close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръон – нифоқ иллатига шифо

Қуръонда айтилишича, нифоқ бор қалб касал қалбдир. Нифоқ иллатини қандай даволаш ҳақида Каломуллоҳда зарур кўрсатмалар берилган. Аллоҳ таоло айтади: “Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам бор, ўзлари мўмин бўлмаганлари ҳолда “Аллоҳга, охират кунига имон келтирдик”, дейдилар. Улар Аллоҳни, имонли кишиларни алдамоқчи бўладилар. Ўзлари сезмаган ҳолда фақат ўзларини алдайдилар. Уларнинг қалбларида мараз – касаллик бор. Аллоҳ маразларини янада зиёда қилди. Улар учун қилган ёлғонлари сабаб аламли азоб бор” (Бақара сураси, 8-10-оятлар).
Одамлар орасида тили бошқа, дили бошқа, унга у юз билан, бунга бошқа юз билан қарайдиган, шамол қайси тарафга эсса, ўша томонга оғиб кетадиган кимсалар ҳам бор. Улар мунофиқлар дейилади. Аллоҳ таоло бу оятда мунофиқларни “мўминлар эмас”, демоқда. Нега? Чунки уларнинг қалбида куфр бор, “мусулмонман”, деган даъволари ёлғон. Фақат тилда мусулмон бўлганлар.
Мунофиқлар сифатлари Мадинада нозил бўлган сураларда келади. Чунки Макка даврида мусулмонлар орасида мунофиқлар бўлмаган. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилиб борганларида ҳам мунофиқлар йўқ эди. Мўминлар яҳудийлар билан, Мадина атрофидаги араб қабилалари билан муросада ҳаёт кечирардилар. Бадр жангида мусулмонлар ғалаба қозонгач, Мадинада мунофиқлар тоифаси пайдо бўлди. Уларнинг бошида Абдуллоҳ ибн Салул турарди. У Хазраж қабиласидан бўлиб, отаси жоҳилият даврида Авс ва Хазраж қабиласи бошлиғи эди. Мадиналиклар Ибн Салулни ўзларига подшоҳ қилиб сайламоқчи бўлиб турган бир пайтда Ислом хабари келиб, мадиналиклар мусулмон бўлиб, унга эътибор бермай қўйганларидан кейин Ибн Салулнинг қалбида Ислом динига, мусулмонларга нисбатан кек-адоват уйғонди. Бадрда мусулмонлар ғалаба қозонишгач, хўжакўрсинга Исломга кирди. Абдуллоҳ ибн Салулнинг Аҳли китоблардан бўлган ҳамроҳлари ҳам қалблари тўла куфр бўлган ҳолларида мусулмонлик тўнини кийдилар. Мана шундан бошлаб Мадина мусулмонлари орасига усти ялтироқ, ичи қалтироқ нифоқ иллати оралади.
Мунофиқ мўмин билан кофир орасидаги кимсадир: унисига ҳам, бунисига ҳам тегишли эмас. У мусулмонликни даъво қилади, лекин зимдан Исломга қаршилик кўрсатади. Мунофиқ, “Мен Аллоҳга, охират кунига ишонаман”, дейди. Аслида ҳақиқий мўмин эмас, ихлоси йўқ унинг.
Бундай кимсалар Аллоҳни, Расулини, мўминларни алдаяпмиз, деб ўйлайдилар. Жоҳилликлари сабаб фақат ўзларини алдаётганларини сезмайдилар.
Мунофиқлар нега бундай қиладилар? Нима сабабдан Аллоҳни, имон-эътиқодли кишиларни алдашга уринадилар?
Чунки “уларнинг қалбларида мараз – касаллик бор. Аллоҳ маразларини янада зиёда қилди. Улар учун қилган ёлғонлари сабаб аламли азоб бор”.
Араб тилидаги “мараз” сўзи “касаллик” маъносини билдиради. Инсон танасида бирон касаллик бўлса, “мариз”, яъни “бетоб” дейилади. Қалбда бузуқ ақида, ҳасад, нафрат, кўролмаслик, нифоқ каби иллатлар бўлса, ана ўша қалб касалдир.
Куфр, ширк, нифоқ, шубҳа, бидъат, фаҳш ишларни яхши кўриш, гуноҳларга мойиллик каби иллатлардан тузалган инсон имон ҳаловатини топади. Бунинг учун Қуръон ўқиш, маъноларини қалбга сингдириш керак. Нифоқ касаллигига ҳам айнан Қуръон шифо бўлади.
Инсон танасида бирон дард бўлса, соғлом одамдай ҳаракатлана олмайди. Худди шунга ўхшаб қалбда касаллик бўлса, маърифат нурини идрок этолмайди. Қачон ўша иллат даволанса, қалб шифо топади, яна асл ҳолига қайтади.
Агар касал аъзо вақтида даволанмаса, иллат баттар зўрайиб кетади. Чунки касаллик ортидан касаллик эргашиб келаверади. Шунинг учун қалб касалликларини зудлик билан даволаш зарур.
Қалбида касаллик бор кимса Қуръон эшитса, дилидаги касаллик янада авж олади, шубҳаси баттар зўрайиб кетади. Қуйидаги оят бунинг исботидир: “Аммо дилларида мараз бўлган кимсаларни эса динсизликларига яна динсизлик қўшди. Улар кофир ҳолларида ўлдилар” (Тавба сураси, 125-оят).
Қуръон инсонни тўғри йўлга бошлайди. Бироқ нохолис, иккиюзламачи кимсаларни баттар адаштиради. Нега? Чунки улар Қуръонга ишонмайдилар, Каломуллоҳ йўриғига юрмайдилар. Ҳамма гап шунда.
Бундан чиқди, Қуръон билан даволаниш учун аввал қалбдан нифоқни чиқариб ташланади. Бунинг учун ақидани тўғрилаш, Аллоҳга, охират кунига аниқ ишониш лозим. Қолаверса, хўжакўрсинлик, савобли ишни элга достон қилиш каби номаъқул ишларга чек қўйиш талаб этилади. Амални Аллоҳ розилиги учун холис бажарган инсон қалби ҳузур-ҳаловат топади. Шунда ихлос неъмати нақадар улуғ эканини англаб етади.
Тавба сурасининг 67-оятида ҳам мунофиқлар ҳақида маълумотлар келган. Аллоҳ таоло айтади: “Мунофиқ эркаклар, мунофиқ аёллар бир-бирларидандирлар. Улар ёмонликка буюрадилар, яхшиликдан қайтарадилар, (Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилишдан) қўлларини (ўзларини) тиядилар. Улар Аллоҳни унутишгач, Аллоҳ ҳам уларни унутди. Албатта мунофиқлар ҳақиқий фосиқ-итоатсиздирлар”.
Мунофиқ эркаклар ҳамда мунофиқа аёллар сифатда, ахлоқда, қилаётган амалларида бир-бирларига ўхшайдилар. Улар бир-бирларини ёмон ишларга – ёлғон гапириш, хиёнат қилиш, ваъдага хилоф қилиш, аҳдни бузишга ундайдилар, эзгуликдан, Аллоҳ йўлида ҳаракат қилишдан, яхшилик учун мол сарфлашдан тўсадилар. Улар Аллоҳга холис ибодат қилишни унутган, шайтон йўлига кирган кимсалардир. Аллоҳ уларни дунёда тўғри йўлга юришдан, охиратда ажр-савобдан маҳрум қилади.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase