close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръон ва салафлар

 

 

 

Қуръон Ислом уммати тараққиётининг бош омили эканини салафлар чуқур англаб етишган. Шу сабаб ўзлари Қуръонни ўқиб-ўрганиб, амал қилиш билан бирга келгуси авлодни Қуръонга тарғиб этишган, Каломуллоҳ ҳақларини поймол этмасликка чақиришган.
Ривоят қилинишича, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳузурига Ямандан бир гуруҳ меҳмонлар келди. Улар Қуръон тиловатига соме бўлишди, қалблари мумдек эриб кўзларидан ёш оқди. Қуръондан қаттиқ таъсирланганларини кўрган Ҳазрат Абу Бакр: “Биз ҳам аввал шундай эдик. Кейин қалбларимиз қотиб қолди!..” деди .
* * * * *
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу жамоат билан бомдод намозини ўқиди, намозда Юсуф сурасини қироат қилди, тиловатдан таъсирланиб йиғлаб юборди. Унинг овозини охирги сафдагилар ҳам эшитишди .
* * * * *
Агар қалбимиз пок бўлганида, Парвардигоримиз Каломига тўймасдик. Мен бирон кунни Мусҳафга қарамай ўтказишни хушламайман (Усмон ибн Аффон ).
* * * * *
Усмон Мусҳафга кўп назар ташлайверганидан Китобнинг варақлари титилиб кетганди .
* * * * *
Учта нарса хотирани кучайтиради, балғамни кўчиради: мисвок ишлатиш, рўза тутиш ва Қуръон ўқиш (Али ибн Абу Толиб ).
* * * * *
Ким намозда тик туриб Қуръон ўқиса, ҳар бир ҳарф учун 100 та савоб олади. Ким намозда ўтириб Қуръон ўқиса, ҳар бир ҳарф учун 50 та савоб олади. Агар намоздан ташқарида таҳоратли ҳолда Қуръон ўқиса, ҳар бир ҳарфига 25 та ажр берилади. Кимда-ким Қуръонни намоздан ташқарида таҳоратсиз ҳолда ўқиса, 10 та савоб олади (Али ибн Абу Толиб ).
* * * * *
Битта сурани шошилмасдан қироат қилиш мен учун Қуръоннинг ҳаммасини пала-партиш ўқиб чиқишдан афзал (Абдуллоҳ ибн Аббос ).
* * * * *
Қуръон Аллоҳнинг дастурхонидир. Ким унга кирса, омон бўлади (Абдуллоҳ ибн Масъуд ).
* * * * *
Мусҳафга доим назар солиб туринглар! (Абдуллоҳ ибн Масъуд )
* * * * *
Қуръон ўқинглар! У билан қалбларингизни ҳаракатлантиринг. Аммо ниятингиз сурани тезроқ тамомлаб олиш бўлмасин! (Абдуллоҳ ибн Масъуд ).
* * * * *
Қуръонда иккита шифо бор: Қуръон ва асал. Қуръон қалб касалликларига шифо. Асал эса ҳар қандай дарднинг давосидир (Абдуллоҳ ибн Масъуд ).
* * * * *
Аллоҳга қасамки, Қуръоннинг ҳар бир сураси қаерда нозил қилинганини биламан. Аллоҳнинг Китобидаги ҳар бир оят ким ҳақида тушганини ҳам биламан. Агар Қуръонни мендан яхшироқ биладиган киши борлигини эшитсам, унинг олдига – туяга миниб бўлса ҳам – бораман (Абдуллоҳ ибн Масъуд ).
* * * * *
Абдуллоҳ ибн Масъуд кам рўза тутарди. Бунинг боиси сўралганида, “Мен рўза тутсам, Қуръон ўқиёлмайман. Мен учун нафл рўзадан кўра Қуръон ўқиш афзалроқ”, деб жавоб берган .
* * * * *
Қуръоннинг ҳар бир ояти жаннатда мартаба келтиради, уйларингизни мунаввар қилади (Амр ибн Ос ).
* * * * *
Қуръон ўқинглар. Илиб қўйилган мана бу мусҳафлар сизларни чалғитиб қўймасин! Зеро, Аллоҳ Қуръонни ўзига сингдирган қалбни зинҳор азобламайди (Абу Умома ).
* * * * *
Истаган амалинг билан Аллоҳга яқинлаш. Шуни билиб қўй: сен У Зотга Каломидан севимлироқ бирон нарса билан яқинлашолмайсан (Хаббоб ибн Арот ).
* * * * *
Гарчи Қуръон ўқимаса (ёки тўлиқ ёдламаган бўлса) ҳам, унга амал қиладиган инсон одамлар ичида Қуръонга энг ҳақлидир (Ҳасан Басрий ).
* * * * *
Икрима ибн Абу Жаҳл Мусҳафни юзига суртиб: “Парвардигорим Китоби, Парвардигорим Китоби!” деб айтарди .
* * * * *
Абдураҳмон Суламий катта масжидда қирқ йил одамларга Қуръони каримни ўргатган .
* * * * *
Фузайл ибн Иёз Қуръонни маҳзун овозда, зўр иштиёқ билан, шошилмасдан, худди бир кишига мурожаат қилаётгандек ўқирди. Агар жаннат васф этилган оятдан ўтса, қайта-қайта такрорларди .
* * * * *
Эй, Қуръон аҳллари! Аллоҳнинг Каломи қалбларингизга нима экди? Зеро, ёмғир суви заминни кўм-кўк майсаларга буркаганидек Қуръон тиловати билан қалблар яшнайди (Молик ибн Динор ).
* * * * *
Қуръон бандани икки дунё саодатига элтувчи ҳидоят машъали эканини яхши англаган саҳобалар, улардан кейин яшаб ўтган солиҳлар Қуръонни ўқиб-ўрганишга, ёд олишга катта эътибор беришган, ораларидаги афзалликни Қуръонга муносабатлари билан белгилашган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу борада етказган хушхабарларига дохил бўлиш учун мусобақа қилишган, энг хайрли инсонлар даражасига етиш мақсадида умрларини Қуръонга бағишлашган. Аллоҳ таоло улардан рози бўлсин!

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase