.к. Ҳатто ҳар доим ҳурматга сазовор бўлган мазҳаб асосчиларидан бўлган имомлар ҳам уларнинг айбловчи тилларидан дахлсиз қолмайди.
Бундан ташқари, умматнинг бутун тарихи маданияти ва цивилизацияси билан бирга қораланади. Баъзилар бу воқеани ғалаёнлар ва ҳокимият учун кураш тарихи деб ҳисоблашади, бошқалар - жоҳиллик ва худосизлик тарихи деб, айримлар эса ҳаттоки ҳижрий тўртинчи асрдан кейин бутун уммат куфрга кирган деган хулосага келишди!
Бошқаларни айблаш ва ўзларини яхшироқ кўрсатишга интилишга кўнгил қўйиш инсониятга қадимдан маълум бўлган. Аллоҳ таоло айтади: «Шундоқ экан, ўзингизни оқламанг, У ким тақводорлигини яхши биладир» (Нажм сураси, 32).
Шак-шубҳасиз, Ислом таълимоти Аллоҳ ҳақида ёмон ўйлардан ва одамлар ҳақида ёмон гумон қилишдан огоҳлантиради. Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир» (Ҳужурот сураси, 12).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Гумондан четланинглар. Чунки гумон энг ёлғон сўздир" (Имом Бухорий).
Мусулмонларга нисбатан бундай радикал муносабатнинг асосий сабаби атрофдагиларга нисбатан ҳурматсизлик ва манманликдир. Биринчи итоатсизлик ва гуноҳ иблиснинг итоатсизлиги бўлиб, унинг асосида мағрурлик ва такаббурлик ётарди: "Мен ундан яхшироқман".
Бундай хулқ-атворнинг олдини олиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисини келтириш кифоя: «Агар бир киши: «Одамлар ҳалок бўлди», деса, у уларнинг энг ёмон ҳалок бўлувчироғидир» – ёки – «у уларни ҳалок қилибди». (Муслим). Бу ҳадис икки хил вариантда келтирилади (чунки аҳлоқ (ахляка) сўзида «ҳалок қилди» охирги унли ҳарфни алмаштиришда «биринчи бўлиб ҳалок бўладиган ёки «энг» ҳалок бўлган» устунлик даражаси пайдо бўлади (тарж. изоҳи). Биринчи ҳолатда ҳадис шундай талқин қилинадики, бу одам ўзининг ёмон фикрлари билан уларнинг бошига кулфат чақириб, Аллоҳга нисбатан умидсизлик ва руҳан тушкунлик олиб келиб, уларнинг ҳалокатига сабабчи бўлган. Иккинчи вариантда бу одам улардан биринчи бўлиб, ўзига ортиқ даражада ишониши ва ўз такаббурлиги туфайли улардан кўра ёмонроқ йўл билан ҳалок бўлади.
Ўзига ортиқ даражада ишониш ва мағрурлик ахлоқни бузади ва олимлар бундай туйғуларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан огоҳлантирган «қалб итоатсизлиги» деб айтади: «Учта ҳалок қиладиган нарса бор: Итоат қилинадиган бахиллик. Эргашиладиган ҳавойи нафс. Инсоннинг кибр туфайли ўз-ўзидан ажабланиши».
Мусулмон киши ўз ҳаракатларидан мағрур бўлмаслиги керак, чунки бу уларнинг Аллоҳ томонидан рад этилишига сабаб бўлиши мумкин. Қуръони каримда илгари яшаган мўминларнинг қуйидаги таърифи бор: «Ва берадиган нарсаларини, албатта, Роббиларига қайтгувчи эканликларидан қалблари титраган ҳолда берурлар» (Мўминун сураси, 60). Ҳадислардан бирида айтиладики, ушбу оятда эзгу ишлар қиладиган ва Аллоҳ уларни қабул қилмаслигидан қўрқадиганлар ҳақида гапирилади.
Ибн Ата доно сўзларни айтган: «Шундай бўлиши мумкинки, Аллоҳ таоло сенинг олдингда итоат эшигини очиб беради, лекин ишларингни қабул қилиш эшигини очмайди. Шундай бўлиши мумкинки, Аллоҳ зеҳнинг очилишига сабаб бўладиган итоатсизликни қисматингга ёзган бўлиши мумкин. Зеҳн очилишига ва тавба қилишга олиб келадиган итоатсизлик ҳаддан ташқари такаббурлик ва мағрурликка олиб келадиган итоатгўйликдан яхшироқдир!»
Имом Алий (розиаллоҳу анху) деган: «Унинг учун Аллоҳ олдида тавба қилган гуноҳинг сен ундан кеккайиб кетган эзгу амалдан яхшидир».
Ибн Маъсуднинг айтишича: «Ҳалокат иккита (амалда): мағрурлик ва умидсизлик. Бунинг сабаби шундаки, бахтга фақат меҳнат ва ҳаракат, интилиш билан эришиш мумкин, мағрур кимса эса интилмайди, чунки эришиб бўлган; умидини йўқотган мақсадга интилмайди, чунки унинг ҳаракатларидан маъно йўқ».
Куфрда айблаш жарининг тубига қулаш
Одамлар бошқаларнинг дахсизлигига тажовуз қилишган, ҳеч қандай ҳурмат ва раҳм-шафқат кўрсатмасдан мулкларини талайдиган ва қон тўкишга борадиган ҳолларда экстремизм ўзининг авж нуқтасига этади. Бу, экстремистлар барча одамларни Исломни тарк этишда ва худосизликда ёки аввалбошдан уларда эътиқод бўлмаганлигида айблаганда юз беради. Бундай мулоҳазалар уларнинг издошларини бошқаларни тушуна олмайдиган ва улардан нафратланмайдиган қилиб қўядиган фанатизм асосида юзага келади.
Исломнинг шаклланиш даврида айрим диндан қайтганлар (ҳаворижлар) шундай тузоққа тушганлар. Улар рўза тутган, тунлари намоз ўқиган ва Қуръон ўқиган ҳолда диний талабларга бошқалардан кўра кучлироқ риоя қилган, лекин виждон пок эмаслигидан эмас, балки ўзларининг ёмон фикрларидан азият чекканлар. Уларнинг жиноятлари ўзлари учун чиройли кўринган ва улар ўзларини тўғри йўл тутаётган ва эзгулик қилаётган деб ҳисоблашган. Уларнинг бу дунёдаги интилишлари тўғри йўлдан адаштирган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қуйидаги сўзлар билан таърифлаганлар: «Сизлардан бирингиз уларнинг намози олдида ўзининг намозини, рўзаси олдида ўзининг рўзасини ҳақир санайди...» Бироқ кейинчалик улар ҳақида қуйидагича фикр билдирганлар: «Улар Исломдан худди ўқ камондан чиққандек чиқадилар». Уларнинг Қуръон билан алоқасини изоҳлаб, деганлар: «Улар Аллоҳнинг китобини кўп тиловат қиладилар. Аммо у уларнинг бўғизларидан нарига ўтмайди». Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни бошқалардан ажратиб турадиган жиҳатни таъкидлаб ўтганлар: «Улар аҳли Исломни қатл қиладилар ва аҳли бутларни тарк қиладилар». Шундай ҳолат олимлардан бири ҳаворижлар қўлига тушиб қолган ва улар ундан кимлигини сўраганларида рўй берган. У жавоб берган: «Аллоҳнинг каломини истайдиган, ёрдам излаб келган бир мушрик». Унга: «Биз сенга ёрдам кўрсатишимиз ва хавфсиз жойга олиб боришимиш лозим» дейишади ва Аллоҳнинг қуйидаги сўзларини ўқиб беришади: «Агар мушриклардан биронтаси паноҳ сўраса, унга паноҳ бер, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин. Сўнгра уни омонлик жойига етказиб қўй» (Тавба сураси, 6).
«Ёрдам излаб келган бир мушрик» сўзларини айтиб, олим ўлимдан қутилиб қолади. Агар у мусулмон эканлигини айтганида, унинг боши танасидан жуда қилинган бўларди!
Бизнинг давримизда ихтлофчилар ва айирмачиларнинг ахлоқи билан шунга ўхшаш нарса рўй бермоқда. Мен "Куфр ва ҳижратга ишониш жамияти"ни кўзда тутяпман. Бу жамиятнинг аъзолари узоқ вақт гуноҳ қилган ва тавба қилмаган ҳар қандай шахсни кофир деб эълон қилади; улар шунингдек, ҳокимият эгаларини кофирлар, чунки улар Аллоҳнинг қонунларига зид равишда бошқарадилар, деб ҳисоблашади; ҳокимиятга бўйсунадиган оддий одамлар хам куфрда айбланади, чунки улар қонун билан рози бўлиб, Аллоҳ нозил қилмаган нарсада ҳокимларга эргашадилар. Улар, шунингдек, ислом уламоларини кофир деб билишади, чунки улар ҳокимларни ва фуқароларни кофир деб эълон қилмайдилар, ким кофирни шундай деб ҳисобламаса, унинг ўзи кофирдир.
Улар ўзлари билан бўлмаганлар ва уларнинг қарашларига қўшилмаганларни, шунингдек уларнинг фикрига қўшиладиган, лекин уларнинг жамоасига кирмайдиган ва раҳбарига садоқат қилмайдиганларнинг барчасини кофир, деб эълон қиладилар. Уларнинг қарашларини қабул қилган ва уларнинг жамиятига кирган, имомга садоқат билан қасам ичган ва кейинчалик бирон сабабга кўра жамиятни тарк этганлар, улар томонидан ўлдиришга рухсат берилган муртадлар, деб эълон қилинди.
Уларнинг бу даъвати ҳақида хабар топган, лекин уларнинг раҳбарига қасамёд қилмаган ҳар қандай исломий жамоа – кофирлар ёки муртадлар жамиятидир. Мазҳаблар асосчиси бўлган имомларга эргашган ёки мусулмон олимларининг ҳамжиҳатликдаги фикрига қўшилган ёки энг яхши деб ҳисобланган фикрларга эргашган ҳар бир киши уларнинг назарида муртад ва кофирдир.
Ҳижрий 4-асрдан кейинги бутун ислом тарихи улар томонидан "тақлид" нинг (бу ерда - биринчи навбатда мусулмон ҳуқуқ мактабларининг (фиқҳий мазҳаб) таниқли нуфузли олимлари - мазҳаб асосчиларининг ҳамма тан олган фикрларига эргашиш) устунлиги туфайли куфр ва жоҳилия даври деб эълон қилинган (Абдурраҳмон Абу Ал-Хайранинг "Куфр ва ҳижратга эътиқод қилган мусулмон жамияти тўғрисидаги хотираларим" китобига қаранг).
Шундай қилиб, улар тирикларни ҳам, ўликларни ҳам кофир, деб эълон қилдилар, аммо маълумки, мусулмонни кофирликда айблаш жуда жиддий оқибатларга олиб келади: уни ўлдиришга рухсат бериш, мулкни мусодара қилиш, турмуш ўртоғидан ажралиш (никоҳи талоқ бўлиши) ва ота-она ҳуқуқларидан маҳрум қилиш, у билан мусулмонлар муносабатларини тўхтатиш, мерос олиш ва мерос ҳуқуқидан маҳрум қилиш, шартномалар тузиш имкониятидан маҳрум қилиш. Агар бундай одам ўлса, унда танаси ювилмайди ва кафанланмайди, у учун жаноза ўқилмайди ва у мусулмон қабристонига дафн этилмайди.
Шу сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кофирлика айблашдан эҳтиёт қилганлар. Саҳиҳ ҳадислардан бирида айтилишича: «Қачон киши ўз биродарига «Эй, кофир» деса, икковларидан бири ўшандоқ бўлади», деганлар, яъни агар кофирликда айбланувчи кофир бўлиб чиқмаса, бу айблов айбловчининг ўзига ўтади ва унинг ўзи кофир бўлади, бу эса катта ва қўрқинчли хавфдир.
Усама ибн Зайд ривоят қилган «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтганидан кейин уни ўлдиришнинг ҳаромлиги ҳақидаги саҳиҳ ҳадислар бор. Агар одам бу сўзларни ўлими олдидан қўрқувдан айтган бўлса, у Аллоҳ олдида ҳисоб беради, биз эса далилларга қараб муҳокама қилишимиз лозим.
Усома ибн Зайд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни Жуҳайна қабиласининг Ҳурақа номли жойига юбордилар. Биз тонгда улар ҳузурига етиб бориб мағлуб этдик. Мен ва ансорий шеригим бир кишини учратиб, уни қўлга туширсак, у «Ла илаҳа иллаллоҳ», деди. Ансорий дўстим уни ўлдиришдан қўлини тийди. Мен эса найзамни отиб уни ўлдирдим. (Мадинага) борганимизда бу ҳақдаги хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етди. У зот: «Эй Усома! «Ла илаҳа иллаллоҳ», деганидан кейин ҳам уни ўлдирдингми?» дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг расули! У паноҳ топиш учун шундай қилди», десам, у зот: «(У) «Ла илаҳа иллаллоҳ», деганидан кейин ҳам ўлдирдингми?» деб айтаверганларидан мен: «Қанийди, бу кундан олдин мусулмон бўлмасам эди», деб орзу қилдим». (Муслим)
Мутлақ ишончсиз бирон кишини кофирликда айблаб бўлмайди. Гуноҳлар, ҳаттоки қотиллик, зино ва спиртли ичимликлар ичиш каби оғир гуноҳлар ҳам, агар Аллоҳнинг бу борадаги кўрсатмаларини инкор қилмаса, мусулмон кишини исломдан чиқармайди.
Қуръон қотил ва ўлдирилган мусулмоннинг яқин кишиси ўртасида диний биродарликни тасдиқлайди: «Кимга ўз биродаридан бир нарса афв қилинса, бас, яхшилик ила сўралсин ва адо этиш ҳам яхшиликча бўлсин» (Бақара сураси, 178).
Шариат қотиллик, зино ва ичкиликбозлик учун турли жазо турлари белгилаган, агарда буларнинг барчаси куфр бўлганида эди, ҳаммаси учун жазо битта – муртадни жазолаш бўлган бўларди.
Баъзи экстремистларнинг барча шубҳалари Қуръон ва Суннатнинг аниқ матнлари билан рад қилиниши мумкин. Уммат бундай ғояларни ўз вақтида йўқ қилди, бу фитначилар эса, афсуски, уларга яна ҳаёт бахш этишга ҳаракат қилмоқдалар...
Шайх Юсуф Қарозовий
«Исломий тафаккур: иймонсизлик ва экстремизм ўртасида» китобидан
Абу Муслим таржимаси