close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Тақвимлардаги фарқлар бўйича изланишлар (баҳс)

Бирор ўлка (шаҳар) учун намоз вақтлари ўша ернинг жўғрофий хусусиятлари, яъни кенглик ва узоқликка асосланган ҳолда математик ҳисоб-китоблар орқали аниқланади. Бироқ бундай амаллар кенг қамровли ва мушкул бўлгани учун бугунги кунда бу ишни компютер бажаради.

Муайян бир намоз вақтининг бошланиши ва тугашини белгилайдиган ҳар бир дақиқа астрономик табиатга эга:
— бомдод намози тонг шафақи кирганда (субҳи содиқ, яъни шарқий горизонтда кенг ёйилган оқ чизиқнинг пайдо бўлиши билан) бошланиб, қуёшнинг қоши уфқ (горизонт) ортидан кўриниши билан тугайди;
— тонгги нафл (ишроқ) намози қуёш уфқдан бир найза кўтарилганидан кейин бошланади. Зуҳонинг вақти эса, кундузнинг тўртдан бири ўтиб, қуёш нури ерни қиздира бошлаган вақтда бошланиб, қуёш қиём (зенит)дан оғишига қадар давом этади;
— пешин намози қуёш қиёмдан оққандан бошланиб, аср намозининг вақти киргунга қадар давом этади;
— аср намозининг вақти ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки борабар бўлганида бошланади ва қуёш ботишига қадар давом этади. Бунда завол (қиём)нинг сояси эътиборга олинмайди;
— шом намозининг вақти қуёш уфқ (горизонт) ортига тўлиқ ботганидан сўнг бошланиб, ғарбий уфқ (горизонт)даги қизил шафақ йўқолиши билан тугайди;
— хуфтон намози эса, қизил шафақ йўқолгандан кейин атрофни қоронғулик тамомила қамраб олганда бошланиб, бомдод намозининг вақти киргунга қадар давом этади;
— витр намози хуфтон намозидан кейин бомдод вақти киргунга қадар давом этади.

Шундай қилиб, бомдод вақтининг тугашини, пешин ва шомнинг эса бошланишини аниқ белгилаб олса бўлади. Бунинг учун астрономик аломатлар, яъни қуёшнинг чиқиши, қиёмда туриши ва ботиши кузатилади, холос.
Пешиннинг тугаш пайтини аниқлаш эса, тригонометрик масала бўлиб, “қийинчилик” фақатгина намозхоннинг қайси мазҳабга амал қилишидан келиб чиқади.

Бомдоднинг бошланиш вақтини, шомнинг тугаш ва хуфтоннинг бошланиш вақтларини аниқлашдаги қийинчилик, бошқа жабҳада ётади. Бу ҳолда “шафақ” тушунчаси муҳим рол ўйнайди.

Агарда Ер шари атмосфера билан ўраб олинган бўлмаганида, кун ва тун алмашиши бир лаҳзалик кўриниш бўлар эди. Бироқ атмосфера қуёш нурларини сочиб юборади ва шунинг учун осмон тонгга яқин ва қуёш чиққунига қадар секинлик билан ёришади, оқшомда эса қуёш ботгунига қадар ва ундан сўнг аста-секинлик билан қораяди. Айнан шу нурларнинг тарқоқ ҳолда ёришиши ва қош қорайишига “шафақ” дейилади. Шунингдек, тонг шафақи “тонг ёғдуси”, оқшом шафақи эса “шом ёғдуси” дейилади.

Шафақ қуёш ботиш даражасининг юқорилиги ёки пастлигига қараб бир нечага бўлинади:

Оддий шафақ қуёш ботганидан сўнг бошланиб, қуёш горизонт ортига 6 даража ботганида тугайди. Атрофнинг кўриниши чекланган бўлиб, осмонда фақат энг ёруғ юлдузларни кўриш мумкин, бироқ об-ҳаво яхши бўлган ҳолларда горизонт аниқ кўриниб туради. Автоулов чироқларини ёқиш керак бўлса-да, кўчани сунъий ёритиш ускуналарини ёқишга оддий шафақ битгунича эҳтиёж бўлмайди.

Навигацион шафақ оддий шафақ тугаганидан сўнг бошланиб, қуёш горизонт ортига 12 даража ботганида тугайди. Бу ҳолда ёруғлик шу қадар чекланганки, сунъий ёритиш ускунасисиз китоб ўқиш мумкин эмас ва атрофнинг кўриниши жуда ҳам мушкул, горизонт эса деярли кўринмайди. Навигацион шафақ битгач горизонт кўздан йўқолади ва навигацион жиҳозлардан фойдаланиш амримаҳол бўлиб қолади.

Астрономик шафақ навигацион шафақ битганидан сўнг бошланиб, қуёш горизонт ортига 12 даража ботганида тугайди. Табиий ёруғлик ён-атрофда кўзга ҳам, ускунага ҳам кўринмайди, тун қоронғуси киради.

Ислом уламолари айнан шу шафақ масаласини муҳокама қилганларидан сўнг, “исломий шафақ” тушунчасини киритишга эҳтиёж борлигига келишдилар. Бироқ, ислом ўқув юртлари қўллаган “исломий шафақни” аниқлаш усулларида фарқлар мавжуд. Бунинг устига, қуёшнинг ботиш даражасига таянган ҳолда исломий шафақни белгилаш баъзи ўлкаларда мушкуллигича қолмоқда. Масалан: шимолий ва жанубий қутбга яқин ўлкаларда оқшом шафағи тонг шафағига айланиб кетади ва бу ҳолатда хуфтон намозининг вақтини белгилашнинг имконияти йўқ.

(Батафсил маълумот учун инглиз тилини биладиганлар қуйидаги китоблар билан танишиб чиқишлари мумкин:
1) Dr. Mohammad Ilyas, Astronomy of Islamic Times for the Twenty-first Century. London: Mansell, 1989;
2) Dr. Mohammad Ilyas, A Modern Guide to Astronomical Calculations of Islamic Calendar, Times & Qibla. Kuala Lumpur: Berita Publishing Sdn Bhd., 1984.)


* * *

Покистоннинг Карачи шаҳрида жойлашган Исломий илмлар университетига кўра, исломий шафақ қуёшнинг 18 даража ботишига, яъни астрономик шафаққа тенг. Бу қарорга жанубий-шарқий Осиё мусулмонлари амал қилишади.
Шимолий Америка ислом жамиятига кўра, исломий шафақ қуёшнинг 15 даража ботишига тенг. Бу қарорга АҚШ, Канада ҳамда Буюк Британия мусулмонлари амал қилишади.
Мисрдаги умумжаҳон мутахассислар йиғинига кўра, тонгги исломий шафақ қуёшнинг 19,5 даражада чиқишига ва оқшом шафағи 17,5 даражада ботишига тенг. Бу қарорга Африка ва Ўрта Шарқ мусулмонлари амал қилишади.
Маккадаги «Уммул Қуро» университетининг олимларига кўра, тонгги исломий шафақ қуёшнинг 19 даражада чиқишига тенг. Оқшом шафағи эса, 90 (рамазонда эса 120) дақиқа давом этади. Бу қарорга Араб ярим ороли давлатларида яшайдиган мусулмонлар амал қилишади.
Умужаҳон мусулмонлар лигасига кўра, тонгги исломий шафақ қуёшнинг 18 даражада чиқишига ва оқшом шафағи 17 даражада ботишига тенг. Бу қарорга Европа ва Узоқ Шарқ мусулмонлари амал қилишади.
Башарти оқшом ва тонг шафақлари бир бўладиган бўлса, хуфтон намози вақтининг кириши ва тугашини аниқлашда турли усуллар мавжуд. Россиянинг Европа қисмига масъул мусулмонлар идораси исломий шафақ қуёшнинг 9 даражада ботишига тенг, дейилган хулоса асосида хуфтон намозининг вақтини белгилашган.

***

Қандай ҳолат бўлмасин, бир омил ёдда тутилиши лозим: намоз вақтларини шаксиз ва аниқ билиш учун одам турган жойининг жўғрофий координатларини, соя камарини, денгиз сатҳидан қанча юқорида эканини, қуёшнинг осмон экваторига нисбатан оғиш даражасини, вақтни, исломий шафақ талабларини ва фиқҳий мазҳаб талабларини билиши керак.

***

Илова

Намоз вақтларини аниқлашни ўрганинг!

Бомдод намози
Бомдод намозининг вақти субҳи содиқ кирганда, яъни шарқий горизонтда оқ чизиқ пайдо бўлиши биланоқ бошланади (расм А). Бомдоднинг вақти қуёшнинг “қоши” шарқий горизонтда пайдо бўлгунича давом этади (расм В).

Пешин намози
Пешин намозининг вақти қуёш қиёмдан ғарбга оққанидан сўнг бошланиб (расм С), предметнинг қиём пайтидаги соясининг узунлиги ва ўз танасининг узунлигининг йиғиндисига тенг бўлган пайтгача давом этади (расм D).(Бу жумҳурга кўра)

Аср намози
Аср намозининг вақти пешин намозининг вақти тугаши биланоқ бошланади (расм D) ва қуёш горизонт ортига бутунлай ботиб кетиши билан тугайди (расм Е).

Шом намози
Шом намозининг вақти қуёш горизонт ортига бутунлай ботиб кетган пайтда бошланиб (расм Е), ғарбий горизонтда қизил чизиқ (шафақ) йўқолгунича давом этади.

Хуфтон намози
Хуфтон намозининг вақти шом намозининг вақти тугаши биланоқ бошланиб, субҳи содиқ кирганда тугайди.

***

(Ўша вақтдаги) Ислом.Уз сайтида тақдим қилган тақвимим ҳақида

Мен кундалик намоз вақтларини тақдим қилишда www.islamicfinder.org сайти маълумотларидан фойдаланганман. Мазкур сайтда эса қуйидаги ташкилотларнинг ҳисоблаш услублари тақдим қилинган:

Umm Al-Qura
North America
University Of Islamic Sciences
Karachi, Muslim World League
Egyptian General Authority of Survey

Тонг қуёш нурининг горизонтга нисбатан 18 даражада бўлиши Muslim World League асосан белгиланган.
Туш деб заволдан бир дақиқа кейинги вақт берилган.
Аср намози вақти Абу Ҳанифа (ра)нинг ижтиҳодлари бўйича ҳисобланади.
Шом учун қуёш тўлиқ ботгандан сўнг бир дақиқа ўтгандаги вақт берилган.
Хуфтон қуёш нурининг горизонтга нисбатан 17 даражада бўлиши (Muslim World League га) асосан белгиланган.

ва яна...

Биз тақдим этган намоз вақтларининг ичида аср намози вақти эътиборингизни ўзига тортган бўлса керак. Баъзи тақвимларда аср вақтини белгилашда кун ботишидан роппа-роса икки соат олдин аср вақтини чиқаришади. Йилнинг тўрт фаслида бу ҳисоблаш услуби ўзгармайди, ҳолбуки киш кунларида кун қисқа бўлади, ёз кунлари эса узун яъни, кун узайиши ва қисқариши баъзиларнинг тайёрлаган тақвимда ҳисобга олинмайди. Бизда эса ҳисобга олинади.

Мен пешин вақтининг чиқиши билан аср вақтининг кириши ҳақидаги маълумотларни юқорида номлари зикр қилинган ташкилотлар тақдим этган – Абу Ҳанифа (ра)нинг ижтиҳодлари (яъни, ҳар бир нарсанинг сояси икки баробар бўлиши)ни олдим.
Қўшимча маълумот учун: жумҳур (кўпчилик) уламолар – Моликий, Шофеъий, Ҳанбалий уламолари, имоми Аъзам Абу Ҳанифа (ра)нинг шогирдлари имом Абу Юсуф, имом Муҳаммад ва имом Зуфар (раҳматуллоҳи алайҳим)лар каби мужтаҳидларнинг ижтиҳодлари: улар ҳар бир нарсанинг сояси бир баробар бўлганда пешин намозининг вақти чиқиб, аср намозининг вақти киради, дейишган.

Мавзудаги баҳс мақсади

Биз сиз азизлардан мазкур масала бўйича ўзингизнинг фикрингизни билдиришингизни сўраймиз. Намоз вақтларини аниқлаш, хуссусан, бомдод ва шомвақтларини белгилаш масаласида ўзингизда бўлган ҳар қандай тадқиқот, илмий баҳс ва кузатувлар натижаларини бизга тақдим қилсангиз. Биз махсус ҳайъат аъзолари билан уни ўрганиб чиқиб бир хулосага иложи борича “ягона қолиб”га иттифоқ қилиш ниятимиз бор.

Абу Муслим
2010-2011 йиллар

Сўнгги сўз... (2017 йил)

Хуллас, таклифимиз қисман инобатга олинди, бир неча азизларимиз ўз тадқиқотларини тақдим ҳам қилишди. Ўшанда форумимизнинг баъзи фаоллари билан қуёшнинг чиқиши, ботиши бўйича кузатувлар ҳам ташкил қилдик... Аммо, натижа шу бўлдики, барибир Ўзбекистон мусулмонлар диний идораси тарафидан тайёрланадиган тақвимга ўтдик. (Фитна ва бошқа ихтилофлар бўлмаслиги учун)
Ҳар йили, яъни сўнгги ўн йил ичида Туркистон ўлкасининг (Марказий Осиёнинг) йирик шаҳарлари учун махсус Рамазон тақвимини тайёрлар эдик. Мазкур тақвимни ҳам юқорида зикр қилинган услуб бўйича, тақдим қилардик...

*****

Фаж вақтини аниқлашдаги қийинчиликлар

Рамазон ойида рўза тутиш – ислом динининг устунларидан биридир. Бундан ташқари, Аллоҳ таоло томонидан алоҳида тақдирланадиган қўшимча рўза турлари мавжуд. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен - Ўзим берурман, деди.
Рўза бомдод намозининг бошланиш вақтидан шом намози бошланиш вақтигача давом этиши лозим. Шомнинг бошланиши қуёш дискининг уфқ ортига ўтиш вақти сифатида тавсифланади, уни визал тарзда кузатиш ёки намоз бошланиш вақтини аниқлаш учун астрономия усулларидан фойдаланиш мумкин.
Бомдод намозининг бошланиши билан боғлиқ вазият у қадар аниқ эмас. Бир томондан, биз бу вақтнинг бошланиши ҳақида тўғридан-тўғри маълумотга эгамиз, бошқа томондан, биз кўпинча ундан фажрнинг бошланиш вақтини аниқлаш учун уни фойдалана олмаймиз. Аллоҳ бизга қуйидаги оятда рўза тутиш вақтини кўрсатиб беради:
«...Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг. Сўнгра рўзани кечасигача батамом қилинг...» (Бақара сураси, 187).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бири Адий Ҳотим розияллоҳу анҳу унинг сўзларини том маънода тушунгани ҳақидаги воқеа маълум:
Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Токи фажрда сизга оқ ип қора ипдан ажрагунча...» ояти нозил бўлганда:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мен ёстиғим остига икки арқонни; бир оқ арқонни, бир қора арқон¬ни қўйганман, кечадан кундузни билиш учун,
Бошқа ривоятда:
«Кечасида назар солсам, ажратиб бўлмайди-ку!» дедим».
У зот алайҳиссолату вассалом:
«Ёстиғинг кенг экан. У кечанинг қоронғилиги ва кундузнинг ёруғлигидир», дедилар». (Бухорий ва Муслим)
Бироқ, агар инсон уфқни бевосита кузата олмаса нима бўлади? Мисол учун, агар у баланд бинолар зич жойлашган шаҳарда ёки сунъий ёруғлик манбалари билан тунги осмонни унинг ёруғлиги шаҳар устидаги атмосферанинг пастки қатламларида тарқалган "ёритадиган" муҳим "ёруғлик ифлосланиши" бўлган шаҳарда яшаса.


Чапда: Глейшер паркида булутсиз тун (АҚШ). Ўнгда: Берлинда булутли ҳаво (Германия)

Бундай ҳолда астрономик усуллар ёрдамга келади. Улар бизни рўзанинг бошланиш вақтини аниқлаш учун зарур бўлган субҳ пайти ёки кечанинг бошланиши вақтини жуда катта аниқлик билан белгилашга имкон беради.
Агар кундуз ва кеча тушунчалари етарлича фарқлай оладиган бўлсак, субҳ пайти нима деган саволга ҳамма ҳам тўғри жавоб бера олмайди. Кўплаб таърифлардан фойдаланиш мумкин, аммо бу ерда биз Шайх Аҳмад Қутти фойдаланган таърифни қўллаймиз:
«Субҳ – қуёш чиқишидан олдинги шафақнинг бошланиш пайтидир. Субҳни қуёш ҳали уфқдан кўтарилмаган пайтдаги ғира-шира нурлардан билиш мумкин… Олдимизга оқ ва қора ип қўйиб, уларга қараб ўтирсак, уларнинг ранги фарқланган пайт айни субҳ бўлади. Бу пайтда ип қора эмас, балки ўзининг асл рангида кўрина бошлайди. Худди шу усулни кечқурун кун ботганда шом вақтини аниқлашда ҳам қўллаш мумкин».
У, шунингдек, тонг ёришиши ва субҳ пайтининг техник таърифларини келтириб ўтади:
«Астрономик субҳ шундай пайтки, ундан кейин осмон тим қора бўлмай қолади; бу пайтда қуёш уфқдан 18 даража пастда бўлади.
Навигацион субҳ шундай пайтки, бунда теварак-атроф уфқ ва баъзи нарсаларни илғаб олиш мумкин бўладиган даражада ёришган бўлади; бу пайтда қуёш уфқдан 12 даражада пастда бўлади.
Фуқаролар субҳи – атрофдаги нарсаларни илғаб олиш мумкин бўладиган даражада ёришиб кетган, уйдан чиқиб, кўчада бемалол юрса бўладиган пайт. Бу пайтда қуёш уфқдан 6 даража пастда бўлади.
Қуёш чиқиши (ботиши) ва астрономик субҳ ўртасидаги вақт ғира-шира пайт деб аталади. Айнан ғира-шира пайт бомдод ва шом намозлари вақти ҳисобланади. Ғира-шира пайт нима сабабдан юзага келади, 6, 12 ва 18 градус қаердан пайдо бўлган?
Ғира-шира пайт қуёш нури атмосферанинг юқори қатламларида тарқалиши ва атмосферанинг қуйи қатламларини ёритиши натижаси сифатида вужудга келади. Қуёш қанчалик уфқдан пастга тушса, ғира-шира пайт шунчалик қоронғу бўлади. Қуёш уфқдан 18 градус пастга етганда ғира-шира пайтнинг нурланиб туриш ёруғлиги деярли нолга тенг бўлади ва кечки ғира-шира пайт ҳақиқий тунга айланди. Қуёш яна уфқдан 18 градус пастга етганда тонгги ғира-шира пайтга айланади. 6° ва 12° қийматлари ғира-шира пайтнинг турли қисмларини бир-бирдан ажратиш учун ихтиёрий равишда танланган.
Агар биз, масалан, Ойда бундай ғира-шира пайт ҳолатини кузатмаган бўлардик. Қуёш уфқдан пасайиши билан бирдан тун бошланган ва аксинча, қуёш уфқдан кўтарилиши билан кун бошланган бўларди.

Юқоридаги расмда фуқаролик, ўртада – навигация ва қуйида – астрономик субҳ пайт акс эттирилган

Бир қарашда ҳеч қандай қийинчилик йўқ, қуёшнинг уфқдан 18 градус паст (баланд) тушиши (кўтарилиши) вақтини ҳисоб-китоб қилиш ва буни бомдод ёки шом намози вақтида деб ҳисоблаш мумкиндай кўринади. Саудия Арабистони Muslim World League ташкилоти ва Покистоннинг University of Islamic Scienses, Karachi ташкилоти айнан шу кўрсаткичдан фойдаланади. Айрим исломий ташкилотлар, масалан, Umm al-Qura ёки Egyptian General Authority of Survey хатога йўл қўймаслик учун ҳисоб-китоб мақсадида 18 градусдан каттароқ бурчакни олади.
Бироқ бу ерда бизни яна бир қийинчилик кутиб туради. Ернинг айланиш ўқи Ернинг Қуёш атрофида айланиш юзасига нисбатан қия жойлашганлиги сабабли, турли кенгликларда турли йил фаслларида Қуёш уфқ ортига турли даражада пасаяди. Ёзги қуёш туришига яқин бўлган вактда Куёшнинг пасайиши минимал чуқурлиги 18° дан кичик бўлади, қутбларда эса бу пайтда Қуёш уфқ чизиғидан тушмайди. Бу 48° дан юқори кенгликларда юзага келади, шу кенгликдан бошлаб ёзги қуёш туриш куни якинида кечки субҳ пайт тунги субҳ пайтга ўтади ва туннинг ўзи бўлмайди. Кенглик ортганда бошдан-охир субҳ пайт вақт доираси кенгаяди ва Қуёшнинг пасайиш чуқурлиги кичраяди, масалан, Киев учун атсрономик нуқтаи назардан кечки субҳ пайт тонгги ғира-шира пайтга ўтадиган вақтда тун бўлмайдиган пайт 29 майда бошланади ва 14 июлда тугайди. 54° кенгликка етганда у 12° дан паст тушмайди ва аҳоли ҳатто астрономик субҳ пайтни кузата олмайди, фақат навигацион ва фуқаролик субҳ пайти 60° гача навигацион субҳ пайт ҳам йўқолади, фақат фуқаролик субҳ пайти қолади ва бу «қутб куни» деб аталади.
Бу ҳолатда мусулмон одам нима қилиши керак? Ахир расман хуфтон вақти ҳам, бомдод вақти ҳам келмаган. Айрим олимлар Макка жадвали бўйича намоз вақтини ҳисоблашни таклиф қилади, бошқалар эса намоз вақти келиши шартларини ўзгартиради. Масалан, Шимолия Америка ислом жамияти (Islamic Society of North America) астрономик субҳ пайт ўртасини (15°) чегара сифатида фойдаланишни таклиф қилади, Франция ислом ташкилотлари иттифоқи (Union des organisations islamiques de France) эса – навигацион субҳ пайт бошланишини (12°).
Кайси усулни танлаш керак? Ахир усулларнинг ҳар бирида ҳам диний асослар, ҳам астрономик асослар ўрин олган. Ҳар қандай усулда. Бирон-бир усулнинг яққол хато эканлиги ёки маълум бир жойда қўллаш мумкин эмаслиги исботланмагунга қадар, ундан фойдаланиш мумкин. Фақат замонамизнинг барча олимлари томонидан бир овоздан маъқулланадиган ишонарли далил-исботлар олинмагунга қадар, бомдод ва шом намозларини бошланадиган вақтни аниқлашнинг биронта усулиан фойдаланиш тарафдорларининг бу муаммога қарашлари хатолигида айблаб, фитна қўзғамаслик керак. Битта олимнинг ижтиҳоди бошқа олимнинг ижтиҳодини бекор қилмаслиги сабабли, барча усуллар яроқлидир, чунки улардан ҳар бирига шариат кўрсатмаларига ва кейинги навбатда, илмий билимларга асосланадиган битта олим ёки мусулмон олимлари гуруҳининг ижтиҳоди асос ҳисобланади. Аллоҳ Таоло ҳамма нарсани яхшироқ билгувчидир.

Абу Муслим таржимаси (2019)

Мақола жойлаштирилган бўлим: Долзарб мавзу
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase