Украинадаги сайлов: олигархлар ва россияпараст қўғирчоқ ўйнатувчилар «чўнтак» парламентига эга бўладими? (Fronda, Польша)
Зеленскийнинг «Халқ хизматкори» партияси рақибларини тор-мор қилди ва Украина Верховная Радасига бўлиб ўтган муддатидан аввалги сайловларда бутун Украина сайловлари тарихида энг юқори (43%дан ортиқ) натижа билан ғолиб чиқди. Бу унга янги парламентдаги жойларнинг кўпчилигини эгаллаш имконини берди (у тахминан 250 депутатга эга бўлади). Ғўр, тажрибасиз ва катта сиёсатдан узоқ бўлган одамларнинг сиёсий лойиҳаси Украинадаги аввалги сиёсий саҳнани худди омонатдай йўқ қилди.
Украиналиклар навбатдаги гал ўз инфантиллиги, енгилтаклиги ва масъулиятсизлигини намойиш этиб, энг ўйламай қилинадиган ва ҳатто ўзи учун ҳалокатли усул билан советлардан кейинги элита вакилларига қарши норозилик билдирдилар.
Катта эҳтимол билан тахмин қилиш мумкинки, ҳозир олигархлар ва россияпараст қўғирчоқ ўйнатувчилар кўплаб янги сиёсатчиларни «сотиб олади» ва ўзининг «чўнтак» парламентига эга бўлади. Бу авторитаризм ва диктатура учун йўл очиб беради. Россия Президенти Владимир Путин, шубҳасиз-ки, вазиятдан фойдаланиб қолиш ва бундан максимал фойда олиш имкониятини қўлдан чиқармайди, боз устига, Украина парламентида у Кремлнинг кучли бешинчи устуни қўллаб-қувватлашидан умид қилиши мумкин: сайловчиларнинг 13%дан ортиғи Путиннинг яқин дўсти Виктор Медведчук бошқарадиган «Мухолифатчи платформа – Ҳаёт учун» россияпараст ҳаракатни танлади.
Бундан уч ой олдин мен Украина ғарбида россияпараст (демак Полшага қарши ва Ғарбга қарши) кучларнинг кучайиши истиқболи ҳақиқатга яқин эканлигидан огоҳлантиргандим. Яна бир бор шу башоратни такрорлайман. Зеленскийнинг «Халқ хизматкори» партияси Верховная Радага муддатидан аввалги сайловларда ғолиб чиқиши Украина давлатини заифлаштириши ва Кремль тарафдори бўлган лагер кучларини бирлаштириши мумкин, бу эса Украинида гиеосиёсий низоларни кучайтириши муқаррар.
Ўз навбатида, Ғарб тарафдори бўлган ислоҳотчилар ва Россия тарафдори бўлган реваншистлар ўртасидаги курашнинг кучайиши тартибсизли ва беқарорликка олиб келиши, пировардида Украинанинг Евроатлантика интеграциясини яна бир бор тўхтатиб қўйиши мумкин. Бундай ҳолатда Владимир Путиннинг Полшага ва Ғарбга қарши «Россияпараст Украина» лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш риски сезиларли даражада ортади.
Бундай сценарийни амалга ошириш жамоавий Ғарбнинг стратегик ва геосиёсий позициясини заифлаштиради, қисқа муддатли истиқболда эса Шарқий ва Марказий Европа, биринчи навбатда, Полша, Руминия ва Болтиқбўйи мамлакатлари хавфсизлигига зарба бериши мумкин. «Россияпараст Украина» операцияси халқаро хавфсизлик тизимига таҳдид солади. Агар ушбу давлатда Кремл сценарийси Москванинг муваффақияти билан якун топадиган бўлса, нафақат Европа миқёсида, балки глобал миқёсда ҳалокат рўй бериши мумкин. Россия империализми вайронагарчиликдан қайта тикланади ва дарҳол бутун минтақани беқарорлаштиришга киришади. Болтиқбўйи мамлакатлари, Полша, Руминия Россия тажовузининг нишонига ва гибридли уруш майдонига айланади. Агар шу сценарий ҳақиқатга айланса, ғарб тамаддуни жар ёқасига келиб қолади.
Абу Муслим таржимаси