close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Нифоқнинг таърифи, сабаблари, белгилари, давоси

Нифоқ нима?
“Нифоқ” сўзи луғатда қалбидаги нарсанинг тескарисини кўрсатишдир. Масалан, киши бир одамни ёмон кўрса ҳам, учрашганда ўзини худди уни яхши кўрадигандек тутса, унга нисбатан меҳр-муҳаббати сохта бўлади.
Шаръий истилоҳда тили билан имонни ошкор қилиб, қалбидаги куфрни беркитиш нифоқ, дейилади. Яъни, шунчаки, одамлар учун мусулмон бўлиш, ёлғиз қолганда ёки бузуқ кимсалар орасида яна куфр ишларни қилишга киришиш айни мунофиқликдир.
Демак, тилида мусулмонликни даъво қилиш нифоқдир. Мунофиқнинг тили бошқа, дили бошқа бўлади, ичида бир нарсани ўйлайди, тили билан бошқа гапни гапиради. Аллома Ибн Касирга кўра, нифоқ яхшиликни ҳаммага ошкор қилиш, ёмонликни яширишдир.
Нифоқ икки хил бўлади: эътиқодий нифоқ, амалий нифоқ. Эътиқодий (қалбдаги) нифоқ имоннинг зиддидир. У бандани Ислом умматидан чиқаради. Катта (эътиқодий) нифоқ қалб билан боғлиқ бўлади. Бундай кимса тилида “Аллоҳга, охират кунига ишондим”, дейди, аммо қалбида бу эътиқоднинг акси бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларидаги мунофиқлар айнан шундай бўлган. Қуръони каримда уларнинг сифатлари, кирдикорлари, оқибатлари баён этилган, мунофиқлар мўмин эмасликлари, улар жаҳаннамнинг энг тубида азобланишлари ҳақида хабар берилган.
Кичик нифоқ (амалий нифоқ) зоҳирда солиҳ амалларни қилиб, унинг тескарисини яширишдир. Кимда кичик нифоқ аломатлари бўлса, Аллоҳга, охират кунига қалбдан ишонса, бунга шубҳа қилмаган ҳолида ожизлик қилиб, ёлғон гапириб қўйса, ваъдаси устидан чиқмаса ёки бирон сабаб билан намозга бепарво бўлса, у Ислом умматининг осийларидан бўлади. У кофирларга қилинган қаттиқ тергашларга дохил бўлмайди. Аммо ҳаром ишларни енгил санаш, ёлғон гапириш, ваъдага хилоф қилиш кабиларни касб қилиб олиш, бу гуноҳларни тап тортмай содир этиш билан банда ҳақиқий мунофиқ бўлиб қолиши хавфи бор.
Нифоқнинг сабаблари:
– Имони заифлик.
– икки тоифа ўртасида туриб, бирон манфаатга эришиш пайида бўлиш.
– риё, хўжакўрсинлик.
– машҳурликка интилиш.
– мартаба, бойлик, куч-қувватда ўзидан кучлилардан қўрқиш.
Мунофиқлар белгиси:
– Аллоҳни, мўминларни алдашга уринади.
– қалбида касаллик (шубҳа, риё) бўлади.
– ҳар ерда бузғунчилик қилади.
– мўминлар устидан кулади.
– икки тоифа орасида юради: бир қарасанг, мўминлар билан ҳамсуҳбат бўлади. Бир қарасанг, ғайридинларга ошна тутинади.
– ёлғон қасам ичади.
– омонатга хиёнат қилади.
– одамларни алдайди.
– ваъдасида турмайди.
– жанжаллашганда ноҳақлик қилади.
– била туриб ҳақиқатни инкор этади.
Нифоқнинг муолажаси:
– Аллоҳга тавба қилиш.
– У Зотга кўп истиғфор айтиш. Ихлос билан истиғфор айтган одамнинг қалби нифоқдан тозаланади.
– ибодатларни хушуъ билан, Аллоҳни кўриб тургандек адо этиш.
– одамлар кўриб қўйсин, эшитсин, деган ниятдан воз кечиш, амални Аллоҳ розилиги учун қилиш.
– мунофиқлар, риёкорлар охиратда қандай аянчли ҳолга тушишини ёдда тутиш.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase