close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръон – ғафлатнинг давоси

Дунёга муккадан кетиш, охиратни унутиш ғафлат дейилади. Ғофил одам ўткинчи дунёни обод қилишга бор кучини сарфлайди, нима қилиб бўлса ҳам нафсини қондириш ҳақида ўйлайди, топган мол-дунёсини фақат шаҳвати йўлида сарфлайди. Ғафлатга ботган кимса, “Мана шу дунёда мазза қилишим керак. Умр ғизиллаб ўтади-кетади, вақт борида еб-ичиб қолай”, деб калта ўйлайди.
Ғафлат ҳозирги кунда бутун дунёда авж олган касаллик, десак муболаға бўлмайди. Ҳатто аҳолисининг кўп қисмини мусулмонлар ташкил этадиган юртларда ҳам бор бу иллат. Афсуски, уни шифокор тавсия этган дорини ичиш билан тузатиб бўлмайди, фақат Қуръон билан даволаш мумкин.
Аллоҳ таоло айтади: “Ким бу дунёда кўр-гумроҳ экан, охиратда ҳам кўр ва бутунлай йўлдан озувчидир” (Исро сураси, 72-оят).
Бу дунёда кимнинг қалби кўр бўлса, ҳидоят йўлини кўрмаса, Аллоҳнинг мўъжизалари ҳақида фикр юритмаса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган нарсаларга ишонмаса, ундай кимса охиратда ҳам сўқир бўлади: яхшилик ва нажот йўлини, жаннат йўлини кўролмайди. У нариги дунёда қаттиқроқ адашади, залолатга кетади.
Дунё ташвишларига ўралашиб қолиб, охиратни унутган одамлар ҳақида шундай дейилган: “Албатта Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган, дунё ҳаётининг ўзигагина рози бўлиб, ўша билан хотиржам бўлган, Бизнинг оятларимиздан ғофил қолган кимсалар, ана ўшаларнинг жойлари – касб қилган гуноҳлари сабабли – дўзахдир!” (Юнус сураси, 7-8-оятлар).
Қиёмат куни Аллоҳга ҳисоб беришга ишонмайдиган, мана шу ўткинчи ҳаёт билан овуниб, моддий ютуқлардан маст бўлган кимсалар жаҳаннам азобига дучор бўладилар. Чунки улар гуноҳ-маъсият ботқоғига ботиб, фақат дунё ташвишида яшадилар, Аллоҳга ибодат қилмадилар.
Бундай кимсалар фақат дунё учун борларини берадилар, ҳаётда маза қилиб қолиш пайида бўладилар, ҳалол нима, ҳаром нима, дин-диёнат нима, парво қилмайдилар. Улар ҳаёт қувончларига ошуфта бўлиб, охиратни ўйламайдилар, ўлимни эсламайдилар. Мўминлар Аллоҳни ёд этиб маза қилсалар, улар моддият оламидан ҳузурланадилар, фикру хаёллари фақат мана шу беш кунлик ҳаёт. Бошқа ташвишлари йўқ уларнинг.
Қуръон мана шундай манқурт одамларга ўхшаб қолмасликка чақиради. Уларда на инсоф, на одамгарчилик, на меҳр-мурувват бор. Бундай шахслар жамиятни инқирозга бошлайди. Қалби уйғоқ, имони бут, эътиқоди мустаҳкам инсонлар яшайдиган жамият гуллаб-яшнайди.
Ғофил кимсалар хусусида Каломи мажидда яна шундай дейилган: “Улар охиратдан ғофил-бехабар бўлган ҳолларида фақат дунё ҳаётининг зоҳиринигина биладилар” (Рум сураси, 7-оят).
Улар дунё ишларида устаси фаранглар, моддият оламининг моҳир кишиларидир. Ҳар бир ишни қойиллатиб бажарадилар, саноат, деҳқончилик, ҳунармандчилик дейсизми, ҳаммасини дўндириб ташлайдилар. Пулни пулга уриб бой бўлишни, экинни қачон экиб, қачон ишлов бериш-у, қайси пайтда йиғиб-териб олишни сув қилиб ичиб юборишган. Аммо, охират ободлиги йўлида ҳеч вақога уқувлари йўқ. Ўйлаганлари фақат мана шу дунё.
Дунё ишлари қолиб кетмайди, ўз ўрнида бўлади. Биз асосан охиратимиз обод бўлиши учун ҳаракат қилайлик: Қуръон ўқийлик, зикр-тасбеҳ айтайлик, билмаганларимизни сўраб ўрганайлик, билганларимизга амал қилайлик, тилимизни ғийбатдан тияйлик. “Дунё, дунё!” деб эртаю кеч тиним билмай фақат қорин ғамида у ёқдан-бу ёққа ҳаллослаб югурганимиз билан дунё бизга вафодор бўлиб қолмайди. Биз охират диёрига харидор бўлсак, ана шунда ҳаммаси яхши бўлади, иншааллоҳ!
Мана бу оятда кўпчилик одамлар ҳолати баён этилган: “Одамларга ҳисоб-китоблари (яъни, қиёмат соати) яқинлашиб қолди. Улар эса ғафлатда, юз ўгирувчидирлар. Уларга Парвардигорлари томонидан бирон янги эслатма – оят келар экан, албатта уни масхара қилиб, диллари ғофил бўлган ҳолларида тингладилар...” (Анбиё сураси, 1-3-оятлар).
Вақти-соати етиб қиёмат қоим бўлганида Аллоҳ таоло халойиқни қайта тирилтиради. Амаллар ҳисоб-китоб қилингач, яхшига мукофот, ёмонга жазо берилади. Афсуски, одамларнинг кўпи мана шу ҳақиқатни англаб етмайди, юраги уришдан тўхтагунча дунё ишлари билан алаҳсиб-куймаланиб юраверади. Ваҳоланки, қиёмат қоим вақти жуда яқин. Огоҳ бўлайлик, кўзимизни очайлик, охират тадоригини кўрайлик. Инсон дунёга бир марта келади, фақат бир марта. Ўлимдан сўнг хатони тўғрилаш учун ортга қайтиш имкони йўқ.
Аллоҳ таоло бандалар диққатини ғафлатда ҳаёт кечирган шахсларнинг охиратдаги афсус-надоматига қаратган: “Улар яна: “Агар биз (огоҳлантирувчи пайғамбар сўзларини) тинглаб, ақл юргизганимизда, дўзах эгалари қаторида бўлмасдик”, дейдилар. Мана улар ўз гуноҳларини эътироф этдилар. Энди у дўзах эгаларига ҳалокат бўлгай!” (Мулк сураси, 10-11-оятлар).
Ўйламай-нетмай қадам босган одам куни келиб аттанг, деб қолади. Нафақат бу дунёда, охиратда ҳам афсус чекади. Дўзахга маҳкум этилган кимсалар:
– Э воҳ! Дунёда ақлимизни ишлатганимизда, тўғри йўлда юрганимизда, дунёга берилмасдик, яхши ишларни қилардик, бундай аҳволга тушмасдик! – деб афсусланадилар.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase