close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръондан таъсирланган мушриклар

 

 

 

Қурайш қавми Қуръонга қандай муносабатда бўлгани ҳақида Каломи мажидда шундай дейилган: “Кофирлар (бир-бирларига “Муҳаммад тиловат қилаётганда) сизлар бу Қуръонга қулоқ солманглар, (уни ўзгаларга ҳам эшиттирмаслик учун оғизларингизга келган гапни) жаврайверинглар. (Шунда) шояд ғолиб бўлсангизлар”, дедилар” (Фуссилат сураси, 26-оят).
Мушриклар, “Одамлар эшитиб қолмасинлар” деб Қуръон ўқилишига тиш-тирноғи билан қаршилик қилишарди. Ҳатто қироат қилинганда овозлари борича қичқиришар, шеър ўқишар, ҳуштак чалишарди, “Шояд мусулмонлар устидан ғолиб келсак”, деб умид қилишарди.
Қурайш мушриклари бу билан Қуръон қалбларга қаттиқ таъсир қилишини тан олгандилар. Лекин ҳақиқатга бўйин эгишни исташмасди.
Ривоят қилинишича, энг ашаддий мушрик Абу Жаҳл: “Агар Муҳаммад Қуръон ўқийдиган бўлса, овозингиз борича қичқиринглар! Шунда унинг қироати тушунарсиз бўлиб қолади”, деган .
Бут-санамларга топинувчи кимсалар Исломга қаршилик қилган бўлсалар ҳам, ўзлари Қуръон тиловатидан қаттиқ таъсирланганлар. Бироқ манманлик, мол-дунёга, мансаб-мартабага кучли иштиёқ уларни имон келтиришдан тўсиб турарди.
Учига чиққан мушриклардан бири ҳақида Қуръони каримда шундай дейилган: “(Эй Муҳаммад,) Мен сўққабош ҳолида яратган кимсани Ўзимга қўйиб беринг! (Сўнг) Мен унга кўп мол-давлат, (доим ёнида) ҳозиру нозир ўғилларни (ато) этдим. Яна унга (ҳаётнинг барча неъматларини) қулай-осон қилиб қўйдим. Сўнг у яна зиёда қилишимни тама қилади. Йўқ, (унинг тамаси беҳуда)! Чунки у Бизнинг оятларимизга қаршилик қилувчидир. Яқинда Мен уни бир ҳарсанг тошга (яъни, ўтиб бўлмас тўсиққа) дучор қиламан! Чунки у (Қуръон эшитгач, бу илоҳий Китобга қандай туҳмат қилиш ҳақида) ўйлади, режа тузди. Ҳалок қилингур, қандай режа тузди-я?! Яна ҳалок қилингур, қандай режа тузди-я?! Сўнг у (ўйлаган режаларига) қаради. Кейин (Қуръондан бирон айб тополмагач, пешонасини) тириштирди, (афтини) буриштирди. Сўнг (ҳақдан) юз ўгирди, кибру ҳаво қилди. Шунда у: “Бу (Қуръон Аллоҳнинг сўзи эмас,) фақат (аввалгилардан) нақл қилинган бир сеҳрдир. Бу фақат инсоннинг сўзидир”, деди” (Муддассир сураси, 11-25-оятлар).
Бу оятлар Валид ибн Муғийра исмли кимса ҳақида нозил бўлган .
Валид ибн Муғийра Қурайш саййидларидан эди. Унинг Макка билан Тоиф орасида мол-мулки бисёр, қўша-қўша туялари, отлари, қўйлари, боғу роғлари бор эди. Ўғиллари атрофида гирди капалак бўлиб, хизматида ҳозиру нозир эдилар.
Шунча неъматга эришган банда Аллоҳга шукр қилиши керак эди. Аммо Валид нонкўрлик қилди, янаям кўпроқ давлат орттириш пайида бўлди. Ваҳоланки, ношукр кимсаларга неъматлар зиёда қилинмайди. Валид мана шу ҳақиқатни тушуниб етмади.
Айтилишича, мазкур оятлар нозил бўлганидан кейин Валид ибн Муғийранинг ҳолати кундан кунга ёмон тарафга ўзгарган .
Бир куни у Масжидул ҳаромда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Қуръон эшитиб қаттиқ таъсирланди, қалби сал юмшагандек бўлди. Кейин қавми олдига борди.
– Аллоҳга қасамки, мен ҳозир Муҳаммаддан ажойиб каломни эшитдим. У инсоннинг ҳам, жиннинг ҳам гапи эмас. Бу каломнинг ўзига хос ҳаловати, гўзаллиги бор. Унинг юқориси самарали, пасти файзли-баракалидир. У устун келади. Ундан ғолиб келиб бўлмайди! – деб Қуръоннинг таъсирчанлигини тан олди. Бироқ мол-дунёга ўчлик, Қурайш олдида обрўйидан ажраб қолиш хавфи Валидни ҳақиқатга бўйин эгишдан тўсди. Ҳеч қанча вақт ўтмай Валид фикридан қайтди, Қуръонга қандай қилиб тош отиш ҳақида ўйлай бошлади. Узоқ ўйлади, ўзича режа тузди. Охири ҳийла ишлатишнинг ҳеч қанақа йўлини тополмай юзини буриштирди, ҳақиқатдан бош тортиб:
– Албатта бу Қуръон ўтган қавмлардан нақл қилинган сеҳрдир. Қуръон инсон боласининг сўзидир. Муҳаммад уни бошқалардан ўрганиб олган. Қуръон оламлар Парвардигорининг каломи эмас! – деди .
Яна бир мушрик Утба ибн Рабийъа Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига борганида, у зот Утбага Фуссилат сурасининг аввалги оятларини тиловат қилиб бердилар. Утба Қурайш ашрофлари олдига қайтиб бориб:
– Аллоҳга қасамки, мен бир сўз эшитдим. Аввал бунақасини эшитмагандим. Аллоҳга қасамки, у шер ҳам, сеҳр ҳам, коҳинлик ҳам эмас. Эй, Қурайш жамоаси! Менга итоат этинглар! Муҳаммадни тасдиқланглар! Уни ўз ҳолига қўйинглар! Аллоҳга қасамки, ҳали кўрасизлар, мен эшитган гап улуғ хабар бўлажак! – деб ҳайратини яширолмади.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase