Баҳу Ислом ҳақида ҳеч қанақа гап эшитишни истамай қолди. Ва гапиришни ҳам. Шунга қарамай у нима қилса ва нималарни гапирмаса ҳам вуаронлик (Изер департаменти) 33 ёшли сотувчи бу мавзуга қайта ва қайта тўқнаш келаверди.
Суҳбатдошига қараб унинг атеизми ажабланиш ёки таранглик пайдо қилади. Агар сиз у каби мусулмон маданиятига оид оилага мансуб бўлсангиз, Худога ишонч йўқлиги ҳаётни тушунмовчилик, яккамоховлик ва номувофиқлик билан тўлдириши мумкин. “Менга икки нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда муносабатда бўладилар, - дейди Баҳу. – Атрофдагилар мени ташқи кўринишимга, баданимнинг рангига қараб мусулмон деб ўйлайдилар. Улар мени оддий француз сифатида қабул қилмайдилар. Оиламда эса мени яккамоховга чиқариб қўйишган. Улар мени “фаранглашган” деб ҳисоблайдилар: атеист бўлмоқ – бу ўз илдизига ҳиёнат бўлмоқ билан тенг, гўё Ислом илдиз эмиш пировардида, мен ҳар бир жабҳада ўзимни оқлашимга тўғри келмоқда”.
Баҳу Монд газетасига февралда иймонини йўқотган мусулмонлардан ўзлари ҳақида ҳикоя қилиб бериш чақириғига жавобан мактуб ёзди биз у билан ноябрда қайта боғланганимизда, унинг ҳаётида ҳеч нарса ўзгармаган: унда у доимо ҳамон ўзининг “на исломофоб ва на исломофил” эканлигини тушунтиришга мажбур бўлаётган икки дунё орасидаги майдонда яшаётган тасаввур шаклланган.
Қариндошларидан икки ака-укаси (айниқса акаси) унинг исломий эътиқоддан воз кечганини ҳеч қабул қила олмадилар. Ўшандан бери улар Баҳу билан гаплашмай қўйишган. Унинг онаси гарчи унинг эътиқод бўйича танловини маъқулламаган бўлса ҳам, бироқ ҳозирча сабр қилиб турибди.
“баъзи оилаларда ўзини атеист дея тан олиш гомосексуалист дея тан олишдан кўра оғирроқ”, - дея ишонч билан қайд этади социолог Ҳусам Бентабет. У 2014 йилда франциялик мусулмонларнинг ўз эътиқодларидан воз кечишлари мавзусида диссертация устида иш олиб бормоқда. Бу масала шу чоққача ҳеч қанақасига системали равишда ўрганилмаган бўлиб, бу ҳақда маълумотлар кам, негаки атеистлар ўзларига эътибор қаратмасликни афзал кўрадилар, негаки (Франциядаги) “сўл ислом” ва “исломофблар” (улар мусулмонларга қарши урушда айбланадилар) гуруҳлари ўртасидаги барча тортишувлар монополиялаштириб олишган (улар сиёсий исломга нисбатан ҳаддан зиёт тоқатли саналадилар)
Таъқиблар, ҳужумлар ва қотилликлар
Аҳолиси асосан мусулмонлардан иборат мамлакатда эҳтиёткорлик жуда муҳим, негаки диндан қайтганини очиқдан-очиқ тан олишга муносабатлар жуда агрессив бўлиши мумкин: муртад таъқиб ва агрессияга дуч келиши ва ҳатто ўлдирилиши ҳам мумкин. Бундай мамлакатларда атеизм мутлақо номақбул, ғайри табиий ҳолат саналади.
Гарчи араб тилида атеизмни ифода қиладиган (“мулҳид”, “муртад” ва “кофир” каби тушунчалар кўпроқ куфр ва иймондан чиқишни англатиб, таҳқиромуз характерга эга) сўзлар мавжуд бўлса ҳам, атеист исломий террористдан кўра анча хавфлироқ одам ҳисобланади.
“Агар ливанлик бўлсангиз, сиз қонунга кўра турли 18 та жамоага мансуб бўлишингиз мумкин. Агар мисрлик бўлсангиз, унда сиз ё мусулмон, ё яҳудий ва ёки насроний бўлишингиз мумкин, - дейди динлар тарихи бўйича мутахассис Доминик Авон (Dominique Avon). — Ҳуқуқ индивидларга эмас, балки гуруҳларга нисбатан қўлланади. У энг аввало жамоавий характерга эга. Атеист эса исломий ҳуқуқ асосларига кўра бирорта тоифага кирмайди. Фақат муртадлар қаторига кириши мумкин”.
Ислом дунёсидаги бу аҳвол кечагина шаклланмаган. “Худога ишонмайман, дейдиган интеллектуаллар, ёзувчилар ва олимлар ҳар доим бўлган”, - давом этади Доминик Авон. Мисол учун, 1930-чи йиллар бошида мисрлик ёзувчи Исмойил Адҳам (1911-1940) (пайғамбар Муҳаммад сўзлари дея таъкидланиб келинаётган) ҳадисларнинг саҳиҳлигиги борасида шубҳа билдириб, “Нега мен атеистман” дея номланган мақоласи билан жуда кучли жанжалнинг келиб чиқишига сабабчи бўлганди.
Шунингдек, Худонинг борлигини рад этиб, икки бор суиқасдни бошидан кечирган саудиялик ёзувчи Абдулла ал-Қосимийни ҳам қайд этиб ўтамиз. Салмон Рушдий ва Таслима Насрин ҳам куфроний асарларини чоп этиши ортидан таъқибга дуч келганига ҳеч қанча бўлгани йўқ. “Янги омил шундаки, ҳозир ёш йигит-қизлар, гарчи уларнинг ҳаммаси ҳам университетларда таълим олмаган бўлсалар ҳам ўзларининг атеист эканликлари ҳақида ижтимоий тармоқларда очиқ-ойдин билдирмоқдалар”, - дея давом этади тарихчи.
Интернет даври бошланиши билан бу ҳолат янада кенг тус олиб келмоқда. Нима бўлганда ҳам, исломдан очиқчасига воз кечиш атеистлар учун катта таҳдид туғдирмоқда. Валид ал-Ҳусайн 2010 йилда ўзининг Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида жойлашган ўзининг Қалқилия шаҳрида қўлга олинганида 21 ёшда эди. Янинг ягона жинояти шунда эдики, у ўзининг атеист эканлигини яширмай, ўзининг блогида эълон қилганди. Фаластин ҳарбий суди “Диндорларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилиш”, дея ажрим чиқарди. Турмада ўзининг таъкидлашича ўн ой давом этган қийноқлардан сўнг у охир-оқибат Парижга жўнаб кетишга эришди ва у ерда қочоқ мақомини олиб 2013 йилда Собиқ мусулмонлар кенгашининг француз ваколатхонасини очди.
Жиддий хато
Аммо фикр моҳияти ўзини диндан йироқлаштиришдан иборат бўлса, унда ўзини “собиқ мусулмон” деб аташнинг нима кераги бор? “Мени ўлдириш ниятидан воз кечишлари билан мен ўзимни шунақа деб аташдан тўхтайман, - дея изоҳ беради Марям Намозий. – Мени Ислом билан боғлаб турган ҳар қандай ришталарни узиб ташлашни истайман. Бироқ тан олиш жоиз, у ҳамон менинг ҳаётимда ўрин олиб турибди”. Бу эронлик аёл 1979 йилдан бери Лондонда истиқомат қилиб, сиёсий исломни аёвсиз қоралаши билан ўзига эътиборни жалб этади. 2007 йилда у ўзига ўхшаган Исломдан воз кечганларнинг ҳаммасини Буюк Британия собиқ мусулмонлари кенгашига тўплашга қарор қилди.
2014 йилда у Лондонда эътиқод ва сўз эркинилиги бўйича тўртта конференцияларини уюштирди. Covent Garden меҳмонхонасининг ҳашаматли конференц-залида ўтган сўнгги анжуман (22 ва 23 июль ўтган) мисли кўрилмаган кенг миқёсга эга бўлди: унда ўттизта мамлакатдан деярли 70 киши иштирок этди.
Марокаш, Ливан, Туркия, Иордания, Покистон ва бошқа мамлакатлардан келган атеистлар навбати билан қанақанги таҳқирлар, таъқиблар ва қувғинликларга дуч келганлари ҳақида сўзлаб бердилар, иймондан мосуво эканликларини тасдиқладилар, дунёвийлик жамиятини ёқлаб чиқдилар, жазога тортилишидан қўрқмай тортишдилар ва куфроний сўзларни гапирдилар. “Бу собиқ мусулмонларнинг тарихдаги энг катта йиғилиши бўлиб қолди”, - дея қувончини яширмайди Марям Намозий.
Бироқ таъқиблардан қўрққанлари боис атеистик кўзқарашларини яшираётган одамларнинг сони қанча? WIN/Gallup томонидан 2012 йилда художўйлик ва атеизм бўйича ўтказилган сўров натижасида Саудия Арабистонидаги респондентларнинг 5 фоизи ўзларини атеист деб атадилар. Худди шунча миқдордаги одам АҚШда ҳам ўзини атеист деб атаган. Араб дунёсидаги 77% респондентлар ўзларини “художўй”, 18% - “художўй эмас” ва 2% эса ўзларини “атеист” деб атадилар. Аҳолиси асосан католиклардан иборат Лотин Америкасида бу кўрсаткичлар қуйидаги кўринишга эга: 84%, 13% ва 2%.
“Миср расмийлар деярли нолга яқин рақамлар келтиришмоқда, - дея қайд этади тарихчи Доминик Авон. – Агар бу чиндан ҳам рост бўлса, унда атеизм нега мамлакатнинг диний обрўси саналган Ал-Азҳар университетини бунчалик хавотирга солмоқда?” деган савол туғилади. Негаки, университет уламоларидан бири қачонлардир атеизмдан қўрқинчлироқ хато бўлиши мумкин эмас, деб билдирганди.
«Гўё мени бўғиб қўйгандек бўлишди»
Халқаро гуманистик ва ахлоқий уюшманинг (1952 йилда Амстердамда ташкил топган) эътиқод эркинлиги тўғрисидаги маърузага ишонадиган бўлсак, атеизм ўттизта мусулмон мамлакатларида куфр, диндорларнинг ҳис туйғуларини камситиш ёки жамоатчилик тартибини бузиш саналади.
Улардан 14 тасида, хусусан, Афғонистон, Эрон, Покистон, Қатар, Саудия Арабистони ва Яманда атеизмнинг жазоси ўлим, ҳолбуки кўпчилик давлатлар уни қўллашдан тийилиб турадилар. Шу билан бирга, репрессиялар давом этмоқда. Шундай мисоллардан бири сифатида саудиялик блогер Раиф Бадавийни келтириш мумкин: 2013 йилда уни 1000 дарра ва ўн йил қамоқ жазосига ҳукм қилдилар. Уни озод қилиш тўғрисидаги халқаро чақириқларга қарамай, у Исломни танқид қилишга журъат этгани учун қамоқда чиримоқда.
Собиқ мусулмон гарчи расмийлар томонидан жазога тортилмай қолган бўлсада, уни қариндошлари қораламай қолмайди. Имодиддин Ҳабиб бу ҳолатни ўз бошидан кечирди. Бу 27 ёшли марокашлик йигитни беш ёшлик чоғида диний мактабга бердилар, бироқ тез орада у Худога ишонмаслигини англаб етди: “Мен масжидга боришни истамасдим. Мени гўё нафас олаётган ҳаводан маҳрум қилиб қўйгандек бўлдилар, мен буни аҳмоқлик деб ҳисоблардим. Шунга қарамай етти йил давомида мен фақат диний таълим олдим. 13 ёшимда оиламга Худога ишонмаслигимни айтдим. Оилам мендан воз кечди ва мен уни тарк этдим”. Узоқ йиллар давомида у кўчада тирикчилик қилиб яшади.
Бугун Имодиддин Лондонда қочоқ сифатида яшаяпти. У Марям Намозий уюштирган тўртта конференциясидан учтасида қатнашган. У паст овозда бошидан ўтганларини ҳикоя қилмоқда, унинг тарихи ҳам юрти жонажон Ғарбий Саҳрои Кабир каби қуруқ: “Мен Марокаш собиқ мусулмонлари кенгашини тузганимда ўзимнинг отам мени исломий адвокатлар ёрдами билан судга берди. Ўшанда мен мамлакатдан қочиб кетдим”.
Блоглар, форумлар ва ижтимоий тармоқлар
Ўспиринлик чоғида ўзини салафий дея атаб, ҳалифатни қайта тиклашни орзу қилган 25 ёшлик иорданиялик Муҳаммад Ал-Ҳадра Худога ишонмай қўйганини оиласидан яширишга қарор қилди. “Улар буни билиб қолишса, бунақа кулфатдан ўлиб қолишлари мумкин эди. Бироқ улар интернетдан фойдаланишмагани учун ҳеч нарсани билишмайди”, - дея қайд этиб ўтди у Лондондаги конференцияда сўзга чиқишдан аввал. “Мен исломни тарк этишим мумкинлигини билиб, лол қолганман. Бунинг имкониятли эканлиини ҳатто тасаввур ҳам қила олмаганман”, дея тиржаяди Имодиддин Ҳабиб.
“Интернет мусулмонлар орасидаги атеистларнинг бир-бирини “қоронғида” топишига имконият яратиб берди, улар ёлғиз эмаслигини сезиб қолдилар ҳамда шубҳа ва саволлар куфрни англатмаслигини тушундилар”, - дейди ишонч ила социолог Ҳусам Бентабет.
Блоглар, форумлар ва ижтимоий тармоқлар... Гувоҳликлар кўпаймоқда ва атеизм янги, глобал миқёсга кўтарилмоқда. Буюк Британия собиқ мусулмонлари кенгаши 2015 йилда Твиттерда #ExMuslimBecause (#ЧункиСобиқМусулмон) хэштеги бўйича кампанияни бошлаб юборди. 24 соат ичида 65 та мамлакатдан 120 000 киши ўзининг Исломни тарк этганлари ҳақида билдирдилар.
Расмийлар ва исломчиларнинг бунга муносабат билдиришларини узоқ кутишга тўғри келмади. Баъзи даъватчилар муртадларни ўлдиришга чақиришдан ҳайиқмадилар. Бангладешда 2015 йилда атеизм учун кам деганда бешта блогер ва битта нашриётчи қатл этилди. “Телефон орқали кириш мумкин бўлган Интернет ва ижтимоий тармоқларда атеистлар ҳамда даҳриёна турмуш тарзи ва эътиқод эркинлиги тарафдорларининг гуруҳлари тобора кўпаймоқда ёрдамида – дейди ношир Аҳмадур-Рашид Чоудҳури. Унинг ўзи ҳам 2015 йилда тажовузларга дуч келиб 2015 йилда Норвегияда сиёсий бошпана олди. У Shuddhashar журналини таъсис этиб, кўплаб блогерлар ва фаоллар билан ишлаган”.
Ҳамон қўрқувда
Бу аҳвол аҳолисининг аксариятини мусулмонлар ташкил этадиган мамлакатларнинг бирортасига ҳам шафқат қилгани йўқ. Даҳрий давлат саналган Туркияда Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг иқтидорга келиши ҳамда 2016 йил 15 июлда муваффақиятсизликка учраган давлат тўнтаришига уринишлардан сўнг атеистлар учун вазият кескин равишда ёмонлашиб қолди: кийинишда ҳаёни унутган аёлларга тажовузлар, мактаб дастурларидан Дарвиннинг эволюция назарияси, Отатурк тамойилларига асосланган дин ва амалга ошмай қолган давлат тўнтариши тарихининг олиб ташланиши шулар жумласидан.
Тажовузкорлар камдан-кам ҳолатда жавобгарликка тортилмоқда
Мусулмон жамиятларидаги ўзгаришларга бошқа аломатлар ҳам ишора қилмоқда. “2016 йилда Марокашда Уламолар олий кенгашининг олти нафар аъзоси муртадларга нисбатан жорий шароитларда ўлим жазосини қўллаш иложсиз, деган тўхтамга келдилар, ҳолбуки тўрт йил олдин бунинг мутлақо аксини таъкидловчи фатво чиққанди”, - дейди Доминик Авон. Бироқ буларнинг бари Имодиддин Ҳабибни қониқтирмаяпти: “Озгина фашист – барибир фашист”, дейди у.
Нима қилганда ҳам собиқ мусулмонларга тажовуз қилганлар расмийлар томонидан камдан-кам ҳолатда жавобгарликка тортиладилар. Бангладешда ҳукумат мамлакат ҳудудида исломий гуруҳлар йўқ, дея таъкидлайди, аммо терговлар хулоса беришга шошилмайдилар. Бу ҳақда Рафида Боня Аҳмад ҳикоя қилади. 2015 йилда у эри билан Дакка кўчаларида сайр қилаётганида номаълум кимсалар уларга мачете (мексиканча катта пичоқ – таржимон изоҳи) билан ҳужум қилдилар. Ўшанда унинг эри ҳалок бўлган, ўзи эса оғир ҳолатда яраланганди.
Лондондаги конференцияда бу аёл бошига ўтган синовлар ҳақида ҳикоя қилиб берди. “Баъзи ҳолатларда кимнидир ушладилар, бироқ қотиллардан камчилик судга тортилди, - дейди у. – 2016 йил февралда расмийлар ҳужум қилганларнинг каттасини ушлаганларини маълум қилдилар, бироқ бир неча ой ўтиб, у отишмада ҳалок бўлди, ҳолбуки у терговда бўлиши керак эди”. Айни пайтда у АҚШда истиқомат қилмоқда ва ўша ердан туриб ватанидаги блогерлар ва ёзувчиларга кўмак бермоқда. “Содир бўлган ҳодисадан сўнг мен тушкунликка ва нафрат ҳиссига берилиб кетишим мумкин эди, - дея қўшимча қилади у. – Бироқ бундай бўлмайди. Биз атеистлар ҳуқуқи учун курашимизни давом эттиришимиз керак”.
Европага қочиш
Бир фурсатли сиёсий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда расмийлар атеизмга ё босим ўтказадилар ёки бўлса, ғарб мамлакатлари босими остида бўлишганда уларга панжа ортидан қарайдилар. Рафида Боня Аҳмад Бангладеш ҳукумати исломчилар кўмагига таянишда истайди, дея ишончи комил.
“Бу қип-қизил сиёсатнинг ўзгинасидир”, - дея унга қўшилади Ҳусам Бентабет. Худди Миср президенти Абдулфаттоҳ Сиси Германияга ташрифи давомида телебошловчи Ислом Бехерийнинг афв этилиши ҳақида билдирганидек (Ал-Азҳор университети Исломий матнларни танқид қилгани учун уни бир йил қамоқ жазосини талаб қилганди). Ҳусам Бентабетга кўра, “Миср ўзини гўё эркин мутафаккирлар тарафдори қилиб кўрсатмоқчи бўлмоқда”. Шу билан бир пайтда фаластинлик расмийларнинг ўшанда ҳали етарли даражада нуфузга эга бўлмаган блогер Валид ал-Ҳусайнга нисбатан шафқатсиз позицияда бўлишини ҲАМАС исломчиларига қарши туриб бериш зарурати билан изоҳланади.
Шунинг учун ҳам кўпчилик қочқин бўлишни афзал кўрдилар. Қочганда ҳам улар Европани танлайдилар ва у ерда “исломофоблар” тоифасига киритилишини билмайдилар, ҳолбуки араб-мусулмон диёрида уларни исломчилар ва расмийлар таъқиб этишганди.
Жамиятнинг қолган қисми каби (ниқоб, бурқа кийиш масаласи бўйича) тортишувлар олиб бораётган ҳамда ягона позицияга эга бўлмаган мазкур собиқ мусулмонлар учун исломни танқид қилиш эҳтиёжи Францияда ХХ аср бошланишида черковни давлатдан ажратиш даврида католицизм танқидининг зарурати каби бўлиб қолди. Нима бўлганда ҳам қатъий оҳангдаги гаплар ва баёнотлар муҳокамаларнинг тинч ўтишига йўл бермайди.
Ҳиндистонлик ёзувчи Ибн Варрак муаммо мусулмон фундаментализмида эмас, балки исломнинг ўзида дея билдирганда, киши ларзага келади. Ахир исломни танқид қилиш учун радикал бўлиш керакда, дея улар жавоб берадилар. “Унда келинглар, уларга зарба берайлик!” дейман”. Ҳа, биз ўзимизнинг атеист эканлигимиз ҳамда барча динлар ёлғон, дея қичқиришга ҳақимиз бор, - дея жазавага тушади Надия эл-Фани. – Биз шу чоққача бирорта атеист диндорни ўлдирганини кўрганимиз йўқ”.
“Исломий сўл” оқимларни кўрганда кўнгил қолишлар
Кескин аксилисломий баёнотлар оқимида кўп ҳолларда собиқ мусулмонлар ташаббусни бошқалар ҳам илиб кетиши таҳликасига дуч келмоқдалар. Мисол учун, “исломий сўл”дея аталувчи оқим (француз медиамайдонида бу оқимга Mediapart сайти ва унинг директори Эдви Пленель/Edwy Plenel хизмат қилади) исломга қаратилган ҳар қандай танқидни қоралайди. Бу аҳволда эса кўп ҳолларда ёш ва ижтимоий кураш тажрибасига эга бўлмаган атеистлар чинакам исломофоблар ихтиёрига тушиб қоладилар.
“Собиқ мусулмон доимо танлаган йўли тўғрилиги борасида тасдиқларга муҳтож”, - дея тушунтиради Ҳусам Бентабет. – Унинг учун исломий ўтмиш билан муросада бўлиш ҳамда “Айнан шунақа бўлишни истамайман” дейиш муҳим. Бу жараёнда у бошқа тарафга оғиб кетиши мумкин, негаки ҳаётини 22-23 ёшида қайта қураётган бўлсангиз, бунинг эҳтимоли катта.
Фаластиндаги турмада деярли ўн ой ўтириб, Францияга келган Валид ал-Ҳусайн айнан шуларни бошидан кечирди. “Унинг учун бошидан ўтган қийноқлар исломни англатади”, - дея қайд этади Ҳуссан Бентабет. – Айнан Ислом уни эркин фикрдан маҳрум этди.
Бу одамнинг ўзи муболағалардан қўрқмай Исломни “террорчилик дини” деб атайди. У билан исломофобик “Даҳриёна жавоб” сайти зудлик билан боғланди, шундан кейин у “Французча сотқинлик” китобида сўл оқим тарафдорларининг бир қисми исломчилик билан ҳазил мутойиба қилаётгани борасида кўнгли қолганини баён этди. Шу билан бирга, у мазкур гуруҳлар билан яқинлигини инкор этмайди. “Мени фақат шулар қўллаяпти!”, - дейди алам билан у.
“Собиқ мусулмонлар бошқалар сиёсий ахлоқ меъёрлари боис Ислом ҳақида айтишга ийманадиган фикрларни изҳор этиб келадилар. Ғирт иккиюзамачилик бу!” дея ғазабланади Каролин Фурест (Caroline Fourest), Марян Намази, Таслима Насрин, Салмон Рушди ва бошқалар билан бирга “12 манифести”ни, Исломчилик билан курашга даъватни (Charlie Hebdo нашрида 2006 йил 1 март куни чоп этилган) имзолаган Ибн Варрак. “Одамлар “Chalie бўлиш” нималигини жуда тез унутдилар: бу исломни танқид қилиш ва ҳатто унининг устидан кулиш ҳуқуқидар”, - дея қўшиб қўйди у.
Ультра ўнгчилар иштироки
Лондондаги конференцияда кўпчилик иштирокчиларга кўра ислом танқидини ксенофобларга ошириб юборган сўлчилар тўғрисида кўплаб аёвсиз фикрлар билдирилди. Баъзилар буни қўрқоқлик, бошқалари эса хоинлик ва масъулиятсизлик деб ҳисобламоқда.
Исломчилар томонидан амалга оширилган тажовуз ва суиқасдлар қурбонлари “бизни нега ултраўнгчиларга тенглаштирадилар?” дея ҳайрон. “”Сизларнинг устивор мақсадларингиз нимадан иборат? Биз ҳалок бўлаётган бир пайтда сизлар исломофобия ҳақида сўз юритасизлар!” – дея минбарда аччиқланади ёш иорданиялик Муҳаммад ал-Ҳадра (гулдурос қарсаклар).
Ултраўнгчилар ўзларига эҳтиёткорликни эп кўрмаяптилар ҳам. Туркиялик Кемал Ючел айтишича, Норвегиянинг собиқ мусулмонлари кенгаши таъсис этилганидан сўнг улар билан бирорта ҳам сиёсатчи боғланмади.
“Норвегияда ультраўнгчилар ирқчи бўлмай қолдилар. Ҳатто неонацист террорчи Андерс Беринг Брейвикни (Anders Behring Breivik) 2011 йил июлида Ослодаги Утейя оролида 77 кишини ўлдиришга руҳлантирган блогер Fjordman ҳам ўзгарди. У биз иммигрантларни қўллаяпти. У ирқчи бўлиши мумкин эмас!” ултраўнгчилар кўмак бераётганини тан олишни истамаётган Валид ал-Ҳусайни ҳам худди шу фикрда: “Ирқчилар менга ўхшаган арабни барибир ёмон кўрадилар. Агар мен Саудия Арабистонида бўлганимида, менга қарши фатво чиқарган бўлардилар. Бу ерда, замонавий оламда мени оддийгина “исломофоб” дея аташмоқда”.
Ёшлар алданиб қолмаётган бўлса ҳам, катталар хавфли яқинлашувни маъқулламаяптилар. “Даҳриёна жавоб” билан яқинлашиб ўзимизни обрўсизлантириб қўймаслигимиз лозим, - дейди ишонч ила Надия эл-Фани. – Бироқ Исломни танқид қилиш ва даҳриёна давлат барпо этишни талаб қилишда ҳеч қанақа исломофобия йўқ. Шу билан бир вақтда мусулмон мамлакатларда замонавий жамиятни қабул қилмаслик ғирт аксилисломий ирқчиликдир ”.
Аксарият ғарб мамлакатлардаги дунёвий давлат тузиш – айни пайтда мазкур кўзга кўринмас фаолларнинг чинакам мақсади бўлиб қолган.
Анжелин Монтова (Angeline Montoya)
Le Monde, Франция
Матннинг асли
****
Сўнгги вақтларда Ўзбек виртуал оламида ўзларини атеистмиз, агностиклармиз, дейдиган гуруҳлар кўпайиб бораётгани ҳам сир эмас. Айниқса, ижтимоий тармоқларда уларнинг фаоллиги анча ўсган. Масалан, фейсбукда бир нечта гуруҳлари ҳам бор. Улар ўзларини атеистмиз, деб айтсалар ҳам асосий фаолияти Ислом, мусулмонларни мазах қилиш ҳамда исламофобик кайфиятини кучайтиришдан иборатдир. Диний қадриятлар, миллий ғурур ва шу каби муқаддас тушунчаларни оёқости қилишга қаратилган бундай ҳаракатларнинг ортида албатта, қабиҳ ва ўта жирканч ғаразлар ётади. Ҳукумат “жаҳолатга қарши маърифат” билан курашиш шиорини ташлаб, дин ва диндорларга эътибор қилиб, ўтган мусулмон аждод ва авлодларнинг бебаҳо мероси ва асарларини асраб-авайлаш, қайта ўрганишга бел боғлаб турганида, булар шу хайрли ишларнинг нақ белига болта ураётган бешинчи колонна соҳибларидир. Буларнинг орасида собиқ Совет иттифоқи каби атеистик режимни қўмсаётганлар ҳам кўп. Ленин, Сталин ва шу каби коммунистик диктаторларни ёқлаб қанча-қанча бахслар қилиб юришибди. Жамоат онгини уларга нисбатан ижобий томонга ўзгартириш учун катта ишлар олиб борилмоқда.
Атеизм каби ёт ғоялар, фитнаю балолар огоҳлантирувчи ва уйғотувчи омиллар бўлиб, тирик халқларни ўзига бир боқишга, ўзининг илмий мерослари, амалий қаҳрамонликлари ва маданий одимларини жиддий ва астойдил қайта кўриб чиқишга ундайди. Шу кўриб чиқиш асносида, халқлар ўз мероси нималардан иборатлигини аниқлайди, ҳаракатларига баҳо беради, маданияти билан танишади. Ҳолбуки мерос ва маданиятлар одамлар ҳаётига таъсир қилади, уларнинг йўналишларини белгилайди, камчиликлар ва уларнинг манбаъларини аниқлаш учун жиддий ҳаракатларидаги эътиборлари халқларни уйғотади, давлатларни огоҳлантиради, жамият ҳаётида катта ўзгаришларни пайдо қилади, халқ ҳаётидаги алдамчи сурат, чириган унсур ва лоқайдликни йўқотади ва халқлар янгитдан юксалиш учун одим отади.
Хуллас, буларнинг ғоялари яхшилаб ўрганилиши, сўнг уларга керакли баҳо берилиши керак, сўнг уларнинг хавфидан сақланиш учун иммунитет ишлаб чиқиш керак.
Абу Муслим