close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръоннинг аҳли китоб уламоларига таъсири

 

 

 

Яҳудий ва насронийлар аҳли китоб саналади. Улар самовий китоб эгаларидир. Яҳудийларга Таврот, насронийларга Инжил нозил этилган.
Қуръони каримда ҳақни қабул қиладиган аҳли китоб уламолари ҳақида шундай дейилган: “Улар Пайғамбарга нозил этилган нарсани (Қуръонни) эшитган пайтларида унинг ҳақ эканини билганлари сабаб кўзларидан ёш қуйилаётганини кўрасиз. Улар: “Парвардигоро, имон келтирдик. Бизни гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин”, дейдилар” (Моида сураси, 83-оят).
Бу оят Ҳабашистон ҳукмдори Нажоший ҳамда аъёнлари ҳақида нозил бўлган .
Исломнинг илк даврларида Макка мушриклари мўминларга турли тазйиқлар ўтказишди. Мусулмонлар учун Маккада яшаш жуда қийин бўлиб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зуғум остида қолган саҳобаларга:
– Ҳабашистонга борсангиз яхши бўларди. У ерда бир подшоҳ бор. Унинг олдида бировга зулм қилинмайди. У садоқат еридир. Аллоҳ ҳозирги ҳолатни енгиллаштириб қолса ажаб эмас! – дедилар.
Шунда бир гуруҳ мусулмонлар Ҳабашистон сари йўлга тушишди. Муҳожирларга Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу бошчилик қилди. Кейинчалик Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу раҳбарлигидаги яна бир гуруҳ муҳожирлар Ҳабашистонга сафар қилишди.
Ҳабашистонда насронийлар яшарди. Мусулмонлар у ерга боришганида мамлакат подшоҳи Нажоший улардан ким эканлари, қайси динга эътиқод қилишларини сўраб-суриштирди. Мусулмонлар бошлиғи Жаъфар ибн Абу Толиб Нажойишнинг саволига қуйидагича жавоб берди:
– Эй подшоҳ! Биз жаҳолатга ботган қавм эдик: бутларга сиғинардик, ўлимтикларни ейишдан тап тортмасдик, фаҳш ишларни қилардик, қариндошлик алоқаларини узардик, кучлилар заифларни эзғиларди. Ана шундай ҳолатда Аллоҳ бизга бир пайғамбар юборди. Биз унинг насабини, ростгўйлигини, омонатли эканини беш қўлдай билардик...
Эй подшоҳ! Биз бошқаларни қўйиб, сизни ихтиёр этдик, сизга қўшни бўлишни хоҳладик, зулмга учрамасак керак, деган умидда ҳузурингизга келдик!
Нажойиш Жаъфар ибн Абу Толибнинг таъсирчан сўзларини диққат билан тинглади. Кейин сўради:
– Пайғамбарингиз Аллоҳдан келтирган нарсадан бирон намуна борми?
Жаъфар ибн Абу Толиб Марям сурасининг аввалидан тиловат қилиб берди. Тиловатни эшитган Нажошийнинг кўзларидан дув-дув ёш тўкилди, соқолини ҳўл қилди. Унинг диний олимлари ҳам роса йиғлашди. Жаъфар ибн Абу Толиб тиловат  қилган оятлар уларга қаттиқ таъсир қилганди.
Орага чўмган оғир сукунатни биринчи бўлиб Нажошийнинг ўзи бузди:
– Албатта бу билан Исо келтирган нарса бир чироқдан чиққандир, – деди-да, муҳожирларни ортларига қайтариш илинжида келган Қурайш элчиларига юзланиб қатъий оҳангда:
– Сизлар бораверинглар! Аллоҳга қасамки, буларни сизларга топширмайман! – деди .
Аллоҳ таоло айтади: “Биз (Қуръондан) илгари Китоб (яъни, Таврот ва Инжил) ато этган зотлар (Қуръонга) имон келтирадилар. Қачон уларга (Қуръон) тиловат қилинса: “Биз унга имон келтирдик. Албатта у Парвардигоримиз томонидан бўлган ҳақиқатдир. Шубҳасиз, биз (Қуръон нозил бўлишидан) илгари ҳам мусулмон эдик”, деб айтадилар. Ана ўша зотларга сабр-тоқат қилганлари сабабли ажр-мукофотлари қайта-қайта ато этилади. Улар яхшилик билан ёмонликни даф этадилар, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладилар. Қачон беҳуда (сўз ёки ишни) эшитсалар, ундан юз ўгирадилар, “Бизнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ўзингиз учун. Омон бўлинглар. Биз нодон кимсалар (билан ҳамсуҳбат бўлиш)ни истамаймиз”, деб айтадилар” (Қасас сураси, 52-55-оятлар).
Саид ибн Жубайрдан ривоят қилинишича, бу оятлар етмиш нафар насроний уламо ҳақида нозил бўлган. Ҳабашистон подшоҳи Нажоший уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига юборган. Улар Қуръон эшитишган, оятлардан таъсирланиб мусулмон бўлишган .
Пайғамбаримиз алайҳиссалом Маккадаликларида ҳузурларига бир гуруҳ насронийлар келди. Улар Расулуллоҳ алайҳиссалом хабарларини Ҳабашистондан эшитишганди.
Ҳабашистонлик меҳмонлар Пайғамбаримизни масжидда топишди. У киши билан ўтириб суҳбатлашишди, ўзларини қизиқтирган саволларни беришди.
Насронийлар хоҳлаган нарсаларини сўраб бўлганларидан кейин, Расулуллоҳ уларни Аллоҳга даъват қилдилар, Қуръон ўқиб бердилар. Насронийлар Қуръон тиловатини эшитиб, кўзларидан дув-дув ёш тўкилди. Шундан сўнг Аллоҳнинг даъватига ижобат этиб мусулмон бўлишди.
Ҳабашистонлик меҳмонлар ортларига қайтиб кетаётганларида Абу Жаҳл ибн Ҳишом билан бир тўда қурайшликлар уларнинг йўлини тўсиб:
– Аллоҳ додингизни берсин! Диндошларингиз сизни бу ерга юборса, энди уларга бу одамнинг хабарини олиб борасизларми?! Унинг олдида озгина ўтириб, динингизни ўзгартирдингизми? Сизлардан кўра аҳмоқроқ одамларни кўрмагандик! – деб маломат қилишди.
Шунда имонга мушарраф бўлган зотлар хотиржамлик билан:
– Саломат бўлинглар! Биз сизларга ўхшаб жоҳиллик қилмаймиз. Бизга ўзимиз, сизга ўзингиз танлаган нарса бўлсин, – дедилар.
Расули акрам ҳузурларига келган насронийларнинг бу тарзда мусулмон бўлиши Қуръоннинг ҳақ Калом эканига яна бир далилдир.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase