close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Дағдағаси оламни бузганди

Эрон разведкасининг собиқ бошчиларидан Али Ризои “300 дрон ва 100 та ракета билан бирорта ҳам стратегик нишонни ура олмадик. Бу ҳужум халқни алдаб хурсанд қилиб қўйиш учун амалга оширилди” деди.

Эрон разведкасининг собиқ бошчиларидан Али Ризои “300 дрон ва 100 та ракета билан бирорта ҳам стратегик нишонни ура олмадик. Бу ҳужум халқни алдаб хурсанд қилиб қўйиш учун амалга оширилди” деди.

Эроннинг 300 дрон ва 100 ракета билан ҳужум қилишини Исроил ва АҚШ аввалдан билар эди. Ушбу иддао Эрон разведкасининг собиқ бошчиларидан Али Ризоига тегишли. Ризоига кўра, Эроннинг Исроилга ҳужуми бутунлай ички мувозанатни сақлашга қаратилган эди ва бутун босқичлардан АҚШ ва Эроннинг хабари бор эди. У шундай деди: Исроил Шомда битта ягона ракета билан 7 нафар юқори лавозимли ҳарбийни ва 4 нафар дипломатимизни ўлдирди. Биз эса 300 дрон ва 100 ракета билан бирорта стратегик нишонга яқин жойни ҳам ура олмадик. Чунки нишонларни уриш режада йўқ эди. Ушбу ҳужум Эрон халқини алдаб қўйиш ва Яман, Сурия, Ироқ каби ўлкалардаги тарафдорларига мотивация бериш мақсадида қилинди. Парда ортида олиб борилган келишувлардан кейин бу қарорга келдилар. Исроил ёки АҚШдан бунга кучли жавоб келмайди.

Али Ризои Исроилга баъзи дрон ва ракеталар Урумия ва Табриздан учирилганлигини нозик стратегик ҳисоб деб баҳолади ва қуйидагиларни тушунтирди: Хизбуллоҳ ракеталарни кўпинча Ливандаги суннийлар яшайдиган жойлардан учиришади. Бунга ўхшаш татбиқ Эрон ичида ҳам жорий этилган. Сўнгги ҳужумда Урумия ва Табриз танланди. Мақсад ушбу маконларни Исроилнинг нишонларига айлантириш. Ҳужум биржанинг дам олиш куни амалга оширилди. Стратегик ҳисоб жиҳатидан 14 апрелдан кейин Исроил-Ғарб иттифоқи яна ҳам кучайди. Қудус ва Ғазо энди 13 апрелга нисбатан яна-да ожиз ҳолга туширилди. Албатта Ливан, Сурия, Яман ва Ироқ ҳам шу ҳолда. Исроилнинг ҳаракат қилиши эркинлашди. Эроннинг юқори лавозимли ҳарбийлари ва дипломатларининг ўлимига берадиган жавоб бундай бўлмаслиги керак эди. Эроннинг ягона мақсади дрон ва ракеталарнинг учирилаётганини кўрсатиш эди, уларнинг етиб бориши ва нишонга тегиши эмас. Бундан ички бўлиниш таҳдидига қарши бирлаштирувчи унсур сифатида фойдаланишди. Эрон халқи ҳам бу пропагандага ишонмоқда. Бўлмаса дронларнинг 17 таси Шероз, Нажаф шаҳарларига, яъни Эрон ҳудудига тушди.

Мутахассисларга кўра, соатига 180 км тезликда учадиган дронлар худди тўйдагидек карнай-сурнайлар билан учирилди. Бу аслида “Чора-тадбирларни кўринг” деган огоҳлантириш эди. Роллар бўлиб олинган, ким қаерни бомбалаши олдиндан белгилаб қўйилган эди. Мана шу режа айнан амалга оширилди. CENTCOM (АҚШ марказий қўмондонлиги) қўмондони Курилла 10 кундан бери Исроилда эди. Ҳар бир масалани кўриб чиқишди. Одатда 250 км масофа учун мўлжалланган ушбу дронлар 40 кг бомба юклаб олишлари мумкин эди. Масофа 1700 км бўлгач, бомба вазни 10 кгга туширилди. Нишонга яқинлашишдан анча узоқ жойда йўқ қилинган бу дронлар нишонга етиб борганида ҳам ҳеч қандай кўринарли зарар етказа олмасди. Агар Эрон ҳақиқатан кучли жавоб беришни истаганида 2 ракета билан камида 1 апредаги ҳолатга яқин стратегик натижа олиши мумкин эди. Ҳолбуки 300 дрон ва 100 ракета билан ҳеч қандай натижага эриша олмади. Бу ҳақиқий маънода шармандалик. Сиёсий йўриқ берилди деб кулгули вазиятга тушдилар. 400 та бомбадан атиги 40 таси ҳам ўлкага кира олмади.

Эслатиб ўтамиз, кеча 14 апрель куни Эрон 300 дан ортиқ дрон ва 100 та ракета билан Исроилга ҳужум қилганди. Лекин буларнинг 99%и ҳавода йўқ этилди. Теҳрон “Мақсадимизга етдик” даб жар солганида Исроилнинг фақатгина бир ҳарбий базаси енгил зарар кўргани маълум бўлди. Ўз тарихида илк бор мусулмон бўлмаган ўлкага (!) амалга оширган ҳарбий ҳаракати “спектакль” эканлиги фош бўлди. Бир неча кундан бери “интиқом ҳужуми” ҳақида оғиз кўпиртираётган Эроннинг бомбалари деярли барчаси Исроил ҳудудига кирмай ҳавода йўқ этилди. Ҳужум шунчалик заиф бўлдики, Исроил аҳолисига “бомбадан сақланадиган ертўлаларга киришга ҳожат йўқ” деб мурожаат қилди. Эрон ушбу ҳарбий операцияга “Ҳақиқий ваъда” деб ном берганди. Лекин бомбалар Исроилга ҳеч қандай зарар етказа олмади.

Ҳужумдан кейин Эрон Исроилни огоҳлантирди. Эроннинг БМТ доимий вакили берган баёнотида “Масала биз учун бекилди. Агар Исроил яна ҳужум қиладиган бўлса, бу сафарги жавобимиз яна ҳам  кучли ва шиддатли бўлади. Бу Эрон билан Исроил орасида тўқнашувдир. АҚШ бунга аралашмаслиги керак” деди.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Долзарб мавзу
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase