close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръон ва биз

 

 

 

“Эй инсон! Сен замоннинг Юсуфисан, бу олам эса қудуқ. Сени бу қудуқдан Аллоҳ таолонинг пишиқ арқони – Қуръони карим қутқаради.
Эй, вақтнинг Юсуфи бўлмиш мусулмон! Қўлларингни узат ва бу арқонни маҳкам тут. Шундагина қудуқдан чиқа оласан”.
Мавлоно Жалолиддин Румийнинг бу сўзлари, инсонларни Қуръонни севиш, у билан доимий алоқа боғлашга чақиради.
Сўзимиз аввалида инсоннинг Қуръонга яқинлигини бошқа кишилар билан алоқаси мисолида кўриб чиқамиз:
Биринчи муносабат инсоннинг у ер-бу ерда танишиб қолган кишилар билан алоқасига ўхшайди. Бозорда, тўйда ёки бирор тадбирда учрашиб қолишганида табассум қилиб, бир-бирига салом беришади. Аммо ўрталарида ҳеч қандай самимият йўқ. Чин дил истаги билан эмас, тўғри келиб қолгандагина Қуръон ўқиш ана шундай алоқага ўхшайди. Аллоҳ Каломи билан бундай носамимий муносабат орқали боғланган ришта жуда мўрт бўлади.
Иккинчи муносабатни айрим кишилар билан мажбурий, қандайдир манфаат юзасидан боғланиш дейиш мумкин. Лекин ўртада на самимият, на ишонч бор. Шунинг учун икки томон ҳам бир-бири билан кўнгил очиб гаплашолмайди, бир-бирига дардини айтолмайди. Худди шунга ўхшаб, инсон Қуръонни ўзига ҳамроҳ қилса-ю, бироқ самимият билан бирга боғланмаса, муборак Китоб ҳеч қачон унга ўз ҳикматларини очмайди.
Учинчи муносабат. Инсоннинг шундай дўстлари бўлади, уларни кўрганида, суҳбатлашганида кўнгли ёзилади, қалби хотиржам бўлади. Бу дийдор дилига ҳузур бағишлайди. Кўришмаган ёки гаплашмаган пайтларида ҳам ишонган азиз дўсти яқинида эканини, бошига бирор иш тушса, албатта ёрдамга келишини ҳис қилиб туриши кишига ҳузур-ҳаловат бахш этади. Инсоннинг Қуръон билан алоқаси самимиятга асосланса, бу дўстлик саодат келтиради, ҳаловатга етказади.
Шулардан келиб чиқиб мулоҳаза қилайлик: бир кунда Қуръон ўқишга қанча вақт ажратамиз? Телевизор кўриш, интернетда ўтириш, газета ўқиш, янгиликлар билан танишиш, чой устида гурунглашишга кетган соатларимиз билан Қуръонга ажратган вақтимизни солиштирсак...
Ҳадиси шарифда  шундай дейилган: “Сизлардан бирингиз бозордан эҳтиёжларини ҳал қилиб уйга қайтгач, Қуръондан уч оят ўқишига нима тўсқинлик қилади?”
Анфол сурасида Қуръон ўқиш билан инсон қалбидаги имон кучайиши марҳамат қилинади. Аммо Қуръонни ҳис этмасак-чи? Бунга илм аҳли шундай жавоб беради: “Агар Қуръон маънолари сенинг қалбингда янгидан нозил бўлмас экан, на Розийнинг тафсири, на Замахшарийнинг “Кашшоф”и дардингга даво бўла олади”.
Шундай экан, ҳар биримиз дўстимиз, энг яқин ҳамроҳимиз, шафоатчимиз – Қуръони карим билан ўртамиздаги муносабатларни кўздан кечирайлик, Қуръон билан ўртамизда ҳосил бўлган бўшлиқни тўлдирайлик. Бунинг учун имконимиз бор. Зотан, бахт-саодатга етиш йўлида Қуръони карим энг яхши йўлбошчидир.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase