Мотуридийлик - каломдаги оқим, Абу Мансур Мотуридий асос солган. 9 аср охири — 10 асрда Мовароуннаҳрда турли ақидавий оқимларнинг ақидаларига қарши жавоб тарзида вужудга келган. Мотуридийликнинг кенг ёйилишига унинг мўътадиллик йўлини тутганлиги, ақидавий масалаларда Қуръон, ҳадис ва ақлу идрок, мантиқ ҳамда ҳақиқатга энг яқин турганлиги сабаб бўлди. Имом Мотуридий тарафдорлари билишда фақат ақлга суяниш керак, деган муътазилийлардан фарқли ўлароқ, ақл билан нақлни қўшиб фойдаланиш зарур, деб ҳисоблаганлар. Муътазилийлар Қуръонни яратилган десалар, мотуридийлар уни қадим, азалий, деб биладилар. Имон-эътиқод хусусида Мотуридийлик таълимоти, айниқса, диққатга сазовор. Муътазилийлар имоннинг шартлари 3 та, яъни тил билан иқрор, дил билан тасдиқ ва амал билан ижро этиш, десалар, Мотуридийликда имоннинг шартлари 2 та, яъни тил билан иқрор этиш ва дил билан тасдиқлаш, амалларнинг ўрни эса бошқа, деб таъриф қилинади.
Мотуридийлик ҳар бир инсоннинг тақдири Аллоҳ томонидан белгилаб қўйилганига қарамай, у ўз хатти-ҳаракатлари учун жавобгардир, деб билади. Мотуридийликка кўра, инсон имтиҳонлар учун яратилган. Шу билан бир вақтда унга ушбу синовлардан муваффақиятли ўтиш ва тўғри йўлни топиш учун кенг имкониятлар бериб қўйилган. У ўз хатти-ҳаракатларида ихтиёрлидир.
Мотуридийлик таълимоти ривожланиб, 13-асрдан кейин Мовароуннаҳр ҳудудидан чиқиб, мусулмон Шарқи мамлакатларига ёйилди. Салжуқийлар ҳукмронлиги даврида ҳамма жойда ислом ақидаларида Мотуридийлик татбиқ қилинди. Суннийликнинг ҳанафийлик мазҳабига эътиқод қилувчиларнинг барчаси ақида бобида имом Мотуридий, унинг шогирдлари ҳамда издошлари ёзиб қолдирган асарларга таяниб иш кўрадилар. Ислом оламининг аксарият минтақаларида, Сурия, Ироқ, Туркия, Покистон, Ҳиндистон, Шим. Африкада бу таълимот ҳозир ҳам ўрта ва олий диний ўқув юртларида мустақил фан сифатида ўқитиб келинади.
"Ўзбекистон миллий энциклопедияси"дан, 6-жилд