Карматийлар давлатининг асосчиси Абу Саид Хасан Ибн Баҳром ал-Жаннабийнинг ўғли Абу Тоҳир 923 йилда ҳокимият тепасига келди. Шу йили у Басрага бостириб кириб, дарҳол экспансионистик сиёсатга киришди. 927 йилда Куфага бостириб кириб, Аббосийлар қўшинини мағлубиятга учратди ва 928 йилда Ироқнинг кўп қисмини вайрон қилиб, Халифалик пойтахти Бағдодга деярли етиб келди.
930 йилда Маккага ҳужум қилиб, уни талон-тарож қилган ва энг буюк ислом ерларини таҳқирлаган. Дастлаб шаҳарни эгаллашнинг иложи йўқлигига дуч келган Абу Тоҳир мусулмонларга киришга рухсат сўраб, уларга тинчлик билан келгани ҳақида қасам ичди. Ичкарига киргач, карматийликлар ҳаж зиёратига келганларнинг Қуръон оятлари тафсирини мазах қилиб, уларни қиличдан ўтказа бошладилар. Зиёратчиларнинг жасадлари кўчаларда ётарди ёки замзамга ташланган. Каъба талон-тарож қилинган, Қора тош қўлга олиниб, ал-Ҳасага олиб кетилган.
Абу Саид бошқаруви
Абу Тоҳирнинг отаси, Абу Саид, арабларнинг Бану Қалб қабиласига яқин бўлган Бану Жаннаб қабиласининг сардори эди. У карматийларни ҳарбийлаштириш ташаббусчиси бўлган. Абу Саид тахминан 890 йил, суриялик устози, карматийлар исмоилизм асосчиси Хамдан Карматийнинг ўгити билан суннийликка қарши тарғибот бошлайди. Абу Саид Тоҳирга кучли таъсир кўрсатган ва уни издошлари билан елкама-елка жанг қилишга эрта ўргатган. Улар издошлари доираси етарлича ўсмагунга қадар, Маккага йўл олган эронлик зиёратчилар ва савдогалар карвонларини талашдан бошлаган. Ота ва ўғил ўз тарафдорларидан катта қўшин тўплайди. 899 йил Абу Саид Бахрайннинг катта қисмини, Катиф ва ал-Хаса ҳам босиб олади. Шундан сўнг карматийлар Басрани қамал қилиш учун йўлга отланади. Бироқ Басра ҳукмдори уларнинг тайёргарликлари ҳақида хабар топиб, юзага келган вазият ҳақида халифа ал-Муктафи Биллоҳга маълум қилади. Халифа шаҳарни ҳимоя қилиш учун форс генерали Аббос ибн Умарни қўшин билан жўнатади, лекин у ҳалок бўлади; қўшиннинг омон қолган қисми қатл этилади, карматийлар эса Басрани ишғол қилади.
Шарқий Арабистондаги муваффақият Абу Саиднинг иштаҳасини очиб юборади ва 900 йил у Жанубий Арабистондаги форс кўрфази яқинидаги стратегик муҳим шаҳар Ҳажрга қамал қилишга қарор қилди. Халифа 2 минг кишилик қўшин юборди, лекин мағлубиятга учради. Узоқ қамалдан сўнг Ҳажр бўйсундирилди.
Ҳокимият тепасига келиши
Абу Саид 914 йил вафот этди. Абу Тоҳирнинг акаси Абу ал-Қоссим Абу Саидга ворис бўлди. Бу ҳаракат Абу Тоҳирни ғазаблантирди ва 916 йилда исён қилиб, акасини ўлдирди. Шу пайтдан бошлаб, Абу Тоҳир амалда карматийларнинг етакчисига айланди, аммо буни орадан етти йил ўтиб, фақат 923 йилдагина расман эълон қилди.
Илк бошқарув даври
ал-Муктафийнинг ўлимидан кўп ўтмасдан, янги халифа ал-Муктадир Биллоҳ Басрани Абу Тоҳирдан қайтариб олди ва шаҳар ҳимоясини мустаҳкамлашни буюрди. Карматийлар сардори Басрани яна қамал қилди ва жангда аббосийлар қўшинини мағлуб этди. Шаҳарга киргач, карматийлар ҳамма жойни талон-тарож қилиб, чекиндилар. Тез орада Абу Тоҳир Басрага қайтди, бу сафар уни бутунлай қақшатиб, жомеъ масжидини вайрон қилди ва шаҳар бозорини ёқиб юборди. Илк бошқарув даврида у Бахрайнни муваффақият билан бошқарди, маҳаллий ва хорижий (Шимолий Африка) сардорлар билан ёзишмалар олиб борди, бунда аббосийларнинг иттифоқчиси бўлган форсларнинг ҳужумларини даф қилди. Исмоилийлардан бўлган фотимийлар билан ёзишмалар олиб борилди ва битим тузилди: имом ал-Маҳдийнинг ўғли ал-Қойим 919 йилда Мисрда аббосийларга қарши юриш бошлаганида Абу Тоҳир унга ёрдам беришга шошилди, лекин улгурмади; ал-Қойим мағлубиятдан сўнг қўшини билан Мағрибга қайтди. Кейинчалик жаннабийлар ва фотимийлар ўртасидаги битим ўз кучини йўқотди.
Босқинчиликлар
Абу Тоҳир тез-тез зиёратчи-мусулмонарга ҳужумлар юштириб, Ҳижоз ҳудудигача борарди. Бундай ҳужумлардан бирида у аббосийлар қўмондони Абул-Хаиж ибн Хамдунни асир олади. Абу Тоҳир 928 йил Сатурн ва Юпитернинг бир-бирига тўғри келишини ислом даврининг якун ва «сўнгги дин» асрининг бошланиши сифатида талқин этиб, Маҳдийнинг келишини башорат қилади. Бундай башоратдан илҳомланиб, 926 йил унинг қўшини Ироққа йўл олади, шимолда ал-Куфага етиб келиб, қўшинлари шаҳарни тарк этиши учун аббосийларни катта миқдорда пул тўлашга мажбур қилади. Ортга қайтишда Абу Тоҳир ал-Куфа атрофларини вайрон қилади. Қайтишда ал-Ҳасада қабиладошлари учун саройлар қуришни буюрди ва уни абадий пойтахт деб эълон қилди. 928 йил аббосий халифа ал-Муктадир Биллоҳ карматийлар сардори билан қарама-қаршиликда ўз генераллари: Озарбайжондан Йусаф ибн Аби Ассаж, Мунис Хадим, Музаффар ва Хорунни чақириб, ўзига ишончи ортади. Оғир жанглардан сўнг барча аббосийлар генераллари мағлуб бўлади ва Бағдодга улоқтирилади. Абу Тоҳир Жазир музофотини вайрон қилиб, аббосийларга охирги огоҳлантириш беради ва қўшини билан бирга ал-Хасага қайтади.
Маккага бостириб кириш
930 йил Абу Тоҳир Маккага бостириб киришга бошчилик қилди, уни талон-тарож қилиб, муқаддас ислом қадамжоларини таҳқирлади. Бу воқеадан бироз олдин у Бахрайн ва Лахса аҳлига мурожаат қилди: «Қўлингизга қурол олинг, сизни ишлар кутмоқда». Карматийлар қўшини Макка деворларига 12 январда, мусулмонлар учун муқаддас саналган, шу ойда Ҳаж қилиш лозим бўлган Зул-ҳижжа ойида яқинлашди. Абу Тоҳир томонидан қуйидаги буйруқ берилди: «Қиличларни яланғочланг, имкон қадар ҳаммани ўлдиринг. Макка яқинида яшайдиганлардан кўпроқ ўлдиришга ҳаракат қилинг». Бироқ Макка аҳоли шаҳар дарвозаларини ёпиб, қуроллана бошлади. Бу ҳақида хабар топган Абу Тоҳир элчи жўнатади:
Биз Ҳажга келдик, урушга эмас. Гуноҳи сизда, чунки бизга қадамжони ёпдингиз, шунинг учун қўлимизга қурол олдик. Кетинг, зиёратчиларни хафа қилманг, Ҳажни адо етайлик, акс ҳолда бу йўлни ёпилиб, шарманда бўласиз. Ҳаж қилишимизга халал берманг.
Маккаликлар карматийлар сардорининг сўзларига ишониб, дарвозаларни очдилар. Шаҳар ичкарисига киргач, босқинчилар Қуръон оятлари тафсирини мазах қилиб, ҳожиларни қиличдан ўтказа бошлашди. Айрим маккаликлар ҳам карматийлар билан талон-тарожга қўшилди, қирғин 17 кун давом этади. Ибн Мискавейхга кўра, бу қирғин давомида Макка амири ҳам ўлдирилади. Зиёратчиларнинг жасадлари кўчаларда ётарди ёки Замзамга ташланарди. Каъба вайрон қилинди, унинг томидаги олтин тарнов йўқ қилинди, пардалар йиртиб ташланади. Низом-ул-мулкнинг "Бошқарув ҳақида китоб"ига кўра, карматийлар "мусулмонларнинг хотинлари ва болаларини олиб кетдилар; қудуқларга ташлаганларни ҳисобга олмаганда, йигирма минг кишини ўлдирдилар. Абу Тоҳир улар ўликларнинг остида ўлишлари учун устиларига ўликларни ташлашни буюрди. Улар барча олтин, кумуш, тутатқи ва идишларни олиб кетишди". Макка истилоси даврида талон-тарож қилинган дуру-жавоҳирлар карматийлар воизларига ва Абу Тоҳирнинг иттифоқчиси фотимийлар имомига совға сифатида юборилган бўлиб, у карматийия раҳбарининг совғаларига қарамай, унинг куфроний ишларига анча кескин муносабат билдирган. Шунингдек, ал-Хасага олиб борилган қора тош мусулмонлар учун муқаддас бўлиб, у икки ўн йил давомида ҳеч қандай эҳтиромсиз қолди. Абу Тоҳир томонидан чиқинди чуқурининг қарама-қарши томонларига жойлаштирилган икки қисмга бўлинган ва ҳар сафар карматийлар сардори ҳожатга чиққанида оёқларини Тош парчалари устига қўйган.
Маккага қилинган ҳужум карматийлар ва суннийлик ўртасидаги узилиш рамзини англатарди. Маккани хонавайрон қилиш билан улар охир-замон келиши ва ислом даврининг охири яқинлашишини англатадиган Маҳдийнинг кўринишини тезлаштириши тахмин қилинган.
Фотимийлар реакцияси
Фотимийлар имоми, Абу Тоҳирнинг яқин иттифоқчиси Убайдуллоҳ ал-Маҳдий бу воқеадан қаттиқ шокка тушди. Имом қаттиқ танқид қилди ва охир-оқибат Абу Тоҳирни лаънатлаган мактуб ёзди.
«Бу оғир гуноҳни менинг номим остида қилганинг разилликдир. Бу ишни қаерда қилдинг? Аллоҳнинг ва унинг қўшнилари уйида. Бу жоҳилият даврида ҳам қотиллик жазоланган ва унинг аҳолисига туҳмат қилиш ноинсоний бўлган муқаддас жой. Қора тошни ўғирлаб, юртингга олиб бориб ҳам жиноят қилдинг, наҳотки мен сендан миннатдор бўлишим мумкин? Аллоҳ сени лаънатласин, яна бир бор лаънатласин сен разилни. Сўзлари ва ҳаракатлари мусулмонлар бутунлигининг манбаи бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (Муҳаммад пайғамбар ҳақида), улар бугун қилган ишлари учун жавоб беришга ким тайёр бўлади»
"Сохта Маҳдий" билан бўлган воқеа
Абу Тоҳир форсий шоҳларнинг авлоди эканини иддао қилган Абу ал-Фадл ал-Исфаҳоний исмли форсни Исфаҳондан келган ёш асирда Маҳдийни (шиаликда яширин имом) тан олишига ишонди. Ал-Исфаҳоний 928 йилда Ироқдаги юриш пайтида асир олинган
Зардуштийлар мунажжимларининг башоратларига кўра, Исфаҳондан форс подшоларининг авлоди чиқиши, форс сулоласини тиклаш ва араб халифалиги ҳокимиятини ағдариши лозим бўлган.
931 йилда оташпарастлар Зардуштнинг 1500 йиллигини нишонлаганларида Абу Тоҳир давлат бошқарувини ал-Исфаҳонийга топширди. «Маҳдий» дарҳол барча пайғамбарларни лаънатлашни буюрди, оловга сиғинишни тиклади, ҳар қандай ахлоксизликларни ва диний китобларни ёқишни рағбатлантира бошлади. Унинг саксон кунлик ҳукмронлиги чўққига чиққанда таниқли баҳрайнлик оилалар аъзолари, жумладан Абу Тоҳир оила аъзолари қатл этилди. Ўз ҳаётидан қўрққан Абу Тоҳир янглишганини айтиб, Маҳдий роли учун қаллоб танланганини тан олишга мажбур бўлди. Халқ олдида айбига иқрор бўлганлигининг белгиси сифатида ал-Исфаҳоний қатл этилди, шу тариқа зўрға бошланган "сўнгги дин даври" тугади. Бироқ воқеанинг ўзи карматийларни ўта чигаллаштириб, уларнинг ҳаракатига бутунлигича таъсир кўрсатди. Кўплаб карматийлар ўз эътиқодларини ўзгартирдилар ва аббосийлар қўшини томонига ўтиб кетдилар
Карматийларнинг етакчи мафкурачилари ва воизлари ўз қарашларини қайта кўриб чиқиб, "Ислом даврининг охири" еттинчи Имом Муҳаммад Ибн Исмоилнинг биринчи келиши билан келмаган, балки унинг "яширинишдан" эсхатологик келгандан кейингина келиши керак, деб таъкидлашган. Шу туфайли карматийлар ва исмоилийларнинг воизлиги, инқилобий сиёсат соҳасига қараганда кўпроқ даражада адабий соҳада бўлса-да, яна куч тўплади.
Ҳаётининг сўнгги йиллари ва ўлими
Абу Тоҳир вафотигача карматийлар давлатини бошқариб, Арабистон бўйлаб сафар қилаётган зиёратчиларга ҳужумлар қилишда давом этган. Аббосийлар ва фотимийлар томонидан карматийлар сардорини Қора тошни қайтаришга кўндиришга уринишлар бефойда эди. Бироқ, 939 йилда Абу Тоҳир аббосийлар ҳукумати билан келишувга эришиб, зиёратчиларни бир юз йигирма минг динор йиллик ўлпон учун ҳимоя қилишга ваъда берди. Бу ўлпондан ташқари, зиёратчиларнинг ўзлари ҳам карвонлар ҳимояси учун пул тўлашга мажбур бўлганлар.
Абу Тоҳир 944 йил вафот этган. Унинг акаси, Аҳмад Абу Тоҳир унинг вориси бўлган.