close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Салмон Авдага ўлим жазоси хавф солмоқда

Менинг отам – 61 яшар Салмон Авда, Саудия Арабистонидан, Ислом олими, ислоҳотчи, шариатга мувофиқ инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақирган шахс. Уни ҳамма жойда тинглашарди, унинг қанчалик оммавий эканлигини Twitter ижтимоий тармоғида 14 миллион обуначига эга эканлиги ҳам кўрсатиб турибди.

2017 йилнинг 10 сентябрь куни Қатарнинг Саудия Арабистони, Бахрайн, БАА ва Миср томонидан қамал қилиб турилганлиги сабабли минтақадаги зиддиятдан қаттиқ хавотирга тушган менинг отам низо ҳақидаги фикрини киноя билан айтди ва муросага келиш  ғоясини қўллаб-қувватлади. – «Аллоҳ халқларининг манфаатлари йўли буларнинг қалбларини бирлаштирсин», - деб ёзганди у.
Ушбу твит эълон қилинганидан бир неча соат ўтгач, ар-Риёддаги уйимизга бир гуруҳ Саудия махсус хизмати ходимлари келиб, уйда тинтув ўтказишди, ноутбукларни мусодара қилишди ва отамни олиб кетишди.
У Жидда шаҳридаги Даҳбан қамоқхонасида бир кишилик камерада сақланмоқда. У ойлар мобайнида оёқ-қўллари кишанланган ҳолда ушлаб турилибди. Уйқу ва тиббий ёрдамдан маҳрум бўлган, кун бўйи сўроққа тутилган. Унинг соғлиғининг ёмонлашуви - қон босими кўтарилиши ва холестерин - касалхонага ётқизилмагунча эътиборсиз қолдирилган. Судга қадар адвокатларга кириш ҳуқуқидан маҳрум этилган.
4 сентябрь куни ар-Риёд жиноий ишлар бўйича махсус суди менинг отамга нисбатан кўп сонли - тартибсизликлар уйғотиш, аҳолини ҳукуматга қарши қўзғатиш, ҳукуматни ўзгартиришга даъват қилиш, араб инқилобларини қўллаб-қувватлаш ва бошқа айбловларни кўриб чиқиш учун ёпиқ мажлис ўтказди. Қироллик бош прокурори унинг учун ўлим жазоси талаб қилди.
Отам Саудия халқи томонидан номенклатура уламоларидан узоқ бўлган мустақил мусулмон олим сифатида катта обрўга эгалиги сабабли севимлидир. У исломий далиллардан фойдаланиб, фуқаролик эркинлигини, сиёсатда иштирок этиш, ҳукумат ваколатларини ажратиш ва суд ҳокимиятининг мустақиллигини қўллаб-қувватларди.
У қарийб йигирма йил давомида Саудия Арабистонида терроризмга қарши ошкора кампания юритди. У диний фикрларни мўътадил Ислом фойдасига янгилашга чақирарди. Ўйлайманки, у оммавий ва тараққийпарвар қарашлари учун ҳибсга олинган, ахир шаҳзода Муҳаммад бин Салмон тахтга ўтиргандан бери бошқа ҳеч кимни «ислоҳотчи» деб аташ мумкин эмасди.
Отам каби ислоҳотчилар қамоқда ўтирар экан, Саудия Арабистони нуфузли давлат шайхи Солиҳ Фаузан каби консерваторларни рағбатлантирмоқда. 2013 йил Фаузан аёлларнинг келажакда автомобиль бошқариши имкониятини инкор қиларди, шиалар ва "ваҳобийлар" мафкурасига амал қилмайдиган бошқа мусулмонларни ва бу талқинга рози бўлмаганларни ғайридинлар деб атарди.
У шунингдек, «швед столи» ўрнатилган ресторанларни ҳаром деб эълон қилган, чунки улар унга исломда тақиқланган қимор ўйинларини эслатиб турарди.
Август ойида жаноб Фаузан унинг нуфузи ва муҳимлигини намойиш этиш учун қироллик судида қирол Салмон бин Абдулазиз ва шаҳзода Муҳаммад ўртасига ўтказиб қўйилди. Сентябрда Фаузан ҳукмдорга қарши чиққан сиёсий диссидентларни қатл этиш ҳақида фатво чиқарди. Бир ойдан кейин эса менинг дўстим Жамол Хашукджи ўлдирилди.
3 февраль куни Саудия Арабистони ҳукумати отам устидан бўлиб ўтиши лозим бўлган суд ишини учинчи марта изоҳсиз кейинга қолдирди ва қамоқда ушлаб туришни давом эттирмоқда. Отам ҳибсга олинган пайтдан бошлаб менинг оилам мунтазам таъқиб қилиб келинмоқда, 17 нафар оила аъзоларимиз, шу жумладан болаларга чет элга чиқиш тақиқланган; бизнинг уйимиз ва менинг шахсий кутубхонам ордерсиз тинтув қилинган, амаким рўй берган воқеа ҳақида хабар қилгани учун ҳибсга олинган, менинг активларим эса ҳеч қандай сабабсиз музлатиб қўйилган.
Бундай қўрқув маданиятида адолатга ҳеч қандай умид йўқ.

