close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Саккизинчи фасл. Хуш бўйли шамол

Қуйида Муслим ривоят қилган икки ривоятни келтириб ўтамиз. Биз уларни аввалги бобларимизда тўла ривоят қилган эдик.
«Худди мана шу ҳолатда Аллоҳ таъоло хуш бўйли шамол юборади. Бу шамол уларни ўз бағрига олади ва Аллоҳ таъоло барча мўмин-мусулмонларнинг жонини олади. Ер юзида фақат ёмон кимсалар қолади. Улар одамлар кўз ўнгида худди эшакдек аёлларга сакрайдилар (яқинлик қиладилар). Ана шу кимсалар устига Қиёмат қойим бўлади».
«Аллоҳ таъоло Ийсо ибн Марямни юборади. У Урва ибн Масъудга ўхшаб кетади. Ийсо Дажжолни излаб топиб ўлдиради. Сўнг кишилар етти йил яшайдилар. Мана шу муддатда икки киши ўртасида (ҳам асло) адоват бўлмайди. Кейин Аллоҳ таъоло Шом томондан совуқ бир шамолни юборади. Бу шамол ер юзида қалбида зарра мисқолча яхшилиги – ёки иймони – бор биронта ҳам кишини қолдирмасдан жонини олади. Ҳатто биронтангиз тоғнинг ўртасига кириб олса, унинг олдига ҳам кириб жонини олади. Ерда яхшиликни билмайдиган, ёмонликдан қайтармайдиган ёмон кимсалар қолади».
Бу хушбўй шамол Ийсо алайҳис-салом вафотидан сўнг бўлади. Саҳиҳ ҳадисда Ийсо алайҳис-саломнинг ерда 40 йил турганидан сўнг вафот этиши ва унга мусулмонлар жаноза ўқишлари ривоят қилинган. Агар хушбўй шамол ундан илгари эсганида Ийсо алайҳис-саломга жаноза ўқигани биронта ҳам мусулмон топилмаган бўларди. Демак, Абдуллоҳ ибн Амр ҳадисида айтилганидек, мусулмонлар жонини олувчи бу хушбўй шамол Ийсо алайҳис-салом вафотидан сўнг етти йил ўтгач эсади. Валлоҳу аълам!
«Ҳадис» 95. Абу Ҳурайра (р.а)дан: Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Аллоҳ таъоло Яман томондан ипакдан-да майин бир шамол юборади. Бу шамол қалбида зарра мисқолича иймони бор бирон кишини қолдирмасдан жонини олади».
Савол: Абдуллоҳ ибн Амр ҳадисида «Аллоҳ таъоло Шом томондан совуқ бир шамол юборади»,- дейилган. Бу ерда эса шамол Яман тарафдан эсади дейиляпди. Ҳадислар бир-бирига қарама-қарши маънони билдириб келмаяпдими?
Жавоб: Имом Нававий айтади: Биз ушбу саволга қуйидаги икки жавобни беришимиз мумкин:
1. Улар икки шамол бўлади. Бири Шомдан, бошқаси эса Яман томондан эсади.
2. Мазкур Шамолнинг пайдо бўлиш жойи юқоридаги икки иқлимнинг бири бўлади. Яъни агар Шомдан пайдо бўлса, сўнг Яманга ўтади. Валлоҳу аълам!
Энди яна бир масала.
«Умматимдан бир тоифа то қиймат кунига қадар ҳақ устида зоҳир туради» ҳадиси ҳам юқоридаги ҳадислар маъносига зид эмас. Чунки бу ерда маъно қуйидагичадир:
-Умматимдан бир тоифа кишилар то жонларини хушбўй шамол олмагунича ҳақ устида қоим турадилар. Яъни улар Қиёмат шартлари охирлашгунига қадар турадилар. Валлоҳу аълам!
Ҳадисдаги «Зарра ёки уруғ мисқоличалик иймон» жумласи иймоннинг кўпайиб ёки камайиб туришига далилдир.
«Ипакдан-да майин шамол». Бу жумлада мўминларга нисбатан мулойим муносабат ва иззат-икром бўлишига ишора бор».
Майин шамолнинг эсиши Қиёмат қойим яқинлигини билдирувчи улкан шартлар-аломатларнинг сўнггисидир.
Энди вақт жуда-жуда оз қолди. Мисли ой-куни тўлган аёл. Унинг қачон кўзи ёришини ҳеч ким билмайди. Кечаси ёки кундузи тўсатдан уни тўлғоқ тутиши мумкин. Аллоҳ таъоло бу оламнинг куни битганини, энди янги, боқий оламга кўчиш вақти етганини эълон қилар экан, бунинг энг биринчи аломати Адан қаъридан чиқиб инсонларни маҳшаргоҳлари сари ҳайдайдиган олов бўлади. Қуйидаги фаслда Худо хоҳласа мана шу аломат ҳақида суҳбатлашамиз.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase