close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Пиротехник шоулар ва дин

Ҳаммаёқ чиройли ранглардан порласа, каттаю-кичик қарсиллаган овозлардан завқланиб, шўх-шодон қийқирса, бунинг нимаси ёмон дерсиз? Гап шундаки, бу ҳаракатларнинг асл мақсади «ёвуз руҳларни» қўрқитиш, уларни ҳайдашдир. Қадимги қабилалар оловга жуда катта аҳамият беришган. Олов ёрдамида исиниш, овқат пишириш, хавф-хатар ҳақида огоҳлантириш ёки бошқа нарса ҳақида хабар қилиш мумкин бўлган.

Бу ўша пайтларда коммуникация воситаларининг дастлабки, ибтидоий кўринишлари бўлган. Оловнинг иккинчи аҳамияти эса турли маросимлар, урф-одатлар билан боғлиқ эди. Деярли ҳар бир диннинг тарихида гулхан ёки шам ёқиш, меҳробларда лампалар ёқиш ва ҳатто ранг-баранг чироқлар билан боғлиқ анъаналар бор бўлиб, пиротехниканинг илк кўринишлари ана шулардир.
Олов, ёруғлик, нур билан боғлиқ ҳар бир амалга катта аҳамият берилар, шунинг учун бирор маросимнинг пиротехник манзараси синчиклаб тайёрланиб, пухта ўйлаб чиқиларди, ҳар бир нозик жиҳатнинг замирида бирор алоҳида маъно мужассам эди.
Қадимги Русь мажусийлик зулматида мудраб ётганда, қуёшга бағишланган байрамлар ўтказилар эди. Масалан, Иван Купала байрами, қишки тенгкунлик кунида гулханлар ёқилар, ёнаётган ғилдираклар юмалатиларди. Албатта, уларни бугунги куннинг пиротехник шоулари, мисли кўрилган мушакбозликлар, салютлар билан таққослаб бўлмайди, лекин ғояга ўшандаёқ замин яратилган эди.
Кўпгина қадимий афсоналарда оловдан қўрқиш, унинг қудрати олдида бош эгиш, ҳатто унинг учун жонни қурбон қилиш ҳоллари учрайди. Ҳиндуларнинг какчикеле қабиласида шундай нақл юради. Эмишки, «худолар» кишиларни оловдан маҳрум қилиб қўйиб, ҳамма музлай бошлабди. Шунда «худолар»нинг раҳми келиб, оловни қайтариб беришган экан. Бироқ, орадан кўп ўтмай, улар ёмғир ва дўл ёғдириб, оловни ўчириб қўйишган экан. Шунда шафқатсиз «худолар» оловни қайтариб бериш учун одамларга оғир шарт қўйишади – олов қайтиши учун одамлар кўксини ханжар билан ёриб, юракларини «худоларга» тақдим қилишлари керак бўлади. Какчикеле ҳиндулари бу талабни бажаришдан бош тортишади. Улар қалин тутуннинг ичига яшириниб, оловни ўғирлаб қочишади ва уни яшириб қўйишади. Дарвоқе, тутунли девор ҳам пиротехник эффектлардан бири бўлиб, бугунги кунда ҳарбий мақсадларда ёки пиротехник манзаралар ҳосил қилиш учун ишлатилади.
Каббала деб аталган мистик оқимнинг ғояларидан бири ҳам «зулматга сочилиб кетган «илоҳий» нурнинг учқунларини тўплаш»дан иборатдир. Албатта, бу мажозий ибора холос, бироқ уни мушакбозликда қўллаш мумкин.
Ҳиндларнинг Дивали деб номланадиган муҳим диний байрами бор (санксрит тилидан тахминан «оловли шингил» деб таржима қилинади. Яна хаёлга мушакбозлик келади). Вишнуитлар байрамнинг бошланишини қадимги ҳинд ривоятларининг энг мўтабар қаҳрамони – Рамага тож кийдирилиши билан боғлайдилар. Бугунги кунда эса Дивали – ҳақиқий оловлар байрами бўлиб, ўша кунлари Ҳиндистоннинг барча шаҳар ва қишлоқлари пиликли жинчироқлар, ранг-баранг фонуслар, хилма-хил электр лампалари ёниб-ўчиб турган маржончироқлар билан безатилади. Ҳаммаёқда пақиллоқлар пақиллайди, осмонга қўлбола ракеталар учади, жамоат жойларида мушакбозликлар авж олади. Ҳаммаёқ чиройли ранглардан порласа, каттаю-кичик қарсиллаган овозлардан завқланиб, шўх-шодон қийқирса, бунинг нимаси ёмон дерсиз? Гап шундаки, бу ҳаракатларнинг асл мақсади «ёвуз руҳларни» қўрқитиш, уларни ҳайдашдир. Дивали – байрам маросимларининг бутун бошли мажмуасидир. Байрамнинг бешинчи куни акалар сингилларга совға-саломлар, ширинликлар улашади, кечқурун эса оиланинг барча аъзолари тўпланиб, олов ёқилади, аввалдан тайёрлаб қўйилган ракеталар, петардалар, пақиллоқлар ва бошқа хилма-хил пиротехника воситалари ишга тушиб, ҳақиқий мушакбозлик бошланади.
Аслида эса бу иллюминация ва пиротехника қўлланиладиган анъаналарнинг кичик бир кўриниши, холос. Бугунги кунда биз мушакбозликка, салютларнинг замиридаги маъноларга эътибор бермай қўйганмиз, бироқ, бу маънолар йўқолиб кетган эмас, балки унутилган. Мушакбозликлар, салютларнинг гумбурлаши, ракеталарнинг чийиллаши, петардаларнинг пақиллаши, шамларнинг милтираши ва бошқа пиротехник воситаларнинг антиқа томошалари – буларнинг барчаси, биз сезмасак-да, ўзининг асл вазифаларини – ёвуз руҳларни ҳайдаш, уларни қўрқитиш, хуллас - улардан ҳимоялаш функцияларини бажармоқда, бизнинг байрам ва тантаналаримизни нишонламоқда.
Кўриб турганингиздек, четдан қараганда беозор кўринган бу амалларнинг замирида муқаддас динимизга ёт бўлган, ақийдамизга зид бўлган унсурлар ётади. Ҳиндулар, ҳиндлар бундай бидъат-хурофотларга ўралашиб юрса, ҳа энди, уларга пайғамбар келмаган, уларнинг дини ботил, деймиз. Бироқ, ўзимиз-чи?
Тўй-маъракаларда учрайдиган кўплаб ғалати ҳатти-ҳаракатларнинг замирида ҳам ана шундай хурофотлар ётмайдими? Шу кунларда пойтахтимизда бўлаётган тўйларга бир назар солиб кўринг. Куёвнавкарлар келиннинг уйига келганда, келинни олиб чиқиб кетишаётганда, тўйхонага киришда ва айниқса, тўйхонадан чиққанда ва ниҳоят (хайрият!), келин янги уйга кириб бораётганда қулоқни қоматга келтириб пақиллоқ портлатишдан мақсад нима? Буни қилаётганлар ким? Тилидан ҳам, қўлидан ҳам мусулмонларга зарар етмаслиги керак бўлганлар – биз, мусулмонлар. Оммавий ахборот воситаларида қанча айтилмасин, майиб-мажруҳ бўлиб қолаётган болакайлар қанча кўрсатилмасин, кўрсатувлар, эшиттиришлар тайёрланмасин – фойдаси бўлмаяпти.
Асосан қишлоқ жойларда учрайдиган яна бир шундай иллат – келин-куёвни гулхан атрофида айлантиришдир. Бу ерда ҳам юқоридаги каби мақсад бор бўлса керак? Бундай оташпарастларча ҳатти-ҳаракатлардан ўлиб ҳам қутулмаяпмиз – маййит чиқарилган хонадонларга, қабристонларга бориб кўринг, шам ёниб турганини кўрасиз. Беихтиёр, «Шум бола» фильмидаги лавҳа эсингизга тушади: «Ахир, ўликнинг арвоҳи келиб нима билан ўйнашади? Ёнатган шамнинг олови билан! Кейин, бир коса сувнинг устига қўйилган новдага қўйиб дам олади…». Астағфируллоҳ!
Маълумки, бозорнинг ҳаракатлантирувчи кучи – талабдир. Ҳар қандай бозор ҳам «талаб таклифни белгилайди», деган қонун асосида ишлайди. Пиротехник воситалар бозори ҳам бундан мустасно эмас. Мавсумий бозор бўлса ҳам, ҳар мавсумда Аллоҳ рози бўладиган қанча ишларга сарфланиши мумкин бўлган пулларимиз ана шу мавсумда том маънода ҳавога учади. Учганда ҳам тинч учмайди, кимнидир куйдиради, кимнидир майиб-мажруҳ қилади, ҳеч бўлмаганда кимнингдир юрагини ёради…
Иқтисодий иборалар билан айтадиган бўлсак, ана шу бозорни бозор қилиб турган нарса - истеъмолчиларнинг ўша пақиллоқларга бўлган талабидир. Ана шу талаб бор экан, бу бозор йўқ бўлиб кетмайди. Хўш, истеъмолчи ким?...

Гапни шу ерда тўхтатамиз. Зеро, мусулмон кишига бир ишнинг зарарли эканлигини тушунтириш қийин эмас. Бу ишнинг динда йўқлиги ёки макруҳлигини айтсангиз, кифоя…

Абу Муслим

Мақола жойлаштирилган бўлим: Маданият
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase