close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Вақтни ғанимат билайлик!

Парвардигоримиз бизларга шундай хитоб қилган: “Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқинглар, (ҳар бир) жон эрта учун нима тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан Хабардордир. Сизлар Аллоҳни унутиб қўйган, (шундан кейин Аллоҳ) уларга ўзларини ҳам унуттириб қўйган кимсаларга ўхшаб қолманглар! Ана ўшалар фосиқ-итоатсиз кимсалардир!” (Ҳашр сураси, 18-19-оятлар).
Оятда айтилишича, банда Аллоҳнинг айтганини қилмаса, Парвардигор уни ўз ҳолига ташлаб қўяди. Биз Аллоҳнинг раҳматига муҳтожмиз. Демак, шунга яраша шариат буйруқларини бажаришимиз керак.
Ўзимизни бир сарҳисоб қилайлик: амалларимиз юзасидан ҳисоб-китобга тайёрмизми? Ибодатларимиз ўрнида бажариляптими? Нуқсон-камчиликлар вақтида тўғриланяптими? Охиратда фойда берадиган қандай эзгу ишларимиз бор? Аллоҳга ҳақиқий тақво қила оляпмизми? Охиратда нажот топиш учун сармоямиз етарлими?..
Аллоҳ бизни ҳисоб қилишидан олдин ўзимизни сарҳисоб қилиб, имтиҳон олдидан хато-камчиликларимизни тузатиб олайлик. Хатони тўғрилаш имкони бугун бор. Эртага бўлмай қолади. “Вақт ғанимат, ўтса надомат” деб бекорга айтишмаган.
Энди мана бу хитобга эътибор қаратайлик: “Эй мўминлар, на мол-дунёларингиз, на бола-чақаларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан тўсиб қўймасин! Ким шундай қилса, ана ўшалар зиён кўрувчилардир! Сизларнинг (ҳар) бирингизга ўлим келиб, у: “Парвардигорим, мени озгина муддатга (ҳаётда) қолдирсанг, хайр-садақа қилиб, солиҳлардан бўлсам”, деб қолишидан илгари – Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилинглар! (Чунки) Аллоҳ бирон жонни ажали келган вақтида (вафот эттирмасдан) қолдирмайди. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан Хабардордир” (Мунофиқун сураси, 9-11-оятлар).
Кимда-ким мол-дунё йиғиш, бола-чақа ташвишида Аллоҳга ибодат қилишдан чалғиса, ўлимидан олдин яна озгина фурсат берилишини ўтиниб сўрайди.
Ҳаётда бундай одамлар кўп учрайди. Кимнингдир мол-давлати бисёр, қўша-қўша ўғил-қизлари бор. Аммо ибодатдан йироқ, пешонаси саждага тегмайди. Шундай бўлса-да, ўзини комил мусулмон санайди. Ҳатто “жаннат тўри меники бўлади” деб даъво ҳам қилади. Яна кимдир ўзига тўқ, ибодатли, аммо зиқнароқ. Бойлик тўплайди, “Бир кун ишлатарман”, деб юраверади. Вафоти яқинлашганда не қиларини билмай қолади. Чунки минг машаққат билан йиққан бойлиги бошқаларга қоляпти. Ўлимдан кейин молидан, уй-жойидан айрилади. Аммо давлатининг ҳисобини ўзи беради. Мана шунинг учун ажали етган хасис бой озроқ ҳаёт берилишини ўтиниб сўрайди. “Яна бироз яшасам, садақа қилардим, муҳтожларга ёрдам берардим!” деб ялиниб-ёлворади. Лекин энди кеч. Фурсат ўтди. Унга ортиғи билан вақт берилганди. Ўша дамларни ғанимат билмади. Аллоҳ – умри поёнига етган – бандага бошқа имкон бермайди. Нима қилса, вақт борида тез-тез қилиб қолиш керак эди...
Ривоят қилинишича, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бир куни: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бой одамга ҳаж ёки закот фарз бўлса-ю, аммо иккисини бажармаса, ўлими олдидан (ҳаётга) қайтишни ўтиниб сўрайди”, деганлар”, деб айтганида, бир киши: “Эй, Ибн Аббос! Аллоҳдан қўрқ! Буни фақат кофирлар сўрайди!” дея хитоб қилди. Шунда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Мен сизларга Қуръондан далил келтираман”, деб юқоридаги оятларни ўқиб берган экан.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase