У ҳаттоки Аллоҳ таоло унинг дуоларига жавоб бермаса ҳам, дуо қилишни давом этаверади, чунки у қайғуда ҳам, қувончда ҳам Роббисига шубҳасиз ишонади. Ахир, агар унинг қалбида ҳеч бўлмаса бир томчи эътироз ва итоатсизлик пайдо бўлса, у Аллоҳ таолонинг бандаси мақомидан узоқлашади ва бу унинг учун энг катта қайғу ҳисобланади. У шайтонга ўхшаш ва унинг қули бўлишни истамайди, у Аллоҳ таоло йўлида бўлишни хоҳлайди.
Ҳақиқий иймон қийинчилик вақтларида синовдан ўтади.
Яхшиликни умид қилиш - мўминларнинг энг муҳим хусусиятларидан бири, иймон намоён бўлиши шаклларидан бири. Ҳақиқий иймонга эга бўлган киши ҳар қандай воқеа фақат Аллоҳ таолонинг иродаси билан содир бўлишини яхши тушунади ва шунинг учун ҳеч қандай сабаб билан умидини йўқотмайди, пессимизм ва умидсизликка тушмайди. Иймонли киши Аллоҳнинг дуоларни жавобсиз қолдирмаслигини билади. У ҳатто энг ёмон воқеа ҳам биз учун синов бўлиб, бир кун яхши бўлади, деб ҳисоблайди.
Ҳақиқий иймонли киши ўзи учун, ўз бахти учун бирон нарса сўраш учун ибодат қилмайди, у Парвардигорга яқин бўлиш, Унга муҳтож эканлигини кўрсатиш ва Унинг розилигига эришишни истаганлиги учун ибодат қилади.
Биз, хом сут эмган бандалар, ҳаётимизни ягона белгиланган манзил сифатида қабул қилишга мойилмиз. Ҳа, биз ўлимдан кейин абадий ҳаёт бошланишини биламиз, лекин ҳар бир дуоларимиз учун жавоб топишини, ҳар бир илтижомиз бу ҳаётда амалга ошишини чин дилдан кутамиз ва нима учун Худо ҳеч қандай изоҳсиз бало ортидан кулфат юборишини тушунмаймиз. Лекин энг ёмони, натижада, камтар ва кутишга қодир бўлган киши учун яхшиликка айланади, чунки унинг бахтсизлигида ҳам Худо уни тарк этмайди. Эҳтимол, бу ҳаётда биз азобда яшаймиз, аммо нариги дунёдаги ҳаётда бу синов учун мукофот бўлади.
Синов – Аллоҳ таолонинг Ўзига яқинлаштирмоқчи бўлган кишига берган инъоми ва марҳаматидир. Фақат ўйлаб кўринг, шу нуқтаи назардан синовни бошдан кечириш ҳақиқий бахтдир, ахир Аллоҳ таоло сизни раҳм-шафқат билан мукофотлашни ва севимли бандаси қилишни хоҳлайди.
Закариё ўғли Яҳё Ҳирод ҳукмдори томонидан қатл этилди, лекин уни пайғамбар қилиб қўйган Парвардигор аралашмади ва уни “ҳимоя қилмади”. Бунда ажойиб бир маъно бор.
Ҳаммаси Аллоҳ таолонинг иродасига кўра, У пайғамбарлар ва мўминлар бошига қатл ва ўлимлар тушишига имкон берди. Агар бирор киши Аллоҳ таоло уни ҳимоя қила олмайди, деб ўйласа, демак у кофир бўлади. Агар одам Аллоҳнинг иродасида экани ва ҳаммаси (ҳатто ўлим) У хоҳлаганидек бўлишига ва кофирлар ғалаба килиб, уни нишонлайдиган, мўминлар қул бўладиган қилиб қўйишига ишонадиган бўлса, у ҳаттоки азоб-уқубатда бўлганида ҳам ўзини бутунлай Яратгувчининг ихтиёрига топшириб қўяди.
Яқуб алайҳиссалом 80 йил давомида ўғли Юсуф алайҳиссаломни кутганида у асло таслим бўлмаган, яна бир ўғли йўқолганда фақат қуйидаги сўзларни айтган: «Аллоҳ уларни менга олиб келсин». Яқуб алайҳиссалом бутун ҳаёти давомида самимий иймони, куч-қудрати, зийраклиги ва инсонпарварлиги билан ажралиб турган. У шунда одоб-ахлоқли киши эдики, мўминлар ундан мамнуният билан ўрнак олади.
Мусо алайҳиссалом болалар ва одамларни ўлдирган Фиръавнни олиб ташлаш учун дуолари эшитилгунга қадар 40 йил давомида дуолар қилди.
Парвардигорни улуғлайдиганлар қийинчилик ва кулфатлардан ҳайратда қолишди, бу эса уларнинг имонини оширди ва Аллоҳнинг розилигига олиб келди:
«Аллоҳ улардан рози бўлди. Улар Аллоҳдан рози бўлди. Бу эса улуғ ютуқдир!» (Моида сураси, 19).
Абу Муслим таржимаси