Манба: The New York Times
Абу Муслим таржимаси

****

Илова сифатида бундан тахминан 10 йил олдин таржима қилган мақолани ҳам тақдим қиламан


Шайх Салмон Фаҳд Авда (ҳафизахуллоҳ)

Зиддиятларга тўла, шиддатла олға интилаётган бугунги кунимизда Ислом дунёсида мўътабар саналган энг ёрқин сиймоларнинг ажойиб ҳаёт йўллари гўё довулларга парво қилмай, салобат тўкиб турган метин қоятошдек… Ана шундай буюк замондошларимиздан бири – саудиялик машҳур олим, шайх Салмон Фаҳд ал-Авда ҳазратларидир. Islam Today сайтининг араб тилидаги саҳифалари директори, кўплаб китоблар, илмий мақолалар, телекўрсатувлар муаллифи, 12 фарзанднинг отаси шайх Салмон ал-Авда ҳазратларини кўпроқ кунялари - Абу Муоз деб таниймиз.
Шайх Салмон ал-Авда дастлаб ўзининг ҳукумат тепасида турган Саудия қиролининг оиласи билан бўлиб ўтган тортишувлари, Саудия Арабистони қироллиги расмий муфтийсининг танқид қилгани, беш йиллик маҳбуслик даври ва ниҳоят, ўз фикрини қайта кўриб чиқиб, аввалги фаолиятини танқид қилганлиги билан тезда танилди.

Консерваторнинг шаклланиши

Салмон ал-Авда 1955 йилда Арабистоннинг марказий қисмидаги Қосим вилоятининг Бурайда шаҳри яқинида жойлашган ал-Басра деган жойда туғилди. Унинг болалик даври шу ерда, ал-Басрада ўтди. Мактабни Бурайда шаҳрида тамомлаб, шу ерда институтга ўқишга кирди ва олти йил таҳсил олди.
У ўқиш даврида бошланғич Исломий таълим олди, араб тили, сарф-наҳв, ҳанбалийя мазҳабининг фиқҳини чуқур ўрганди, маҳаллий шайхларнинг шахсан назорати остида ҳадис илмидан дарс олди. Бурайдадаги институтда шайх Солиҳ ас-Сукайтий, шайх Али ад-Далий, шайх Солиҳ ал-Булайхий каби ўша даврнинг, ўша юртнинг энг машҳур олимлари дарс берар эдилар.
Салмон ал-Авда институтда ўқиб юрган кезларида мўътабар шайхлардан бевосита таълим олиб, уларнинг хизматида, суҳбатида бўлиш билан бирган, институтнинг ниҳоятда бой кутубхонасидан ҳам самарали фойдаланди.
Ёш Салмон ўқиш йилларида турли илмлар бўйича чоп этилган кичикроқ рисолаларни тўлиқ ёд ола бошлади. Жумладан, ўша йиллари Салмон ал-Авда қуйидаги асарларни ёд олишга улгурди:
• «Ал-Усулус-Саласа», «ал-Қоваидул-Арбаъа», «Китабут-Тавҳид», «ал-Ақийдатул-Васатийя» каби ақоидга оид рисолалар;
• «Матнул-Аджурумийя». Салмон ал-Авда араб тилининг сарф илмига оид бу рисолани тўлиқ ёд олиб, масжидда ўзининг ёш шогирдларига бу фандан дарслар берди;
• «Матнур-Рахбиййя» – мерос илмига оид рисола;
• «Задул-Мустақни» - ҳанбалийя мазҳабига оид фиқҳий масалаларга бағишланган энг машҳур ва мукаммал рисолалардан бири. Ал-Авда институтда ўқиб юрган пайтларида мазкур рисоланинг катта қисмини ўрганиб чиқиб, кейинчалик уни шайх Солиҳ ал-Булайхий ва шайх Муҳаммад ал-Мансур каби олимлар билан биргаликда ўрганишда давом этди.
• «Нухбатул-Фикр». Ибн Ҳожара Асқалонийнинг ҳадис истилоҳларига оид рисоласи. Салмон ал-Авда бу асарни талабалик йилларида ёд олиб, сўнг мазкур асар бўйича ўз талабаларига дарс берди, уни ёд олишда ёрдам кўрсатди.
Шунингдек, ёш Салмон ал-Авда яна қатор рисолаларни қисман бўлса-да, ёд олди. Улар қаторига Ибн Моликнинг араб грамматикасига оид «Алфийя» асарини, фиқҳ ва бошқа илмларга бағишланган яна кўплаб китобларни киритиш мумкин.
Таълим якунларига кўра Салмон ал-Авда Имом Муҳаммад ибн Сауд Университетини Ислом фиқҳи йўналиши бўйича бакалавриат ва магистратура босқичларини тамомлади. Магистрлик даражасини Усулуд-дийн (Дийн асослари) факультетида Суннат илми бўйича олди.
Унинг магистрлик диссертацияси Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг машҳур ҳадисларига, шунингдек, ундан келиб чиқадиган фиқҳий ҳукмларга мос равишда Исломнинг ғариблиги  масалаларига бағишланган эди. Кейинчалик Салмон ал-Авда Суннат илмлари бўйича докторлик илмий даражасини ҳам қўлга киритди.

Шайх Салмон ал-Авда ўзининг олим ва жамоат арбоби сифатида шаклланиши давомида Саудиянинг 1970-йилларда ташкил этилган «Саҳва» интеллектуал ҳаракатига аъзо бўлди. «Сахва» сўзи «уйғониш» маъносини англатиб, мазкур ҳаракат суннийликнинг ҳанбалийя анъаналарига асосланган эди.
«Сахва» ҳаракати исломий ҳукуматни уламолар, давлат ва фақат Қуръон ва Суннатдан истинбот қилинган фиқҳ ўртасидаги тенгҳуқуқли шериклик деб қарар эди. Шайх Салмон ал-Авданинг «Сахва» ҳаракати доирасидаги қарашлари Ислом давлати раҳбари ва оддий мусулмон фуқаронинг Қуръони каримда белгилаб берилган амри маъруф ва наҳйи мункарни адо этишдаги шахсий масъулиятини кучайтириш ғояларини ўз ичига олар эди.
Унинг фикрича, мазкур масъулият ҳеч қандай омил туфайли, ҳеч қайси давлат муассасаси ёки расмий уламоларнинг манфаати туфайли ҳеч кимдан соқит бўлиши мумкин эмас эди. Шайх ал-Авданинг ҳукуматнинг роли ва жамиятнинг аҳволи ҳақидаги фикрлари ва  қарашларига у туғилиб ўсган шарт-шароитлар таъсир қилмай қолмаган эди.
Бўлажак олим Бурайда шаҳри яқинидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган туманда туғилиб ўсди. Бу туман, бутун Қосим вилояти каби, ўзининг қашшоқлиги, пойтахт ва Ҳижоз шаҳарларига нисбатан тараққиётда анча ортда қолганлиги билан ажралиб турар эди. Бурайда эса ортодоксал сунний консерватизмнинг айни ўчоғи сифатида машҳур эди. Бу ерлар азалдан давлат томонидан илгари сурилаётган лойиҳаларга, айниқса, маҳаллий маданий қадриятлар ва азалий урф-одатларга таъсир кўрсатадиган янгиликларга кескин мухолифлиги билан ажралиб турар эди. Ана шундай лойиҳалардан бири 1960 йилларда мамлакатда илк бор жорий қилинган қизларни ўқитиш лойиҳаси эди.
Ал-Авда ўзининг маъруза ва хутбаларида глобализация ва модернизация оқибатида юзага келадиган маданий янгиликларга норозилик ғояларини илгари сура бошлади. Шунингдек, у Саудия Арабистонида ҳукуматнинг бир оила томонидан монопол мақомга эга эканлигига ҳам қарши чиқиб, унинг мамлакатдаги иқтисодий ва сиёсий муҳитни сезиларли даражада ўзгартиришдан ожиз эканлигини қаттиқ танқид остига олди.

Дастлабки сиёсий тўқнашувлар

Форс кўрфазида 1990-91 йилларда юз берган инқироз, нефть маркази бўлган Кувайтга бостириб кирган Саддам Хусайн режимига америкаликлар қарши турган уруш ҳам Салмон ал-Авда учун мавжуд ижтимоий кескинлик ва Саудия давлатининг ички зиддиятларидан ўз манфаатларида фойдаланишга қулай имконият туғдирди.
Можарога ўша пайтда Саудия муфтийси лавозимида турган Абдулазиз ибн Боз ҳазратларининг «Ҳукумат режимини Саддам Хусайндан ҳимоя қилиш учун Қироллик ҳудудига Америка қўшинларини таклиф қилиш жоиз», деган фатволари сабаб бўлди. Ўшанда Ал-Авда Саудия Арабистони ҳарбийлари ўз ватанини ҳимоя қила олмас экан, деган масалани кўтарган эди. Бунинг устига, мазкур фатво чиқарилишидан аввал Саудия ҳукумати Америкадан қурол-яроғ сотиб олиш ва ўз армиясининг малакасини ошириш учун ғоятда катта маблағ ажратган эди.
Форс кўрфазидаги уруш даврида ал-Авда Саудия қироли номига жиддий ислоҳотлар ўтказишни талаб қилиб ёзилган икки мурожаатноманинг асосий ташаббусчиларидан бўлди.
1991 йилда ёзилган биринчи, Талаблар мактуби деб аталган мурожаатнома Саудиянинг етакчи дин, жамоат арбоблари ҳамда ишбилармонлари томонидан имзоланди. Унда қиролга ҳукуматни бошқарув шаклига ўзгартириш киритиш, жумладан, маслаҳат кенгаши  Шўро ташкил қилиш таклиф қилинган эди.
Орадан бир йил ўтгач, Маслаҳатлар тўғрисидаги Меморандум деган ном билан машҳур бўлган иккинчи мурожаатнома тайёрланиб, унга ҳам юздан ортиқ дин арбоблари имзо қўйдилар. Бу ҳужжатга шахсий эркинликларни кенгайтириш ва яна такроран Шўро тузиш таклифлари киритилган эди. Шунингдек, ушбу мурожаатда оммавий ахборот воситаларини диний назорат остига олиш, Саудияда қабул қилинган барча қонунларни уларнинг шариатга тўлиқ мувофиқлигини текширишни таъминлаш ҳам таклиф қилинган эди.
Ҳар икки мурожаатномада ҳам ҳукумат тепасида турган раҳбарият танқид остига олинган, бироқ айни пайтда, Саудлар сулоласига содиқлик изҳор қилинган эди. Мазкур ташаббуслар билан бир пайтда бутун мамлакат бўйлаб ал-Авданинг маърузалари ёзиб олинган аудиокассеталар кенг тарқалди. Ушбу маъруза ва ташаббуслар урушдан кейинги йилларда, айниқса, Саудия ҳудудида американинг ҳарбий базалари ташкил қилингач, бошқа мухолиф тарафларни қўллаб-қувватлади.
Айни пайтда шайх ал-Авда ҳазратлари илм соҳасида ҳам баракали меҳнат қилишда давом этдилар. Бу пайтда ёзилган, чоп этилган ўнлаб китобларнинг аксариятини бугун ҳам Салмон ал-Авда ҳазратларининг Islam Today сайтларидан топиш мумкин. Уларнинг орасида қуйидаги рисолалар алоҳида қайд этиб ўтишга лойиқдир:
• «Биринчи ғариблар»,
• «Ғарибларнинг сифатлари»,
• «Жамиятдан кетиш ва унда иштирок этиш»,
• «Шайх Муҳаммад ал-Ғаззолий билан мунозара»,
• «Мустақил ҳуқуқий баҳсларда иштирок этишга кимлар ҳақли?»
• «Ислом қонунларини ўрганиш бўйича йўриқнома».
Салмон ал-Авда ҳар ҳафта Бурайда шаҳрида бош масжиднинг кўпминг кишилик улкан жамоатига дарс бериб келар эдилар. Бундан ташқари, шайхнинг «Булуғул маром» китобининг шарҳига оид бошқа дарслари ҳам бор эди. Шайх Салмон ал-Авда ҳар куни бомдод намозидан кейин «Саҳиҳул Бухорий», «Саҳиҳул Муслим» каби мўътабар ҳадис тўпламларини шарҳлаб берар, баъзан тафсирдан ҳам дарс берар эдилар. Шунингдек, шайх «Китабут тавхид», «Усулус саласа» ва «Нухбатул фикр» каби рисолалардан ҳам дарс берар эдилар.
Афсуски, бу дарслар муаллифнинг бошқа ноёб, фойдали асарлари билан бир қаторда, бошқа Ислом пешволари каби шайхнинг ҳам бошига тушган оғир кунларда йўқолиб кетди…

1994 йилда доктор ал-Авда ўзининг баъзи дарслари, тайёрлаб, чоп этган китоблари туфайли беш йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Масалан, Салмон ал-Авда шайх ибн Бозга ёзган очиқ хатида исроилликлар билан сулҳ тузиш ҳақидаги фатвонинг асоссизлигини таъкидлаган эди.
Шайх Салмон ал-Авда беш йилдан сўнг ўзининг сафдошлари билан бирга озодликка чиқиб, ўз фаолиятини давом эттирдилар - масжидда тафсирдан, Ислом аҳлоқи, таълим ва шахсий камолот каби илмлар бўйича берадиган ҳафталик дарсларини бошладилар.
Бугунги кунда шайх бошқа дин вакиллари билан тинч-тотувлик ва ўзаро ҳамкорликка даъват қилмоқдалар. Ҳибсга сабаб бўлган қарашларнинг қайта кўриб чиқилишига келсак, шайх ҳазратлари Ислом таълимотини янада чуқурроқ англаш натижасида шундай фикрга келганликларини таъкидладилар.
Ҳозирги кунда доктор ал-Авда араб, инглиз, француз ва хитой тилларида фаолият олиб бораётган машҳур Islam Today сайтига раҳбарлик қилмоқдалар. Ушбу электрон ресурс Саудиянинг муаммоли масалалар бўйича ранг-баранг мавзу ва фикрларни таклиф этган биринчи сайти бўлди.
Шунингдек, шайх ал-Авда интернет орқали дарс бериб, маърузалар қилмоқдалар, шунингдек, телефон орқали кенг тингловчилар доираси учун савол-жавоблар ўтказмоқдалар. Шайх асосий ишга қўшимча равишда, ҳар куни сайт меҳмонлари ва тингловчиларидан келаётган кўплаб саволларга жавоб берадилар, Яқин Шарқнинг нуфузли MBC TV телеканалида эфирга узатиладиган кўрсатувларда мунтазам иштирок этиб келадилар.
Бугунги кунда шайх ал-Авда ҳазратлари конструктив позициядан туриб, у ёки бу хато-камчиликларни танқид қилиб, муносиб амалларни маъқулламоқдалар. Бу – унинг зиддиятларга тўла, мураккаб ҳаёт йўлининг, оғир ҳаётий изланишларнинг маҳсулидир.
Шунингдек, шайх Салмон ал-Авда 2001 йил 11 сентябрдаги ҳужумларни танқид қилганлиги, Усома бин Ладенга (ёки у орқали барча радикал кайфиятдагиларга) норозилик билдирганлиги билан янада машҳур бўлиб кетди.
2007 йилда, Нью-Йоркда бўлиб ўтган машъум воқеадан олти йил ўтгач, шайх Салмон ал-Авда MBC TV телеканали орқали чиқиш қилиб, бутун дунё афкор оммасининг эътиборини ўзига тортди.
«Биродарим Усома, қанча қон тўкилди? – савол берарди ал-Авда, фақат ҳамюрти бин Ладенга эмас, балки «бутунжаҳон жиҳоди» деб номланган хомхаёлга учган барча мутаассибларга қарата.
- Қанчадан-қанча бегуноҳ кишилар, болалар, қариялар, аёллар «Ал-Қоида» байроғи остида ўлдирилди?
- Бу юз минглаб, миллионлаб қурбонларнинг уволини бўйнингга олиб, Қодир Аллоҳни учратсанг, бахтиёр бўлармикинсан?»

Шайх Салмон ал-Авданинг бин Ладенга мурожаатининг тўлиқ матни билан Islam Today сайтида танишишингиз мумкин.

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Долзарб мавзу
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase