close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Мураккаб тизимлар Худонинг мавжудлигини тасдиқлайди ва Дарвин назариясини инкор қилади

Нафас олиш, овқатланиш, юриш – биз ушбу ҳаракатларнинг ҳаммасини ҳар куни амалга оширамиз, танамиз бу ҳаракатларни қандай бажараётгани ҳақида ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Масалан, мева еганда қандай қилиб организм ундан фойда олиши ҳақида фикрламаймиз. Бизга шу мева ёқади, бўлди, биз уни еймиз. Лекин шу билан бир пайтда, организмимиз ушбу мевадан максимал даражада фойда олиш учун жуда мураккаб ишларни амалга оширади.

Бу жараёнлар содир бўладиган овқат ҳазм қилиш тизими овқат оғизга кириши биланоқ ҳаракат қила бошлайди. Сўлак - ушбу тизимнинг бир қисми - тишлар ёрдамида яхшилаб майдаланиши учун овқатни намлайди ва у қизилўнгачга осонгина тушади.
Қизилўнгач овқатни ошқозонга юборади, бу ерда ҳамма нарса уни қабул қилишга тайёр бўлади. Бу ерда хлорид кислотаси овқатни ҳазм қилади. Ушбу кислота шунчалик кучлики, у нафақат ошқозон таркибини, балки унинг деворларини ҳам эритиб юбориши мумкин. Албатта, бундай мукаммал ташкил қилинган тизимда бундай бўлиши мумкин эмас. Овқат ҳазм қилиш жараёнида ажралиб чиққан шиллиқ ошқозон деворларини ўраб олади ва шу билан уни кислотанинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилади. Шундай қилиб, ошқозон ўзини вайрон қила олмайди.
Шунга эътибор қаратиш керакки, эволюция назарияси юқорида баён қилинган тизимни тушунтира олмайди. Назарияга кўра, бугунги кунда мавжуд бўлган мураккаб организмлар аста-секин кичик таркибий ўзгаришларни бошдан кечириб тадрижий ривожланган. Аммо биз ишонч ҳосил қилганимиздек, ошқозоннинг тузилишини босқичма-босқич шакллантириш мумкин эмас. Ҳеч бўлмаганда битта омилнинг йўқлиги бутун организмнинг ўлимига олиб келади.
Ошқозонга кирадиган озиқ-овқат турли хил кимёвий жараёнлардан ўтади. Шунинг учун меъда шираси уни кейинчалик эритишга қодир. Энди бу ажойиб режалаштирилган кимёвий ўзгаришлар ҳали тугамаган танасида ривожланаётган тирик мавжудотни тасаввур қилинг. Бу тирик мавжудот бундай қобилиятни мустақил равишда ривожлантира олмайди ва шунинг учун овқатни ҳазм қила олмайди. Бинобарин, у ҳазм қилинмаган овқатга тўла ошқозон билан очликдан ўлишга маҳкум бўлади.
Бундан ташқари, парчаловчи кислота ишлаб чиқариш билан бир қаторда, ошқозон деворларни ҳимоя қилиш учун шиллиқ ҳам чиқаради. Шунинг учун организм мавжудликни давом этиши учун ошқозон бир вақтнинг ўзида иккала ширани ҳам ишлаб чиқиши керак. Бу эса шуни англатадики, бу аста-секин тасодифий эволюциянинг натижаси бўлиши мумкин эмас, фақат энг кичик тафсилотларни ўйлаб топган онгли ижод маҳсулидир.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, инсон танаси бир-бири билан мукаммал уйғунликда ишлайдиган кўплаб кичик механизмларга эга улкан бир заводга ўхшайди. Ҳар қандай заводнинг уни пухта режалаштирган ва ташкиллаштирган яратувчиси бор. Инсон танаси мукаммал ишлайдиган завод сифатида, шубҳасиз ўзининг Буюк Яратувчисига эга.

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Атеизм
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase