close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Оммавий ахборот воситаларининг Исломга хуружи

Сўнги вақтларда ғарб Оммавий ахборот воситалари (ОАВ) Ислом ҳақида фақат салбий оҳангда гапирадиган бўлиб қолишди. Улар мусулмонларни террорчиликда айблашнинг оламшумул ҳаракатига  ўз ҳиссаларини аъло даражада қўшмоқдалар. Улар муқаддас динимизни бадном қилиш мақсадида турли хил жиноятларни мусулмонларга ағдариб қўйишмоқда.

Табиийки, бундай Ислом билан қўрқитиш каби тарғиботлар кўпчиликда мусулмонларга нисбатан салбий кайфиятларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда. Аммо, булар соғлом ақлга тўғри келмасда, ғарб одами онгига сингдирилган ва Ислом билан боғлиқ ҳолда кўрсатилаётган жиноятларни мусулмонлар эмас, аксинча ўзларининг “демократик жамият” вакиллари содир этаётгани маълум бўлиб қолмоқда.

Биринчи ёлғон: Ислом террорни қўллаб-қувватлайди...
Ислом ҳақида энг кўп тарқалган ёлғонларнинг бири: Ислом террорни қўллаб-қувватлайди, мусулмонлар эса ғарб ва мусулмон мамлакатларида тинч аҳолини портлатишлардан ҳам қайтмайди, деган маънодаги гап-сўзлардир. Ҳақиқатда эса бу ҳеч қандай асосга эга бўлмаган ёлғондир. Масалан, Европа иттифоқи полициясининг терроризм бўйича ҳар йили тайёрланадиган “Европа иттифоқида терроризмга оид ҳолат ва мойилликлар” ҳисобатига кўра, Европа ҳудудидаги аксар (99,6%) террор амалиётлари мусулмон бўлмаганлар тарафидан содир этилган, 84,8 фоиз террористик хуружлар – Исломга алоқаси бўлмаган сепаратист гуруҳлар вакиллари томонидан содир этилган. Фақат 2007 йилдан 2009 йилгача бўлган жиноятларнинг 0,4 фоизни “мусулмон террористлари” деб аталган гуруҳлар содир этган экан. ФБР маълумотларига кўра, 1980 йилдан 2005 йилгача бўлган давр ичида АҚШда содир этилган террористик хуружларнинг 6 фоизига “исломий” экстремистларнинг алоқаси бўлган экан. Қолган 94 фоизи бошқа гуруҳларнинг улуши экан: Лотин Америкаси вакиллари – 42 фоиз террор хуружларини амалга оширган, ўнгчи радикал гуруҳлар – 24 фоиз, яҳудий экстремистлар – 7 фоиз, коммунистлар – 5 фоиз, қолган кучлар эса – 16 фоиз.
2005 йил Лондон метросида содир этилган террор хуружларини унутганимиз йўқ. Фожиадан сўнг, ҳали қурбонларни қутқариш ишлари бошланмасдан туриб, Би-Би-Си ва бошқа ОАВлари террористик хуружни “Ал-Қоида” ҳисобига ёза бошлашди. Кейинчалик эса жиноят бўйича тергов ўтказилиб, учта гумон қилувчи шахс маҳкамага тортилди, аммо улар оқланиб озод қилиндилар. Жиноятчилар ҳанузгача топилгани йўқ, портлашларга худкуш-террорчининг алоқаси борлиги ҳам исботлангани йўқ.
Аммо Ғарбнинг виждонсиз журналистлари ҳамда баъзи ҳолларда сиёсатчилар ҳамон ўша хуружларни мусулмонлар иши, деб таъкидлаб келишади. Худди шунга ўхшаб, Норвегияда Андерс Брейвик ўзининг террористик хуружларни содир этганида Ғарб ОАВлари дарҳол: “Бу “Ал-Қоида”нинг Норвегиядан афғон амалиётларида иштироки учун қасоси”, деб барча жиноятларни мусулмонларга ағдариб қўйишга ҳаракат қилишганди. Фақат, “руҳий хаста” ҳисобланаётган террорчи ҳибсга олинганидан сўнг ва ҳақиқат ойдинлашгач мусулмонларга нисбатан бўҳтон қилиниши бас қилинди. Аммо, шундай бўлсада, матбуотдаги бўҳтон ва туҳматлар учун ҳеч ким узр сўраб қўйгани ҳам йўқ.
Мусулмон ўлкаларидаги портлашлар  ва буларнинг оқибатида қурбон бўлаётган мусулмонлар ҳақидаги воқеаларга ғарбдаги манфаатдор доираларнинг қўли борлиги ҳақида жуда кўп далиллар бор. Америкалик таҳлилчи Уэйн Мэдсеннинг ўзининг WMR порталига ёзишича, “Европа ва Осиё мамлакатларининг разведкалари «Xe/Blackwater»ни Афғонистон, Самоли, Покистон, Эрон ва Ироқда содир этилаётган террор хуружларида алоқаси борлигини айтишди. Баъзи ҳолатларда мусулмонларга қарши бўлганларнинг террор хуружларини амалга ошириб келаётгани ҳам сир бўлмай қолди. Покистондаги террористик хуружларда «Xe/Blackwater» гуруҳининг қўли борлигини Покистон разведкасининг собиқ раҳбари Ҳамид Гул ҳам тасдиқлаган.
Айни вақтларда, “террор билан курашаётган” НАТО урушлари натижасида кўрилган моддий талафот ва қурбонлари сони ҳисобсиздир. Ғарб босқинчилари юз минглаб тинч аҳолини ўлдириб, бутун-бутун шаҳарларни вайрон қилишмоқда. Аммо бу нарсаларга на террор, на геноцид ва на инсониятга қарши жиноят дейилди. Бундан ташқари, босқинчиликни гуманитар интервенция ёки тинчлик ўрнатиш амалиёти деб ҳам атади.

Иккинчи ёлғон: Ислом қилич билан тарқалган...
Ислом ҳақида тарқалган иккинчи машҳур ёлғон -  бу Исломнинг қилич билан тарқалганлиги ҳақидаги сафсатадир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотлари вақтида Макка, Мадина ва унинг атрофидаги ҳудудлар Ислом давлати таркибида эди. Аммо бундан юз йил ўтиб Ислом халифалиги Хитой чегарасидан то Атлантика уммони қирғоқларигача бўлган ҳудудларни қамраб олди. Мусулмонларнинг янги ерларни фатҳ қилиши натижасида ерлик аҳолининг аксар қисмлари ўз ихтиёрлари билан Исломни қабул қила бошладилар. Ғарб тарғиботи эса уларни мажбурий Исломга киритилган, деб таъкидлайди.  Бу навбатдаги ёлғондир.
Мусулмонлар давлатида мусулмонлардан ташқари насроний, яҳудий ва мажусийлар ҳам эркин яшар эди. Жуда кўп халқлар юз йилдан ошиқ вақт мобайнида исломий давлатларда яшаб келишган бўлсада, улар ўз динлари ва ибодат жойларини сақлаб қолишган. Фуқароларни мажбурий равишда даҳрий қилган Совет иттифоқини эслаб кўринг. Етмиш йиллик сохта мафкура тарғиботи ва қатағон сиёсат натижасида аҳолининг ярми ўзларини даҳрий ҳисоблайдиган бўлишди. Агар мусулмонлар ўша ҳудуд аҳолисига Исломни худди советча услублар билан тарғиб қилганида эди етти юз йил мусулмонлар ҳукмрон бўлган давр ичида Испанияда битта ҳам католик, Мисрда эса 1200 йил ичида битта ҳам копт (мисрлик насронийлар) қолмаган бўлар эди. Совет иттифоқи ўзининг социалистик тузуми билан қабрга киргач, унинг жуда кўп собиқ фуқаролари коммунистик мафкурани осонгина тарк қилишди. Шу билан бирга, Исломни йўқ қилмоқчи бўлган тузумда яшаб ҳам, аксар мусулмонлар ўз динларида  содиқ қолганининг гувоҳи ҳам бўлдик. Босиб олинган минтақаларда мусулмонларни фақат қириб ташлаш (яъни жисмонан йўқ қилиш), ёки яшаб турган жойидан қувиш йўли билангина диний харита тусини ўзгартириш мумкин бўлган. (Масалан, Андалусия) 
Агар капитализмнинг дунё бўйлаб тарқалганини кўриб чиқсак, фақат мустамлака қилиш йўллари билан бу ишни уддалай олганини кўрамиз. Босиб олинган аҳолига капиталистик мафкура куч билан сингдирилган. Бугун эса демократия қандай йўллар билан тарқатилмоқда? Бошқача фикрлайдиган ҳар қандай шахсни экстремист, деб эълон қилиш билан, ҳамда уларга кўра демократик бўлмаган мамлакатларни бомбардимон ва босиб олиш (оккупация) йўллари билан тарқалаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Учинчи ёлғон: Мусулмон мамлакатларининг қолоқлигига Ислом сабабчи...
Ниҳоят, ОАВларида: “Ислом мусулмон мамлакатларининг ривожланишига тўсқинлик қилаётганмиш”, деган маънодаги гаплар баралла янграётган учинчи ёлғонни кўриб чиқамиз. Ғарб “маърифат”чилари аҳолиси диндор бўлган, баъзи жойларда эса шариат ҳукмрон бўлган замонавий Яқин Шарқни ўрта асрнинг қолоқ ва аҳолиси диндор насронийлардан иборат бўлган ҳамда черков давлат ишларига аралашиб турадиган Европа билан қиёс қиладилар. Уларнинг фикрига кўра, мусулмон мамлакатларида динни давлатдан бутунлай ажратиш керак, шунда ривожланиш бошланади. Чунки, Европада динни давлатдан ажратганидан сўнг ривожланиш бошланган эмиш. Бу навбатдаги ёлғон фикрдир.
Чунки, йигирманчи асрда мусулмонларнинг капиталистик мафкурани қабул қилишлари ва ғарбга тақлид қилган ҳолда қурилган давлатлари инқирозга ва таназзулга юз тутдилар. Ўрта асрларда Яқин Шарқ эмас балки Европа қалоқ эди. Ислом тарқалган ҳудудлар ўша давр жаҳон цивилизациясининг маркази ҳисобланган, шариат асосида қурилган мусулмонлар жамияти эса ривожланиб борган. Ўша даврда дунёга биринчи шифохоналарни, текин тибий ёрдамларни, ёш болалар учун ва турли хил нафақаларни мусулмонлар биринчи бўлиб тақдим қилишган. Улар алгебра, кимё, доришуносликка асос солишган, уларнинг кашфиётларидан ҳанузгача фойдаланиб, баҳраманд бўлиб келинмоқда. Бу шарафни уларга Ислом берган. Исломдан қайтиш эса уларнинг инқирози ва таназзулига сабаб бўлган.

Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади (2012 йил)

Мақола жойлаштирилган бўлим: Долзарб мавзу
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase