close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Эволюция назарияси – илмий фанми ёки диний эътиқодми?

Эволюция (тадрижий ривожланиш) назарияси илмий фан ёки ундай эмаслиги ҳақидаги тортишувлар кун тартибидаги масала бўлиб қолмоқда. Ҳар ким бу борада ўз фикрини баён қилишга уринади. Биринчи навбатда, қуйидагини аниқлаб олиш лозим. Эволюция назарияси борми? Бу назариями? Бу фалсафий дунёқарашми? Ёки бу эътиқодми? Унинг илмий аҳамияти нимада?

Бу назариянинг қоидалари уларнинг ҳақиқийлиги ёки хато эканлигини аниқлаш мақсадида илмий методлар орқали синовдан ўтказиладими ёки бу қоидалар эътирозсиз қонун сифатида қабул қилинадими? Фан махсус методлар орқали олинадиган ва аниқ шаклда тизимлаштириладиган ишончли билимларнинг йиғиндисидан иборат эканлиги билан аниқланади (Arslan A., Felsefeye Giriş). Шунингдек, илмий билимлар нафақат тизимлашган, балки ривожланадиган, изчил ва текшириладиган бўлиши керак (Ural Ş., Bilim Tarihi).
Фалсафий фикр – бу танқидий фикрдир. Яъни унга маълумот сифатида келиб тушадиган ҳар қандай материални, фалсафа танқидий онг элагидан ўтказади. Фалсафада ҳам, худди бошқа фанларда бўлгани каби, барча тарафдан қабул қилинадиган ёки қабул қилиниши шарт бўлган ишончли, қатъий билимлар ҳақида сўз боради. Ҳеч ким бир файласуфнинг фикрини бошқа файласуф қўллаб – қувватлашини кутмайди, хусусан, бу керак ҳам эмас (Arslan A., ўша ерда).
Бир назария ҳақиқий деб топилиши учун у янги ҳодисалар танқиди остида тасдиқланиши ва шунга мос равишда ўзгариши лозим. Бу нуқтаи назардан ҳеч қайси назарияни қатъий равишда ҳақиқий деб кўриб чиқишимиз мумкин эмас (Caner Taslaman).
Агарда назария сифатида илгари сурилаётган билим, синовдан ўтиб тасдиқланса, назария бўлмай қолади, балки энди у қонун мақомини олади. Эволюция назарияси бир қанча қабул қилинган априори (тажрибадан ўтказилмаган, далилсиз) таклифларга ва баъзи принципларга ишонишга таянади. Хантернинг таъкидлашича, эволюция назарияси исботланган, лекин унинг яширин диний хусусияти ҳам мавжуд. Унинг фикрича, Дарвин ҳам, унинг замондош тарафдорлари ҳам метафизик (ғайбий) хулосаларга мурожаат қилишган (C.G. Hunter, Darvin''in Tanrısı).
Эволюция назарияси аксиома (исботга муҳтож бўлмаган ҳақиқат) деб қабул қилинадиган бир қанча таклифларга асосланади. Кўп ҳолларда таъкидланганидек, эволюциянинг ўзи ўз ҳолича аниқ равшан тушунчадир. Лекин бу илмий тасдиқ эмас. Ундаги априоралар эволюция назарияси ҳақиқат эканлигини ва уни тасдиқлайдиган далилларни қидириш –мақсадлари яшириш бўлган ноилмий ҳаракатлигини кўрсатади.
Машҳур антрополог Сервьенинг тасдиқлашича, эволиционизм атеистик дин хусусияни олди: “Ғарбда эволюционизм атеистик диний ақида бўлди” (J. Servier). Фан тарихшуноси Нил, дарвинизм фалсафаси моҳиятига кўра таълимот эканлигига эътибор қаратади. У: “Тажрибага асосланган хулосаларга эга бўлган Дарвиннинг қарашлари фалсафий таълимотдир, шунинг учун уларнинг ютуғи далилларга эмас, балки ғоявий курашларда ғалаба қозонганлигига боғлиқдир” , - дейди (N.C. Gillespie, Charles Darvin and the problem of Creation).
Ричард Докинс эволюция назариясига илмий назария сифатида эмас, балки идеология (мафкура) сифатида ёндашади. Ўзининг “Кўр соатсоз” китобида у шундай ёзган: “Мен китобхонларни Дарвин таълимоти нафақат тўғри эканлигига, балки бу назария ягона эканлигига, ва у бизнинг мавжуд бўлиш сиримизни очиши мумкин деб ишонтиришни хоҳлайман. Дарвинизм – бу умуман олганда ҳаётнинг баъзи жиҳатларини тушинтира оладиган ягона назариядир” (R. Dawkins, The Blind Watchmaker).
Уэллс бу масала ҳақида қуйидагиларни ёзади: “Умуман олганда, бу назария тўғри деб илмий эмас, балки фалсафий ёндошганда таъкидлаш мумкин. Илмий фикр далиллар талаб қилади. Шу билан бирга, Докинзнинг ўзи таъкидлаганидек, дарвинизмнинг ҳақиқат эканлигини тасдиқлаш учун далиларнинг ҳожати йўқ. У ёки бу фалсафий қарашларга эга бўлишда ҳеч қандай янглиш нарсанинг ўзи йўқ. Хусусан, ҳар бир инсон ўзига яраша фалсафий қарашларга эга – тўғри ёки янглиш. Лекин ҳосил бўлиш жараёнида бу қарашлар “фан” деб илгари сурилмаслиги, балки фалсафа деб сифатланиши лозим” (J. Wells, Icons of Evolution, Science or Myth?). Уэллснинг ёзишича, асосан мавжуд инсон тарихи илмий билимлар эмас, балки материалистик фалсафадир: “Эволюция ҳеч қандай режага эга эмас, инсон эволюциянинг тасодифий маҳсули эканлигига асосланган таълимот, экспериментал (тажрибага оид) билимларга эмас, балки материалистик фалсафага таянади”.
Палеонтолог Кевин эса, илмий билимлар эксперимент жараёнида текширилиши мумкинлиги билан фарқланади, деб таъкидлайди. У шундай ёзади: “Агарда биз қайсидир фикрни текширмаган бўлсак, у янглиш дегани эмас, лекин уни илмий деб айта олмаймиз” (K. Padian, Methods and Standards of Evidence: Why the Bird-Dinosaur Controversy is Dead).

ЭВОЛЮЦИЯ НАЗАРИЯСИ “ДИН” СИФАТИДА

Эволюционизм тарафдори канадалик биология файласуфи Майкл Рьюзнинг ёзишича, эволюция назарияси энди “дин” бўлишга яқиндир: “Агарда инсонлар эволюцияни “дин” қилишни ҳохлашса, бу уларнинг ишидир. Лекин улар соф билимнинг чегарасидан четга чиқиб, маънавий ва ижтимоий фикр соҳасига киришади, ўзларининг назарияларини эса “ҳамма нарсани ўз ичига оладиган дунёнинг чизмаси” ҳолида кўришади. Бу билан улар одатдаги фандан узоқлашиб кетишади” (M. Ruse, How Evolution became a religion).
Филип Жонсон дарвинизмни янглиш билим деб ҳисоблайди, унинг тарқалишини эса унинг илмийлиги билан эмас, балки ҳукмрон маданиятга муносиблиги билан боғлайди. Қачонки ушбу маданият ўз ҳокимлигини йўқотса, дарвинизм ҳам ғойиб бўлади: “Дарвинизмнинг нуфузи унинг маданий кучига таянади. Дарвинизм тарафдорлари бир марта мана шу қувватловчи кучни йўқотган пайтда, дарвинизм ҳам, худди ленинизм сингари ҳисобдан чиқарилади” (P.E. Johnson, Evrim Duruşması).
“Nature”(Табиат) журналининг мухаррири Хенри Жи эволюциянинг далиллари сифатида қазилмалар (қадимий ҳайвонлар қолдиқлари)нинг етишмовчилигига аҳамият қаратади: “Қазилмаларни бир – биридан узоқлаштирадиган вақт оралиғи шунчалик йирикки, улар орасида наслий алоқадорлик бор эканлиги ҳақида гапириш мумкин эмас. Ҳаттоки ёзма манбаларга эга бўлган ҳолда, ўтган бир қанча юз йилликлардаги инсоният тарихини қайта тирилтириш жуда ҳам мушкул. 5 – 10 миллион йил илгари яшаган бир неча турдаги тирик мавжудотлар, инсон эволюциясига доир унчалик катта бўлмаган қутига жойлашадиган барча далиллардир. Шунинг учун мавжуд инсон эволюцияси чизмаси кейинроқ яратилди, бу бутунлай инсон ижоди маҳсулидир ва у бир қанча тўқима тахминларга асосланган ҳолда шакллантирилган. Бир қанча қазилмаларни олишади ва улар бир наслни ифода этади деб уқтиришади. У ҳолда бу текшириладиган илмий гипотеза (фараз) эмас ва унинг хулосалари эса худди болаларни тинчлантириш учун айтиладиган эртакка ўхшаш қадрга эгадир. Улар қизиқарли, ҳаттоки ибратли бўлиши мумкин, лекин ҳеч қачон илмий бўлолмайди” (H. Gee, In Search of Deep Time: Beyond the Fosil Record to a New History of life).
Аризона давлат Университети антропологи Кларк ўзининг 1997 йилда ёзилган асарида, инсоният тарихини яратишда шошилинч хулосаларга асосланишади, деб таъкидлайди: “Инсон эволюциясини тушунтириб берадиган моделлар, бир бири устига қўйилган ўйин карталаридан қурилган уйга ўхшайди. Агарда улардан бир донасини сурсанг ҳам, конструкция барбот бўлиши мумкин” (A.G. Clark, Through a Glass Darkly: Conceptual Issues in Modern Human Origins Research).
Шунга қарамасдан, бу дунёда ҳар бир тирик мавжудотга ўзига хос бўлган хусусиятларга эга бўлган мустақил тана берилган. Ҳар бир тирик мавжудотнинг генетик хусусияти мукаммалдир. Мисол учун, инсонлар бир турга оид бўлганлиги нуқтаи назаридан бир – бирларига ўхшашсада, бир инсоннинг ДНКси бошқа бирининг ДНКсидан ажратиб турадиган хусусиятга эгадир. Инсон ДНКси ўхшаш ёки фарқли бўлиши мумкин экан, ўтган, ҳозирги ва келажакдаги барча инсонларнинг генетик тузилмаси ҳақида маълумотга эга бўлган ва мана шу тузилмаларни яратадиган куч мавжуд бўлиши керак. Ҳар қандай ақлни ҳайратга соладиган бу ДНКлар қандайдир Қудрат ва Илмнинг мўжизасидир. Биз тирик мавжудотлар оламида ҳар онда қандайдир ўзгаришлар, фарқлар ва янги шакллар вужудга келаётганини кўришимиз мумкин. Демак, бу тирик мавжудотлар доимий ва азалий бўлишмаган, улар кейинроқ вужудга келишган. Аниқки, материя ҳам абадий эмас – у ҳам кейинроқ яратилган. Мавжуд бўлмагандан мавжуд бўлиш учун ниманидир олиб чиқиш орқали ниманидир яратиш учун, бу қарорни қабул қиладиган кимдир бўлиши керак. Ақл, илм ва иродага эга бўлган ҳолда яратиш мумкин бўлган бу ҳайратланарли мавжудотлар, ақли ҳам, иродаси ҳам, қалби ҳам бўлмаган табиатнинг ижод маҳсули сифатида вужудга келганлигини тасаввур қилиш жуда ҳам қийин.
Кант ўзининг “Тоза ақлнинг танқиди”да ёзади, агарда қайсидир билим математик характерда бўлсагина ҳақиқий билимдир. Унинг фикрига кўра, эволюция назариясида математик далиллар кам бўлганлиги сабабли, унинг илмий эканлиги ҳақидаги масала бахслидир. (E. Mayr, The Growth of Biological Thought).
Машҳур файласуф Бернард Рассел шундай деб ёзади: “У ёки бу шаклдаги эволюционизм – бизнинг давримизда ҳукмронлик қилаётган эътиқод туридир. Методлар нуқтаи назаридан ҳам, уни қизиқтираётган саволлар нуқтаи назаридан ҳам эволюция назарияси фан эмас” (B. Russell, Dünya Üzerine Bildiğimiz).
Корнелиус Хантер ҳам эволюционизм методлари илмий эмаслигини ёзади: “Эволюционизм танқидига илмий асосларни келтириш зарурати йўқ, чунки эволюционизмнинг ўзи илмий эмас. Эволюция – бу ноилмий тўқима тахминларга асосланган ғоядир. Эволюция турли мустақил фан соҳаларига мурожаат қилади, лекин унинг ўзи илмий эмас”(C.G. Hunter, Darvin''in Tanrısı).
Машҳур замонавий фан файласуфи Карл Поппернинг айтишича, илмийлик мезони исботланганлик эмас, балки “хатога йўл қўйиш мумкинлиги”дир. Унинг фикрига кўра, қайсидир илмнинг ёки хулосанинг моҳиятига доир тавсифи сифатида “хато бўлиши мумкинлиги”ни кўришимиз мумкин. Шунга қарамай, дарвинизм бу тестдан ўта олади деб тасдиқлай олмаймиз. Эволюция назариясини тасдиқлайдиган қандайдир фактлар келтириш мумкин. Лекин илмийликнинг мезони тасдиқланиш эмас, “хато бўлиши мумкинлик”дир. Бошқача айтганда, дарвинизмчилар қайси хулосаларида янглишаётган бўлишлари мумкинлигини кўрсатмайдилар. Шунинг учун, дарвинизм илмий назариядан кўра кўпроқ фалсафий системадир. (K. Popper, Unended Quest).
Хулоса ўрнида шуни таъкидлашни ҳохлардимки, ўзига яраша ўринга эга бўлган бу назария, илмий соҳа чегарасидан чиқарилиб, атеистик фикрлар ва позитивизм фалсафаси учун қуролга айлантирилган. Энг ажабланарлиси, позитивизм фалсафасига таянадиган бу атеистик фикр, ўзини фан сифатида талқин қилади, лекин бунга қарши келтирилган ҳар қандай далилларни фанатизм деб баҳолайди ва илмий эмас деб ҳисоблайди. Бир сўз билан айтганда, бу назария ўз мезонларига кўра илмий назарияга тўғри келмайди. Моҳиятига кўра бу мавжуд кўп илмий назариялардан бири эмас. Бу алоҳида таълимот, яшаш тарзи ва эътиқод кўринишидир. Бу илмий билим эмас, балки у фалсафий фикр шаклларидан биридир. Бошқача айтганда – биология фалсафасидир. Фалсафий фикрнинг тўғри ёки янглиш эканлиги ҳақида гапиришнинг фойдаси йўқ.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Атеизм
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase