close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръон кўрсатмаларига риоя этиш

 

 

 

Аллоҳ таоло инсонни мукаммал суратда яратди. Комил қилиб яратгандан кейин ҳам уни ўз ҳолига ташлаб қўйгани йўқ, башариятни ҳидоят йўлига бошловчи Китоблар нозил қилди. Жумладан, одамлар адашиб кетмасинлар, тўғри йўлдан юрсинлар, бахтли бўлсинлар, деб Қуръонни туширди.
Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Сизларга Аллоҳ тарафидан нур ва очиқ китоб келди. Аллоҳ у сабабли Ўзининг ризолигига эргашган зотларни нажот-омонлик йўлларига ҳидоят қилади, Ўз изну иродаси билан уларни зулматлардан нурга чиқаради, тўғри йўлга ҳидоят қилади” (Моида сураси, 15-16-оятлар).
Илм-фан шунча ривожлангани билан инсон ўз танаси, руҳияти ҳақида ҳалигача тўлиқ тасаввурга эга бўлганича йўқ. Одамлар учун нима яхши-ю, нима ёмон эканини Аллоҳ билади, биз билмаймиз. Шунинг учун Қуръон кўрсатмалари биз учун зарур. Зеро, Қуръон Аллоҳнинг топшириқларини, энг гўзал одоб-ахлоқларни ўргатади, ўтган халқлар ҳаётидан ибратли қиссаларни баён этади. Ким Қуръонга риоя қилса, нажот топади. Дунёю охират саодатини бошқа йўллардан излаган кимса адашади.
“Алиф, Лам, Ро. (Эй Муҳаммад, бу Қуръон) Сиз одамларни Парвардигорларининг изни-иродаси билан зулматлардан нурга, қудрат ва ҳамд Эгаси бўлган Зотнинг йўлига олиб чиқишингиз учун нозил қилган Китобдир” (Иброҳим сураси, 1-оят).
Қуръонга амал қилган инсон, энг аввало, эътиқодини тўғрилаб олади, ширк нима, куфр нима, нифоқ нималигини билиб, имонга путур етказадиган иллатлардан узоқ юради. Қолаверса, Қуръонга амал қилган банда Қуръон нимага буюрса, ўша ишларни қилади, Қуръон қайтарган нарсалардан қайтади. Шу билан бирга Қуръон одоблари билан хулқланади.
Аллоҳ таоло айтади: “Ва барчаларингиз Аллоҳнинг Арқонига боғланинг, (фирқа-фирқа бўлиб) бўлиниб кетмангиз!” (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Бу оятда Аллоҳ таоло бандаларини Қуръони каримни маҳкам ушлашга, турли гуруҳларга бўлиниб кетмасликка буюрмоқда. Агар одам ўз ақлига суяниб ўйлаб чиқарган ҳар хил йўлларга юриб кетса, жаннат йўлидан адашади.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилади, яхши амалларни қиладиган мўминларга катта ажр-мукофот борлигини хушхабар беради” (Исро сураси, 9-оят).
Бақара сурасининг илк оятларида шундай дейилган: “Алиф Лом Мим. Бу Китоб (Аллоҳ томонидан нозил қилингани)да шак-шубҳа йўқ. У тақводорларга ҳидоят (манбаи)дир” (Бақара сураси, 1-2-оятлар).
Қуръони карим ҳақ Калом эканига зиғирча шубҳа йўқ. Қуръон тақводорларга ҳидоят маёғидир.
Бир нарсага эътибор қаратайлик: Қуръон тақвосиз қалбни тўғри йўлга бошламайди. Банда Қуръони каримдан ўзи учун насиҳат олдими, Қуръон кўрсатмасига амал қилдими, демак ўша инсон қалбида тақво бор экан.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase