Мустафо 1930 йили 1 июл куни Суриянинг Алеппо шаҳрида таваллуд топган . Режиссура ва филм ишлаб чиқаришни ўрганиш учун Лос-Анжелсдаги Калифорния университетига (UCLA) кетишидан олдин, божхонада зобит бўлиб хизмат қиладиган унинг отаси, унга 200 доллар ва Қуръони карим китобини беради. Аққод Жанубий Калифорния университетида (USC) магистр унвонини олади. У ерда у режиссер Сэм Пекинпа билан учрашади. Пекинпа Холливудда Аққоднинг устозига айланади. Жазоирдаги инқилоб ҳақидаги филмга уни маслаҳатчи қилиб ишга олади, бироқ бу филм экран юзини кўрмайди, шундай бўлса ҳам, Аққод CBSда продюсерлик ишини бошлаганга қадар, унга ёрдам бериб туради.
1976 йили Аққод “Муҳаммад – Аллоҳнинг расули” (Рисолат) деб номланган (1977 йили АҚШда «The Message» номи билан намойишга чиққан) филмни чиқаради. Бош ролларни Энтони Куинн ва Ирен Папаслар ижро этади. Аққод филмни Марокашда суратга олмоқчи бўлади, бироқ Ҳолливуддан рад жавобини олади.
Рисолат филмини суратга олишда, у Ислом уламолари билан маслаҳатлашади, Исломга ва пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) тасвирлари ҳақидаги шаръий кўрсатмаларга ҳурмат билан ёндашади. Яъни Расулуллоҳ с.а.в тасвирлари ва овозларини бериш мумкин эмас. Шунинг учун ҳам филм асносида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўринишлари, овозлари, ҳатто соялари ҳам кўрсатилмайди. Филм Азҳари шариф масъул ҳайъати тасдиғидан ўтади, бироқ Саудия Арабистони, Маккада жойлашган Халқаро Мусулмонлар Лигаси тарафидан рад жавобини олади. Кувайт, Либия ва Марокаш филмни суратга олишга молиявий кўмак беришни ваъда қилган эдилар, лекин Халқаро Мусулмонлар Лигасининг рад жавобидан сўнг, Кувайт филмни молиялаштиришдан воз кечади. Марокашнинг қироли Ҳасан II эса, филмни ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашини маълум қилади. “Рисолат” филмини суратга олишга бир йил вақт кетган. Филм олти ой давомида Марокашда суратга олинган, бироқ Саудия Арабистонининг Марокашга нисбатан қилган қаттиқ босимидан сўнг, Аққод Марокашда филмни суратга олишни тўхтатишга мажбур бўлади. Аққод Либия раҳбари Муаммар Қаззофийга лойиҳани давом этиш бўйича ёрдам сўраб, мурожаат этади. Қаззофий қолган олти ой суратга олиш ишларини Либияда давом этишга рухсат беради.
Аққод 1976 йили берган интерьюсида филм воситасида Ғарб ва Ислом оламидаги тафовутга барҳам бермоқчи эканини айтган:
“Мен бу филмни суртага олишим шахсий масаладир. Филм сифатида ўзига яраша қадр-қимматга эга бўлишига қарамай, у ўз тарихи, ўз сюжети ва драмасга эгадир. Менга кўра, шундай бўлишига қарамай, бу филмда қандайдир шахсиятимига оид нарса ҳам мавжуд. Ғарбда яшайдиган мусулмон шахс сифатида, Ислом ҳақида ҳақиқатни айтишни ўзимнинг бурчим деб билдим. Бу диннинг 700 миллион эргашувчилари бўлгани билан бу дин ҳақида жуда кам маълумот борлиги мени ажаблантирди. Мен Ғарб билан орамизда кўприк вазифасини бажарувчи тарихни барчага баён қилишни ўзим учун шарт деб билдим”.
1978 йили «Хэллоуин» филмига продюсерлик қилган. Ўша филм кам бюджетли филмлар тарихининг бир қисмига айланди.
1980 йили Аққод “Умар Мухтор” филмини суратга олди. Ушбу филмда Куинн ва Ирен Папасга Оливер Рид, Род Стайгер ва Жон Гилгуд каби актерлар ҳам қўшилган.
Филм Либия чўлларида Италиянинг диктатори Бенито Муссолини қўшинларига қарши курашган жасур Умар Мухтор ҳаёти ҳақидадир. Либия раҳбари Муаммар Қаззофий филмга ҳомийлик қилганини эшитган ғарб, бу филмни қаттиқ танқид билан қарши олган. Эҳтимол, филм ҳақида салбий маълумотлар филм намойишидан тушган пулларнинг кам бўлишига сабаб бўлгандир.
Аққод Буюк Британиядаги “Rank Organisation”дан “Pinewood Studios”ни сотиб олишга ҳаракат қилган ҳамда Twickenham студиясини сотиб олган. Ўлими олдида у Шона Коннери иштирокида 80 миллион долларлик филмни суратга олишни бошламоқчи бўлиб турган. Мазкур филм Салоҳиддин ва салбчилар босқини ҳақида эди. Урданда суратга олиниши режа қилинаётган филмга сценарий тайёр эди. У филм ҳақида: “Салоҳиддин Исломни аниқ гавдалантиради. Ҳозирда Ислом террорчи дин сифатида тасвирланмоқда. Бир икки мусулмонлар террорчи бўлгани учун, бутун дин террорчи, дея кўрсатилмоқда. Агар бутун даҳшатлари билан диний урушлар бўлган дейидиган бўлсак, бу салб юришлари вақтидаги урушлардир. Бироқ, бир неча авантюрачилар салб юришларини ташкил қилгани учун, сиз бутун насроний динини айблай олмайсизку? Бу менинг мурожатномам бўлади”.
Ўлими
Мустафо Аққод ва унинг Рима Аққод исмли 34 ёшлик қизи 9 ноябр 2005 йилда Уммонда содир этилган портлашда ҳалок бўлдилар. “Ал-Қоида” гуруҳи томонидан юборилган қотил террорчи портлаш мосламасини ишга туширганда, улар икковлари ҳам “Grand Hyatt” мехмонхонасининг фойесида бўлган эдилар. Қизи ўша ернинг ўзидаёқ жон таслим қилди. Мустафо эса икки кундан кейин олган оғир жароҳатлари сабабли касалхонада вафот этди. Мустафонинг аввалги аёли Патриция Аққод ва унинг “Хеллоун” филмларни суратга олишда ёрдам берган Ториқ ва Малик исмли ўғиллари, шунингдек кейинги аёли Суҳа Аққод, ўғли Заид яқин одамидан ажралиб қолдилар.
Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади