close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръоннинг саҳобаи киромларга таъсири

 

 

 

Содиқ саҳобалар Қуръон орқали имон ҳаловатидан баҳраманд бўлдилар. Улар Қуръоннинг қадр-қийматини чуқур англаб етдилар, инсон қалбини поклашига қаттиқ ишондилар. Шунинг учун кўп вақтларини Қуръон ўқишга, ҳукмларини ўрганишга сарфладилар. Каломуллоҳ ила саҳобалар қалблари ҳам, уйлари ҳам нурга тўлди, диллари имон чашмасидан сув ичди, хонадонларига файз-барака кирди. Саҳобалар бахт-саодати сири Қуръонга ҳассос муносабатларида эди.
Саҳобалар Қуръон ўқиганда бутун вужудлари билан оятларни фаҳмлардилар. Шунинг учун тиловат чоғида кўз ёшларини тутиб туролмасдилар.
Абдуллоҳ ибн Урва ибн Зубайр ривоят қилади: “Мен бувим – Асмо бинти Абу Бакрдан: “Саҳобалар Қуръон эшитганда қандай аҳволга тушишарди?” деб сўрадим. Шунда бувим: “Уларнинг кўзидан шашқатор ёш ёқар, Аллоҳ Қуръонда айтганидек, этлари (қўрқувдан) жимирлаб кетарди”, дедилар ”.
Абу Мусодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам касал бўлиб қолдилар. Дардлари анча оғир эди. Шунда у зот: “Абу Бакрга айтинглар, чиқиб одамларга имомлик қилсин!” деб буюрдилар. Оиша: “(Отамнинг) кўнгли нозик. Агар ўрнингизга ўтса, одамларга имомлик қилолмайди”, деди. Расулуллоҳ: “Абу Бакрга айтинглар, чиқиб одамларга имомликка ўтсин!” деб таъкидладилар. Оиша яна ўша гапни қайтарди. Шунда у зот: “(Эй Оиша,) Абу Бакрга айт, чиқиб одамлар билан намоз ўқисин! Албатта сизлар Юсуфнинг соҳибаларисиз ”, дедилар. Шунда Абу Бакрга хабар келди, у Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тириклик вақтларида имомликка ўтди ”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бетоб бўлиб қолганларида Оиша онамиз уйларида турганлар. У зот Оиша розияллоҳу анҳога: “Абу Бакр имомликка ўтсин!” деб айтдилар. Аммо Оиша онамиз: “Отам кўнгли нозик киши. Сизнинг ўрнингизда намоз ўқиса, йиғидан ўзини тутолмайди. У кишидан бошқасини тайинласангиз!..” деган маънода мурожат қилдилар . Бироқ Расул акрам қайта-қайта Абу Бакр имомликка ўтишини таъкидладилар. Шундай қилиб, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссалом ҳаётлик чоғларида одамларга намоз ўқиб берди.
Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Убайга: “Аллоҳ сенга Қуръон ўқиб беришимни буюрди”, дедилар. Убай: “Аллоҳ Сизга менинг исмимни айтдими?!” деб (ҳайратланиб) сўради. У зот: “(Ҳа.) Аллоҳ менга исмингни айтди”, дедилар. Шунда Убай йиғлаб юборди”. Қатода айтади: “Менга хабар қилинишича, у зот Убайга Баййина сурасини ўқиб берганлар ”.
Мазкур ривоятдан қуйидаги хулосалар чиқади:
1. Аҳли илм, фазилатли кишиларга Қуръон ўқиб бериш яхши экани;
2. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг мартабаси баландлиги;
3. Хурсанд бўлганда йиғлаш инсон табиатига хос экани.
Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шом намозида Тур сурасини ўқиётганларини эшитдим. У зот “Балки улар ҳеч нарсадан яралиб қолгандирлар ёки улар ўзлари яратувчимиканлар-а?! Балки осмонлар ва ерни ҳам улар яратгандирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар ” оятига етиб келганларида, қалбим учиб кетишига оз қолди ”.
Жубайр розияллоҳу анҳу Қуръон маъноларини чуқур англаб етганидан ўзини осмонга учиб кетаётган қушдек енгил ҳис қилган. Кишининг имони кучайса, қалби зикруллоҳ билан ёришса, шундай бўлади. Имон ҳаловатини бир марта тотиб кўрган инсон ҳеч қандай моддий лаззат унинг олдига туша олмаслигига амин бўлади.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase