ЭРОН ИСЛОМ РЕСПУБЛИКАСИ
- Пайшанба, Авг 18 2022
- 577 марта кўрилди
Майдони: 1 648 000 кв. км., аҳолиси: 66,1 миллион киши, пойтахти: Теҳрон, тузуми: теократик Ислом республикаси, давлат бошлиғи: президент, руҳоний давлат бошлиғи: оятуллоҳ, маъмурий тузилиши: 24 вилоятдан иборат, йирик шаҳарлари: Машҳад, Исфаҳон, Табриз, Шероз, Ободон, пул бирлиги: эрон риёли. Милоддан аввалги биринчи минг йилликнинг ўрталарида улуғ Кайхусрав Форс империясига асос солди. 333 йила уни Македоняли Искандар забт қилди. Милоднинг учинчи асрида мамлакат мустақил бўлди ва Форс подшоҳлиги еттинчи асргача ҳукм сурди. Ислом келиши билан у аввал Мадина, сўнгра Дамашқ халифалигига қўшиб олинди, форсларнинг аввалги оташпарастлик дини барҳам топди. Ўн биринчи асрдан бошлаб Форс мамлакатини турклар, салжуқлар, Чингизхон бошлиқ мўғуллар, Темур армияси ва туркманлар эгаллашди. Ҳокимият тепасига форс Сафавийлар сулоласи келиши билан мамлкат Яна мустақил бўлди. Кейинчалик у аста-секин таназзулга юз тутиб, 1722 йили афғон армияси босиб олди. Бир неча йилдан сўнг ҳокимиятга келган янги сулола уни анча равнақ топтирди. 1906 йили Эрон конститутсиявий подшоҳлик деб эълон қилинди. 1979 йили подшоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий тахтдан ағдарилиб, оятуллоҳ Ҳумайний Эрон Ислом Республикаси ташкил этилганини эълон қилди. Мамлакат аҳолисининг 51 фоизи форслар, 24 фоизи озарбойжонлар, 7 фоизи курдлар, қолгани мозандаронликлар, араблар, лурийлар, туркманлар ва бошқа миллат вакилларидир. Конститутсияга мувофиқ шиалик йўналишидаги Ислом Эронда давлат дини саналади. Аҳолининг 99 фоизи мусулмонлардир, бундан 95 фоизга яқини шиалар, 4 фоиздан ортиғи суннийлардир. Шиаларнинг асосий қисми имомийлар, алиилоҳийлар, баҳоийлар, исмоилийлар оқимларининг тарафдорлари ҳам бор. Эрондаги Қум ва Машҳад шаҳарлари шиаларнинг табаррук зиёратгоҳларидир. Эрон Ислом Республикаси + Ислом Конференсияси Ташкилоти аъзоси.