Исломий фарзлар, Исломий одоблар мана шу катта маънони - вақтнинг қиймати, унинг ҳар бир босқичи, ҳар бир жузъига эътибор беришни исботлайди, инсоннинг онгини уйғотади, коинот ҳаракати, фалакнинг айланиши, қуёш, юлдузлар сайри, кеча ва кундузнинг ўзгариши билан бирга вақтнинг ҳам аҳамиятли эканини айтиб огоҳлантиради.
Тун ниҳоя топиб, тонг юзидан ниқоб тортилган бир пайтда Аллоҳнинг жарчиси уфқни тўлдириб, замон қулоғини қоқиб, ғофилларни уйғотиб, Аллоҳнинг қўлидан покиза тонгни олиш учун намозга шошилинглар дея нидо қилади: Ҳайя алас солат, ҳайя алалфалаҳ, ассолату хойрун минаннавм. Бунга жавобан зикр қилувчи тиллар, шукр этгувчи қалблар, покиза таҳоратли қўллар: Тўғри айтдинг, дея такрорлаб, шошилганича намозга турганлари сари шайтон тугунлари ҳам бирма-бир ечилаверади.
Туш пайти бўлиб, қуёш само марказидан оғгач, одамлар дунёвий машғулотлар, кунлик меҳнатлар дарёсига шўнғиган бир пайтда нидо қилувчи яна бир бора Аллоҳга такбир, таҳлил айтиб, У Зотнинг Ёлғиз эканлигига, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам У Зотнинг пайғамбари ва элчиси эканлигига гувоҳлик бериб, намозга, нажотга чақиради. Ана шу пайтда одамлар Яратгувчи, Ризқ бергувчи, ишларини тадаббур қилгувчи Зотнинг ҳузурида - намозда дунё ташвишларидан тин олиб, унинг жанжал ғалваларидан озгина вақт бўлса ҳам қутулиб, ором оладилар. Бу куннинг ўртаси - пешин намози вақтидир.
Ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлиб, қуёш ботишга мойил бўлган пайтда нидо қилувчи учинчи бора нидо айлар. Бу аср намозидир.
Қуёш гардиши беркиниб, уфқдан ғойиб бўлгач, ўша нидо қилувчи яна - тўртинчи бор нидо қилар. Бу кундузнинг охирги, кечанинг аввалги намози бўлган шом намозидир.
Шафақ ғойиб бўлгач, Раббоний овоз кўтарилиб, мусулмоннинг бир кунини хотималаб берувчи охирги намозга азон айтилар. Бу хуфтон намозидир.
Ҳафтанинг ҳар жумъа куни муаззин махсус жойда ва махсус шартлар билан ҳафталик жамоат билан ўқилувчи намозга азон айтар. Бу жумъа намозидир. Мана бундай фарз намозлардан ташқари тунги таҳажжуд намозлари ҳам борки, у соатларни Раҳмоннинг бандалари Парвардигорга сажда қилиб ва (жойнамоз устида) тик туриб - бедор ўтказарлар. Улар кеча ва кундузнинг турли вақтларида зуҳо ҳамда нафл намозларни ўқирлар.
Ҳар ой остонасида янги ҳилол кўринар. Мусулмон инсон унга юзланиб, Аллоҳга такбир таҳлил айтиб муножот қилар: Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Сени яратган, бир неча манзилга тайинлаб-белгилаб қўйган, сени бутун оламлар учун оят-аломат қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Аллоҳим, Бу ойни бизларга тинчлик, иймон, саломатлик, Ислом ва Ўзинг рози бўладиган, севадиган яхши ишларга муваффақ қилгувчи эзгулик, рушду ҳидоят ойи қилгин! Эй ҳилол, Аллоҳ менинг, сенинг, барчамизнинг Парвардигоримиздир.
Ҳар йили жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари ёпиладиган, шайтонлар кишанбанд этиладиган ой бўлмиш рамазон ойида нидо қилувчи нидо қилар, бу сафар ердан эмас, осмондан нидо келар: Эй, эзгулик истовчи бери кел, эй ёмонлик истовчи жойингда тўхта.
Ана шу пайтда осий тавба қилар, юз ўгирган иқбол қилар, ғофил огоҳ тортар. Кўплар рўзани чиройли тутиш, қиёмни чиройли қидиш билан Аллоҳнинг ризосини, мағфиратинй истаб, У Зотнинг саҳнасига қайтар. Ундайлар ҳақида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалдам марҳамат қилганлар: “Кимки рамазонда иймон ва Аллоҳнинг ажри мукофотига етиш умиди билан рўза тутса, ўтган гуноҳларИ кечирилур. Кимки Рамазонда иймон ва Аллоҳнинг ажру мукофотига етиш умиди билан кечалари қойим бўлиб намозлар ўқиса ўтган гунохдари мағфират қилинур”.
Мана бундай рамазон ойидаги рухий саёҳат ортидан бошқа бир - ҳам руҳий, ҳам моддий саёҳат келар. У рамазон ойи ниҳоя топиши билан бошланажак ойлар - ҳаж ойларидир.
“Ҳаж (мавсуми) маълум ойлардир (Яъни, Шаввол, Зулқаъда ва Зулҳижжа ойининг ўн куни ҳаж учун сафар қилинадиган ойлардир, лекин ҳажнинг фарзлари иҳром боғлаш, Зулҳижжа ойининг 9-куни Арафот тоғида туриш ва Қурбон ҳайити кунлари Байтуллоҳни тавоф қилиш билан адо топади). Бас, ким шу ойларда (ўзига) ҳажни фарз қилса (ҳаж қилишни ният қилса), ҳаж давомида (жуфтига) яқинлашмайди, гуноҳ ишлар, жанжал-сурон қилмайди. Қандай яхши амал қилсангиз, албатта Аллоҳ билади. Ва (ҳаж қилиш учун йўлга тушишдан аввал зарур озуқа билан) таъминланиб олинг! Албатта энг яхши озуқа (яъни, ўзингиз билан бирга бўлиши лозим бўлган энг яхши нарса) Аллоҳдан қўрқишдир. Мендан қўрқингиз, эй аҳли донишлар!”. (Бақара сураси, 197-оят).
Салафлардан баъзилари беш вақт намоз куннинг мезони, жумъа ҳафта мезони, рамазон ойи йил мезони, ҳаж эса умр мезони деб айтганлар.
Шунда мусулмон банда замон ҳаракатини огоҳлик билан кузатади. Ҳатто бир йил муддат ўтиб, экин-текинларни йиғиб олиш муддати келганида закотни ўз вақтида адо қилади.
Юсуф Қарзовийнинг
"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан
Заҳириддин Мансур таржимаси