close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръоннинг жинларга таъсири

 

 

 

Аллоҳ таоло жинларни оловдан яратган. Улар инсон кўзига кўринмайди. Шунинг учун ҳам “жин” (“тўсилган”, “кўринмайдиган”) дейилади. Баъзи жинлар одамлардан узоқроқ жойларда яшаса, айрим жинлар инсонлар билан бирга яшайди. Жинлар ҳам инсонлар каби еб-ичади, оила қуради, фарзанд кўради. Шунингдек, жинлар ҳам биз каби шаръий вазифаларни бажаришга буюрилган . Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларга ҳам, жинларга ҳам элчи қилиб юборилганлар.
Бир куни жинлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Қуръон эшитиб қаттиқ таъсирланишган. Бу воқеа тафсилоти Қуръонда шундай келтирилган: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) эсланг, Биз Сизнинг олдингизга бир гуруҳ жинларни Қуръон тингласинлар, деб юборган эдик. Улар (Қуръон тиловатига) ҳозир бўлишгач, (бир-бирларига): “Жим туринглар”, дедилар. (Тиловат) тугатилгач, ўз қавмларига огоҳлантирувчи бўлиб қайтиб кетдилар. Улар: “Эй қавмимиз, ҳақиқатан, бизлар Мусодан кейин нозил қилинган, ўзидан олдинги (Илоҳий Китоб)ларни тасдиқловчи, Ҳақ (Дин)га, тўғри йўлга ҳидоят қиладиган бир Китоб – Қуръонни тингладик. Эй қавмимиз, Аллоҳга чақирувчи (Муҳаммад даъвати)ни қабул қилинглар, унга имон келтиринглар. (Шунда Аллоҳ) гуноҳларингизни мағфират қилади, сизларга аламли азобдан паноҳ беради. Ким Аллоҳга даъват этувчини қабул қилмаса, у ер юзида (бирон жойга) қочиб қутулувчи эмас. Унинг учун (Аллоҳдан) ўзга дўстлар ҳам йўқдир. Ана ўшалар очиқ залолатдадирлар”, дедилар” (Аҳқоф сураси, 29-32-оятлар).
Аллоҳ таоло бир гуруҳ жинларни Қуръон ўқиётган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига юборган. Жинлар Қуръон эшитганидан сўнг ўз қавмини огоҳлантириш учун жўнаб кетишган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга кўра, улар насийбинлик ўн тўққиз нафар жин эди. Расулуллоҳ алайҳиссалом уларни ўз қавмига элчи қилганлар .
Ривоят қилинишича, жинлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига икки марта жўнатилган. Уларнинг энг шарафлиси Насийбинда яшарди .
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Ҳориса билан Тоифдан Макка томон келаётганларида кечаси намоз ўқиганлар. У зот қироатларини эшитган насийбинлик жинлар Расули акрамга имон келтириб, қавмини Исломга даъват қилиш учун жўнаб кетишган.
Бу ҳодисанинг қийин пайтда юз бериши алоҳида ҳикматга эга. Одамлар Пайғамбар алайҳиссаломни инкор этиб, имондан юз ўгириб турган оғир бир паллада жинлар – ҳеч ким даъват қилмасаям – ўз-ўзидан мусулмон бўлишлари катта гап эди .
Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад,) айтинг: “Менга ваҳий қилиндики, жинлардан бир гуруҳи (Қуръон тиловат қилганимни) эшитиб, (қавмларига қайтиб боришгач,) “Албатта биз ҳақ йўлга ҳидоят қиладиган бир ажиб Қуръонни эшитдик ва дарҳол унга имон келтирдик. Биз (энди) Парвардигоримизга бирон нарсани ҳаргиз шерик қилмаймиз!” дедилар” (Жин сураси, 1-2-оятлар).
Айрим жинлар Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Қуръон эшитиб, иккиланмасдан имон келтиришган. Кейин қавмлари олдида бориб: “Биз ажойиб Қуръонни эшитдик”, деб айтишган.
Жумҳур муфассирлар таъкидлашича, ўшанда Пайғамбар алайҳиссалом жинларни кўрмаганлар, олдиларига яқинлашиб келганини ҳам сезмаганлар. Буни фақат ваҳий орқали билганлар .
Жинлар Расулуллоҳдан бир неча марта Қуръон эшитишган. Баъзида Пайғамбаримиз алайҳиссалом қироат қилаётганларида жинлар эшитиб турганини сезмаганлар. Баъзан уларнинг элчиси таклифи билан бориб , жинларга Қуръон ўқиб берганлар .
Мана бу ривоят жинлар Қуръондан қанчалик таъсирланганларини кўрсатади. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалалар олдига чиқиб, Ар-Раҳмон сурасини бошидан охиригача ўқиб бердилар. (Саҳобалар қироатни эшитиб) жим тураверишди. Шунда Расулуллоҳ дедилар: “Мен жинлар (билан учрашилган) тунда мана шу сурани ўқиб бергандим. Улар сизлардан кўра чиройлироқ жавоб қайтаришди. Ҳар сафар “Парвардигорингизнинг қайси бир неъматини ёлғонга чиқарасизлар?!” деган оятига келганимда, улар: “Парвардигоро, неъматларингдан биронтасини ёлғонга чиқармаймиз. Ҳамду сано Сенгагина хосдир!” деб айтишди”.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase