close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Уч марта ернинг ёрилиши

Ернинг уч марта ёрилиши – мағрибда, машриқда ва Араб жазирасида бўладиган зилзилалар.
Қиёмат хабарини берувчи бу ер ёрилишлар одатдаги зилзилалардан фарқли бўлади. Чунки деярли ҳар йили оламнинг қайси бир бурчагида ер қимирлаётгани ёки вулқон отилгани ҳақида эшитиб турамиз. Эҳтимол, ҳадисда айтилган шарқу ғарбдаги ер ёрилиши ядровий уруш натижасида юз берар. Аммо араб жазирасида бўладиган табиий офат – Қиёмат аломатига келсак, уни бизга қуйидаги саҳиҳ ҳадис шарҳлаб берар деган умиддамиз:
«Ҳадис» 100. Оиша (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Каъба қўшини ғазот қилиб чиқади. Қўшин бир саҳро ерда турганида, уларнинг аввалу охирини ер ютади.
Шунда Оиша онамиз «Бу қўшин орасида бошқалар ҳам бўлади-ку» мазмунида савол бердилар. Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар:
- (Ҳа) Уларнинг аввалу охирини ер ютади. Сўнг (Қиёматда) ниятларига қараб турғизиладилар».
Абул Фарж Жавзий «Фуҳум ул-Асар» китобида Ироқ ва Мағрибда ер ёрилганини ҳамда бу офат натижасида жуда кўп кишининг ёстиғи қуриганини ёзган. Тўғри, ҳақиқатан ҳам тарихда шундай ҳодиса бўлган. Лекин, биз ҳадисда айтилган Қиёмат аломатларидан бўлмиш ер ёрилиши офати мана шу эди, деб айта олмаймиз.
Бизнингча, у зилзила-ер ёрилиши ҳали бўлганича йўқ-ку Аллоҳнинг ўзи асрасин!
Сурга нафха урилиши
Сур чалиниши, бу оламнинг умри тугаганлиги, Қиёмат қойим бўлгани ва инсонларнинг энди боқий оламга кўчишлари ҳақидаги хабардир. Боқий оламда Қиёмат куни учун адолат тарозулари ўрнатилган. У кунда ҳеч бир жонга зулм қилинмас ва бандаларнинг яхши амалларига зиёда ажру савоблар берилур.
«Улар «Агар ростгўй бўлсангизлар (айтинглар-чи), мана шу ваъда (қилинган азоб) қачон бўлади?»- дерлар. Улар фақат биргина даҳшатли қичқириқни кутмоқдалар холос. У уларни (ўлимдан мутлақо бехабар ҳолларида кўча-куй ва бозорларда бир-бирлари билан) жанжаллашиб турганларида олиб кетар (яъни ҳалок этар). Бас улар на бирон васият қилишга ва на уйларига қайтишга қодир бўлурлар».
Бу осмонлару ердаги бор жонзотни жонсиз этувчи биринчи нафха (чалиниш). Фақат Аллоҳ хоҳлаган баъзи муқарраб-яқин фаришталаргина тирик қолади. Лекин Аллоҳ таъоло қуйидаги калимасининг ҳақлигини кўрсатиш учун сўнг уларнинг ҳам жонини олади:
«(Ер) юзидаги барча жонзод фонийдир. Буюклик ва карам соҳиби бўлган Парвардигорингизнинг юзи-ўзигина боқий-мангу қолур».
«Барча нарса ҳалок бўлгувчидир, магар унинг Юзи-ўзигина (мангудир)».
«Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир».
Сўнг Аллоҳ таъоло Сур соҳиби – Исрофил алайҳис-саломни тирилтириб, унга сурга яна нафха уришни буюради. Сурга иккинчи нафха урилганидан сўнг ҳамма қайта тирилади. Улар энди кутадилар.
«(Қиёмат соати келиб фаришта Исрофилнинг) сури чалиниши билан баногоҳ улар қабрларидан Парвардигорлари (ҳузурига ҳисоб китоб учун) суғурилиб чиқурлар. Улар: «Эй бизларга ўлим бўлсин! Ким бизларни ётган жойимиздан (қабрларимиздан) турғазди?»- деганларида, (уларга айтилур): «Мана шу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар рост сўзлаган нарса – Қиёматдир».
Икки нафха ораси қирқдир. қирқ йилми, ойми ёки кунми эканлиги номаълум. Уларнинг қай бири бўлишини ёлғиз Аллоҳгина билади. Икки нафха орасининг қирқ йил бўлишини ривоят қилувчи ҳадислар саҳиҳ эмас. Саҳиҳ ҳадисларда эса айнан 40 йил, ой ёки кун эканлиги аниқ айтилмаган.
«Ҳадис» 101. Абу ҳурйра (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Икки нафха ораси қирқдир!
Сўралди: - қирқ кунми?
Абу Ҳурайра деди: Хоҳламадим (яъни аниқлаштиришни хоҳламадим).
- Қирқ йилми?
- Хоҳламадим. Сўнг осмондан бир сув тушади (ёмғир ёғади). (Ҳамма) худди ўт-ўлан ўсгани каби ўсиб чиқади. Инсондаги бор нарса чириб битган бўлади. Фақатгина битта суяк чиримайди. У ажбуз-занабдир. Бутун яралмиш Қиёмат кунида мана шу суякдан қайта шаклланади».
Муслим ривоятида эса қуйидагича:
«(Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар:) Инсонда бир суяк борки, уни ер ҳеч қачон еб қўймайди. Қиёмат кунида (таналар) ундан (қайта) тикланади.
- Ё Расулуллоҳ! У қандай суяк?- сўрашди саҳобалар.
- Ажбуз-занаб,- дедилар Пайғамбар алайҳис-салом».
Ҳамма биладики, инсоннинг бутун танаси – гарчи суяклар гўштдан бироз кейинроқ чириса-да – йўқ бўлиб кетади. Ҳадиснинг саҳиҳлиги ҳам аниқ. Расулуллоҳ (с.а.в) ҳеч қачон ҳавойи нарсани гапирмаганлар.
Назарингизда, ҳадис маъноси сиз билган воқеъликка зид келиб қолмаяптими?
Балки ҳадисни нотўғри тушунаётгандирмиз?!
Ҳадисда зикр қилинган ажбу-з-занаб калимаси думғаза суягини англатмайди. У аслий бир зарра ва айнан мана шу заррадан инсон яралади. Бу жуда кичкина зарра бизга отамиз Одам алайҳис-саломдан ўтиб келаяпти. У шу қадар кичкинаки, битта Одам алайҳис-салом пушти камарига бутун зурриётнинг аслий зарраси жойлаб қўйилган ва улар наслдан-наслга кўчиб ўтмоқда. Қуйидаги саҳиҳ ҳадисни сўзимиз далили сифатида келтириб ўтамиз.
«Ҳадис» 102. Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Аллоҳ таъоло Арафа куни Нўъмонда (Нўъмон – Арафа яқинидаги тоғ, водий) Одам алайҳис-салом устидан аҳд-паймон олди. У Одам алайҳис-салом пушти камаридан унинг бутун зурриёдини чиқарди, уларни яратди ва қўл остига ёйиб қўйиб бевосита гаплашди.
Аллоҳ деди:
- Мен сизларнинг роббингиз эмасманми?
- Ҳа (Роббимиз Ўзингсан! Ва) биз бунинг гувоҳимиз,- деди инсонлар».
Инсоннинг мана шу аслий заррадан яратилганига яна бир далил.
«Ҳадис» 103. Абу Ҳурайра (р.а)дан, Расулуллоҳ (с.а.в)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Ҳамма одам боласи тупроққа ем бўлади. Фақат ажбуз-занабгина қолади. Яралиш ҳам, (қайта) шаклланиш ҳам ундандир».
Малумки, инсон думғаза суягидан пайдо бўлмаган. Инсон яралиши нутфадан бошланади. Демак, аслий зарра нутфада яширинган. Валлоҳу аълам!

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase