close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ҳақиқий Ислом қаерга кетди?

Ислом идеалдир, мусулмонлар эса идеал эмас... Исломга онгли равишда эътиқод қила бошлаган пайтдан менда динимиз қоидалари ва мусулмонлар хулқ-атвори билан боғлиқ кўплаб саволлар юзага келарди ва ҳамон юзага келмоқда. Масалан, нима учун биз Ислом билимларга хайрихоҳлик билан муносабатда бўлади деб айтамиз-у, аммо асосий илмий ютуқлар мусулмонларга тегишли эмас? Аёллар таълими мавзуси эса алоҳида масала саналади.

Ислом идеалдир, мусулмонлар эса идеал эмас... Исломга онгли равишда эътиқод қила бошлаган пайтдан менда динимиз қоидалари ва мусулмонлар хулқ-атвори билан боғлиқ кўплаб саволлар юзага келарди ва ҳамон юзага келмоқда. Масалан, нима учун биз Ислом билимларга хайрихоҳлик билан муносабатда бўлади деб айтамиз-у, аммо асосий илмий ютуқлар мусулмонларга тегишли эмас? Аёллар таълими мавзуси эса алоҳида масала саналади. Нима учун биз ислом – тинчлик дини деймиз, лекин ҳалигача исломга хос бўлмаган ор-номус қотиллиги, оиладаги ва бошқаларга нисбатан зўравонликнинг айрим шаклларини қўллаб келяпмиз, нима учун бошқача қадриятлар ва дин-эътиқодга эга бўлган одамларга нисбатан бесабрмиз?
Нима учун биз исломда аёллар барча ҳуқуқларга эга деймиз, лекин таълим олиш, ишлаш, ўз маблағига эга бўлиш, уйдаги зўравонликдан ҳимоя топиш ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларини феминист аёллар илгари сурмоқда, мусулмонлар эмас?
Нима учун мусулмонлар "кофир" мамлакатларда одоб-ахлоқнинг таназзулга юз тутгани ҳақида шикоят қиладилару, лекин ўзларининг "мусулмон" ҳукмдорлари мустабидлигидан айнан мусулмон бўлмаган, уларга ҳимоя, ҳуқуқ ва адолатга кафолат бериши мумкин бўлган “куфр” мамлакатларга қочиб кетмоқдалар?
Нима учун мусулмон давлат бўлган Саудия Арабистони бошқа бир мусулмон давлат саналган Яманда мусулмон-биродарларни бомбардимон қилмоқда, «мусулмон бўлмаган» БМТ эса Яман, Фаластин ва бошқа мусулмон мамлакатларга ёрдам қўлини чўзишга чақирмоқда? Албатта, бу гаплар ҳамма мусулмонларга тегишли бўлмаса ҳам аксарига тегиб ўтади...
Яқинда хориждаги исломий ресурслардан бирида чиққан мақола санаб ўтилган барча саволларга жавоб бўлиши мумкин. Унда айтилишича, мусулмонлар шу пайтгача асосий эътибор қаратиб келадиган нарса – Қуръони карим кўтарган масалалар эмас.
Қуръони карим нафақат мусулмонларга балки бутун инсоният учун нозил бўлган илоҳий китобдир. Қуръон ўзини инсоният учун ҳидоят деб атайди: «Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир». (Бақара сураси, 185)
Худди шу тарзда сўнгги пайғамбаримиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон ўзларини фақат мусулмонлар учун пайғамбар деб атамаган. Қуръонда бу ҳақида қуйидаги сўзлар билан гувоҳлик берилади: « Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик». (Анбиё сураси, 107)
Лекин шунга қарамай, асрлар давомида мусулмонлар фақат таҳорат ва ғусл, рўза тутиш, закот, ҳаж, намоз каби диний маросимларга оид бўлган масалаларни муҳокама қилиб келишган. Охирги пайтларда бу масалалар доираси ҳижоб ҳақидаги, соқол ва шимнинг узунлиги ёки мусулмонларнинг фақат ҳалол гўшт истеъмол қилиши ҳақидаги масалалар билан тўлдирилди.
Мусулмонларнинг бутун инсониятга алоқадор бўлган муаммоларни ҳал қилишга қаратилганлиги ҳақида камдан-кам ҳолларда эшитиш мумкин. Ер юзидаги одамларнинг кўпчилиги дуч келадиган муаммоларни ҳал қилиш учун ғоялар ва амалий дастурларни таклиф қилаётган мусулмонларни камдан-кам ҳолларда топиш мумкин.
Мусулмон олимлари ва мутафаккирлари Қуръони каримни унга риоя қилмаслик, амал қилмаслик, унинг қоидалари бўйича яшамаслик, балки фақат тинглаш, қироат билан ўқиш ва унга ҳавол қилиш билан кифояланиш мумкин бўлган китобга айлантириб қўйдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолога айнан шундан шикоят қилмаганмидилар:
Ва Пайғамбар: «Эй Роббим, албатта, менинг қавмим ушбу Қуръонни тарк этдилар», деди (Фурқон сураси, 30).
Қуръон илк нозил қилинганда оддий ва жуда тушунарли эди. У одамларнинг мавжуд якка худолилик концепциясига ишора қилиб, Худонинг бирлиги фақатгина инсоният бир бутун органик яхлитлик сифатида қабул қилинганида ва бу ғояга ишонганлар ўзларини бу дунёдаги одамларни қулликдан ва очликдан қутқаришга бағишлашганда эришиш мумкинлигини тушунтирган. Қуръон мўминларни ўзларининг асосий вазифаларига чақиради:
« Ва Биз уни икки: (яхши ва ёмон) йўлга йўллаб қўйдик. Бас, у довон ошиб ўтмади. Довон қандоқ нарса эканини сенга нима билдирди? У қул озод қилишдир. Ёки очарчилик кунида таом беришдир. Қариндош етимларга. Ёки тупроққа қориган мискинларга» (Балад сураси, 10-16).
Бу ояти карима маъноларидан кўриб турибмизки, инсон, агарда у оч бўлса ва эркин бўлмаса, ўз вазифасини тўлиқ амалга ошира олмайди. Шундай қилиб, бунда исломга эргашувчиларнинг ўзини одамларнинг муаммолари билан бир деб қараш ва уларнинг шарафларини тиклашни таъминлашга давъат мавжуддир.
2017 йил дунё миқёсида сўров ўтказилган бўлиб, унда 186 мамлакатда 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган 31 минг киши қатнашди. Сўров Жаҳон  иқтисодий форумининг глобал шарҳи эди. Бу муаммолар қуйидагилардан иборат эди:

Иқлимнинг ўзгариши / табиатнинг вайрон бўлиши (48,8%)
Кенг кўламли низолар / урушлар (38,9%)
Тенгсизлик (даромад, дискриминация) (30,8%)
Камбағаллик (29,2%)
Диний низолар (23,9%)
Давлат жавобгарлиги ва шаффофлик / порахўрлик (22,7%)
Озиқ-овқат ва сув хавфсизлиги (18,2%)
Таълим даражасининг етарли эмаслиги (15,9%)
Хавфсизлик / қўриқлаш / фаровонлик (14,1%)
Бандлик ва иқтисодий имкониятлар йўқлиги (12,1%)

Мусулмонларнинг бутун дунё бўйлаб минглаб ташкилот ва муассасалари мавжуд. Биз уларнинг орасида кўрсатилган муаммоларнинг биронтаси бўйича глобал ёки минтақавий миқёсда биронта таҳлилий ёки позицион ҳужжатлар тақдим этганининг номини айта оламизми?
Гап мусулмонларда ресурслар ёки моддий имкониятлар йўқлигида эмас. Бунинг сабаби шундаки, мусулмонлар илм-фани Қуръонга универсал нуқтаи назардан камдан-кам қаратилади. Олимлар ва мутафаккирлар иккинчи даражали масалаларга асосий эътибор қаратиб турган бир пайтда, ёш авлодни Қуръоннинг инсониятга ваҳий қилинишига эътибор қаратишга руҳлантириш қийин масаладир.
Бунга мусулмонларнинг глобал даъвати йўқ экан, улар қандай қилиб ўзини одамларнинг ҳаёт шароитларида сифат ўзгаришларига олиб келадиган фаолиятга бағишлаши мумкин? Ваҳоланки, Қуръонда айтилишича: «Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз» (Оли Имрон сураси, 110).
Лекин агар биз хавотир оладиган масалалар фақат ўз умматимиз, тор манфаатларимиз билан чекланиб қоладиган бўлса ва биз бутун инсоният муаммоларини ҳал қилишга жиддий ҳисса қўшмасак биз ўзимизни «умматларнинг энг яхшиси» юқори унвонига мос келадиган деб айта оламизми? Бунга шубҳам бор.
Албатта, Ислом идеал, мусулмонлар эса идеал эмас деб ўзини оқлашга ҳаракат қилиб кўриш мумкин. Лекин ислом образини ўзимиз шакллантирмасак, унда ким шакллантиради? Қолган 6,5 миллиард киши «ҳақиқий», ўқимишли, тинчликсевар, раҳмдил ва ҳамкорлик қилувчи, яхши кўрувчи ва қизиқувчи мусулмонларни бизда кўрмаса, қаердан топсин?
Агар бизнинг ўзимиз уни ташлаб қўйган бўлсак, кимдир исломни китоблардан, инчунун, Муқаддас китобдан қидиришига ишониш қийин. Гап уни такрорлаш ёки тинглаш ҳақида эмас, гап унинг юқори ахлоқий насиҳатларига ва эзгу хабарларига амал қилишда бўлиб, улар берадиган фойда бутун инсониятга тарқалиши лозим, бизнинг «тор» доирамизгагина эмас.

манба:  ИсламТудей.Ру
Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Долзарб мавзу
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase