close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Тўққизинчи фасл. Оловнинг чиқиши

Қиёматнинг бу улкан аломати ҳақида хилма-хил ҳадислар ривоят этилган. Уламолар уларни бир-бирига боғлашлик йўлида ижтиҳод қилдилар. Ҳақиқат эса ёлғиз Аллоҳгагина аён!
«Ҳадис» 96. Абу Ҳурайра (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «То Ҳижоз еридан олов чиқмагунича Қиёмат қойим бўлмайди. (Ҳижоздан чиққан бу олов) Бусрадаги туяларнинг бўйнини ёритади».
«Ҳадис» Анас ибн Молик (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Қиёмат шарт (аломат)ларининг энг аввали одамларни машриқдан мағрибга тўпловчи оловдир».
«Ҳадис» 97. Ҳузайфа ибн Усайд ал-Ғифорий (р.а)дан: «Расулуллоҳ (с.а.в) олдимизга чиқдилар. Биз Қиёмат ҳақида сўзлашиб ўтирган эдик. Пайғамбар алайҳис-салом дедилар:
- Қиёмат қойим келишидан олдин ушбу ўн оят-аломатни кўрмагунингизга қадар, у (Қиёмат) бўлмайди.
Расулуллоҳ (с.а.в) Духон, Дажжол, Добба, Қуёшнинг ғарбдан чиқиши, Ийсонинг тушиши, Яъжуж ва Маъжуж (нинг чиқиши) ва Машриқ, Мағриб ҳамда араб жазирасидаги ер ёрилишини санадилар. Охирида эса одамларни маҳшаргоҳлари томон хайдайдиган оловни айтдилар».
Абу Довуд ривоятида энг охири «Ямандан, Адан қаъридан олов чиқади ва одамларни маҳшаргоҳлари томон ҳайдайди»,- дейилган.
Қиёмат олдидан чиқадиган олов ҳақида мана шундай ҳадислар ривоят қилинган.
Биринчи ҳадисда «Ҳижоз еридан олов чиқади» дейилган эди. Бу оят-аломат воқеъда бўлиб ўтган.
Қуртубий «Тазкира»да ёзади: «Ҳижоз ерларида – Мадинада бу олов чиқди. У 654 йил, жумодил охир ойининг учинчи тунидан сўнг чоршанба кечасида қаттиқ зилзила билан бошланди ва жума кунининг чошгоҳигача давом этди».
Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да ёзади: «Менимча ҳам ҳадисда зикр қилинган олов Мадина томонлардан чиққан. Аммо одамларни тўплайдиган олов ҳали чиққани йўқ. Яъни у бошқа олов».
Ҳадислардаги хилма-хилликни Ибн Ҳажар қуйидагича боғлаган: «Бу оловнинг Адан қаъридан чиқиши унинг одамларни машриқдан мағрибга тўплашига зид эмас. Яъни у бошлаб Адан қаъридан чиқади ва атрофга тарқалади. «Одамларни машриқдан мағрибга тўплайди» - бу ерда шарқ ёки ғарб хосланаётгани йўқ. Умумий ҳашр-тўплаш мақсад қилинаяпти. Ёки у (яъни олов) ер юзида ёйилганидан сўнг энг биринчи машриқ аҳлини тўплайди».
Ҳадислар олимларимиз томонидан мана шундай боғланган. Лекин бу оловнинг ҳақиқат-моҳияти, унинг одамларни қандай тўплаши биз учун қоронғу. Бу сирни ҳам ёлғиз Аллоҳгина билади.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase